close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сафарда суннат ўқиш масаласи

Пайғамбармиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган шариатнинг ўзига хос жиҳатларидан бири бошқа пайғамбарларнинг шариатларига нисбатан енгилликлар, рухсатлар берилганидир. Биргина намознинг ўзида касал ва узрли инсонлар, қариялар, шунингдек, мусофир кишиларга хдм бир қатор енгилликлар берилган. Унга кўра мусофир кишилар тўрт ракатли фарз намозларни икки ракатга қисқартириб ўқишлари жоиз экани оят ва ҳадислар билан собит бўлган. Равотиб суннат намозлар эса қаср қилинмаган ҳолда тўлиқ ўқилади. Фарз намозларнинг қаср қилиниш масаласида бирор эътиборга молик ихтилоф йўқ. Буни барча мазҳаб вакиллари бир овоздан эътироф қиладилар. Аммо фарзларга давомли равишда тобеъ бўлган равотиб суннатлар сафарда ўқиладими ёки уларни тарк қилинадими деган масалада бироз ихтилоф бўлиб, Имом Нававий айтганларидек, жумҳур уламолар наздида сафарда суннати равотибларни ўқиш мустаҳаб амалдир. Аммо баъзи тоифалар суннатлар сафарда тарк қилинади, суннатларни сафарда тарк қилиш суннат, деган маънода ихтилоф қилганлар.

Пайғамбармиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган шариатнинг ўзига хос жиҳатларидан бири бошқа пайғамбарларнинг шариатларига нисбатан енгилликлар, рухсатлар берилганидир. Биргина намознинг ўзида касал ва узрли инсонлар, қариялар, шунингдек, мусофир кишиларга хдм бир қатор енгилликлар берилган. Унга кўра мусофир кишилар тўрт ракатли фарз намозларни икки ракатга қисқартириб ўқишлари жоиз экани оят ва ҳадислар билан собит бўлган. Равотиб суннат намозлар эса қаср қилинмаган ҳолда тўлиқ ўқилади. Фарз намозларнинг қаср қилиниш масаласида бирор эътиборга молик ихтилоф йўқ. Буни барча мазҳаб вакиллари бир овоздан эътироф қиладилар. Аммо фарзларга давомли равишда тобеъ бўлган равотиб суннатлар сафарда ўқиладими ёки уларни тарк қилинадими деган масалада бироз ихтилоф бўлиб, Имом Нававий айтганларидек, жумҳур уламолар наздида сафарда суннати равотибларни ўқиш мустаҳаб амалдир. Аммо баъзи тоифалар суннатлар сафарда тарк қилинади, суннатларни сафарда тарк қилиш суннат, деган маънода ихтилоф қилганлар.
Ушбу тоифалар одатда усули фиқҳ қоидаларидан бехабар бўлиб, ҳадиснинг зоҳирий маъносига суянган ҳолда гўё ўзларини суннатга тобеъ қилиб кўрсатишга уринадилар.
Ҳолбуки, ҳадисларни атрофлича ва чуқур ўрганган жумҳур фақиҳлар сафарда суннат ва ҳатто мутлақ нафл намозларни ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида ва сийратларида очиқ намоён бўлганини таъкидлаганлар.
Мазкур тоифалар сафарда суннат ўқилмайди, деган гапларига Ибн Умар розияллоҳу анҳудан келган қуйидаги ҳадисни далил қиладилар.
Ҳафс ибн Осимдан ривоят қилинади: "Мен Макка йўлида Ибн Умар розияллоҳу анҳуга соҳиб бўлдим. Ўшанда у бизга пешинни икки ракат ўқиб берди. Сўнг юклари-нинг олдига келиб ўтирди. (Кейин) қоим турган инсонларни кўриб қолди ва: "Булар нима қиляптилар" - деб сўради. Мен: "Нафл ўқияптилар" - деб жавоб қилдим. Шунда у киши: "Агар нафл ўқиганимда намозни тўлиқ ўқиган бўлар эдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда шерик бўлганман, У зот икки ракатга зиёда қилмас эдилар. Ҳазрати Абу Бакрга ҳам, Ҳазрати Умарга ҳам, Ҳазрати Усмонга ҳам шерик бўлганман. Улар ҳам шундай қилар эдилар” - деди”.
Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш учун дастлаб, юртимиздан етишиб чиққан улуғ устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг "Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар" китобидан иқтибос келтирамиз.
"Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий мазҳаби устидан танқидлар кўпайганда, "Бу мазҳабнинг гаплари далилсиз, ҳадисга суянмаган, фикрга суянган нарса кабидир”, деган бўҳтон-туҳматларга раддия қилиш учун катта бир илмий жасорат кўрсатиб, фиқҳ бобларининг ҳаммасида ҳанафий мазҳабининг барча ҳукмларига оят ва ҳадислардан далилларни тўплаб келтирган буюк олим ҳисобланадилар. Мана шу китоб тарқалганидан кейин ҳанафий мазҳабига осиладиган кишилар жим бўлиб қолганлари ҳаммага маълум. Ана шу улуғ китобнинг 7-жузи, 288-бетида "Сафарда татоввуъ, яъни фарз бўлмаган намозларни -нафл, суннат намозларини ўқиш тўғрисидаги боб"ни келтирганлар. Ўша бобда биринчи бўлиб имом Термизий Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис келтирилади:
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн саккиз марта сафар қилдим. Ана шу сафарим давомида у зотнинг қуёш қиёмдан оққандан кейин, пешиннинг фарзини ўқишдан олдин икки ракат суннат ўқишни бирор марта тарк қилганларини кўрмадим” [Термизий ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан имом Термизий яна ривоят келтирадилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳазарда (яъни муқимликда) ва сафарда намоз ўқидим, бас, у зот билан мен ҳазарда пешинни тўрт ракат ўқиб, кетидан икки ракат суннат ўқидик», «сафарда эса пешиннинг фарзини икки ракат ўқиб, орқасидан икки ракат суннат ўқидик, асрнинг икки ракат фарзини ўқидик, ундан кейин у зот бирор нарса ўқимадилар, мағрибнинг ҳазарда ҳам, сафарда ҳам уч ракатдан (фарзини) ўқидик. Бу сафарда ҳам, ҳазарда ҳам қисқармайди, мағриб - шом намози кундузнинг витри ҳисобланади ва ўша шом намозидан кейин яна икки ракат (суннат) ўқидик» (Термизий ривоят қилган).
Эътибор қилинг-а, саҳобий Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарда ҳам суннат ўқиганларини номма-ном айтиб беряптилар. Яна бошқа жойда: «Агар сафарда суннатни ўқийдиган бўлсам, фарзни тугал ўқиган бўлар эдим», деяптилар. Бу гапни уламоларимиз таъвил қилган бўлиб, бу таъвил «Эълоус-Сунан» китобида ҳам ёзиб қўйилган. Унда: «сафарда суннатни ўқимаслик тўғрисидаги гап шошиб турган, юриб турган кишига нисбатан жорий қилинади». «Ушбу бобда келаётган Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари эса ўрнашиб олгандаги, хотиржам бўлгандаги ҳолга таъвил қилинади», дейилади. Ўша Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадислари давомида имом Таҳовий: «Хуфтоннинг фарзини икки ракат ўқиб, ундан кейин икки ракат суннат ўқидилар», деган гапни ҳам келтирган эканлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдоднинг икки ракат суннатини агар устингизга отлиқлар бостириб келаётган бўлса ҳам қолдирманглар», дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турсалар, ким энди журъат қилиб: «Сафарда суннатни ўқиса, гуноҳ бўлади», дейиши мумкин ва ким журъат қилиб: «Сафарда суннатни тарк қилиш суннатдир», дея олади? Амр ибн Розия розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслим қуйидаги ҳадисни ривоят қилган эканлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «сафарда минган маркабларининг устида суннат намозини ўқиб кетаётганларини» кўрган эканлар. Ҳозирги замонда чиққан китоблардан яна бирини қўлга оламиз. У бугунги куннинг энг машҳур китобларидан бири, доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Ал фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» деган китобидир. Ана шу китобда алоҳида бир сарлавҳа остида «Сафарда суннат намозларини ўқиш тўғрисида» фикр юритилган. Бу бобда жумладан шундай дейилади: «Нававий айтадиларки, «Фақиҳ олимлар сафарда нафл намозларини мутлақ ўқиш мустаҳабдир», деб иттифоқ қилишган. «Суннат намозларининг, яъни фарзларга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларининг мустаҳаб эканлигида» ихтилоф қилдилар. Ибн Умар ва бошқалар уни тарк қилганлар ва ўша суннат намозларини ўқишни Шофеий, у кишининг асҳоблари ва жумҳур уламолар «мустаҳаб» дейишган. Уларнинг далили биринчидан, қуйидагилардан иборат экан: «Суннат намозларнинг, фарзга қўшиб ўқиладиган ротиба суннат намозларнинг тарғиби жуда кўп ҳадисларда келган». «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилган кунлари зуҳо намозини ўқиганлари тўғрисидаги ҳадис ҳам бир далил, бомдоднинг икки ракат суннатини ўқиганлари ҳам бир далил». Иккинчидан, «мутлақ наво-филларни ўқишга рухсат бор». Ана шу нофила намозла-рини ўқишга рухсат бўлганидан кейин, нима учун энди «ротиб», яъни лозим бўлган намозларни ўқишга рухсат бўлмас экан, деган хулоса келиб чиқади. ("Ихтилофлар сабаблар, ечимлар” китобидан иқтибос тугади)
Ҳанафий мазҳабида мўътабар ҳисобланган "Оламгирия” китобида бу ҳақда шундай дейилади:
"Суннат намозлар қаср қилинмайди. "Муҳити Сарах-сийда шундай келган. Баъзи уламолар мусофир суннатни тарк қилишини жоиз ҳисоблаганлар. Лекин мухтор қавлга кўра суннатларни хавф ҳолатида ўқимайди. Аммо хотиржамлик ва барқарорлик ҳолатларида сун-натларни бажо қилади. Кардарийнинг "ал-Важиз" китобларида шунга ўхшаш келган.
"Дурарул ҳукком фий шарҳи ғурарил аҳком"да Мулла Хусрав раҳимаҳуллоҳ мусофирнинг намози баёнида шундай деганлар:
"Мусофирнинг суннатларни тарк қилишига рухсат берилади. Бир қавлда рухсат берилмайди”, дейилган. Энг мўътадил қавл Ҳиндувонийнинг қавлидир: яъни бирор манзилга тушганда суннатларни адо этиш ва сайр ҳолатида эса тарк қилиш афзалдир, лекин бомдоднинг суннати бундан мустасно.
Мазҳабимизнинг яна бир мўътбар асарларидан бири "Бадоиъус саноиъ” китобида Алоуддин Косоний раҳимаҳулло ҳайни мавзуда қуйидагиларни айтадилар:
Шунингдек, суннатлар ва нафлларда қаср қияя йўқ. Чунки қаср қилиш шариат эгасининг кўрсатмага боғлиқдир (яъни қиёсий-ижтиҳодий масала эмас). Нафл ва суннатларни қаср қилиш борасида эса шариат эгасидан кўрсатма йўқдир. Баъзи (олим) инсонлар сафарда суннатларни тарк қилишни айтган. Айрим саҳобалардан "Агар суннатларни адо қилганимда фарзларни тўлиқ (яъни қаср қилмай) ўқир эдим”, деганлари ривоят қилинган. Бу каби қавллар бизнинг мазҳабга кўра суннатларни адо қилиш учун тўхтаб туриш имконини бермайдиган хавф-хатар мавжуд ҳолатга йўйилади.
Бутун ислом олами эътироф этган Бурҳонидин Марғилонийнинг "Ал-Ҳидоя" асарларида ҳам сафарда суннат намозларни ўқиш афзал экани борасида қуйи-даги ибора келтирилган:
"Суннатлар фарзларни тўлдирувчи бўлгани учун уларни ҳар қандай ҳолатда тарк қилмаслик авлодир. Магар намознинг вақти чиқиб кетишидан хавф қилган ҳолат бундан мустаснодир”.
Зайниддин ибн Нужайм ал-Мисрийнинг машҳур "Баҳрур-ройиқ” китобида шундай дейилади:
"Витр ва суннатлар қаср қилинмайди. Сафарда суннатларни тарк қилиш борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Бир қавлда уларни рухсат юзасидан тарк қилган афзал дейилган. Бошқа қавлда эса қурбат ҳосил қилиш жиҳатдан уларни бажариш афзал дейилган. Ҳиндувоний раҳимаҳуллоҳ эса (сафар ҳолатидаги киши) бирор жойга тушса унда ўқиш афзал, сайр ҳолатида эса тарк қилиши афзал, деганлар. Яна бир қавлда сафарда хоссатан бомдоднинг суннатини ўқийди, дейилади. Шомнинг суннатини ҳам, дейилган яна бир қавлда. "Тажнис” китобида эса, "Агар мусофир тинч ва барқарор ҳолатда бўлса, суннатларни адо қилади. Чунки суннатлар фарзларни тўлдирувчи сифатида жорий этилган. Бунга мусофирнинг ҳам эҳтиёжи бор. Агар хавф ҳолатида бўлса суннатларни бажо қилмайди. Чунки узр билан тарк қилган бўлади", дейилган.
Кўриб турганингиздек, деярли барча фиқҳий китобларимизда сафарда суннат ўқилиши биринчи даражали масала сифатида баён қилинган. Айрим шошилинч ёки хавф хатарли ҳолатлар истисно қилинган. Сўзимизнинг хулосасини ҳам Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан иқтибос келтириш билан якунлаймиз:
Юқорида зикр этилган китобларда айтиб ўтилган гапларни, келтирилган далилларни умумлаштириб, хулоса ясайдиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг деярли барча имомлари - ҳанафийси ҳам, Шофеийси ҳам, ҳанбалийси ёки моликийси ҳам сафарда ротиба суннат намозларини ўқиш афзаллигини алоҳида таъкидлаганлар. Бу иш шунчаки жоиз нарса эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари - таъкидланган суннатлари эканини ҳужжат-далиллар ёрдамида исботлаб берганлар. Бас, ушбу масалада ихтилоф чиқариш ўз Расулини севувчи, ул зоти бобаракотнинг шафоатларидан умид қилувчи бирон-бир мусулмон учун жоиз эмас. Энди ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини истамаса, ихтиёр ўзида. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase