close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапиришнинг оғир гуноҳ экани ҳақида

Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинади: «Алий розияллоҳу анҳунинг хутба қила туриб, бундай деганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг номимдан ёлғон гапирманглар. Чунки ким менинг номимдан ёлғон гапирса дўзахга киради», дедилар».

Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинади: «Алий розияллоҳу анҳунинг хутба қила туриб, бундай деганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг номимдан ёлғон гапирманглар. Чунки ким менинг номимдан ёлғон гапирса дўзахга киради», дедилар».

Шарҳ: Мазкур ҳадисда Абу Бакр ибн Абу Шайба, Муҳаммад ибн Мусанно ва Ибн Башшор раҳматуллоҳи алайҳлар Имом Муслимнинг устозлари ҳисобланадилар. Абу Бакр ибн Абу Шайба билан Усмон ибн Абу Шайбалар ака-укадирлар. Бу иккиси ҳам Имом Муслим ва Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳларнинг устозларидирлар. Мазкур икки муҳаддиснинг нисбаси боболари Абу Шайбага берилгандир. Уларнинг боболари «Восит»нинг қозиси бўлган. Лекин Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ уни «Саҳиҳи Муслим»да мажруҳ (жарҳ қилинган) ровийлар рўйхатига киритган. Неъматуллоҳ Аъзамий ўзининг «Неъматул мунъим» асарида Абу Бакр ибн Абу Шайбани «Мусаннафу Абу Шайба» муаллифи деб қайд қилган.(Неъматуллоҳ Аъзамий. «Неъматул мунъим». - Б. 57.)
(ғундар) сўзидаги (ғ) ҳарфини заммали ёки фатҳали қилиб ўқиш мумкин. У Муҳаммад ибн Жаъфар Ҳузалий раҳматуллоҳи алайҳнинг лақабидир. Унга: «Ғундар» лақабининг қўйилишига сабаб шуки, Ибн Журайж Ҳижоздан Басрага келиб, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг хадисларини ривоят қилганда, талабалар эътироз билдирганлар. Улар орасида Муҳаммад ибн Жаъфар бошқаларга нисбатан кўпроқ шовқин кўтаргани сабабли, Ибн Журайж унга: «Эй Ғундар, Жим бўл!» деган эканлар. Чунки ҳижозликлар ўша пайтда шовқин-сурон кўтарадиган кишига нисбатан «ғундар», деганлар. Ўша кундан кейин бу Муҳаммад ибн Жаъфарнинг лақаби бўлиб қолди. У эллик йилдан буён бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ юришга одатланган эди. Муҳаддис 194/809 йил бу оламдан охират ҳовлисига рихлат қилган. Мазкур ҳадисда таҳвилдан кейин унинг номи «Муҳаммад ибн Жаъфар» деб тўлиқ тилга олинган. У биринчи санадда Шуъбадан муъанъан тарзда ҳадис ривоят қилгандек кўрингани учун Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ўқувчидаги шубҳани кетказиш учун муъанъансиз санадни зикр қилди.
Ҳадис санадидаги Рибъий ибн Ҳирош раҳматуллоҳи алайҳ улуғ, кадрли тобеъинлардан бўлган. У киши ўзига-ўзи «Жаннатга кириш-кирмаслигим маълум бўлмагунича кулмайман», деб қасам ичган экан. Жумладан, вафот этганда, юзида табассум пайдо бўлиб қолган экан. У 104/722 йил оламдан ўтган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менинг номимдан ёлғон гапиришни қасд қилса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин», деган сўзлари сизларга кўп ҳадис айтишимдан тўсиб туради», деганлар.
Шарҳ:
Ҳадис санадида Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг устози Зуҳайр ибн Ҳарб «Исмоил» деган исмни ҳеч қандай қайдсиз мутлақ келтирди. Бундан унинг кимлиги маълум бўлмай қолди. Шунинг учун Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: «Яъни Ибн Улайя», деб унга аниқлик киритди. Яъни бундан Улайянинг ўғли Исмоил назарда тутилган.
Зеро, Имом Муслимнинг устози Исмоилнинг кунясини санадда зикр қилмаган эди. Эътибор берсангиз, Имом Муслим ровийга аниқлик киритишда «яъни» сўзини ишлатди. Олим «яъни» сўзидан кейин келган сўз ва «яъни» сўзи устозимга эмас, менга тегишли, демоқчи бўлган. Бу ҳам ўта диёнаткорлик ва эҳтиёткорликнинг белгисидир.
Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ: «Саҳиҳи Муслим»да мутлақ келган исмларга аниқлик киритишда одатда «у» олмошини ёки «яъни» сўзидан истеъфода этган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ эса бундай ўринларда кўпинча «у» олмошидан фойдаланган.
Ровий Исмоилнинг отасининг исми Иброҳим бўлиб, у (Райҳонату-л-фуқаҳо) «Фақиҳларнинг райҳони» деган лақаб билан танилган. У аслида куфадан бўлиб, Басрада истиқомат қилган. Баъзи олимларнинг таъкидлашларича, Шайх Исмоил онаси томонга нисбатланишни хуш кўрмас эди, лекин «Исмоил ибн Иброҳим» дейилиш ўрнига «Исмоил ибн Улайя» тарзида онасига нисбат берилар эди.
Фойда: Толиби илм ҳадис ўқишда (биҳи ҳаддасана) (у воситасида бизга ҳадис айтиб берди) деган иборани ҳадис аввалига қўшиб ўқийди. Лекин ҳадис китобларини бошлашда дастлаб китоб соҳибигача етиб борадиган санадни тўлиқ айтиб олиб, кейинги дарсларда мазкур иборанинг ўзини айтиш билан чекланиш мумкин бўлади. Шунда замирни қайтадиган жойи аниқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин», дедилар».
Шарҳ:
Мазкур ҳадис санадида Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг устози Муҳаммад ибн Убайд Ғубарий бўлиб, унинг нисбасида «Ғубар», деган исм бор. Бакр ибн Воил деган машҳур қабиланинг бошлиғининг исми Ғубар бўлгани учун ушбу қабилага мансуб кишилар исмига «Ғубарий» нисбаси қўшилган.
Ҳадисдаги Абу Авонанинг асл исми Ваззоҳ ибн Абдуллоҳ Яшкурийдир. Санаддаги Абу Ҳасиннинг тўлиқ исми Усмон ибн Осим асадий, Куфий бўлиб, у тобеъинлардан бўлган. Санаддаги Абу Солиҳнинг лақаби «Саммон» ёки «Зайёт» бўлган. У ёғ сотиш билан шуғуллангани учун «Зайёт» лақаби билан лақабланган. У куфалик Заквон бўлиб, 101/719 йилда вафот этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Исломдан олдинги исми Абдушшамс ибн Сахр эди. Исломга кирганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини Абдураҳмонга ўзгартирдилар. У бир куни енгида мушук боласини олиб кетаётганда, Пайғамбаримиз ундан «Бу нима?» деб сўрадилар. У: «Мушук», деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз «Абу Ҳурайра», дедилар. Шундан кейин у «Абу Ҳурайра» куняси билан чақирила бошланди. Бу куня ўта кенг тарқалганидан, унинг исми умуман тилга олинмай қолди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Яманнинг Давс қабиласидан бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи - Хайбар санасида Исломни қабул қилган пайтларида ўттиз ёшда эди. У Хайбардан қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага келади. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу «Асҳобус суффа», яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги суффада яшаб, у зотдан ҳадис эшитиш билан машғул бўлган саҳобаларнинг бири эди. Шу сабабли у Исломга кеч киришига қарамай, саҳобалар орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий ҳисобланади. У 5374 та ҳадис ривоят қилган бўлиб, уларнинг барчаси Тақий ибн Муҳаммаднинг «Муснад» асарида келтирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кенг елкали, қорамтир, икки олдинги тишларининг ораси очиқ, юмшоқ табиат, ҳазилкаш киши эди. Ёш болаларни кўрсалар, уларни кулдириб, кўнглини хушлантириб юрар, лекин ўзлари якка қолсалар кечаларини ибодат билан бедор ўтказадиган киши эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу кўп вақтларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтказар эди. Бирор ҳадисни эшита олмай қолишдан қўрқиб, кўпинча очликдан букчайиб қолар эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг ичида зеҳни энг ўткири эди. Бу ҳақида Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар ундан келтирган ривоятда: «Эй Расулуллоҳ, сиздан кўп нарсани эшитаман-у, ёдлаб қололмайман», дедим. У зот: «Ридойингни ерга ёз», дедилар. Ридойимни ёздим. Менга кўп ҳадис айтдилар. Айтган ҳадисларидан бирор нарсани эсимдан чиқармадим», деди.
Абу Ҳурайрадан ҳадис ривоят қилганларнинг сони саккиз юз кишидан ортади. Жумладан, саҳобийлардан Абу Бакр, Умар, Усмон, Фазл ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Усома ибн Зайд, Оиша, Ибн Умар, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Моликлардир. Тобеъинлардан Саид ибн Мусайяб, Ибн Сийрин, Абдуллоҳ ибн Саълаба, Урва ибн Зубайр, Сулаймон ибн Ясор, Ирок ибн Молик, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Амра, Ато ибн Абу Рабоҳ, Ато ибн Ясор ва бошкалардир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу оғир касал бўлиб қолганида, уни кўргани Марвон ибн Ҳакам келади. Марвон Абу Ҳурайрага: «Аллоҳ сизга шифо берсин», деганларида, Абу Ҳурайра: «Аллоҳим, Сенга йўлиқишимни севдим, Сен ҳам Сенга йўлиқишимни сев», деди.
Марвон ибн Ҳакам Абу Ҳурайранинг ҳузурларидан чиқиб, бозорнинг ўртасига етмасидан Абу Ҳурайранинг жон узилди. Абу Ҳурайра 57/677 йил вафот этган ва жанозасини Валид ибн Уқба ибн Абу Суфён ўқиган. У Бақиъ қабристонига дафн қилинган.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида: «Бу (китоб аввалидаги) санаднинг бошланиш қисми бўлгани учун ҳадис ровийлари ҳақида кам-кам сўз юритаман. Аслида, мақсадим ровийлар ҳолатини баён қилиш эмас. Чунки ровийлар баҳсига киришиб кетилса, шархдан кўзланган асл мақсад четта қолиб кетади. Қолаверса, китобни мутолаа қилувчи инсонларга ҳам бу бироз машаққат туғдиради. Шу ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, китобни шарҳлаш асносида ўта зарурат туғилган ўринлардагина ровийлар ҳолатига тўхталдим. Узи аслида, Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг барча ровийлари сиқа (ишончли), улуғвор рижол бўлганлар. Аллоҳ таоло уларнинг исмларини тилга оли-шимиз баракотидан қилаётган ушбу ишимизга Ўз баракотини ёғдирсин!» деган.
Мазкур ҳадисни Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ турли санадлар билан ривоят қилган. Қуйида уларнинг ўрни, ҳукми ҳақида атрофлича сўз юритамиз:
«Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин» ҳадиси олий даражадаги мутавотир ҳадис саналади. Бу ҳадисни ашараи мубашшара, яъни жаннат башорати берилган ўнта саҳобий ва бошқа саҳобийлар ривоят қилганлар. Ушбу хадисни жами 87 та саҳобий нақл қилган. Баъзилар: «Уни икки юзта саҳобий ривоят қилган», деганлар.
Мазкур ҳадисдаги бир неча сўзларни шарҳлаш лозим. Биринчидан, аҳли сунна вал жамоа қарашига кўра, «ёлғон» воқеликнинг аксини қасддан ёки унутиб баён қилишдир. Мўътазилийлар: «Ёлғон»да қасддан ёлғон гапириш шарт, акс ҳолда у «ёлғон» бўлмайди», дейишган.
Мазкур ҳадисда ёлғон гапиришга «қасд»дан деган қайд қўшилган. Бунинг боиси шуки, ҳадисда келган ваъидлар, айнан қасддан ёлғон гапиришга тегишлидир. Зеро, янглишиб айтилган ёлғон афвдир. Уламоларнинг таъкидлашларича, олим ёки толиби илм ҳадиснинг иборасини хато ўқиётганини аниқ билиб туриб, уни ўқишга журъат қилса, улар ҳам мазкур ҳадис ҳукмига дахлдор бўлишади.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапиришнинг ҳукми ҳаром амал ҳисобланади. Аслида, ёлғон гапириш бир гуноҳ иш бўлса-да, лекин бу ёлғон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга алоқадор бўлса, у ўта катта гуноҳ ва ҳаром иш ҳисобланади. Динга тарғиб қилиш, инсонларни қўрқитиш ёки диний ҳукмларни ёйиш мақсадида бўлсин, Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапириш гуноҳи кабира ва ҳаром амалдир.
Диний манфаат юзасидан ёлғон гапириш дуруст, деб ўйлайдиган баъзи инсонларнинг бу хом-хаёллари ботил ва хатодир. Зеро, кўплаб бидъат амаллар айни шу йўл билан динга аралаштириб ташланган.
Хаттобия фирқаси «Мазкур ҳадисда (ъалайя) атамаси ишлатилган. У кимгадир зиён етказиш маъносини англатади, яъни ҳадисда «фисқу фасод ниятида ҳадис тўқишлик мумкин эмас, хайрли ишларда эса ҳадис тўқиш мумкин», деган мазмунда сўз бормокда», дейишади. Бу қараш мутлақо хатодир. Ахир, бу ердаги (ъалайя) сўзи умумий ҳолатни ифодалайди, яъни манфаат учун бўлсин, зиён етказиш мақсадида бўлсин, Расулуллоҳга ёлғон нисбатини бериш мутлақо ҳаром амалдир. Улар бунга қарши баъзи ривоятларда келган «У билан инсонларга зиён етказиш учун» деган иборани ўзларига далил қиладилар. Яъни инсонларни тўғри йўлдан оздириш учун ҳадис тўқиш ҳаромдир, деганлар.
Унга бундай жавоб берилади: «Бу ерда келган (лом) ҳарфи таълил, яъни иллатлаш учун эмас, оқибат учундир. Шунда ҳадиснинг маъноси бундай бўлади: «Ёлғон ҳадис тўқиш натижасида одамлар тўғри йўлдан адашиб кетишади». Қуйидаги оятдаги (лом) ҳарфи ҳам оқибат маъносида ишлатилган:
«Одамларни адаштириш учун илмсизлик билан Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!» (Анъом сураси, 144-оят).
Бу ҳадисни ўқиган кишида бир савол пайдо бўлади, яъни ҳадисда буйруқ сийғасида «ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин» дейилган. Ахир, дўзахдан инсон ўзига жой тайёрлаши кишининг тоқатидан ташқари нарса-ку! Шундай экан, унда нима учун инсон ихтиёридан ташқари ишга буйруқ сийғаси ишлатилмокда? Бу саволга бундай жавоб берилади: «Бу ердаги буйруқ майлидаги сийға хабар маъносида тушунилади, яъни «ўрнини дўзахдан тайёрлабди».
Иккинчи савол, ҳадиси шарифда гуноҳи кабира қилган инсонни абадий дўзахда қолиши баён этилган. Ҳолбуки, аҳли сунна вал жамоа таълимотига кўра, гуноҳи кабира қилган киши асло дўзахда абадий қолмайди-ку! Шундайми?
Унга қуйидагича жавоб берилади: «Бу ҳукм танбеҳ, ташдид, тағлиз, тахдид ва зажр мақсадида айтилган. Ва яна бу ҳукм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапиришни ҳалол билувчи кишиларга тегишлидир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапириш»нинг ҳукми нима? Имомул ҳарамайннинг отаси Абу Мухаммад Жувайний раҳматуллоҳи алайҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапириш куфрдир», деган. Лекин жл-мҳур уламолар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапириш ҳалол эмас, балки бу гуноҳи кабирадир. Бундай киши фосиқ ва ҳадиси қабул қилинмайдиган ровийлар сарасига киради», деганлар.
Бу ерда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапирган кишининг тавбаси қабул қилинадими ёки қабул қилинмайдими?» деган ўринли савол пайдо бўлади. Аҳмад Ҳумайдий ва Абу Бакр Сайрофий раҳматуллоҳи алайҳлар: «Ҳадис тўқийдиган кишининг тавбаси қабул қилинмайди», деганлар. Лекин жумҳур олимлар: «Чин дилдан тавба қилса, яъни қилган хатоларига чин тавба қилиб, келажакда ундан ўта ҳазарда бўлиб тавба қилса, қилган тавбаси мақбул бўлади», дейдилар.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал-Мавзуъ-от ал-кубро» асари муқаддимасида мазкур ҳадиснинг сабаби вуруди сифатида Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳ тариқидан бир қиссани нақл қилиб келтирган. Унинг хулосаси бундай: «Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини қайсидир қабилага жўнатадилар. Қабилага бориб, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларингизни қандай хохдасам, ўшандай тасарруф қилишимга амр этдилар», дейди. Одамлар: «Расули акрамнинг ҳукмлари бошимиз устига, лекин биз бунга аниқлик киритиб оламиз», деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир чопар жўнатдилар. Бўлган воқеадан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда ғазабнок бўлиб, бир саҳобийга амр этдилар: «Бориб уни қатл қил ва унинг жасадини ўтда куйдир». Саҳобий қабилага етиб борганда, у вафот этиб, дафн қилиб бўлинган экан. Саҳобий уни қабрдан чиқартириб, жасадини куйдириб, бундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин», дедилар».
Алий ибн Рабиъа деди: «Масжидга етиб бордим, Муғира Куфа амири эди. У бундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг номимдан ёлғон гапириш бошқа бирор кишининг номидан ёлғон гапириш каби эмас. Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин», деганларини эшитганман».
Бу юқоридаги ҳадиснинг бошқа санад билан қилинган ривояти бўлиб, унда: «Менинг номимдан ёлғон гапириш бошқа бирор кишининг номидан ёлғон гапириш каби эмас», деган жумла зикр қилинмаган.
Шарҳ: «Менинг номимдан ёлғон гапириш бошқа бирор кишининг номидан ёлғон гапириш каби эмас». Чунки қайсидир олим ёки фақиҳ номидан ёлғон гапириш шариатга дахл қилиш деб тушунилмайди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ёлғон гапириш шариатга дахл қилиш, шариатга журъат қилиш, деб баҳоланади. Шунингдек, бунда оммани адаштиришнинг хавфи бор.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг
"Саҳиҳи Муслим" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase