Биз Аллоҳ таолони У Ўзини Китобида сифатлаган барча сифатлари билан таниймиз. Ҳеч бир киши Аллоҳ таолога У лойиқ бўлган ибодатни қилолмайди. Лекин Унинг амрига биноан, буюрганига мувофиқ ибодат қилади. Барча мўминлар маърифатда, яқийнда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавф ва ражода, имонда тенгдир. Имондан ва зикр этилганлардан бошқаларда бир-биридан фарқ қилади.
Шарҳ: Биз Аллоҳ таолони зотининг кунҳи (қандайлиги) ва сифатларини идрок этиш жиҳатидан эмас, балки У Ўзини Китобида сифатлаган барча сифатлари билан таниймиз. Мўмин “Мен Аллоҳ таолони танийман” дейиши лозим. Аммо баъзиларнинг, “Биз Сени яхши танимадик”, дейишларининг маъноси: Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларининг кунҳини билишга махлуқотларнинг куч-қудрати етмайди, демакдир. Чунки Аллоҳ таолони кўзлар идрок этолмайди (қамролмайди). Имом Шофиъий бундай деган:
“Ким Аллоҳтаолонинг кунҳини билмоқчи бўлиб, фикри-ҳаёлига келган бирор мавжудда (нарсада) тўхтаса, у кимса Аллоҳ таолони махлуқларга ўхшатган бўлади. Агар мутлақ йўқ, деб ишонса, у муаттал бўлади, яъни оламни Яратувчисиз қолдирган бўлади. Агар У бор деб ишониб, Уни идрок этишдан ожизлигини эътироф этса, у муваҳҳид (Аллоҳ таолонинг ягоналигига ишонган) бўлади”.
Шу боис, ҳазрат Али (р.а.)дан тавҳид ва унинг маъноси ҳақида сўрашганида, бундай жавоб берганлар: “Хотирангга келганидан ё хаёлингдан ўтганингдан ёхуд бирор-бир ҳолатингда тасаввур қилганингдан, ҳаммасидан Аллоҳ таоло бошқадир”.
Жунайд Бағдодий бундай деганлар: “Тавҳид қадимни ҳодис (кейин яратилган)дан фарқлай олишдир. Чунки сизнинг хотирангизга фақат ҳодис, яъни, йўқдан бор бўлган махлуқотлар келади. Қадимни ҳодисдан ажратиш, Аллоҳ таолога на зотида ва на сифатларида бирор-бир махлуқотни ўхшатмасликдир. Аллоҳ таолонинг зотига бирор нарса ўхшамайди. Сифатларига ҳам бирор сифат ўхшамайди.
Аллоҳтаоло бундай марҳамат этади:
“Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва кўрувчидир” (Шўро сураси, 11-оят).
Бандалар Аллоҳ таолони доимо зикр қилишдан, Унга доимо шукр этишдан ожиздир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар” (Наул сураси, 18-оят), яъни, Аллоҳ таоло сизларга берган неъматларнинг саноғига етолмайсиз-у, уларнинг шукрини қандай адо этардингиз?!
Ҳақиқий тақво қилишдан Аллоҳ таолонинг валийлари ҳам ожиздир. Чунки ҳақиқий тақво Пайғамбаримиз (с.а.в.) тафсир қилганларидек: “Итоат этиш, гуноҳ қилмаслик, шукр этиш, ношукрлик қилмаслик, зикр этиш, унутмасликдир”.
Ҳақиқат будир: кишида маърифат бўлса, Аллоҳ таолони таниса, банданинг ҳамма ҳолатларига унинг таъсири давомли бўлади. Шу боис маърифат ҳар бир лаҳзада бандага вожиб бўлади. Банда заиф бўлгани учун бу ҳолат унда давомли бўлишидан, рубубият тақозо қилган бандачилик (қуллик) вазифаларини қолдирмай адо этишдан ожиздир. Бандалар Аллоҳ таолонинг зикридан кўпинча ғофил бўлишади. Бу ҳол ҳақиқат, тариқат соҳиблари наздида куфрдир, ношукрликдир. Аммо Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил бўлиш гуноҳи Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидай, умматга раҳмат сифатида оммадан афв этилгандир.
Ҳеч бир кимса: “Мен Аллоҳ таолога лойиқ ибодатни қилдим”, дейиши мумкин эмас. Биз Унинг ҳаққини адо этишдан ожиз бўлсакда, Унинг буюрганига мувофиқ ибодат қиламиз. Шу боис, баъзи орифлар бундай деганлар: “Агар Аллоҳ таолонинг: “Фақат Сенга ибодат қиламиз, фақат Сендан ёрдам тилаймиз” мазмунли оятни ўқишга амри бўлмаганида, уни ўқимасдим. Чунки банда Аллоҳ таолога чинакам ихлос билан ибодат қилиш ва фақат Ундан мадад сўраш мақомида туролмайди”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дейдилар: “Мен Сени Сен Ўзингни мадҳ этганинг каби мадҳ этолмасман”.
Расулуллоҳ (с.а.в.) ибодатни адо этганларидан сўнг, Аллоҳ таолога лойиқ ибодатни қилишдан ожизликларига ишоратан Аллоҳ таолодан мағфират сўрардилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Йўқ! (У Аллоҳ) буюрган нарсани сира адо этмади” (Абаса сураси, 23-оятп).
“Мўминлар Аллоҳни танишда, яқийнда, Аллоҳ таолога таваккул қилишда, Аллоҳтаолони ва Расулини севишда, қазо ва қадарга ризо бўлишда, Аллоҳтаолонинг ғазаби ва азобидан қўрқишда, раҳматидан умидворликда ва имонда тенгдирлар. Имон ва зикр қилинганлардан бошқа мақомларда бир-бири билан тенг эмас”.
Банда Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобидан доимо қўрқувда ва раҳматидан доимо умидвор бўлиши лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”» (Зумар сураси, 9-оят).
“Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар қўрқув ва умидворлик билан Парвардигорларига дуо-илтижо қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).
Ҳақиқат шуки, умид қўрқишни, қўрқув умидни тақозо қилади. Агар бандада хавф, қўрқув бўлмаса эди, Аллоҳ таолонинг азобидан амин бўларди. Агар умид бўлмаса эди, Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўларди. Таҳсинга лойиқ қўрқув-соҳибини Аллоҳ таоло манъ этган, ҳаром қилган нарсалардан тўсадиган, қайтарадиган қўрқувдир. Агар ундан ўтса, банданинг ноумид бўлиши хавфи бўлади. Таҳсинга лойиқ умид Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан Унга ибодат қилиб, савобини Ундан истаган кишининг умиди ёхуд гуноҳ қилиб, тавба қилган ва Аллоҳ таолонинг мағфиратини умид қилган кишининг умидидир. Аммо киши ҳаддан ошиқ хатолар қилиб, солиҳ амал қилмай Аллоҳ таолонинг раҳматини умид қилса, унинг умиди ғурурдир, орзудир ва алдамчи умиддир.
Абу Али Рузбарий раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Қўрқув ва умид қушнинг икки қаноти кабидир. Иккиси тенг-баробар бўлса, қуш шохга қўнади ва парвоз этади. Қанотларидан бири шикастланса, яхши учолмайди. Икки қанот ҳам синган қушнинг ҳалокати яқин бўлади”.
Ҳазрат Умар (р.а.)дан бундай нақл этилган. У зот бундай деганлар: «Маҳшарда “Бир киши жаннатга киради” деб нидо қилинса, ўша киши мен бўлишимни умид қиламан. Агар Маҳшарда “Бир киши жаҳаннамга киради”, деб нидо қилинса, ўша киши мен бўлишимдан қўрқаман».
Баъзи олимлар бундай дейишган: “Умид қўрқувдан ғолиб (кўп) бўлиши керак”. Чунки ҳадиси қудсийда бундай марҳамат этилган:
“Мен бандамни унинг эътиқодига кўра ҳисоб қилурман. Бандам хоҳлагандай эътиқод қилсин” (яъни, гуноҳларимни кечиради, деб эътиқод қилса, унинг гуноҳларини кечираман, азоблайди, деб эътиқод қилса, азоблайман).
Баъзилари бундай деганлар: Ёшлик ва соғлом чоғида қўрқув (хавф) ғолиб бўлиши, кексалик ва хасталик ҳолида умид ғолиб бўлиши лозим”. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:
“Сиздан ҳеч ким Аллоҳ таоло ҳақида тўғри эътиқодда бўлмасдан ўлмасин” (Муслим, Ҳ. №: 2877, ж. IV, с. 2206).
Яна шуни айтиш лозимки, кимдан қўрқсангиз, ундан қочасиз. Фақат Аллоҳ таолодан қўрқсангиз, Аллоҳ таолонинг Ўзига (паноҳига) қочасиз. Парвардигоридан қўрққан Унга сиғинади. Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ таолога қочинг (чопинг-шошинг)лар!” (Зориёт су-раси, 50-оят)
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар:
“Бизларни Сенинг азобингдан фақат раҳматинг қутқаради” (Бухорий, Вуду, 175).
Баъзи олимлар бундай деганлар: “Ким фақат муҳаббати боис Аллоҳ таолога ибодат қилса, зиндиқдир. Ким фақат қўрқуви боис Аллоҳ таолога ибодат қилса, хорурий (хорижий)дир. Ким фақат умиди боис Унга ибодат қилса, муржийдир. Ким Аллоҳ таолога муҳаббат, қўрқуви ва умиди боис ибодат қилса, у мўмин, муваҳҳиддир”.
Муҳаққиқ олим Розий бундай деган: “Ким Аллоҳ таолога фақат жаҳаннамдан қўрққани ё жаннатга киришни истагани учун ибодат қилса, у мўмин эмасдир. Чунки фақат Аллоҳ таоло ибодатга ва итоатга ҳақлидир. Бу ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларининг маъносидир:
“Суҳайб қандай яхши қул! Аллоҳ таолодан қўрқмаса ҳам, Унга итоатсизлик этмайди”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) кечаси ибодат қилиб, оёқлари шишиб кетганда: “Нечун бунчалик ўзингизни (қийнайсиз) чарчатасиз?
Ахир, Аллоҳтаоло сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечирган-ку?!” дейилганда: “Шукр этувчи банда бўлмайин-ми?” деганлар.
Ҳазрат Али (р.а.) бундай деганлар:
“Бир қавм Аллоҳ таолога бир нарса умидида ибодат этса, у ибодат тижоратчиларнинг ибодатидир. Бир қавм қўрққани учун ибодат этса, у ибодат қулларнинг ибодатидир. Яна бир қавм шукр этиш учун ибодат этса, у ибодат аҳрор (ҳур киши) ларнинг ибодатидир” (“Рабийул аброр” китобидан).
Имом Таҳовий бундай деган: “Имон биттадир. Имон аҳли имон асосида тенгдир. Хашя (қўрқув), тақво, нафсоний хоҳиш-ларни тийишда, “авло’Та амал қилишда бир-бирларидан ортиқдир”.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан