close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Уйғур олими Илҳом Тўхти қамалганига 10 йил бўлди

  • Чоршанба, Окт 02 2024
  • Муаллиф 

54 ёшли уйғур иқтисодчиси ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Илҳом Тўхтининг Хитой расмийлари томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганига 10 йил тўлди.

54 ёшли уйғур иқтисодчиси ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Илҳом Тўхтининг Хитой расмийлари томонидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганига 10 йил тўлди.
Тўхтининг озод этилиши учун фаоллар ҳануз кураш олиб бормоқда.
«Жанубий Африкада Нелсон Мандела, Ҳиндистонда Маҳатма Ганди ва биз уйғурларда Илҳом Тўхти бор эди», - дейди 75 ёшли ҳуқуқ фаоли, Германияда яшовчи Анвар Жан.
Пекиндаги Минзу университетининг собиқ профессори Тохти 2014-йил сентабрида сепаратизмда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. У уйғурлар ва хан хитойлари ўртасидаги мулоқотни тарғиб қилгани билан ҳам танилган. 2019-йилда у Европарламент томонидан фикр эркинлиги учун Сахаров мукофоти билан тақдирланган.
Тўхти сингари Жан ҳам уйғурлар қамоқда қолаётган Шинжон-Уйғур автоном вилоятида туғилган. 12 ёшида у оиласи билан Шинжондан қочиб кетган. 1970-йилларда Германияга кўчиб ўтиб, 1990-йиллар бошигача «Озодлик» радиосида журналист бўлиб ишлаган.
2016-йилда, Тўхти умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан икки йил ўтиб, Жан унинг озод этилиши учун «Илҳом Тўхти ташаббуси»га асос солди.
«Менинг билишимча, Илҳом Тўхти Хитой режими остида яшаб уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга журъат этган кам сонли уйғурлардан биридир. У ўз талабларини халқаро меъёрлар ва Хитой қонунлари доирасида таъсирчан ва аниқ ифодалаган», - дейди Жан «Америка Овози» билан телефон орқали суҳбатда.

Европа Иттифоқи босими давом этмоқда

Европа Иттифоқи яқинда эълон қилган навбатдаги баёнотида Хитойда «ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган» Илҳом Тўхти ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари, адвокатлар ва зиёлиларни «зудлик билан ва сўзсиз озод этишга» чақирди.
«Илҳом Тўхтининг қамоққа олиниши Шинжондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чуқур хавотирли вазиятни ифодалайди», — деилади Европа Иттифоқи баёнотида БМТ органлари ҳисоботлари ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармасининг 2022-йилги хулосасига таяниб.
Тўхти 2014-йилда ҳибсга олинганидан буён Шинжонда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши билан боғлиқ хавотирлар кучайди. 2017-йил бошида, минтақадаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларнинг оммавий ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлагач, халқаро ҳамжамият бу масалага жиддий эътибор қаратди.
Халқаро Амнистия ва Human Rights Watch каби ҳуқуқ ташкилотлари Шинжондаги вазият ҳақида 2018-йилда эътиборга молик ҳисобот ва баёнотлар билан чиқди.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вазиятни акс эттирувчи хулоса ва ҳисоботларида, жумладан, 2022-йил август ойида эълон қилинган БМТ ҳуқуқлари бўйича ҳисоботида Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида батафсил маълумот берди. Хитой доимий равишда бу айбловларни рад этиб, уларни минтақадаги суверенитети ва барқарорлигига путур етказиш учун Ғарб тўқиган ёлғонлар деб атайди.
Жан «Америка Овози» билан суҳбатда қуруқ баёнотлар вақти тугаганини айтди.
“Илҳом Тўхтини озод қилишга чақириқларнинг ўзи етарли эмас. Ўтган ўн йил ичида сон-саноқсиз петиция ва очиқ хатлар бўлди. Бизга аниқ ҳаракатлар керак«, - дейди у.
Жан Хитойга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришга, жумладан, амалдорларга нисбатан санкциялар, виза ва савдо чекловлари қўйишга, қайта музокаралар олиб боришга чақиради.

Хитой даъвоси

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пенгю «Америка Овози»га электрон мактуб орқали жавоб бериб, Илҳом Тўхтига чиқарилган ҳукмни ҳимоя қилди ва унинг «мамлакатни бўлиб ташлаш»да айбдор эканлигини ҳамда унга қарши далиллар «ишончли» эканини таъкидлади.
“Илҳом Тўхти ўқитувчи сифатида ўз вақтида очиқчасига террорчи экстремистларни «қаҳрамонлар» деб атаган; айрим кишиларни «Шарқий Туркистон» бўлгинчи кучлари фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқишга ундаган, ўзига тортган ва мажбурлаган, бир қатор тадбирларни режалаштирган, уюштирган ва амалга оширган. Мамлакатни парчалаш учун жиноий ҳаракатлар», - деди Лиу.
Унинг таъкидлашича, Хитой суд тизими қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракат қилади ва ташқаридагилар «Хитойнинг ички ишлари ва суд суверенитетига аралашмаслиги керак».
Илҳом Тўхтининг қизи ва АҚШдаги инсон ҳуқуқлари фаоли Жавҳар Илҳом Хитой ҳукуматининг даъвосини рад этиб, отасининг қамоққа олиниши қонунбузарлик содир этгани учун эмас, балки озчилик уйғурлар ҳуқуқларини тинч йўл билан ҳимоя қилгани сабабли эканини таъкидлади.
«Оддий ва соғлом жамият турли овоз ёки фикрга имкон беради, - деди Жавҳар деди Илҳом »Америка Овози« билан суҳбатда. - Хитой ҳукумати 10 йил олдин турли фикрларга тоқат қилмаган ва улар ҳали ҳам шундай эмаслиги аниқ».

Оила учун оғир йўқотиш

Жавҳар Илҳом отасини охирги марта 2013-йил 2-феврал куни Пекин аэропортининг сўроқ хонасида кўрган. Ўшанда Илҳом Тўхти АҚШдаги Индиана университетига бир йиллик тадқиқотга жўнаб кетаётган эди. Хитой расмийлари унинг мамлакатни тарк этишига йўл қўймаган.
11 ойлик уй қамоғидан сўнг, Хитой расмийлари Тохтини 2014-йил 15-январда Жавҳар АҚШда бўлган пайтда ҳибсга олди.
«2014-йил 15-январ куни 20 дан ортиқ милиция ходимлари отамни қўлга олиш учун келди. Энг кичик укам уч ярим ёшда, энг каттаси эса етти ёшда эди. Улар ухлаб ётганларида полиция бостириб кириб, уни агрессив тарзда олиб кетишган”, - дейди Жавҳар Илҳом «Америка Овози» билан телефон орқали суҳбатда.
"Ўгай онам узоқда ишлаётгани учун уйда йўқ эди. Бувим отамнинг ҳибсга олинганини кейинроқ билиб, қаттиқ касал бўлиб қолди. Яқинда бувим икки йил олдин оламдан ўтганини эшитдим", - дейди у.
Саккиз ой ўтиб, 2014-йил 23-сентабрда Хитой ҳукумати Тўхтини «бўлгинчилик»да айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
"23-сентабр оилам учун ҳалокатли сана. Отам Илҳом Тўхти 10 йил аввал шу санада умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, - дейди Жавҳар - Отам овозсизларни ҳимоя қилишдан тўхтамагани каби, мен ҳам, нима бўлишидан қатъий назар, бу ишдан тўхтамайман".

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase