Ибодатлар хусусида фикр юритсак, турли-туманликни кўрамиз: қалб (юрак) ибодати, тил ибодати, амалий ибодат, молиявий ибодат. Масалан, имон қалб ибодати, намоз қалб, тил, бадан ибодати, закот молиявий ибодат, рўза вужуд ибодати, ҳаж эса молиявий, амалий ибодатдир. Намознинг ўзи ҳам бир хилликдан иборат эмас, балки қиём, рукуъ, сажда, жалса каби амаллардан ташкил топган.
Демак, ким ҳаёти хотиржам, руҳияти кўтаринки, неъматлар давомли бўлишини истаса, амаллар турини кўпайтиради, ҳар хилликни кундалик ҳаётига татбиқ этиб, умрини сермазмун ўтказади(Манба: Оиз Қараний. “Маҳзун бўлма”.).
Аниқроқ айтадиган бўлсак, киши намоздаги зикр-тасбеҳларни алмаштириб ўқиса, доим бир хил дуо, зикрларни такрорлайвермасдан бир сафар унисини, бошқа сафар бунисини айтса, хушуъга эришади. Шу билан бирга суннатга амал қилгани учун ҳам савоб олади. Масалан, санонинг, рукуъдаги, саждадаги дуоларнинг, салавотларнинг турли хил шакллари бор. Уларни галма-гал ўқиш билан улкан фойдалар қўлга киритилади.
Қолаверса, қироатда ҳам хилма-хиллик таъминланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун Қуръонни бехато ўқиш малакасини ҳосил қилиш зарур. Бизда бир ҳолат бор: кўпчилик Фил сурасидан кейинги сураларни такрор-такрор ўқишни одат қилган. Аслида бунинг ёмон жиҳати йўқ. Лекин хушуъ ҳосил қилиш учун бошқа сураларни ҳам ўқиш тавсия этилади.
Зиёвуддин Раҳимнинг
"Намозда хушуъ" китобидан