close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Иккинчи Шарқий Туркистон Республикаси

Иккинчи Шарқий Туркистон Республикаси, ёки Шарқий Туркистон Республикаси (ШТР) 1944-1949 йилларда Хитой Республикасининг Шинжон провинцияси шимолдаги учта (Или, Тачен ва Олтой) округи ҳудудида, Совет Иттифоқи ёрдамида ташкил қилинган. 1949 йил Шарқий Туркистон Республикаси Хитой Халқ Республикаси таркибига қўшиб олинган.

Муқаддима

1930-йилларда Шинжон губернатори Шэн Шицай, Хитойда рўй берган воқеалар туфайли Марказий ҳукуматдан узоқда жойлашган Шинжонга эътибор бермай қўйганлиги сабабли амалда мустақил ҳукмдор сифатида ҳаракат қиларди. Шу билан бирга, Шинжоннинг асосий қўшниси Совет Иттифоқи бўлганлиги сабабли Шэн Шицай советча сиёсат юритган ва СССР билан фаол савдо қилган. 1936 йил Шинжонга Буюк сафар якунида Чжан Готао колоннаси қолдиқлари ёриб киргач, Шэн Шицай келган коммунистларга ўз қўшинларидан жой берди.
1937 йил япон-хитой уруши бошланди, Хитой денгиз яқинидаги ҳудудларни қўлдан чиқаргач, Шинжон унинг ташқи дунё билан ягона алоқа каналига айланди. Совет Иттифоқидан ҳарбий юклар айнан Шинжон орқали кириб келарди. Бу Хитой раҳбари Чан Кайшини Шинжонга жиддий эътибор қаратишга мажбур қилди. Бироқ Шэн Шицай, мустақил мавқеини йўқотишдан қўрқиб, қандайдир кенгашларда иштирок этишга барча таклифларни рад қилиб келади.
1942 йил августининг охирида Урумчига Шэн Шицай билан музокараларга Чан Кайшининг хотини - Сун Мэйлин ташриф буюради. Бу вақтда Улуғ Ватан уруши давом этаётган бўлиб, немис қўшинлари СССР ҳудудига максимал кириб борганди ва  Шэн Шицай ундан умид қилишдан воз кечишга қарор қилади. Урумчида Гоминьдан партия қўмитаси очилади ва Шинжонга ўнлаб гоминданчи қўшинлар бригадаси киритилди. Чан Кайши СССР билан алоқаларни узишни, провинцияни коммунистлардан тозалаш ва демократик ҳаракатни яксон қилишни талаб қилганлигини билиб, Шэн Шицай 1942 йилнинг биринчи ярмидаёқ қатағон бошлаб юборди ва 1942 йил ёзига келиб, Шинжонда ҳеч қандай демократик ҳаракат аломатлари сезилмасди ҳам. Шэн Шицай сиёсати шунга олиб келдики, 1942 йил баҳорида Олтойда қозоқлар қўзғолон кўтарди. 1943 йилга келиб, у ерда бешта партизанлар отряди шаклланганди ва гоминьданчи гарнизонларга қарши курашарди. Қозоқлар дастлаб машҳур Оспанга умид билдирдилар ва ҳатто уни хон деб эълон қилдилар, лекин Оспан тинч аҳолини талашни ва қўлга киритган мақоми билан кифояланишни афзал кўрди, шу сабабли тез орада қамоқдан қочган Далелхан Сугурбаев қозоқ партизанларининг етакчисига айланди.
Умуман олганда, 1937 йилдан 1944 йилгача Шинжонда солиқ юки 7-8 марта ошди. СССР билан савдо-сотиқни тугатиш саноат маҳсулоти етишмаслигига олиб келди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эса ҳеч ким сотиб олмасди. Қўшимча равишда, Шэн Шицай армия эҳтиёжлари учун кўчманчилар етказиб бериши лозим бўлган ўн мингта танланган от учун сафарбарлик эълон қилди. От топширмаган оила иккита отнинг нархига тенг жаримага тортиларди. Отларни сафарбар қилиш Или ва Тарбагатай округларидаги кўчманчилар (Олтой қозоқлари партизанчилик қиларди) зиммасига тушиб, оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Шэн Шицай шунчалик ёқимсиз одамга айландики, Чан Кайши провинция губернатори лавозимини бутунлай бекор қилди ва Шэн Шицайни Чунчинга чақириб олди. Провинция ҳукуматини Гоминьдан Марказий Қўмитаси аъзоси генерал У Чжунсинь эгаллади, у сиёсий маҳбусларнинг бир қисми учун амнистия эълон қилди, лекин кеч бўлган эди.

1944-1945 йил воқеалари

1944 йилнинг сентябрида ғулжалик татар Фотиҳ, уйғур Ғани Маматбакиев, қозоқ Акбар Есбосин ва қалмиқ Фучи бошчилигида Нилка уездида қўзғолон бошланди. Ҳукумат қўзғолон кўтарган уездга Жамият хавфсизлиги 4-кавалерия полкининг бир эскадронини жўнатди, эскадрон уездга 16 сентябрь куни етиб келди, лекин исёнчиларни енга олмади ва ортга қайтишга мажбур бўлди. Вазиятни Шен Шицайнинг кетиб қолганлиги билан боғлиқ минтақа ҳукуматидаги тартибсизликлар янада чигаллаштирарди. 8 октябрь куни умумий сони минг кишига яқин бўлган исёнчилар Нилк уезд марказига ҳужум қилдилир. 12 октябрь куни гарнизон шаҳарни тарк этди ва Мозор қишлоғи томон қочди.
Исёнчилар уездни гоминьданчилар қўшинларидан тозаладилар ва унинг мустақиллигини эълон қилдилар. Ғулжанинг ўзида ҳеч қандай хавф йўқ эканлигига ишончи комил бўлган Или округи ҳокими қўзғолонни бостириш учун Ғулжа гарнизонини Нилка шаҳрига ташлади. Бундан фойдаланиб қолиб, ғулжалик инқилобчиларининг ўз фаолиятини яширин тарзда олиб борган махфий ташкилотлари исён кўтарди, Нилка уездида қўзғолон кўтарганларга жазолаш учун юборилган отряд аъзолари билан жангга киришмасдан, бошқа йўл билан Ғулжага келиш буюрилди. Қўзғолончилар учта йирик отрядга бўлиниб олди: Ғани Маматбакиев бошчилигидаги уйғур отряди, Акбар Есбосин бошчилигидаги қозоқ отряди ва Иван Шутов бошчилигидаги рус отряди Ғулжага қараб йўл олди.
1944 йил 7 ноябрь куни Ғулжа шаҳрининг ўзида қўзғолон бошланди. Айрим маълумотларга кўра, совет консулхонасидан пулеметдан отилган ўқлар қўзғолонни бошлашга белги бўлиб хизмат қилди. Ғулжа гарнизони 19-полкнинг икки батальони ва 21-покнинг битта батальонидан иборат бўлиб, бундан ташқари, шаҳарда яхши қуролланмаган ва яхши тайёрланмаган бўлсада, катта миқдорда захира қўшинлари ҳам бор эди. Қўшни шаҳарларда ҳам ҳарбийлар жойлашган бўлиб, қўзғолон кўтарилган пайт Или водийсида 10 минг нафар гоминьданчи аскарлар бор эди ва шундан 8 мингаси Ғулжанинг ўзида эди.
Исёнчилар шаҳарнинг учта нуқтасида гоминьданчилар ҳарбий қисмларини қуршаб олдилар, шаҳар душманлардан тўлиқ тозаланмаган бўлишига қарамай, 12 ноябрь куни исёнчилар Шарқий Туркистон Республикаси ташкил этилганлигини эълон қилдилар.
Шарқий Туркистон Республикаси ҳукумат тепасига Или округи мусулмонлари олий мартаба эгаси Алихон-тўра қўйилди. Ҳукумат таркибига уйғурлар Аҳмаджон Қосимов, Ҳакимбек-хўжа ва Раҳимжон Собирхўжаев, татарлар Анвар Мусабаев ва Набиев, қозоқлар Урахан ва Абдулхаир, руслар И. Г. Полинов ва Ф. И. Лескин, қалмиқ Фуча кирди. Қўзғолоннинг амалдаги раҳбари уйғур Аҳмаджон Қосимов бўлган. Республика ташкил этилиши билан ҳукумат Шинжон аҳолиси бўлган халқлар тенг ҳуқуқли эканлигини, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантириш, Ислом дини ва бошқа динларни қўллаб-қувватлаш, барча давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиш таъкидланадиган демократик дастурни эълон қилди. Дастурда Шинжон аҳолиси бўлган халқлар вакилларидан иборат мунтазам армия ташкил қилиш алоҳида банд қилиб киритилди.
Ноябрь, декабрь ва январь ойларида исёнчилар Ғулжа атрофларини гоминьданчилардан узил-кесил тозаладилар. Тяньшанда торгоутлар исчёнчиларни қўллаб-қувватлашди. 1945 йил мартига келиб, бутун Или округи гоминьданчи қўшинлардан тозаланди. Гоминьдан қўмондонлиги Буюк Ипак йўли бўйлаб аҳоли пунктларида мудофаа чизиғи барпо этишга киришди. Ёзга келиб, Цзинхэ, Шихэ ва Манасда мудофаа эшелони битказилди.
1945 йилнинг баҳорида гоминьдан қўмондонлиги фурсатни қўлдан бой берди ва Қизил-Озен дарёсидан чиқиб кетмади, бундан қўзғолон кўтариб, ушбу муҳим стратегик нуқтани эгаллаган Қалъибек раҳбарлигида қозоқлар фойдаланиб қолди.
Аҳмаджон Қосимовнинг саъй-шартномалари билан қўзғолончи кўнгиллилар отрядларидан Шарқий Туркистон Республикаси армияси шакллантирилди ва унинг ташкил этилганлиги ҳақида 1945 йил 8 апрелда расман эълон қилинди. Бу армияга хитойликларни истисно қилганда республиканинг барча миллатлари вакиллари олинди.
Аскарларнинг кўпчилигини уйғурлар, қозоқлар ва руслар ташкил қиларди. Дунганлар кавалерия дивизиони ва мўғуллар кавалерия дивизиони ҳам мавжуд бўлиб, кейинроқ улар сибо халқлари полклари ва эскадронига айлантирилди.
Шарқий Туркистон Республикаси миллий армияси қуйидаги қисмлардан иборат эди:

1-Суйдин пиёда полки
2-Ғулжа пиёда полки
4-Ғулжа захира полки
1-Текес отлиқлар полки
2-Текес отлиқлар полки
1-Ғулжа отлиқлар полки
2-Тўққизтар отлиқлар полки
3-Кенсай отлиқлар полки
Алоҳида отлиқлар дивизиони
Алоҳида артиллерия дивизиони
Мўғуллар отлиқлар дивизиони
Дунган отлиқлар дивизиони
Қўриқлаш батальони
Сибинск отлиқлар эскадрони

Янги уездлар ва округлар озод қилиниши билан маҳаллий партизанлардан янги полклар шакллантирилган.
Генерал Исҳоқ-бек дивизияси Қашғар томонидан республикага берилиши мумкин бўлган зарба хавфининг олдини олиб, Музарт довонини ёпди, генерал И.Г.Полиновнинг 2-дивизияси асосий фронтни ташкил қилди, полковник Ф.И.Лескин қўмондонлигидаги алоҳида кавалерия полки 1945 май ойида Боро-Тала орқали Тарбагатай округига юриш бошлади, бу ерда Дурбульджин ва Чугучакда қозоқ ва рус партизан отрядлари ҳаракат қиларди. Чугучакда Лескин сафарбарлик эълон қилиб, тўлақонли кавалерия бригадаси ва Алоҳида ўқчи батальони шакллантирди ва улар дарҳол Шихэ туманига 2-дивизияга ёрдам бериш учун жўнатилди.

Олтойдаги жанглар

Июль ойининг ўрталарида Лескиннинг кавалерия бригадаси Олтой округи томон йўл олди. Гоминьданчиларнинг йирик Кобука гарнизонини тор-мор қилиб, бригада Қора Иртишнинг ўнг соҳилига йўл олди, сентябрь ойининг бошида эса Бурчунни эгаллаб олди ва Шара-Сумэн  мўлжал қилиб олди.
Бу вақтда Далельхан Сугурбаев партизанлари, гарчи  гоминьданчилар гарнизонларини мустаҳкамланган шаҳарлардан чиқариб ташлашга қодир бўлмасада, Урумчи билан алоқа йўлини узиб, уларни таъминотдан маҳрум қилди. Оспан 200-300 кишилик отряди билан икки ҳафта давомида Чингил дарасида кёктокай ва чингил гоминьданчи гарнизонлари билан қўшни бўлиб турди, лекин уларни безовта қилмасликка ҳаракат қилди ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмади. Бироқ Сугурбаев партизанларининг муваффақиятлари Оспанни хавотирга солди ва у гоминьданчилар билан музокарага киришиб, уларга Урумчи ўтиш учун йўл берди, ўзи эса Чингиль ва Кёктокайни жангсиз қўлга киритди.
Бурчуннинг таслим бўлгани ҳақида хабар партизанлар қамал қилган Шара-Сумэда саросимага олиб келди. 5 сентябрь куни Лескин ва Сугурбаев бирлашган кучлари ғарб, шарқ ва жануб томондан қуршаб олинган округ маркази атрофида жанг бошладилар. Қамал қилувчилар МНР томон йўлни атайлаб очиқ қолдирдилар ва гарнизон, шаҳарни талон-тарож қилиб, шу йўлдан кета бошлади. Шаҳардан чиққач, гарнизон пистирмага дуч келди ва асир тушди. Биринчи бўлиб шаҳарга 1943 йилда Оспан билан бирга жанг қилган қисмлар кириб келди ва талон-тарож бошланди; Лескин ва Сугурбаев тартиб ўрнатиш учун иттифоқчиларига қурол ўқталишларига тўғри келди. Шундан сўнг бошқа аҳоли пунктларининг майда гоминьданчи гарнизонлари ҳам таслим бўлди.

Урумчига ҳужум

1945 йилнинг июнида генерал Полиновнинг дивизияси Цзинхэга ҳужум бошлади. Узоқ давом этган қонли жанглар натижасида гоминьданчилар шаҳардан сиқиб чиқарилди ва Шихэга қараб чекинди. Ғулжадан ва Лескиннинг Чугучак батальонидан ёрдам билан кучайтиргандан сўнг, дивизия Шихэ учун кураш бошлади. Шу аснода Калибекнинг партизанлари Шихэни Урумчи билан боғлайдиган йўлни узиб қўйишди ва гоминьданчилар қўмондонлиги Манас дарёсидан ўтадиган кўприкка ўт қўйиб, ўнг қирғоқ бўйлаб ҳимоя чизиғини ташкил қилиш учун мажбур қилди.
Сентябр ойининг ўрталарида Полинованинг дивизияси гоминьданчиларнинг Шихэлик гуруҳини чиқарди ва Манаснинг чап қирғоғида партизанларнинг мудофаа чизиғини ўзгартирди. Қозоқ партизанлари уйларига жўнатиб юборилди, улар билан бирга партизанлик қилган руслар армияга қўшилди. Натижада, жанубда Тян-Шан тоғ этакларидан шимолда Олтойгача фронт чизиғи шаклланди.

Коалиция ҳукумати

1945 йилнинг сентябрида генералиссимус Чан Кайши радио орқали сўзга чиқиб, «Учта округ инқилобий базаси»нинг «маҳаллий мухторият» ҳуқуқини тан олди. У Шинжонда коалиция ҳукумати тузиш мақсадида музокаралар бошлашга чақирди. Шарқий Туркистон Республикасининг 12 минг кишилик армиясига қарши Шинжонда 100 минг кишилик гоминьданчилар қўшини турганлигини ва жанговар ҳаракатлар давом этган ҳолатда рақибнинг сон бўйича ва техника жиҳатидан устунлиги эртами-кечми ўз ролини ўйнашини тушуниб етган ҳолда, Шарқий Туркистон Республикаси раҳбарияти генералиссимус таклифини қабул қилди. 1945 йил октябрда Шарқий Туркистон Республикаси ҳукумат делегацияси Урумчига етиб келди.
Шинжондаги мураккаб вазиятни инобатга олиб, Чан Кайши Шинжон ҳукумати раиси этиб музокараларда гоминьданчилар делегациясига раҳбарлик қилган генерал Чжан Чжичжунни тайинлади; Шарқий Туркистон Республикаси делегациясига Аҳмаджон Қосимов бошчилик қилди. Уч ой давом этган музокаралардан сўнг, 1946 йил 2 январда «11 банддан иборат Битим» имзоланди, унга кўра коалиция ҳукумати ташкил қилинди. Ҳукумат таркибидаги 15 киши маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат бўлиши, 10 киши эса – гоминьданчилар раҳбарияти бўлиши ҳақида келишиб олинди. Тиллар тенг ҳуқуқлилиги, сўз ва матбуот эркинлиги, йиғилишлар ва ташкилотлар эркинлиги, ички ва ташқи савдони эркин ривожлантириш ва ҳ.к. эълон қилинди. Шарқий Туркистон Республикаси ўз армиясини сақлаб қолиш ҳуқуқини қўлга киритди.
1946 йилнинг июнида «11 банддан иборат Битим» Чан Кайши томонидан тасдиқланди. Шарқий Туркистон Республикасидан коалиция ҳукуматига, хусусан, Аҳмаджон Қосимов, Абдукарим Аббасов ва Далельхан Сугурбаев кирди.
Олтойда Шарқий Туркистон Республикаси Оспан-ботирни округ губернатори этиб тайинлаб, хатога йўл қўйди. Чжан Чжичжун махфий равишда Оспанга қурол-яроғ ва ҳарбий анжомлар жўнатиб, уни ўз томонига ағдариб олишга эришди. 1946 йил ноябрида Оспан отрядлари Олтойда Шарқий Туркистон Республикаси қўшинларига қарши ҳаракат бошлади. 1947 йил Калибек ҳам душман томонга ўтиб кетди.
«11 банддан иборат Битим» шартларининг қўпол равишда бузилиши шунга олиб келдики, Шарқий Туркистон Республикасининг коалиция ҳукумати аъзолари Урумчини тарк этишига тўғри келди ва 1947 йил август ойининг бошларида улар Ғулжага қайтиб келдилар.

1947-1949 йиллар

1947 йил сентябрда Оспан (1500 киши) ва Калибек (900 киши) отрядлари Олтой округига ҳужум уюштириб, талон-тарож ва босқинчилик билан уни шарқдан ғарбга қараб босиб ўтдилар. Генерал Далехан қозоқ эскадронларини тўплаб, халқни кўнгиллилар қўшинига бирлашиш ва жавоб тариқасида зарба бериб, босқинчиларни демаркация чизиғидан чиқариб ташлашга чақирди. Ноябрда Оспан босқинни такрорлашга уриниб кўрди, лекин унинг ҳужуми қайтарилди. Мағлубиятдан ўзига кела олмасдан, у ўзининг омон қолган кам сонли тарафдорлари билан шарққа қараб йўл олди; Калибек эса ўзи билна фақат 50 оилани олган ҳолда ҳолда жанубга қараб йўл олди.
1948 йил Хитойда фуқаролик уруши якуний босқичга кирди, гоминьданчи қўшинлар барча фронтларда мағлубиятга учрай бошлади ва уларнинг Шарқий Туркистон Республикаси билан умуман иши бўлмай қолди. Шу билан бир пайтда, Шарқий Туркистон Республикаси ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириш ва давлатнинг ички тузилишини мустаҳкамлашга киришди; 1947 йил унинг назорати остида бўлган ҳудудлардаги нархлар Шинжоннинг қолган ҳудудларидаги нархлардан 5-12 баравар арзон бўлган.

ХХР таркибига кириш

1948 йилнинг декабрида Чан Кайши татар Бургана Шахидийни Шинжон ҳукумати раиси этиб тайинлади. Бурган, Шинжонда статус-квога риоя қилиб, Пекин билан алоқани йўлга қўйди, у ердан коммунистлар тарафига ўтган Чжан Чжичжун Шарқий Туркистон Республикаси делегациясини Урумчига таклиф қилиш тавсияси билан телеграмма жўнатди.
1949 йилнинг ёзида гоминьданчилар Хитойда буткул тор-мор этилди ва кузга келиб коммунистлар Хитой Халқ Республикасини эълон қилиш мақсадида Халқ Сиёсий Маслаҳат Кенгаши чақиришни белгилади. Мао Цзэдун Шинжоннинг уч округидаги инқилобни Хитой инқилобининг бир қисми деб атади ва Шарқий Туркистон Республикаси делегатлари Пекинга ҳам таклиф этилди. Делегация 27 август куни учиб кетди, лекин Хамар-Дабан орқали учиб ўтишда самолёт ҳалокатга учради, барча йўловчилар ва самолет экипажи ҳалок бўлди. Пекинга Сайфутдин Азизов бошчилигидаги янги делегация жўнатилди ва у Шарқий Туркистон Республикасининг янги ташкил қилинаётган Хитой Халқ Республикаси таркибига киришига розилик билдирди.
1949 йилнинг 19 сентябрида Бурган Шахиди шахсан Мао Цзэдунга телеграмма жўнатиб, унда Шинжон халқи Гоминьдан билан алоқаларни узганлиги ва Хитой Коммунистик партиясига қўшилишини маълум қилди. 1949 йилнинг 1 октябрида Пекинда Хитой Халқ Республикаси эълон қилинди, 20 октябрь куни эса НОАК қисмлари Урумчига кириб келди. Пекин Бурган Шахидийнинг Шинжон ҳукумати раҳбари сифатидаги ваколатларини тасдиқлади, Сайфутдин Азизов эса унга Шарқий Туркистон Республикаси вакили сифатида кирди. Шарқий Туркистон Республикаси қуролли кучлари  1950 йилнинг январида НОАК таркибига 5-корпус сифатида киритилди ва унинг қўмондони этиб Ф. И. Лескин тайинланди.
1955 йил 1 октябрда Хитой Халқ Республикаси таркибида Шинжон-Уйғур автоном райони ташкил қилинди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase