close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исроил Ливанга кучли зарба берди...

Пайшанба тунда Исроил жанговар самолётлари билан салкам бир йилдан бери давом этаётган урушда Ливан жанубига энг қаттиқ зарба берди.

Пайшанба тунда Исроил жанговар самолётлари билан салкам бир йилдан бери давом этаётган урушда Ливан жанубига энг қаттиқ зарба берди.
Исроил ахборот ресурсларига кўра, 20 дақиқа давомида 70 дан ортиқ ҳужум уюштирилган, «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг 1000 дан ортиқ ракеталари ва Исроилга қарши қўлланишга тайёр турган 100 га яқин ракета учирувчи мосламалари йўқ қилинган.
Ҳужум «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг телемурожаати пайтида амалга оширилгани айтилмоқда.
Насруллоҳ ҳаракат аъзоларига қарши пейжер ҳужумларида Исроилни айблаб, буни ҳаракат тарихида энг катта ҳужум деб атади, Исроил барча қоидалар ва қизил чизиқларни бузганини айтди.
Ливанда салкам 40 одам пейжер ва бошқа электроника мосламаларининг портлашида ўлган, 3000 дан зиёди жароҳат олган. Исроил бу масалада ҳануз изоҳ бергани йўқ.
«Зиддиятдан ташвишдамиз, эҳтимолий эскалациядан хавотирдамиз. Яқин Шарқ можаросини фақат дипломатик йўл билан ҳал қилиш кераклиги ҳақида аниқ айтиб келамиз», - дейди Оқ уй матбуот котибаси Карин Жан-Пер.
АҚШдаги хусусий разведка ва таҳлил ташкилоти ҳисобланган «Стратфор» тайёрлаган ҳисобот Исроил «Ҳизбуллоҳ» билан катта уруш бошламаслигини тахмин қилади, Исроил армиясининг 98-дивизияси «Ҳизбуллоҳ»нинг пежер ҳужумларига эҳтимолий жавобидан ҳимоя мақсадида Ливан чегараси томон ташланганини таъкидлайди.
АҚШда Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп пайшанба кунги Исроил-Америка саммитида сўзга чиқиб, ўзини Исроилнинг энг катта ҳимоячиси деб атади, сайловда ғалаба қозонса, яҳудий давлатни бутунлай йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолишини айтди.
Оммавий сўров натижаларига кўра, америкалик яҳудийларнинг 40 фоизигина Трампга овоз бермоқчи.
"Исроилнинг омон қолишини истасангиз, Доналд Трампни 47-президент этиб сайлашингиз керак”, - деди у.
Трамп Ғазо Секторини «террорга тўлган жой» деб атаб, Оқ уйга қайтса, бундай ҳудудлардан қочқинларни қабул қилишни ман этишини айтди.
Бу ўртада Исроил Ғазода оташкесим бўйича янги якуний таклифини АҚШга узатганини маълум қилди. Исроил ХАМАС гаровда ушлаб турган одамларнинг барчасини озод этиши эвазига ҳаракат раҳбарлари, жумладан Яҳё Синварга секторни тарк этишга имкон беришга, фаластинлик маҳкумларни озод этишга, Ғазони демилитаризация қилиб, анклавда янги маъмурият ўрнатилишга ваъда беряпти.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху мазкур таклифларни келаси ҳафта БМТ Бош Ассамблеясининг саммитидаги чиқишида ҳам тилга олиши мумкин.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase