close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломда жиҳод тушунчаси

Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари жиҳод сўзига қуйидагича таъриф берганлар:

Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари жиҳод сўзига қуйидагича таъриф берганлар:
"Жиҳод" сўзи луғатда инсон томонидан барча имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.
Истилоҳда эса - дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади ёки жиҳод сўзи ёнига "фи сабилиллаҳи” қўшимчаси қўшиб ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимларни ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундоқ кишилар шаръий илмларни ривожлантириш ва тарқатишда жиҳод қилганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари кўп ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жони, ватани ва динини сақлаш учун жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган.
Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: "Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!"
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: "Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таоло учун ҳавои-нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир", - деганлар.
Жомеъул аҳодис китобида (4-жуз, 741-бет) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам:
"Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои-нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!" - деганлар.
Бундан инсоннинг ҳавойи-нафси йўлига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жахди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани келиб чиқади.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис олимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга:
"Ота-онанг борми?" - дедилар.
"Ҳа" - деди.
“Ундай бўлса, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!" - дедилар”.
Демак, ота-онанинг хизматини қилиш ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар доим ишларни тинчлик йўли билан ҳал қилишга чақирганлар. Ул зот доимо можароли ҳолатларни чиройли ҳикмат билан ислоҳ қилганликлари ва ўртада тинчлик ўрнатганлари билан машхурдирлар. Пайғамбаримиз алайх,иссалом доимо инсонларни озор беришдан, бошқаларга зарар етказишдан қайтариб келганлар.
Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги, яъни тажовуз қилиш мумкинмаслиги, жони дахлсизлиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
“Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва ор-номусингиз бир-бирингизга худди ушбу (Зулҳижжа) ойингиз ваушбу (Маккаи Мукаррама) юр-тингиз (арафа)даги ушбу кунингиз каби ҳурматлидир (яъни,ўзганинг қонини тўкиш, норози қилиб молини олиш ва обрўсини тўкиш ҳаромдир)" (Саҳиҳи Муслим: 4384].
Нафақат, мусулмон бўлган инсонларни балки, бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар:
“Кимки, бир муоҳидни (мусулмонлар билан ўрта-ларида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у Жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради"(Имом Бухорий ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида
Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан четланган инсон ҳақиқий ҳижрат қилувчидир", - деганлар. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Бошқа бир ҳадисда эса шундай келади:
"Умму Анас розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади", дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).
Машҳур аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ "жиҳод”ни нотўғри талқин қиладиганларга раддия сифатида ёзган "Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида шундай дейдилар:
"Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом тугилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукм.лари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва шаръий ҳужжатларга бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқади”.
Жанг асосида олиб бориладиган жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди - фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди - фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Ҳозирги кунда жиҳодга чақираётганларнинг чақириқларини ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олмоқ лозим бўлади. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларни тинчлигига раҳна солиб, қотиллик қилиб мабодо ўлса, шаҳид эмас, балки, жоҳилият ўлимида ўлиб кетмоқда. Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди" деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса, у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган хужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
"Нисо” сурасида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда "Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда "шаҳидлик", "жиҳод", "ҳижрат", "такфир”, "халифалик" каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимахуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: "Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни "шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам "шариатда бор иш" дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”
Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Баъзи олимлар жиҳодни уч турга бўладилар:
• Бадан билан, яъни ҳар турли ҳарбий воситалар билан ватан, миллат, дин ва халқ ҳимояси учун кофир-душманларга қарши қилинади. Бу жиҳодни фақат давлат раҳбарларигина амалга оширади, бошқариб боради. Ҳозир минг афсуски жуда кўп мусулмонлар жиҳод деганда фақат мана шу давлат зиммасидаги вазифани тушунишади холос;
• Ҳар турли оммавий ахборот воситалари билан Исломни инсониятга ёйиш, эшиттириш орқали қилинади. Бу жиҳодни ислом олимлари қиладилар. Ислом олимларидан маҳрум замонларда яшаган оддий мусулмонларнинг, миссионерлар ва бидъат ахдининг хужумларидан ҳимояланиш учун аввал яшаб ўтган ахди суннат олимларининг асарларини, насиҳатларини китоблар орқали, ҳар турли оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар орқали бутун дунёга тарқатишлари, эшиттиришлари керак. Исломнинг ички ва ташқи душманларининг бузғунчи, алдовчи ташвиқотларига қарши ахди суннат олимлари билдирган ҳақиқий мусулмонликни ёйиш кунимизнинг энг қиммат жиҳодидир;
• Дуо билан қилинадиган жиҳод. Бу жиҳод умумий тарзда барча мусулмонларга ҳамиша фарзи айндир. Юқорида зикри ўтган тур жиҳодлар эса фарзи кифоядир. Мана шу учинчи жиҳодга бепарво бўлиш катта гуноҳ бўлади. Жиҳод - инқилоб қилиш, амирларга, бошлиқларга қарши чиқиш ва исён қилиш, бузиш, синдириш-қийратиш, портлатиш ва вайрон қилиш дегани эмас. Бундай ҳаракатлар фитна бўлиб Ислом ва бошқа мусулмонлар учун кулфат келтиради. Мусулмонларнинг эзилишига, ҳибсга тушишига ва дин, иймон илмларининг таъқиқланишига йўл очади. Бундай фитна чиқарганларга Пайғамбаримиз лаънат айтганлар!

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase