close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бани Исроилнинг муқаддас ерга киришдан бош тортиши

 Бани Исроил Фиръавннинг зулм ва истибдоди остида узоқ вақт яшади. Аллоҳ таоло уларни қутқариш учун Мусо алайҳиссаломни юборди. Уларга ўзининг турли неъматларини ато этди. Охири бориб, Муқаддас ерга киришларини ирода қилди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларни бу илоҳий амр¬ни амалга оширишга ундаш мақсадида Моида сурасидаги ушбу гапни айтдилар:

Бани Исроил Фиръавннинг зулм ва истибдоди остида узоқ вақт яшади. Аллоҳ таоло уларни қутқариш учун Мусо алайҳиссаломни юборди. Уларга ўзининг турли неъматларини ато этди. Охири бориб, Муқаддас ерга киришларини ирода қилди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларни бу илоҳий амр¬ни амалга оширишга ундаш мақсадида Моида сурасидаги ушбу гапни айтдилар:
«Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз» (21-оят).
Оятда зикр қилинаётган «муқаддас ер»дан мурод Байтул Мақдисдир. Аллоҳ таолонинг бу амрига шавқу завқ билан киришиш лозим эди. Аммо Бани Исроил яна яҳудийлигини қилди:
«Улар: «Эй Мусо, унда зўравон қавм бор. Улар ундан чиқмагунларича биз ҳеч қачон кирмасмиз. Агар улар чиқсалар, биз кирувчидирмиз», дедилар» (22-оят).
Яҳудийларнинг ҳақиқий башаралари яна бир бор фош бўлди. Шу пайт:
«Улардан У зотдан қўрқадиганлардан бўлган ва Аллоҳ уларга неъмат ато этган икки киши: «Уларнинг устига эшикдан кириб боринглар. Агар унга кирсаларинг, албатта, ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», дедилар» (23-оят).
Мусо алайҳиссалом муқаддас ердаги аҳволни билиш мақсадида олдин ўн иккита нақиб–вакил юборган эдилар. Ушбу оятда зикри келган, Аллоҳдан қўрқувчи ва Унинг неъматига сазовор бўлган икки киши ўша нақиблардан эди.
Худди шу ўринда Аллоҳдан қўрқиш нимаю бош¬қадан қўрқиш нималиги равшан бўлмоқда. Аллоҳдан қўрқадиган банда ҳеч қачон бошқадан қўрқмайди. Чунки бир қалб икки хавфни кўтармайди. Аллоҳдан қўрқмаган эса, ҳаммадан қўрқади. Ушбу икки солиҳ банда ҳам Аллоҳдан қўрқадиганлардан бўлганлари учун, қўрқмасдан муқаддас ерга бориб, у ерда юрган катта жуссали, бақувват ва зўравон қавмни ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Қавмларини Аллоҳнинг амрига итоат этиб ўша зўравон қавм устига дадил бостириб бораверишга ундадилар.
Аммо Аллоҳ таолодан қўрқмаганлар Унинг амри¬га итоат этмасликларига зўравон қавмдан қўрқишларини баҳона қилдилар. Бундайларни мўмин деб бўладими? Улар мўмин бўлганларида:
«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», деган чақириқ уларга таъсир қилар эди. Аммо Бани Исроилга бу чақириқ ҳам таъсир этмади.
«Улар: «Эй Мусо, модомики улар бор экан, биз зинҳор ва зинҳор у ерга кирмасмиз. Сен ўзинг Роббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар. Биз бу ерда ўтириб турувчимиз», дедилар» (24-оят).
Аввал баҳона қидиришган бўлса, энди очиқдан-очиқ илоҳий амрдан бош тортмоқдалар. Шу билан бирга, уятни йиғиштириб қўйиб, ўз ҳақиқатларини очдилар.
«Сен ўзинг Роббинг ила...» дедилар.
Демак, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг Робби, Бани Исроилнинг Робби эмас экан-да! Қўрқоқ бўлгандан кейин ҳамма нарсадан, ҳатто ақидадан ҳам воз кечиб юбораверилади.
«Биз бу ерда ўтириб турувчимиз».
Демак, уларга ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
Шундан кейин Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога илтижо этиб, дуо қилишдан бошқа иложлари қолмади.
«У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзим ва биродаримдан бошқага эга эмасман. Ўзинг биз билан фосиқ қавмнинг орасини ажратгин», деди» (25-оят).
Ҳақиқий мўминнинг иши шундай бўлади. Қўлидан келганича ҳаракат қилиб, Аллоҳ таолонинг амрини етказади.
Мусо алайҳиссалом ҳам Муқаддас ерга кириш ҳақидаги илоҳий фармонни қавмларига етказдилар. Уларни турли услублар билан бу фармони олийни бажо келтиришга ундадилар. Аммо Бани Исроил ҳеч йўлга юрмади. Шундагина Мусо алайҳиссалом ҳасратга тўла ушбу дуони қилдилар.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг дуоларини қабул этди ва қуйидаги ҳукмни чиқарди:
«У: «Албатта, бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Улар ер юзида ҳайрон бўлиб юрарлар. Фосиқ қавмлар учун хафа бўлма», деди» (26-оят).
Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни, Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ таоло уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сино ярим оролидаги саҳрода 270 фарсахлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ таоло тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.

 "Ҳадис ва ҳаёт"дан

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase