close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Гаровга қўйиш мумкин бўлмаган нарсалар

Эгалари ҳали бўлиб олмаган молни, дарахтини қўйиб мевасининг ўзини, ернинг ўзини қўйиб экинини гаровга кўйиш мумкин эмас.

Эгалари ҳали бўлиб олмаган молни, дарахтини қўйиб мевасининг ўзини, ернинг ўзини қўйиб экинини гаровга кўйиш мумкин эмас.
Вадиъани сақловчининг, ория ёки ижарага олувчиларнинг айбисиз нобуд бўлса, тўлаб берилмайдиган моллар учун гаров олиш мумкин эмас. Мисол учун, бировга молини сақлашга топширган одам сақловчидан гаровга нарса қўйишни талаб қилмайди. Чунки унинг сақлаш учун топширган моли сақловчининг қўлида унинг айбисиз нобуд бўлса, сақловчи тўлаб бермайди. Ундан олинган гаров молини эса қайтариб беришга тўғри келади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳолатда гаровга нарса олиш беҳуда ишдир.
Бировни ноҳақ ўлдиргани учун ўлимга ҳукм қилинган одамнинг ҳам гаровга нарса қўйиб, ҳукм ижро этилгунча озод юриши мумкин эмас. Чунки у қочиб кетадиган бўлса, ҳақдор томон қўйилган гаровдан ўз ҳақини (қасос олишни) ундириб ололмайди.
Худди ўзига ўхшаганни олиб бериладиган ёки қиймати тўлаб бериладиган нарсалар учун, масалан, зўрлик билан тортиб олинган ҳовли, хулуъ бадали, қарзга берилган пулдан гаров олиш мумкин.
Шунингдек, ваъда қилинган бўлса ҳам, қарзни “фалон миқдорда” қарз беришни келишиб гаровга қўйса бўлади. Ўшанда гаровга олинган нарса гаров олувчининг қўлида нобуд бўлса, унинг зиммасига ваъда берган нарсаси тушади. Масалан, бир одам иккинчисига: “Агар менга минг дирҳам қарз берсанг, буни сенга гаровга қўйдим”, дейди. Қарз беришни ваъда қилган гаровни олади. Бас, ҳалиги минг дирҳамни қарзга беришдан олдин гаровга қўйилган нарса нобуд бўлади. У гаровга олувчи зиммасида кафолатланган ҳолда нобуд бўлади. Гаров қўювчининг гарови нобуд бўлгани учун гаров олувчи унга минг дирҳамни қарзга эмас, ўз-ўзига бериши вожиб бўлади.
Бир инсон молни сотиб олишга авдлашса ва молни сотувчи ҳузурида қолдирган вақтда харидор сотувчидан гаров талаб қилмайди, агар мол нобуд бўлса, ахд бузилади.
Агар гаров моли хдқдор ва қарздорнинг розиликлари билан бирорта адолатли одам қўлига ўтса, гаровни унинг қўлидан ҳақдор ҳам, қарздор ҳам ололмайди. Гаров моли адолатли одам қўлида нобуд бўлса, жавобгарлик ҳақдор зиммасида бўлади.
Қарздор ҳалиги адолатли одамни ёки ундан бошқани қарзни тўлаш муддати келганда гаров молини сотишга вакил қилиши мумкин. Агар ушбу вакиллик гаров келишуви пайтида таъкидлаб ўтилган бўлса, у ҳолда вакил бўлиш гаров келишувининг бир қисмига айланади. Шунга кўра тайинланган вакилни бўшатиб бўлмайди. Шунингдек, ҳақдор ёки қарздорнинг ўлими туфайли ҳам вакил бўшамайди. Фақат вакилнинг ўзи ўлиб қолсагина, вакиллик тўхтайди.
Гаровдаги молни сотиш учун белгиланган муддат келганда қарздор ёки унинг меросхўри мавжуд бўлмасалар, вакил гаровни сотади. Агар сотмаса, мажбур қилинади.
Адолатли одам гаровни сотгач, унинг тўлови гаров сифатида сақланади. Тўлов нобуд бўлгандаги ҳукмлар гаров моли нобуд бўлгандаги ҳукмлар билан бир хил.
Саламнинг сармоясини, сарфнинг қийматини ва саламга берилган нарсани ҳақдор қабз қилгунича гаровга мол олишга ҳақли ҳисобланади. Агар гаровга қўйилган нарса мажлисда нобуд бўлса, олган ҳисобланади. Нақд олишдан ёки нобуд бўлишидан олдин иккиси ажрашиб кетсалар, салам ва сарф ботил бўлади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase