close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Уч (тоифа кишилар) учун икки ҳисса ажр бор...

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Уч (тоифа кишилар) учун икки ҳисса ажр бор:
Аҳли китоблардан бўлган, ўз пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган киши;
Аллоҳнинг ҳаққи ҳамда хожаларининг ҳаққини адо қилган мамлук қул;
Қўл остида жимоъ қиладиган чўриси бўлиб, унга одоб ўргатган ва одоб ўргатишни гўзал адо этган, таълим берган ва таълим беришни гўзал адо этган, сўнгра уни озод қилиб, унга уйланган кишига ҳам икки ҳисса ажр бордир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Уч (тоифа кишилар) учун икки ҳисса ажр бор:
Аҳли китоблардан бўлган, ўз пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган киши;
Аллоҳнинг ҳаққи ҳамда хожаларининг ҳаққини адо қилган мамлук қул;
Қўл остида жимоъ қиладиган чўриси бўлиб, унга одоб ўргатган ва одоб ўргатишни гўзал адо этган, таълим берган ва таълим беришни гўзал адо этган, сўнгра уни озод қилиб, унга уйланган кишига ҳам икки ҳисса ажр бордир» (Муттафақун алайҳ).
Ҳадиснинг ровийси Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бўлиб, у кишининг асл исмлари Абдуллоҳ ибн Қайс бўлган. Абу Мусо у кишининг кунияси бўлиб, кунияси билан машҳур бўлган саҳобалардан. Бу кишининг катта боболаридан бирининг исми Ашъар бўлгани учун шундай нисбатланган эканлар. У киши аввалбошдан Исломни қабул килган саҳобалардан ҳисобланадилар. Маккадан Ҳабашистонга, кейин эса Ҳабашистондан Мадинага ҳижрат қилганлар. У кишининг овозлари гўзал бўлган экан. У киши Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келсалар, Умар розияллоҳу анҳу у кишига Қуръон ўқитиб, эшитар эканлар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга: «Эй Абу Мусо! Ҳақиқатан ҳам сенга Оли Довуднинг «най»аридан (яъни ёкимли овозларидан) бири берилган-да» деганлар. Бу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Яманда ҳоким бўлганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврида Басрада тўрт йил ҳоким бўлганлар. Ҳолбуки, Умар розияллоҳу анҳу ҳар йили ҳокимни алмаштириб турар эдилар. Мана шундай ҳолатда бир ерда тўрт йил ҳоким бўлиб туришлари у зотнинг даражаларини кўрсатиб беради. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида Куфа шаҳрига ҳоким бўлганлар. Ҳижрий эллигинчи йил олтмиш уч ёшда вафот этганлар.
Ҳадиснинг умумий мазмуни ва хулосаси: Ҳадиси шарифда уч хил инсонларнинг икки ҳисса ажрга мустаҳиқ экани айтилди. Улардан бири аҳли китоб бўлиб, у ўзининг Пайғамбарига иймон келтириб, кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам иймон келтирган кишидир. Яна бири эса Аллоҳнинг ҳаққини ҳам, ҳожаларининг ҳаққини ҳам адо қилган қулдир. Учинчиси эса қўл остида жимоъ қиладиган чўриси бўлиб, унга гўзал тарзда одоб-ахлоқ ва таълим берган ҳамда уни озод қилиб, унга уйланган кишидир.
Савол: «Нима учун ушбу тоифа инсонларга икки баробар ажр берилади?»
Жавоб: «Баъзилар айтадилар: уларнинг амали иккита бўлгани учун уларга икки ҳисса ажр берилган. Аммо бу қавл устун бўлмаган қавлдир. Агар шундай дейдиган бўлсак, ҳар бир икки амал қилган киши икки ҳисса ажр олавериши керак бўлади ва ҳадисда зикр қилинган кишиларнинг хосланишига ҳеч қандай сабаб қолмайди. Рожиҳ, яъни устун бўлган қавл қуйидагича: ушбу уч тоифа инсонларнинг ҳар бир амалига икки баробар ажр берилишининг сабаби, мазкур амалларнинг баракотидандир. Масалан, бир киши фарз намозни бир ўзи ўқийдиган бўлса, унга битта намоз савоби берилади. Агар зикр қилинган уч тоифадан бири фарз намозни бир ўзи ўқийдиган бўлса, унга икки ҳисса, яъни намознинг савоби берилади. Агар бирор мусулмон фарз намозни жамоат билан ўқиса, ривоятларнинг бирида келганидек, йигирма бешта намознинг савобини олса, уч тоифадан бири фарз намозни жамоат билан бирга ўқиса, элликта намознинг савобини олади.
Савол: «Нима учун айнан шу тоифаларга икки ҳисса ажр берил-мокда?»
Жавоб: Бу масалада бир неча важҳлар баён қилинган. Биринчи важҳ қуйидагича: уларнинг икки амали бир-бирига қарама-қарши, яъни улар бир-бирига қарама-қарши бўлган икки амални жамлагандирлар. Масалан, биринчи одам ўзининг пайғамбарига ҳам, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам иймон келтирди. Ўзининг пайғамбарини ҳақ деб билар эди. Сўнгра шу пайғамбарини қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашди. Бу ўзига яраша қийин ҳолат. Ўзи муҳаббат қилиб турган нарсани қўйиб, бошқасини ихтиёр қилиш мураккаб ишдир. Масалан, бир мурид ўзи эргашиб юрган шайхини қўйиб, бошқа шайхнинг этагидан тутиши қийин иш. Ушбу мисолимиз фақат тушунтириш учун эди. Чунки бошқа шайхга ўтиб кетган муридга икки ҳисса ажр берилмайди.
Ҳадисда зикр қилинган иккинчи киши бир хожанинг қулидир. Агар у хожасини қўйиб Аллоҳнинг ибодатига берилиб кетса, хожаси ундан хафа бўлади. Агар Аллоҳни қўйиб хожасининг хизматига берилса, Аллоҳ ундан норози бўлади. Шундай ҳолатда бўлган қул икки томонни ҳам рози қила олса, унга икки ҳисса ажр берилади.
Ҳадисда зикр қилинган учинчи киши ўзининг чўрисига уйланган кишидир. У ўзининг чўрисига уйлангани учун одамлардан дашном эшитади. Одамлар ҳур аёллар бўла туриб, нима учун чўрига уйланяпти дейдилар. Шунингдек, чўрининг чўрилик вақтида ҳақлари кам эди. У ҳур аёлга айлангач, унинг ҳаққи икки баробарга ўсди. Шу сабабдан у кишига ҳам икки ҳисса ажр берилади.
Савол: «Яҳудийликни ёки насронийликни тарк қилиб, Исломни қабул қилган саҳобийларга икки ҳисса ажр бериладиган бўлса, аввал бошда яҳудий ёки насроний бўлмаган саҳобаларга бу каби ажр тегмаслиги керак. Ундай бўлса, энг юкори даражадаги саҳобалар, масалан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳумдан уларнинг фазилати устун бўлиб қоладику?»
Жавоб: «Саҳобаларнинг катталари бу ҳолатдан умматнинг ижмоси билан мустаснодирлар. Уларнинг фазилати ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқалардан ортиқрок бўлади. Аммо омма саҳобалардан кўра Абдуллоҳ ибн Салом, Суҳайб Румий каби яҳудийликни ва насронийликни тарк қилиб Исломни кабул қилган саҳобаларнинг даражаси бироз устунроқдир».
Савол: «Аҳли китоблар кимлар?»
Жавоб: «Аҳли китоблар - китоби бўлган пайғамбарга иймон келтириб, унга эргашган кишилардир. Бунга яҳудий ва насронийлар киради».
Савол: «Насронийларнинг аҳли китоб экани тушунарли ва уларни аҳли китоб деса бўлади. Чунки аҳли китоб номини олиш учун уларнинг пайгамбари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бошқа пайғамбар бўлмаслиги керак. Бу нарса насронийларда мавжуд. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилгунларича улар ўзларига келган Пайғамбарга эргашганлик даъвосида эдилар. Бу гап ҳадисдаги «ўз пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган» иборасига ҳам мувофиқ келади. Аммо бу гап яҳудийларнинг хилофигадир. Чунки уларнинг пайғамбари Мусо алайҳиссалом билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида Ийсо алайҳиссалом ўтганлар. Яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни ёлғончига чиқардилар. Улар Ийсо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарганликлари учун Мусо алайҳиссаломга бўлган иймонлари ҳам йўқ бўлиб кетади ва шунга биноан улар аҳли китоб бўлмай қоладилар. Улар муртад каби бўлиб қоладилар. Зеро, Аллоҳнинг бир дона Пайғамбарини ёлғончига чиқариш, барча Пайғамбарларини ёлғончига чиқариш кабидир. Ахир, Аллоҳнинг ҳар бир Пайғамбари иймонга, Аллоҳга ва ҳақ динга чақиради-ку! Демак, яҳудийлар ўша қилмишлари сабабли муртад бўлгач, юқоридаги ҳадиснинг «ўз пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган» иборасини ифодалайдиган сифат уларда топилмай қолди. Чунки улар Ийсо алайҳиссаломга куфр келтиргач, ўз набийларига ҳам куфр келтирдилар. Натижада пайғамбарсиз ва китобсиз қолдилар. Шу сабабдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган яҳудийлар учун икки ҳисса ажр бўлмаслиги керак. Шу гап тўғрими?»
Жавоб: Бу масалага бир неча хил жавоб берилган:
Биринчи жавоб: Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирганлари баракотидан Ийсо алайҳиссаломга иймон келтирмаганликлари йўқдек бўлиб, гўёки Ийсо алайҳиссаломга ҳам иймон келтиргандек тасаввур қилинди. Шу эътибордан улар «ўз пайғамбари ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган» ибораси тахтига дохил бўлиб, икки ҳисса ажр оладилар.
Иккинчи жавоб: Аслида яҳудийлар икки қисмдир. Шом яҳудийлари ва Мадина яҳудийлари. Шом диёридаги яҳудийларга Ийсо алайҳиссаломнинг хабарлари етган эди. Шунда улар у кишини ёлғончига чиқардилар. Натижада уларнинг Мусо алайҳиссаломга бўлган иймонлари ҳам йўққа чикди. Мадина яҳудийларига эса Ийсо алайҳиссаломнинг хабарлари етмаган эди. Ийсо алайҳиссаломнинг баъзи элчилари Мадина тарафга қараб юрганлар. Аммо Мадинага етиб келмасларидан олдин улар йўлда вафот этиб кетганлар. Демак, ҳадисдаги иборадан Мадина яҳудийлари тушунилади.
Баъзилар яҳудийларни аҳли китоблардан санамаганлар. Аммо бу гап нотўғридир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ Китобида «Эй аҳли китоблар!» деб нидо қилганида яҳудийларга ҳам хитоб қилган. Демак, яҳудийлар аҳли китобдирлар.
Ҳадисда «мамлук қул» ибораси ишлатилди. Иборани ушбу суратда келтиришдан мақсад бу қулдан мурод банда маъносидаги қул эмаслигини билдиришдир. Ҳадисда «маволий» калимаси келган. Бу сўз «мавло», яъни «хожа» сўзининг кўплик сийғасидир.
Савол: «Ҳадисда «ҳамда хожаларининг ҳаққини адо қилган» деб, хожа сўзининг кўплик шакли ишлатилганидан ўша қул икки ёки ундан кўп кишининг қўлида муштарак қул бўлиши келиб чиқадими?»
Жавоб: Бу сўзнинг кўплик шаклида зикр қилинишига сабаб, ўша қул хожасига ва унинг яқинларига ҳам хизмат қилгани учундир. Бу биринчи жавоб.
Яна бир жавоб: Ушбу қул ҳақиқатда икки ёки ундан кўп кишилар ўртасида муштарак қул экани ирода қилинган. Мазкур қул Аллоҳнинг ҳақларини, сўнгра барча хожаларининг ҳақларини адо қилмас экан, унга ҳадисда зикр қилинган икки ҳисса ажр бўлмайди.
Ҳадисдаги учинчи шахснинг тўртта амали зикр қилинган. Ушбу амаллардан қайси бири учун у икки ҳисса ажр олишга ҳақли бўлган? Уша тўрт амал - одоб бериш, таълим бериш, озод қилиш ва уйланишдир. Бу борада айтилган рожиҳ қавл, яъни у кишининг икки ҳисса ажр олишига сабаб бўлган амали чўрисини озод қилиб, унга уйланишидир.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг
"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase