Шарқий Қуддусда яшовчи юзлаб фаластинликлар яқинда уйларидан ҳайдалиши ёки уйлари бузилиши, уларнинг уйларини яҳудийлар эгаллаши мумкин. Ҳар икки тараф уйни қонуний сотиб олганини даъво қилади.
Шарқий Қуддуснинг Бўстон маҳалласида 62 йилдан бери бир уйда яшаган Фахри Абу Диаб йил бошида уйидан айрилди. Исроил маъмурлари уй рухсатсиз кенгайтирилган дея уни бузиб ташлади.
«Фарзандларим ва набираларим энди ижрага туришга мажбур. Уйга қўшимча бир хона, меҳмонхона ва кичик ҳожатхона қўшгандим. Уй бузилди. Қаерга бораман энди? Уйсизман», - дейди у.
Диаб қурилиш учун рухсат олишга бир неча бор ариза берганини, лекин ҳар сафар рад жавобини олганини айтади. Унга кўра, Исроил маҳаллада яна 100 га яқин уйни бузмоқчи, 10 таси ер билан текисланган.
Исроил ҳукумати бу ерда археологик боғ қурмоқчи эканини маълум қилади.
Батн ал-Хаво маҳалласида вазият бунданда мураккаб.
19-аср охирида бу ерга яманлик яҳудийлар кўчиб борган, аммо 1930-йилларда араблар исёнидан сўнг кетишга мажбур бўлган.
Исроил қонунига кўра, мулк илгари яҳудийларга тегишли бўлган бўлса, уни фаластинликлар сотиб олган тақдирда ҳам эгалик ҳуқуқи яҳудийларга қайтарилиши мумкин.
Маҳаллада яшовчи 87 та фаластинлик хонадонга уйни тарк этиш буюрилган. Жумладан Зуҳайр Ражабийга. Унга кўра, мулкка бир пайтлар яманлик яҳудийларга қарашли хайрия трасти эгалик қилган.
«Биз уйларни сотиб олганмиз, ўғирлаганимиз йўқ, ҳужжатларимиз бор. Бу ерда яшовчи ҳар бир оилада уйни сотиб олганлик ҳақида ҳужжат бор. Отам уйни 1966-йилда сотиб олган, яъни бу ерда 1966-йилдан бери яшаяпмиз. 2015-йилда мен ва акамга кўчиш буйруғи келганида хайрон бўлдик», - дейди у.
Ражабийнинг айтишича, маҳаллага кўчиб келган 40 тача яҳудий оила араб қўшниларига кун бермайди. Уларнинг ўзини давлат ҳисобидан ёлланган қўриқчилар ҳимоя қилади.
Яҳудийларнинг кўчишига ёрдам берувчи «Атерет коҳаним» ташкилоти зўравонликларда фаластинликларни айблайди, яҳудийларга, машиналари ва уйларига тош ва «Молотов» коктейллари отишларини билдиради.
Ташкилот вакиллари яҳудийлар аждодлари ерларига қайтиб келаётганини айтади.
«Яҳудий қироллар ва пайғамбарлар, тарихимиз ва меросимиз шу ерда илдиз отган. Бу Ерушалайим, Қуддус, яҳудий дунёсининг маркази», - дейди гуруҳ раҳбари Даниел Лурия.
Исроиллик инсон ҳуқуқлари фаоллари Шарқий Қуддус аҳолисининг тахминан 40 фоизини ташкил этувчи фаластинликларни Исроил ҳукуматининг уйдан чиқиш ва уйни бузиш қарорларидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Уларга кўра, Ғазода сўнгги бир йилдан бери давом этаётган воқеалар фонида шарқий қуддуслик фаластинликларга қарши ҳаракатлар кучайган.
«Исроил ҳукумати қарорларига тўсиқ қўйишга ҳаракат қиляпмиз, бироқ ҳокимият бизнинг қўлимизда эмас», - дейди «Ир Амим» ташкилоти фаоли Авив Татарский.
Ғазо, Ливан, Яман ва Эрон фронтларида араб-Исроил можароси бир йилдан бери давом этаётганига қарамай, Шарқий Қуддусда вазият нисбатан тинч эди, бироқ фаластинлик аҳоли уйларини бузиш ёки уларни уйдан ҳайдаш ҳақидаги қарорларнинг кўпаяётгани шаҳарда зиддиятларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Қуддусда мусулмонлар уйларидан ҳайдалмоқда
Шарқий Қуддусда яшовчи юзлаб фаластинликлар яқинда уйларидан ҳайдалиши ёки уйлари бузилиши, уларнинг уйларини яҳудийлар эгаллаши мумкин. Ҳар икки тараф уйни қонуний сотиб олганини даъво қилади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Жамият
|