close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳизр алайҳиссалом ҳақида

Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида гаплар ниҳоятда кўп. Бу гапларнинг ичида ҳақиқатга яқинидан ҳақиқатга узоқлари кўп. Кўпчиликнинг ичида Ҳизр алайҳиссалом абадий бир зот бўлиб, у киши кимга кўринса, кимга назарлари тушса ўша банданинг хоҳлаган нарсасида ёрдам берар эканлар, Ҳизр алайҳиссаломнинг бош бармоқларининг суяги йўқ экан, фалон ерда пистончига кўринган эканлар, ундоқ бўлган экан, бундоқ бўлган экан каби гаплар ниҳоятда кўп.

Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида гаплар ниҳоятда кўп. Бу гапларнинг ичида ҳақиқатга яқинидан ҳақиқатга узоқлари кўп. Кўпчиликнинг ичида Ҳизр алайҳиссалом абадий бир зот бўлиб, у киши кимга кўринса, кимга назарлари тушса ўша банданинг хоҳлаган нарсасида ёрдам берар эканлар, Ҳизр алайҳиссаломнинг бош бармоқларининг суяги йўқ экан, фалон ерда пистончига кўринган эканлар, ундоқ бўлган экан, бундоқ бўлган экан каби гаплар ниҳоятда кўп.

Бундай гапларнинг тез-тез қўзғалиб, тарқалиб туриши, кўпчилик уламоларга ушбу саволга ўхшаш саволларнинг берилиши ҳам ҳаммага маълум.
Уламоларимиз мулохаза қиладиларки, Ҳизр алайҳиссалом тўғрисидаги саволлар, миш-мишлар, гап-сўзлар одамларда бир зумда бойиб кетиш, бир зумда ўз мушкулотларини ҳал қилиб олиш ва шунга ўхшаган ҳаракатсиз, тезроқ мақсадига эришиш кайфияти тарқалган ва ривожланган пайтда кўпаяди.
Ана шу муаммоларни ечиш ёки мақсадига осонлик билан эришиш иштиёкидаги кишилар Ҳизр алайҳиссаломни излаб қоладилар.
Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида уламоларимиз ҳам кўп тортишганлар. Бу саволдаги каби «Ҳизр алайҳиссалом бўлганмилар?» каби савол жуда кам учрайди, чунки бўлганлари тўғрисида хеч қандай ихтилоф йўқ. Ҳизр алайҳиссалом бўлганлар, у киши ҳақида қисса Қуръони Каримнинг «Каҳф» сурасида келган.
Бу қиссани муфассир уламоларимиз «Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда қиссаси» деб атайдилар. Чунки Қуръонда Ҳизр алайҳиссалом «Ҳизр алайҳиссалом» номи билан аталмаган, балки «солиҳ банда» деб атаган. Ана шу қиссада Мусо алайҳиссалом бир куни Бани Исроил ичида ваъз-насиҳат, маъруза қилиб турганларида кишилардан бири «Эй Мусо, дунёда сиздан ҳам билимдонрок одам борми?» деган саволни беради. Шунда Мусо алайҳиссалом жавоб бера олмай бир оз ўйланиб қоладилар. Мана шу ҳолатдан кейин Аллоҳ таоло «Ҳар бир билувчининг устидан билувчироқ бордир» деган хабарни бериб, Мусо алайҳиссаломга у кишидан кўра билимдонроқ одам борлиги, уни излаб топиш зарурлиги, топгандан кейин у кишидан баъзи бир нарсаларни ўрганишларини хабарини беради.
Ана шундан кейин Мусо алайҳиссалом хизматчи йигитлари билан бирга озиқ-овқатларни олиб йўлга чиқадилар ва Аллоҳ айтган жойда ўша солиҳ бандани излаб топадилар. Ўша ерда Мусо алайҳиссалом «Аллоҳ ўргатган нарсалардан менга ўргатгин» деб илтимос қиладилар. Солиҳ банда «Лекин менинг шартларим қийин, бунга сабр, чидашинг керак» дейдилар. Мусо алайҳиссалом сабр қилишга ваъда берадилар.
Улар сувнинг бўйида туриб гаплашган бўладилар, кемага чиқилади, кетаётиб солиҳ банда кемани тешиб қўяди. Шунда Мусо алайҳиссалом сабр қила олмай «Бизга яхшилик қилган, сафаримизда ёрдам берган, сувдан ўтказиб кўяётган одамнинг кемасини нимага тешасиз, нимага унга зарар етказасиз» деган маънода эътирозли савол берадилар. Шунда солиҳ банда «Мен сенга сабр қила олмайсан демаган эдимми» дейди. Мусо алайҳиссалом узр сўраб, бундан кейин бесабрлик қилмасликка ваъда берадилар. Қуруқликка чиқиб кетаётсалар бир тўп болачалар ўйнашаётган экан. Шу болаларнинг ичидан бир ўғил болани чақириб солиҳ банда бир уриб ўлдириб кўяди. Мусо алайҳиссалом яна чидай олмасдан «Бегуноҳ болани нимага ўлдирдингиз?» деган эътирозли саволни беради. Солиҳ банда «Мен сенга сабр қила олмайсан демаган эдимми» деб яна айтади.
Шунда Мусо алайҳиссалом «Энди яна бир бор узр сўрайман, бундан кейин шартни бузсам айб ўзимда бўлади» деган гапни айтадилар. Ўша воқеадан кейин бир ерга борадилар. У ернинг аҳолисидан таом сўрайдилар, ўзларининг мусофир эканликларини айтадилар. Лекин у жойнинг аҳолиси меҳмон қилмай, таом бермайди. Чарчаб-хориб, шаҳарнинг ташқарисига чиқиб ўтирганларида кўзлари бир йиқилиб кетай деб турган деворга тушади. Солиҳ банда туриб Мусо алайҳиссаломни ҳам чорлаб халиги деворни йиқитиб, қайта уриб кўядилар.
Шунда Мусо алайҳиссалом яна сабр косалари тўлиб «Қизиқ одам экансиз, ҳеч бўлмаса шу деворларини уриб кўйганимизга ҳақ сўрасангиз бўлар эди» дейди ва солиҳ банда «Энди ҳаддинг битди, энди сен мен бу ишларни нима учун қилганимни ҳақиқатини билгин» деб ўтган уч ходисанинг ҳикматини баён қилиб берадилар.
«Биринчиси: кемани тешишга боис, ўша куни подшоҳнинг буйруғи чиққан эди. Буйруққа биноан ҳар бир бутун кемани давлат ихтиёрига олиниши лозим эди, кемачининг шу кемасидан бошка ризқ топишга воситаси йўқ эди. Шунинг учун кемани тешиб, айбдор қилинди, токи кема ўша камбағал одамнинг мулки бўлиб қолсин, подшохликка ўтмасин, тешик бўлса ҳам шу кемадан фойдаланиб бола-чақасини боқишга, оиласини тебратишга маблағ топиб турсин. Сиртдан қараганда зарарли нарса бўлиб кўринади, лекин аслида кемачи учун фойдали иш қилинган.
Уриб ўлдирилган бола бўлса катта бўлганида кофир бўлиб, осий бўлиб, ота-онасига ор-номус келтирадиган, кулфат, мусибат келтирадиган бўлиши керак эди. Лекин Аллоҳ таоло уларга аҳли солиҳ бўлганлари учун бу келажакда безори бўладиган боланинг ўрнига яхши бола беришни ирода қилди ва бу болани кичиклигидаёқ ўлдириб қўйди, кейин уларга яхши фарзандларни ато қилди.
Девор ходисасига келинганда эса деворнинг остида икки етим боланинг ҳазинаси кўмилган эди. Уларнинг отаси аҳли солиҳ бўлган эди. Шунинг ҳурматидан етим болалар вояга етгунича уларнинг ҳазинасига бегоналарнинг кўзи тушмаслигини ирода қилган Аллоҳ, деворни бузиб қайта уриб қўйишга амр қилди».
Мана шу қисса тафсилоти билан Қуръони Каримда келган. Лекин аввал айтганимиздек, Мусо алайҳиссаломга устоз бўлган зотни Қуръон «Ҳизр» деб атамаган, балки «солиҳ банда» деб атаган. Ана шу оятларнинг тафсирида Имом Бухорий келтирган ривоятда солиҳ бандани «Ҳазр» деб аталади, биз «Ҳизр» деб ўрганиб қолганмиз. Ана шундан Ҳизр алайҳиссалом борлиги, Қуръонда «солиҳ банда» номи билан эсга олинганлиги ва саҳиҳ ҳадисларда «Ҳизр» номи билан танилганликлари, машҳур бўлганликлари келиб чиқади.
Кишилар мана шу қиссадан «Ҳизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан кейин яшаб қолди, Ийсо алайҳиссаломни ҳам кўрдилар, ундан кейин Муҳаммад алайҳиссалом даврларида ҳам яшадилар ва хозир ҳам яшамоқдалар» деган гапни айтадилар ва у кишининг барҳаётлиги қиёмат кунигача давом этади» дейдилар.
Аввалги айтиб ўтганимиздек, турли қиссаларни, деди-дедиларни, ривоятларни келтирадилар. Лекин ўшаларга қарасак хеч ким «Ҳизр алайҳиссалом менга кўринди, мен Ҳизр алайҳиссаломман деб айтди, менга фалон нарсани қилди» деган хеч қандай ривоят йўқ. Балки ривоятларнинг кўплари «фалончига кўринган эмиш, пистончига ундоқ қилган эмиш, яна бировга бундоқ қилган эмиш» деган миш-мишлардан иборат, аник хабарга асосланган бирон нарса йўқ.
Ана шунинг учун кейинроқ баъзи бир ёлғон гаплар тўқилганлиги ҳам бор. «Ҳизр алайҳиссалом бор, доим бўлади, одамларга кўриниб туради» деган уламоларимиз ҳам бор. Бу гапни кўпрок ахли тасаввуфлар айтишади. Лекин очиқ-ойдин Ҳизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эканликлари, қиёматгача боқий қолишлари ва одамларга кўриниб туришлари тўғрисида на Қуръонда ва на ҳадисларда ва на мўътамад уламоларнинг илмий бахсларидан далил келтира олмайдилар.
Агар мабодо ҳозирги кундаги баъзи бир кишилар далил келтиришаётган бўлса ҳам, у далиллар нотўғри, тўқима ва заиф ҳадислардан олинганлиги маълум.
Бу ҳақида «Алманорул мунис фил ҳадисис саҳиҳил вал заиф» деган китобда очиқ-ойдин илмий бахслар келган. Ана шу китобда Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида бир ривоятни зикр қилиб, уни нотўғри эканлиги исбот қилинган. Эмишки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда турган эканлар ортларидан бир гап эшитиб қолибдилар. Одамлар бориб қарашса ўша гапирган одам Ҳизр алайҳиссалом эмишлар.
Иккинчи бир тўқима, ёлғон, ҳадис бўлмаса ҳам ҳадис деб аталган нарсада «Ҳизр ва Илёс алайҳимассаломлар ҳар йили учрашиб турадилар» деган ҳадис бор.
«Арафотда Жиброил, Микоил ва Ҳизр алайҳиссалом учрашиб туради» деган тўқима ҳадис бор. Буларнинг ҳаммаси тўқима, асоссиз эканлиги мўтаъмад ва эътиборли ҳадис олимлари томонидан фош этилган. Иброхим ал-Харбий раҳматуллоҳи алайҳдан «Ҳизр алайҳиссалом доимо барҳаёт, боқий эмишлар» деган гап бор, нима дейсиз бу тўғрисида» дейилганида, одамларнинг ичига бундай гапни шайтон илҳом қилган-ташлаган, бу шайтоннинг гапидир» деган жавобни берганлар. Буюк ватандошимиз, муҳаддисларнинг имоми, мўминларнинг ҳадис бўйича амири Имоми Бухорийдан Ҳизр ва Илёс алайҳимассаломлар ҳақида сўраб, «уларнинг икковлари тирикми» деб савол берилган экан. Шунда Имоми Бухорий ҳазратлари марҳамат қилиб: «Бу қандоқ бўлиши мумкин, батаҳкик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ла ябко аъла расими ати санатин мин ман хувал явма аъла зохирил арзи ахадун» деганларку деган эканлар. Яъни бу билан Имоми Бухорийнинг ўзлари ва Имоми Муслим ривоят қилган бир ҳадисни Ҳизр алайҳиссаломни барҳаёт эмасликларига ва у киши Киёматгача боқий қолмасликларига далил қилиб келтирган эканлар. Бу ҳадиснинг маъноси шуки: «Янги юз йил кирганда, яъни бир аср бўлганда ер юзида турган кишилардан бирортаси қолмайди» деган эканлар. Бу саҳиҳ ҳадис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадис, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадис. Демак, юз йилнинг ичида бирор киши қолмайди деган бўлсалар, ўша ҳадис айтилганидан бери неча марта юз йиллар ўтиб кетди, ким қолиши мумкин? Ҳизр алайҳиссалом қандоқ қилиб колишлари мумкин?
Бошка катта уламолар ҳам Ҳизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эмасликларига, у кишини қиёматгача боқий қолишлари мумкин эмаслигига «Анбиё» сурасидан далил келтирадилар: «Сендан олдин Биз ҳеч бир башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен ўладиган бўлсанг, улар абадий қолурларми?» деган оят. Мана шу оятда ҳеч ким абадий қолиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этар эканлар, Аллоҳнинг афзал махлуқи, Аллоҳнинг афзал Пайғамбари, барча пайгамбарларнинг сарвари вафот этар эканлар, бошқаларнинг қолиши мумкин эмас.
Аҳли сунна ва-жамоанинг кўзга кўринган уламолари яна бир далилни келтирадилар. Бу далил ниҳоятда кучли далил ҳисобланиб, унда: Агар Ҳизр алайҳиссалом бардавом ҳаёт бўлсалар, қиёмат кунигача боқий қолсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишлари керак эди. У кишига иймон келтиришлари керак эди, у кишига байъат қилишлари керак эди, у зоти бобаракотдан таълим олишлари керак эди ва бирга ҳаракат қилишлари лозим эди. Бу ишларнинг қилинмаганлигининг ўзи Ҳизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эмасликларига далилдир.
Ҳизр алайҳиссаломнинг барҳаёт эмасликларига далиллардан яна бири – Бадр уруши куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо қилиб, тазарру қилиб қилган дуоларида «Аллоҳумма ин тахлик хазихил асабату ла туъбадифул арзи» деганлар. «Эй Аллоҳим, агар мана шу тўп одамлар ҳалокатга учраса, Сенга ер юзида ибодат қилинмас», деганлар. Яъни ўзлари билан душманга қарши жанг қилишга ҳозирланиб турган 313 кишини кўрсатиб туриб, Аллоҳ таолонинг пайғамбари юқоридаги гапларни айтганлар. Ана ўша 313 кишилик Бадр урушининг қатнашчилари исмлари, оталарининг исмлари, қабилаларининг исмлари билан сийрат китобларимизда бирма-бир эслаб ўтилганлар, ёзилганлар. Ана ўшаларнинг ичида Ҳизр алайҳиссалом бўлмаганлар. У киши ташқарида турсалар, Набий бўлсалар, солиҳ банда бўлсалар, Аллоҳга ибодат қилиб турсалар, Пайғамбаримиз ва 313 кишилик гуруҳ ҳалокатга учрасалар, «Ер юзида Аллоҳга ибодат қиладиган қолмайди» дейишлари мумкин эмас эди.
Бас, мана шу нарсаларни ўйлаб кўриш керак бўлади. Ҳизр алайҳиссалом башар бўлсалар абадий барҳаёт бўлишлари мумкин эмас.
Уламоларимиз дейишади: «Агар у киши абадий барҳаёт дейдиган бўлсак, Қуръони Каримнинг оятларини инкор қилган бўламиз. Чунки Қуръонда Аллоҳ таоло: «Биз сендан олдин башарга абадийликни қилганимиз йўқ. Агар сен вафот этсанг, ўлсанг улар абадий қолурларми?» деб турибди.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда «Ҳар бир жон ўлим шаробини тотгувчи» деяпти, ана шу оятларга хилоф бўлиб қолади.
Агар «Ҳизр алайҳиссалом барҳаётлар, қиёматгача боқий» дейдиган бўлсак юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифларга хилоф бўлиб қолади» дейди уламоларимиз. Агар аввалда айтганимиздек, Ҳизр алайҳиссалом доимий тирик бўлсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб байъат қилишлари, имон келтиришлари лозим эди.
Мана шу лозимликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўзларининг бошқа бир ҳадисларида баён қилганлар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ  улуғ саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда :  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Аллоҳга қасамки, агар Мусо ҳозир тирик бўлса менга эргашишдан бошқа нарса қилиши мумкин эмас» дедилар. Уламоларимиз айтадиларки, тасаввур қилайлик, Ҳизр алайҳиссалом пайғамбар эканлар, лекин пайғамбар бўлганларида ҳам Мусо алайҳиссаломдан афзал бўлишлари мумкин эмас. Мусо алайҳиссаломки Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашишлари лозимки, ҳадисга биноан, Ҳизр алайҳиссаломнинг келиб эргашишлари лозим ва лобуд бўлган.
Мана бу нарсани яхши ўрганишимиз керак. Агар Ҳизр алайҳиссалом валий бўлсалар унда ҳам келишлари керак эди. Чунки Абу Бакрдек улуғ, валий инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлар, у кишига уммат бўлганлар. Мана шу маъноларни айтиб уламолар, мухаддислар, фуқаҳоларнинг кўплари «Ҳизр алайҳиссалом барҳаёт» деган гаплар заиф эканлиги, уларни ривожлантиришнинг фойдаси йўқ эканлигини айтадилар.
«Ҳизр алайҳиссалом набий бўлганмилар, валий бўлганмилар» деган саволга ихтилофли бўлганлиги учун икки хил жавоб берилган: баъзилари валий десалар, бошқалари набий деганлар. Лекин «набий» деганларнинг гаплари кучли бўлади, чунки ўша Ҳизр алайҳиссалом қиссасида келган оятларда, Ҳизр алайҳиссалом тилидан, сураи «Каҳф»да : «Мен буни ўзимча қилганим йўқ» дейилган гап бор. Демак, ўзича қилмаган бўлса Аллоҳ таолодан ваҳий келган бўлади, ана ўша ваҳийга эргашиб қилган бўладилар. Ваҳий келган одам эса албатта набий бўлади.
Бас, шундоқ экан бу нарсаларни яхши тушуниб етишимиз керак, Ҳизр алайҳиссалом тўғрисида уламоларимизнинг ихтилоф қилганликлари ва ҳар тарафнинг далилларини ўрганишимиз керак, ана шунга қараб кейин хулосани чиқариб оламиз.
Бас, юқоридаги гаплардан хулоса чиқариб, ҳар ким Аллоҳ таолонинг Ўзидан ҳожатини сўраб бораварса яхши бўлади. Ҳизр алайхиссаломни кўриб, у кишидан бирор нарса сўраш маъносидан кўра афзали шу. Ибодатларни вақтида адо қилиб, намозларни ихлос билан ўқиб, дуо қабул бўлиш шартларини ўрганиб Аллоҳнинг Ўзидан сўраш тажрибадан ўтган ҳақиқат ҳамдир. «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Намоз» жузларида «Ҳожат намози» ҳақидаги ҳадиси шариф шарҳ қилинган, ўша намозни ўкишга ўтиш лозим. Аллоҳ таоло барчамизнинг ҳожатларимизни раво қилсин! Омийн!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase