close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Татарлар ҳақида қисқача маълумот

Ал-Муваффақ Абдуллатиф татарлар ҳақида шундай дейди:

Ал-Муваффақ Абдуллатиф татарлар ҳақида шундай дейди:“Уларнинг воқеаси бошқа воқеаларни “еб”қўядиган бир воқеа, уларнинг ҳикоялари бошқа ҳикояларни кўмиб қўядиган бир ҳикоя, уларнинг ўзи тарихларни унуттирадиган бир тарих, улар бошқа ҳар қандай офатни кичик қилиб қўядиган бир офат, улар бутун ер юзини тўлдира оладиган бир балои азим!
Бу уммат (халқ)нинг тилига ҳинд тили қўшилиб кетган, чунки улар қўшни. Макка билан уларнинг ораси тўрт ойлик йўл. Уларнинг юзлари туркларникидан ялпоқ, кўкраклари кенг думбалари ихчам, қўл-оёқлари, бошлари кичик, ранглари тўқ буғдойи, ҳаракат ва фикрлари тездир.
Бошқалар ҳақидаги хабарлар уларга етиб боради, улар ҳақидагиси бошқаларга етмайди. Камдан-кам жосус улардан яширина олади, чунки бегона одам уларга ўхшамайди. Қайси тарафга боришларини яширадилар. Улар бирданига қўзғаладилар (оёққа турадилар). Шу сабабдан шаҳар аҳли улар шаҳарга кирганларидан сўнг, аскарлар эса улар аралашиб бўлганларидан сўнг била оладилар. Шунинг учун халкдар уларга қарши бирор чора тополмайдилар, қочиб қолишга ҳам улгуролмайдилар. Уларнинг аёллари эркаклари каби жанг қилади, аксар қуроллари камон, емишлари ҳар қандай гўшт, ўлдирганда ҳеч кимни аямайдилар, қолдирмайдилар, эркак, аёл, бола демайдилар, уларнинг мақсадлари подшохдик ёки мол-дунё эмас, балки одам наслини йўқ қилиш ва оламни хароб этиш эди.
Баъзилар айтдиларки: татарларнинг ерлари Хитой юртлариннг атрофидадур. Улар чўлларда яшайдилар. Разиллик ва хиёнат билан машҳурдурлар.
Уларнинг зуҳур этиш сабаби: Хитой юрти бепоён бўлиб, кунгураси олти ойликдур. Унда олтита подшохдик бўлиб, ана шу олти подшоҳлик устидан ягона ҳукмдорлари бор. У Томғачда яшовчи хоқон акбардур. У мусулмонларнинг халифаси кабидур. Олти давлатнинг ҳукмдорларидан бири бўлмиш Довшхон Чингизхоннинг аммасига уйланган эди. Эри ўлганидан сўнг Чингизхон аммасини зиёратига боради. У билан бирга Кучлухон ҳам боради. У аёл подшохдан фарзанд қолмаганини маълум қилади. Ва жияни унинг ўрнига ўтириши кераклиги ҳақида маслаҳат беради. Шундай қилиб, Чингизхон тахтга ўтиради. Унга бир қанча мўғуллар қўшилишади. Сўнгра у Улуғ хонга совғалар жўнатади. У қаттиқ ғазабга келади ва ҳадяга келган отларнинг думларини кесиб ҳайдаб юборишга, элчиларини эса қатл этишга буюради. Чунки татарлар турганда бошқаларнинг ҳукмдор бўлиши мумкин эмас эди. Улар Хитойнинг кўчманчиларидур. Буни эшитган Чингизхон ва унинг дўсти Кушлухон (Кучлихон) ўзаро иттифоқ тузиб, қасамёд этиб, хонга қарши уруш очишади. Кўп татарлар уларга қўшилди. Уларнинг куч-қудратини, ёмонлигини билган хон ярашишни таклиф қилиб, шу билан бирга, дўқ-пўписа, дағдағалар билан элчи йўллайди. Бироқ бундан фойда бўлмайди. Шундан сўнг икки тараф тўқнашадилар. Икки ўртада бўлиб ўтган жуда катта қонли жангда улар хонни енгиб, мамлакатини босиб оладилар. Кейин улар кучайиб кетишади. Чингизхон ва Кучлухон ҳокимиятда шерик эдилар. Сўнг икковлари Чин атрофидаги Шоқун юртига юриш қилиб, у ерни эгаллайдилар. Кейин Кучлухон ўлади. Ўрнига ўғли бўлади. Чингизхон уни менсимади, унга ҳужум қилиб уни енгди ва бир ўзи хон бўлди. Татарлар унга бўйинсундилар. Унда илоҳийлик бор деб эътиқод қилиб ҳаддан ташқари итоат этдилар. Ўз юртларидан биринчи чиқишлари 606 (1209-08) йилда Турк ва Фарғона тарафларларига бўлди. Шунда Хуросон хукмдори, не-не подшохдарни маҳв этиб мамлакатларини олган, юқорида айтилганидек, халифани ҳам қасд қилиб, лекин унга етолмаган Хоразм шоҳи Муҳаммад ибн Такаш уларга кучи етмаслигини билганидан Фарғона, Шош, Косон аҳолисига, ўша фаровон ва обод юртлар аҳолисига Самарқанд ва бошқа ерларга ёппасига қочишга ва кўчишга ҳамда татарлар эгаллаб олмасликлари учун жамики нарсаларни бузишга, йўқ қилишга буйруқ берди.
Сўнг татарлар 615 (1218-19) йилгача талончилик-босқинчилик қилавердилар, кўчиб-кўчиб юравердилар. Ўша йили Чингизхон Хоразмшоҳга элчилар ва совғалар юборди. Элчи унга деди: “Улуғ хон сенга салом айтди ва дедики, сенинг обрўйинг улуғлиги, салтанатингнинг чегараси ва қанча-қанча иқлимларга ҳукминг ўтуви менга аён. Мен ўртамизда тинчлик бўлиши керак деб ўйлайман. Сен менинг учун энг азиз фарзандим кабисан. Сенга сир эмаски, мен Чинга подшоҳ бўлдим. Сен менинг мамлакатим ҳақида, унинг аскар ва отларга, олтину кумушларга тўлалиги ва бошқа ерларга ҳожати йўқ эканлиги ҳақида одамларга маълум қил! Шунинг учун агар ўртамизда дўстлик ўрнатишни ва икки тараф манфаати учун савдогарлар жўнатишни лозим топсанг, шундай қилгайсан”.
Хоразмшоҳ унинг таклифига рози бўлди. Чингизхон бундан хурсанд бўлди ва унинг мамлакатидан савдогарлар келгунча ўртада тинчлик сақланиб турди.
Хоразмшоҳнинг тоғаси Мовароуннаҳрда унинг ноиби эди, йигирма минг чавандози бор эди. Очкўзлик қилиб, савдо-гарларнинг молларига кўз тикди ва султонга шундай деб хат ёзди: “Савдогар кийимида келган мана бу одамларнинг мақ-
сади жосусликдан ўзга нарса эмас. Менга (уларни ушлашга) изн берсанг”. Хоразмшоҳ уларни назоратга олишга (ушлаб туришга) изн берди. Тоғаси уларни қамаб, молларини олиб қўй-ди. Шунда Чингизхондан элчилар келиб шундай дейишди: “Сен савдогарларга омонлик (кафолат) берган эдинг, энди унга хиёнат қилдинг, хиёнат қабиҳ ишдур, ислом ҳукмдори тарафидан бўлгани яна ҳам қабиҳроқдур. Агар тоғанг қилган ишни “менинг буйруғимсиз қилган” десанг, унда бизга уни топшир. Бўлмаса мен ҳақимда ўзинг биладиган нарсани кўзинг билан кўрасан”.
Хоразмшоҳ қаттиқ қўрқувга тушганидан ақлдан озиб, ўйламай элчиларни ўлимга буюриб юборди. Эҳ, афсус, бунинг бу қилмиши қанчадан-қанча мусулмонларнинг қонларини беҳудага дарё-дарё бўлиб оқишига сабаб бўлди. Шундай қилиб, Чингизхон унга қарши юриш бошлади. Хоразмшоҳ Жайҳундан ўтиб, Нишопурга қочди. У ерда ҳам татарлардан қўрқиб, Ҳамадон Буржига ўтди. У ерда душман қуршовига тушиб қолди. У билан бирга бўлганларнинг барини ўлдирдилар. Ёлғиз ўзи қолди ва сувдан ўтиб бир оролда нажот топади ва зотилжам касалига йўлиқиб, ёлғизликда ўлиб кетади. Ёнида олиб юрган тўшакнинг авраси билан кафанлайдилар. Шунда 617 (1220-21) йил эди. Татарлар Хоразмшоҳ мамлакатининг барини босиб оладилар.
Сибт ибн Жавзий деди: “Татарлар Мовароуннаҳрга 615 йилда
ҳужум қилдилар. Бухоро ва Самарқандни олдилар ва аҳолисини ўлдирдилар. Хоразмшоҳни қамал қилдилар, кейин дарёдан ўтдилар. Хоразмшоҳ Хуросон подшоҳларини йўқ қилган эди. Шунинг учун татарлар у ерларда қаршиликка учрамадилар. Қатл этиб, асир олиб шаҳарлардан учиб ўтавердилар. Ўша йили юра-юра Ҳамадон ва Қазвинга етиб бордилар”.
Ибн Асир “ал-Комил”ида ёзади: “Татар ҳодисаси ҳеч бир замонда бўлмаган даҳшатли ҳодисадир. Бу офат-балодан барча халқлар, ҳамда мусулмонлар қаттиқ жабр-жафо кўрдилар.Агар бирорта одам бу олам Аллоҳ яратгандан бери бу кунгача бунчалик балога йўлиқмаган эди, деса, тўғри айтган бўлади. Зеро, тарихларда бунга яқин келадигани ҳам айтилмаган. Айтиб юриладиганларининг энг каттаси Бухтаннасрнинг Байтул Мақ-дисда Бани Исроил қавмига кўрсатган қилмишларидир. Аммо ул малъунларнинг вайрон қилган ислом шаҳарлари олдида Байтул Мақдис нима бўлибди?! Уларнинг қирғинлари олдида Бани Исроил нима бўлибди?! Яшиндек тез тарқалган, офати ҳеч кимни четлаб ўтмаган, қуюндек барча юртларни қоплаган бир балодур. Чин атрофларидан чиққан бир қавм Туркистон шаҳарларига, жумладан, Кошғар, Шоғрақ шаҳарларига, сўнгра Бухоро ва Самарқандга юриш қилиб у ерларни ишғол этди. Аҳолисини қирди. Уларнинг бир тоифаси кейин Хуросонга ўтиб, у ерларни вайрон қилди. Аҳолисини қириб бўлгач, Рай ва Ҳамадонга ўтиб Ироқ чегараларига етди. Озарбайжон ва унинг атрофларини хароб қилиб, оёқости қилди. Бир йилга етмай бўлган бундай ишнинг ўхшаши эшитилмаган. Кейин Озарбайжондан Ширвон дарбандига юриш қилиб у ердаги шаҳарларни қўлга олдилар. Кейин Дан, Лакз юртларига ўтиб, қатл этдилар, асир олдилар. Сўнг қипчоқ ерларига - улар туркларнинг сон жиҳатдан энг кўпидирлар -ҳужум қилдилар. Тўхтаганини ўлдирдилар, қолганлари қочдилар. Татарлар у юртларни ҳам ишғол этдилар. Уларнинг бошқа бир галаси Ғазна ва унинг атрофларига, Сежистон ва Кирмонга ўтиб уларни ҳам анавилардек ёки улардан ҳам баттарроқ балоларга гирифтор қилдилар. Бунақасини кўз кўриб, қулоқ эшитмаган. Дунёни олган Искандар ҳам уни бундоқ тезликда ололмаган, балки ўн йилларда олган. У ҳеч кимни ўлдирмаган, итоат қилишлари билан қаноатланган. Анавилар эса ер юзининг энг гўзал, энг обод жойларини қарийб бир йилда босиб олдилар. Қадамлари етмаган мамлакатлар бари уларнинг келиб қолишини кутиб, қўрқиб яшадилар. Яна шундоқки, уларга йўл озуқаси керак эмас, уларга етаётган мадад- куч ҳам узилмайди, чунки қўйлари, сигир ва отлари ўзлари билан бирга, ўшаларни ейдилар, бошқа нарса емайдилар. Отларига келсак, уларнинг туёқлари ерни ўяди. Илдизларни ҳам еяверади, арпа нималигини билмайди. Динлари эса шундоқки, улар қуёш чиққанда унга сажда қиладилар, улар учун ҳаром нарса йўқ, барча ҳайвонларни, одам боласини ҳам ейдилар. Никоҳни билмайдилар, балки бир аёлга бир неча эркак тегинаверади.
656 (1257) йил кирганда Ҳулагу (Чингизхоннинг набираси, Тўлуйхоннинг ўғли) бошчилигида икки юз минг сонлик татарлар Бағдодга етиб келдилар. Халифа аскарлари уларга қарши чикди ва мағлубиятга учради. Ашуро куни (10-муҳаррамда) татарлар Бағдодга киришди. Шунда Аллоҳнинг лаънати бўлгур вазир татарлар билан келишишни Мустаъсимга маслаҳат берди ва мен уларнинг олдига чиқиб сулҳ тузаман, деди. Чиқиб улардан ўз жонига кафолат олди. Кейин халифага келиб, подшоҳ ўз қизини ўғлинг амир Абу Бакрга беришни ва Рум ҳукмдорини ўз султонлигида қолдирганидек, сени ҳам халифалик мансабингда қолдиришни истайди. Ота-боболаринг салжуқий султонлари итоатида бўлганидек, сендан ҳам фақат итоатни истайди ва қўшинларини олиб олдингдан кетади. Бас, ҳазратимиз бунга рози бўлсинлар, шунда мусулмонларнинг қонлари сақланади, кейинчалик яна нимани хохдасалар шуни қилаверишлари ҳам мумкин бўлади. Маслаҳат шулким, унинг олдига чиқишингиз керак, дейди.
Шундай қилиб, халифа бир гуруҳ аъёнлари билан унинг олдига чиқади ва бир ўтовга тушади. Сўнг вазир Бағдодга қайтиб кириб фуқаҳо ва пешволарни ҳам ахдлашувда ҳозир бўлишга таклиф этади ва улар Бағдоддан чиқишлари билан каллалари олинади. Шундай бўлдики, улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқаверардилар, у ёқда каллаларини олаверардилар. Оқибатда, у ердаги уламолар, амирлар, эшикоғалари ва киборлар бари қатл қилиндилар. Кейин кўприк ётқизилди. Бағдодда қилич тинмади. Бу жанг қирқ кунча давом этди. Ўлганларнинг сони бир миллиондан ошди. Бирон-бир қудуқ ёки каналда яшириниб олганлардан бошқа ҳеч ким омон қолмади. Халифа тепкиланиб ўлдирилган.
Заҳабий ёзади: “Ўйлашимча, у кўмилмаган. У билан бирга болалари ва амакиларидан бир қанчаси ўлдирилган, баъзи бирлари асир олинган. Ислом бунақа мусибатни кўрмаган”.
Вазирнинг нияти амалга ошмади. Татарлар уни хор-зор қилдилар. Шундан кейин у кўп яшамади. Шоирлар Бағдод ва унинг аҳлига бағишлаб марсиялар битишди.
Сибт Таовайзий сўзларидан ўзинг хулоса чиқар:
шаҳар, ўз аҳолиси билан бирга йўк, бўлди, уйлари
вайрон бўлди вазир ҳазратлари тирик ҳолиш эвазига.
Бағдодда охирги хутба айтилди. Уни хатиб шундай деб бошлади:“Умр кошонасини ўлим билан вайрон этадиган ва бу юрт ахдига фанони ҳукм этган Зотга ҳамд бўлсин, бу қилич унинг (Бағдоднинг) устида турибди”.
Ҳалаку халифани ва Бағдод аҳлини қиличдан ўтказиб бўлгач, Ироқнинг устига ўз ноибларини қўйди. Ибн Алқамий уларга алавийлардан халифа қўйишни маслаҳат беради. Улар бунга кўнмайдилар. Уни ҳайдаб юборадилар. Уларнинг орасида бир ғулом (қул)дек бўлиб қолади ва охири ҳасрат-надоматда ўлиб кетади. Аллоҳ унга раҳм қилмасин.
Сўнгра Ҳалаку Дамашқ ҳукмдори Носирга шундай мактуб йўллайди: “Умри узоқ бўлгур Носирга маълум бўлғайким, биз Ироқ устига келганимизда уларнинг аскарлари бизга қаршилик кўрсатдилар, биз уларни Аллоҳнинг шамширидан ўтказдик. Сўнгра бизга юртнинг катталари қаршилик кўрсатдилар, уларнинг сўзлагансўзларийўқбўлишгалойиқодамларни,йўқбўлишигаолиб келди. Шаҳар ҳукмдорига келсак, (халифа назарда тутиляпти) у бизнинг хизматимизга чикди ва бизга қулликни қабул этди. Кейин биз ундан баъзи нарсалар ҳақида сўраганимизда у бизни алдади ва ўлимга мустаҳиқ бўлди. Унинг ёлғони аниқ эди. Барчалари ўз қилмишларига яраша жазо топдилар. Сен рўйизаминнинг подшоҳига розилик бер! Ҳаргиз “менинг қалъаларим мустаҳкам”, “лашкарларим енгилмас” демагин. Эшитишимча, аскарлардан қолган-қутгани сенинг қошинга қочиб бориб ёнингдан паноҳ топибдилар:
ҳочишга жой қани, қочганга жой йўк»
зеро, иккиси: замин ҳам сув ҳам бизники.
Мактубимиз қўлингга етган заҳоти Шом қалъалари осмонини ер, ерини осмон қиласан, вассалом”.
Сўнг унга иккинчи бор мактуб йўллайди, унда шундай дейди: “Умри дароз бўлгур малик Носирга, аммо баъд (энди бундоқ), биз Бағдодни фатҳ этдик, подшоҳи ва мулкини барбод қилдик. Бойлигига алданиб, лашкарига инониб давлати сақланиб қолади, деб ўйлаган эди. Дарвоқе, унинг номи улуғ, қадри юксак эди. Унинг ойи тўлганда тутилди.
Камолига етган иш заволига юз тутгай,
Камолига етди десалар, заволини кутавер.
Биз эса абадулабад юксалиш истагидамиз. Сен Аллоҳни унутганлари учун Аллоҳ ҳам уларни унутган кимсалар каби бўлмагин. Дилингда борини чиқар: “Ё яхшилик билан олиб қолиш ёки яхшилик билан жўнатиб юбориш”. (Талоқ қилинган аёл ҳақидаги оятга ишора). Рўйизаминнинг шоҳи таклифини қабул этсанг ғазабидан омон қоласан, марҳаматига сазовор бўласан. Ўз бойликларинг ва одамларинг билан унинг хизматига кир. Элчиларимизни кечиктирма! Вассалом”.
Кейин учинчи бор мактуб юборди, унда: “Аммо баъд! Биз Аллоҳнинг лашкарларимиз. Биз орқали такаббур ва манманлар, ҳаддидан ошган зўравонлар ва ўз амрига юрмаганлардан интиқом олур. Унга қаттиқ гапирилса шерга айланади, жангдан чарчамайди, биз оламни ҳароб қилдик, аёлми, болами барини қирдик. Энди, эй қолганлар, сизлар ҳам ўтганларга етиб оласиз, эй ғофиллар, сиз ҳам уларнинг ёнларига ҳайдаб бориласиз. Биз подшоҳ қўшинлари эмас, ҳалокат қўшинларидурмиз. Мақсадимиз интиқом, ҳукмимиз оғир, аммо меҳмонимиз хафа қилинмас, давлатимизда адолатимиз машҳур, қиличларимиздан эса қочишга жой йўқ!
Қочишга жой кани, қочишга жой йўҳ, Икки кенглик: курукугик ҳам денгиз бизники. Ҳайбатимиздан одамзод бари итоатга кирди, Амирлару халифалар кулимизга кўнди.Биз сизлар томонга отландик, энди биздан қувиш сиздан қочиш бўлади.
Шаҳарларни вайрон этдик, болаларни етим қилдик, одамларни қирғин қилдик ва азобга солдик, улугларини хор, амирларини асир қилдик. Сизлар биздан қутулиб бўбсиз, яқинда биласиз нима қилганингизни, биз огоҳлантирдик, энди ўзингиздан кўринг”.
657    йил кирганда дунёхалифасиз эди. Шуйилитатарлар Омадга (Туркияда) келдилар. Миср ҳукмдори Мансур Али ибн Муиз ҳали гўдак эди. Унинг отабеги амир Сайфиддин Қитиз Муиззий унинг отасига мамлук (қул) бўлган. Соҳиб Камолиддин ибн Адим уларга элчи бўлиб келиб татарларга қарши ёрдам сўради. Шунда Қитиз амирлар ва аъёнларни йиғди, шайх Иззиддин ибн Абдуссалом ҳам ҳозир бўлди. Шайх деди: Юртга душман бостириб келаётган бўлса унга қарши жанг қилмоқ тириклар учун (ҳар бир одамга) вожибдур. Уларнинг қурол-яроғига халқдан ёрдам сўрамоқ жоиз. Шу шарт биланки, байтул молда ҳеч вақо қолмаган бўл-син, қимматбаҳо кийим-кечак ва ашёларингизни ҳам сотган бўлишингиз керак, ҳар бирингиз фақат от ва қуролда қолади, бу нарсаларда оддий халқ билан баробар бўлади, аммо аскарларнинг қўлида молу дунё ва қимматбаҳо ашёлар бўла туриб халкдан мол олиш йўқ”.
Кўп ўтмай, Қитиз устозининг ўғли Мансурни қамаб қўйди. Бу ёш бола бўлса, замон эса оғир бўлиб қолди, энди албатта жанг қилиш қўлидан келадиган довюрак одам керак, деди.
Шундай қилиб, Қитиз султон бўлиб олиб “ал-Малик ал-Музаффар” деб лақаб олди.
658    йил кирди, яна замон халифасиз қолди. Шу йили татарлар Фуротни кечиб ўтдилар. Ҳалабга етдилар. У ерда қилични аямадилар. Сўнг Дамашққа етиб келдилар. Мисрликлар татарлар билан жанг қилиш учун Шомга қараб юрдилар. Музаффар ва байрокдори Рукнуддин Байбарис Бундукдорий аскарларининг олдида юрди. Улар татарлар билан Айни Жолут олдида тўқнашдилар. Қаттиқ жанг бўлди. Шунда рамазоннинг ўн беши, жума куни эди. Татарлар жуда қаттиқ мағлубиятга учрадилар. Мусулмонлар ғалаба қилишди. Аллоҳга ҳамд бўлсин! Татарлардан жуда кўпи ўлдирилди, қолганлари тум-тарақай қочишди. Одамлар уларни тутиб нарсаларини талашди. Дамашққа ғалаба ҳақида Музаффардан мактуб келди. Халқ беҳад шодланди. Сўнгра Музаффар Дамашққа тантанали равишда кириб келади. Халқнинг муҳаббатини қозонади. Байбарис татарларни Ҳалабгача қувлаб мамлакатдан ҳайдайди. Султон унга Ҳалабни ваъда қилади. Кейин ваъдасидан қайтди. Байбарис буни оғир олди. Орага совуқчилик тушиши шундан бошланди. Мамлакатни татарларнинг қолдиқларидан тозалаш учун Музаффар Ҳалабгача боришга қарор қилган эди. Кеин билса, Байбарис уни ёмон кўриб қолган ва унга қарши иш қиляпти. Шунинг учун қарорини ўзгартириб Мисрга қайтади. Байбарисни бир ёқлик қилмоқчи бўлади ва буни ўзининг яқинларидан бирига яширинча айтади. Байбарис буни билиб қолади. Икковлари бир-бирларидан хавфсираб Мисрга йўл оладилар. Шундай ҳам бўладики Байбарис ва бир жамоа амирлар Музаффарни ўлдиришга тил бириктира оладилар. Шундай қилиб, уни 13-зулқаъдада йўлда ўлдирадилар. Байбариссултонбўлиболади.ал-Маликал-Қоҳирлақабиниолади. Мисрга келади ва мисрликларга нисбатан Музаффар чиқарган адолатсиз ҳукмлар (солиқлар) ни бекор қилади. Ибн Зубайр ўз лақабини ўзгартиришга маслаҳат бериб, унга шундай дейди: Бу лақабни олган Мўътазиднинг ўғли Қоҳир кўп турмай истеъфога чиқарилди ва кўзига мил тортилди. Мавсил ҳокимининг ўғли Қоҳир ҳам шу лақабни олиб заҳарланди. Шундан кейин султон, бу лақабни бекор қилиб Зоҳир лақабини олди.
659 йил кирди. Ражабгачаяна халифасиз қолинди. Ражаб ойида Мисрда халифалик ўрнатилди. Мустансирга байъат берилди. Буни кейин баён қилиб ўтамиз. Халифасизлик муддати уч ярим йил давом этди.
Мустаъсим даврида ўлган машҳур одамлардан: ҳофиз Тақйиддин Сарифиний, ҳофиз Абулқосим ибн Тайласон, ҳанафий мазҳаби улуғларидан шамсулъаимма Курдий, шайх Тақйиддин ибн Салоҳ, аллома Саховий, Бағдод тарихчиси ҳофиз Муҳиббиддин ибн Нажжор, “ал-Муфассал” шарҳчиси Мунтаҳабиддин,наҳвшунос Ибн Яиш,зоҳид Абулҳажжож Ақсарий,наҳвшунос Абу Али Шалубайний, “ал-Муфрадот” муаллифи Ибн ал-Байтор, моликийлар имоми аллома Жамолиддин ибн Ҳожиб, наҳвчи Абулҳасан ибн Даббоҳ, “Тарихуннуҳо” муаллифи Қифтий, “ал-Мантиқ” соҳиби Афзалиддин Хаванжий, Аздий, ҳофиз Юсуф ибн Халил, Баҳо ибн Бинт Ҳимярий, наҳвшунос Жалол ибн Умрун, “ал-Убоб” муаллифи, тилшунос Разий Сағоний, “ал-Маоний вал баён” ва “Иъжоз ул-Қуръон” муаллифи Абдулвоҳид Замлоконий, Шамс Хисравшоҳий, Мажд ибн Таймийя, “Миръот уз-замон” муаллифи Юсуф Сибт ибн Жавзий, шофеъийларнинг улуғларидан Ибн Ботиш, тафсир муаллифи Ибн Абулфазл Мурсий, Нажм Бодироий ва бошқалар. Халифалик узилган вақтда ўлганлардан: Закий Абдулазим Мунзирий, шозилия тоифасининг шайхи Абулҳасан Шозилий, Шўба қори “Шотибия” шарҳчиси Фосий ва шоир Саъдиддин ибн Уззо, шоир Сарсарий, Андалус тарихчиси Ибн Аббор ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-Хулафо"китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase