Туркия шу ой юз берган икки зилзиладан ўзига келишга уринмоқда, аммо иқтисодий зарар шу қадар юқорики, оқибатларини енгиш учун узоқ вақт ва улкан ёрдам зарур.
Туркия тадбиркорлик ва бизнес уюшмаси ҳисобича, феврал ойидаги табиий офатлардан 80 миллиард доллардан ошиқ зиён етган.
АҚШнинг "Морган Станлей" сармоя банки 38 миллиард долларлик турар жой вайрон бўлган дея таҳлил қилса, "ЖПМорган" тахминича, уйлар ва инфратузилмани қайта қуриш учун камида 25 миллиард доллар зарур.
Зилзила қақшатган ҳудудда қарийб 13,5 миллион аҳоли тирикчилик қилган. Бу эса Туркия иқтисодининг 10 фоизга яқинига тўғри келади. Зарар ҳисобланганда бу саналмаган.
1999-йилда Измирда ер қимирлаганида ҳудуддаги саноат вайрон бўлиб, йиллик миллий маҳсулдорликнинг 30 фоиздан ошиғи бой берилган. Ўша йили Туркияда иқтисод 3,3 фоизга қисқарган.
Жаҳон банки бу йилги зилзила ўсишга қанчалик таъсир қилиши мумкинлигини прогноз қилишга шошмаяпти. Халқаро валюта фонди 2023-йилда мамлакат иқтисоди 3 фоизга кенгаяди дея башорат қилган эди.
Лондондан таҳлилчи Тимоти Аш дейдики, бу сафар зарар 1999-йилдагидан озроқ бўлади, чунки кўпроқ қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ жойлар талафот кўрган.
Қайта қуриш ва тикланиш ишлари авж олар экан, Туркия иқтисодиёти тезликда оёққа тура бошлайди, дея тахмин қилади Аш. Реконструксияга қилинган сармоя салмоқли бўлиши кутилмоқда.
Туркия аслида анчадан бери иқтисодий тушкунликда - инфляция 60 фоиздан юқори, миллий валюта мисли кўрилмаган даражада қадрсизланиб кетган.
“Иқтисодий ўсишга қарамай инфляция ўтган 24 йилдаги энг юқори даражада. Лира эса заифлашган. Капитал бозори боши берк кўчада", - дейди Умберто Лопез, Жаҳон банкининг Туркиядаги бош вакили.
Турк иқтисодчиси Селва Демиралп дейдики, макроиқтисодий сиёсат шу қадар издан чиқиб кетган эдики, бу зилзила вазиятни янаям мураккаблаштириб, келгуси йиллар аҳоли тасаввур қилаётганидан ҳам оғирроқ бўлади.
“Инфляция ва молиявий аҳволимиз сал енгилроқ бўлганида, ҳозирги синовли даврни эплай олган бўлар эдик", - дейди Демиралп.
Эксперт Аш тахминича, Туркия катта қарз олиши мумкин.
14-майда мамлакатда президент ва парламент сайловлари. Ким ютади, сиёсат қай томон йўналади, деган саволлар остида иқтисодий қарорлар ҳам шошмай қилиниши мумкин.
Охирги йилларда қатор халқаро компаниялар ва сармоячилар Туркия раҳбариятини эгри сиёсатда танқид қилиб, мамлакатни тарк этган.
"Кўплар қайтишни истайди, лекин бунинг учун йўналиш янгиланиши керак. Хорижий инвесторлар ишончли ва тартибли муҳит истайди. Сиёсат улар назарида бизнесга тамоман қарши кетган", - дейди Аш.
Зилзилага жавоб беришда ҳам ҳукуматдан норозилар кўп. Улар бошқарувни эътиборсизлик ва сустликда айблайди.
"Яқинлашаётган сайловларда энг муҳим омил зилзила бўлади," - дейди эксперт.
Туркия зилзиладан қанча зарар кўрди?
Туркия шу ой юз берган икки зилзиладан ўзига келишга уринмоқда, аммо иқтисодий зарар шу қадар юқорики, оқибатларини енгиш учун узоқ вақт ва улкан ёрдам зарур.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Иқтисод
|