close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Юсуф алайҳиссаломнинг зиндонга ташланиши

"Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи Зотдир".

"Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи Зотдир".
"Сўнгра, оят-аломатларни кўрганларидан кейин, уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди".
"У билан қамоққа иккита йигит ҳам кирди. Улардан бири: «Мен тушимда шароб тайёрлаб юрибман», - деди. Бошқаси эса: «Мен бошимда нон кўтариб юрибман, қуш ундан емоқда», - деди. «Бизга бунинг таъбирини хабар қил. Биз сени, шубҳасиз, яхши амал қилгувчилардан, деб билмоқдамиз".
"У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати(дини)ни тарк этган одамман".
"Ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг миллати (дини)га эргашдим. Биз учун Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш мумкин эмас эди. Бу бизга ва одамларга Аллоҳ берган фазл эди. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмаслар".
"Эй, ҳамзиндон дўстларим, турли-туман Робблар яхшими ёки ёлғизу Қаҳҳор Аллоҳми?"
"Сизлар ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Хукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар".
"Эй, ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қиладир. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейдир. Сиз билмоқчи бўлган иш битди», - деди" (Юсуф сураси, 34-41-оятлар].
Аллоҳ таоло ҳоким билан хотини Юсуф алай-ҳиссаломнинг айбсизлигини билганларидан ке-йин уни бир муддат ҳибсга олиш фикрига келганини хабар берди. Агар шундай қилишса, шаҳардаги миш-мишлар бироз тўхташи мумкин эди. Бу ҳолат ҳокимнинг хотини учун ҳам яхшироқ бўларди. Гўёки Юсуф алайҳиссалом у хотиндан баҳра олишни истаган ва шу сабабли у зиндонга ташланган! Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссалом зулм ва душманлик билан зиндонга ташланди.
Бу Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломга тақдир қилгани ва уни гуноҳдан асраш учун олган тадбири эди. Зиндонга тушиш билан Юсуф алайҳиссалом энг катта зарар - ҳокимнинг оиласидан узоқлаштирилди.
Имом Шофий раҳматуллоҳи алайҳнинг нақл қилишларича, суфийлардан бири шундай деган: "Гуноҳ қилиш учун бирор нарса топа олмаслик ҳам Аллоҳнинг инсонни гуноҳдан асраши демакдир".

Юсуф алайҳиссаломнинг зиндонда туш таъбирлашлари

"Юсуф билан бирга зиндонга иккита ёш йи-гит ҳам кирган эди" (Юсуф сураси, 36-оят). Ривоятларда келишича, улардан бири Фиръавннинг шароб узатувчиси, яъни соқийси бўлган. Унинг исми Небо, бошқаси эса Фиръавннинг бош нонвойи Межлес эди. Фиръавн баъзи ишларда бу икки ёш йигитни айбдор, деб зиндонга ташлатдирганди. Улар зиндонда Юсуф алайҳиссаломнинг сиймосини, хулқини, хатти-ҳаракатини, сўзларини, муносабатини, Раббисига кўп ибодат қилишини кўриб у зотни ёқтириб қолишди.
Кунлардан бир куни, бу икки ёш йигитнинг ҳар бири, ўзининг аҳволига хос туш кўрдилар. Муфассирлар айтади: "Бу икки йигит тушларини бир оқшомда кўрган эди. Соқий тушида уч дона узум шохини кўрди. Улар барг чиқарган ва узум дасталари (яхшигина) пишган эди. Бу узумларни олиб Фиръавннинг косасига сиқиб, (ичиши учун) уни Фиръавнга узатди. Бош нонвой эса тушида бошининг устида учта саватда нон ташиётганини, оч қушлар келиб устидаги саватлардаги нонларни еганларини кўрган эди".
Икковлари ҳам кўрган тушларини Юсуф алайҳиссаломга айтишди. Бу тушларининг таъбирини сўрашди: "Чунки биз сени яхшилик қилганлардан деб биляпмиз" (Юсуф сураси, 36-оят) деди. Чунки Юсуф алайҳиссалом бу иккисига туш таъбирини билишини ва бу ишда ваколати борлигини айтган эдилар. Юсуф алайҳиссалом: "Ейдиган овқатингиз келмасидан олдин буларнинг таъбирини сизга билдираман" (Юсуф сураси, 37-оят), деди. Яъни, сиз қанақа туш кўрсангиз кўринг, у ҳали амалга ошмасидан олдин уни сизга таъбир қиламан ва таъбир қилганимдек бўлиб чиқади, деди.
Исо алайҳиссалом ҳам шундай деган эдилар: "Уйларингизда нима еяпсиз ва нималарни йиғаяпсиз, сизга айтиб бераман" (Оли Имрон сураси, 49-оят).
Юсуф алайҳиссалом у икки одамга: "У: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом келгунига қадар унинг қандай эканининг хабарини берурман. Бу иш менга Роббим таълим берган нарсалардандир. Чунки, мен Аллоҳга иймон келтирмайдиган ва охиратга кофир бўлган қавмнинг миллати(дини)ни тарк этган одамман" (Юсуф сураси, 37-оят). Яъни, Аллоҳнинг бу ишларни бизга билдириши, Унинг бизга бўлган лутфидир. Аллоҳ инсонларни Ўзига ширк келтирмасликка даъват қилишимизни, уларни (тўғри йўлга) иршод қилишимизни ва (бу йўлни) кўрсатишимизни амр этиши, Унинг инсонларга бўлган лутфидандир. Зотан бу (дин), инсонларнинг фитратларига жойлаштирилган ва яратилишларига қўйилди. "Фақат инсонларнинг аксарияти буни билмайдилар" (Юсуф сураси, 40-оят).

Юсуфнинг зиндонда инсонларни тавҳидга чақиргани

Юсуф алайҳиссалом зиндондаги шерикларини тавҳидга даъват этди ва Аллоҳ таолодан бошқага сиғинишни қоралашга чақирди. Санамларга сиғиниш нақадар тубан иллат эканини тушунтирди. Бутларни ҳақорат қилди ва уларга сиғиниш хато эканинин айтиб: "Эй зиндондош дўстларим! Бошқа-бошқа бир неча тангрилар яхшироқми ёки бутун борлиқлар устида ҳоким бўлган ёлғиз Аллоҳми? Сизнинг Аллоҳни қўйиб, ўша сиғинганларингиз, сизнинг ва оталарингизнинг ўйлаб топган бир неча исмларидан бошқа нарса эмас. Буларга сиғинишингиз учун Аллоҳ ҳеч бир далил туширган эмас. Хукм ёлғиз Аллоҳга оиддир", деди (Юсуф сураси, 39-40-оятлар). Яъни, махлуқотлари устида истаган ишини қилишда тасарруф соҳиби бўлган, истаган бандасини ҳидоятга бошлаган ва истаган одамини адаштирадиган фақат Удир!
"У, фақатгина Ўзига қуллик қилишингизни буюрди" (Юсуф сураси, 40-оят). Унга ширк (шерик) қўшмасдан фақат Ўзига ибодат қилишингизни истади.
"Энг тўғри дин будир!" (Юсуф сураси, 40-оят). Яъни, энг тўғри ва соғлом дин шудир.
"Фақат инсонларнинг аксарияти буни билмайдилар" (Юсуф сураси, 40-оят). Яъни, аниқ ва равшан бўлса-да, аксарият одамлар у билан муросага келмайдилар.
Ҳазрат Юсуф алайҳиссаломнинг бу ҳолатда уларни тавҳидга даъват қилишларининг сабаби шуки, у зотни тинглаётган қалблар мана шу улуғ ҳақиқатни - тавҳидни қабул қилишга мойил эди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссалом ўзига кўрсатилган ҳидоят йўлини уларга ҳам кўрсатди.
"Эй зиндондош дўстларим! Тушингизга келсак, бирингиз яна хўжайинига шароб узатади, бошқаси эса осилади ва қушлар унинг бошидан чўқийди" (Юсуф сураси, 41-оят).
Ривоятларга кўра, улардан бири Фиръавннинг ичкиликларига жавобгар бўлган соқий, яъни ичкилик узатган киши, иккинчиси, Фиръавннинг бош нонвойи эди. Юсуф алайҳиссалом соқийга тирик қолишини, нонвойга эса осилишини баён қилди ва пировардида айтдики: "Таъбирини сўраган ишингиз, шу шаклда ҳукмга боғланди", (Юсуф сураси, 41-оят). Яъни, бу ишдан қочиб қутулолмайсиз, бу муқаррар содир бўлади.
Туш хусусида ажиб бир ҳадиснинг баёни бор. Айтишларича, "Туш таъбир қилинмай турган вақтида (уни кўрган) кишининг (боши) устида (кўчиб кетишга тайёр бўлган бир) қуш кабидир. Аммо таъбир қилинганида (мутлақо амалга ошади)"(Абу Довуд. Адаб 88 (5020); Ибн Можа. Туш 6 (3914); Аҳмад ибн Ҳанбал. Ал-Муснад. IV, 10; Табароний. Ал-Мужамул Кабир, XIX, 205; Ибн Ҳиббон. Ас-Саҳиҳ, XIII, 413 (6049); Ҳаким. Ал-Мустадрак, IV, 432 (8175) да Абу Разин Уқайлий розияллоҳу анҳудан агар туш талқин қилинмаса, у қушнинг оёғига боғланган нарсага ўхшайди, у беқарордир. Тушни талқин қилганда, у қандай талқин қилинган бўлса, шундай амалга ошади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, агар тушни биттадан ортиқ таъбир қилиш мумкин бўлса, уни шу ишни тушунадиган одам уни талқин қилгани каби амалга ошади ва энди бошқа имкониятларга кўра содир бўлишини кутиш мумкин эмас. Шу сабабли инсон кўрган тушини тўғри келган одамга ёки ўзини ёқтирмаган кишиларига айтмаслиги керак. Севган кишиларидан бировига ёки илм ва маърифатига ишонган, ваколатли ва лаёқатли бир зотга таъбирлатиши керакки, яхши шаклда шарҳлаб берсин!)
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ билан Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қилган: "У икки ёш йигит (тушларининг шу шаклда таъбир қилинганидан кейин): "Биз (тушга ўхшаган) бирор нарса кўрмадик!" дедилар. Аммо Юсуф алайҳиссалом у икковига: "Таъбирини сўраган ишингиз, шу шаклда ҳукмга боғланди" (Юсуф сураси, 41-оят), дедилар.

Юсуф алайҳиссаломнинг зиндонда давомий қолишлари

Юсуф алайҳиссалом зиндондан эсон-омон қутилиши мумкин бўлган йигитга: "Хўжайинингни олдида мен ҳақимда гапир (токи, мени зиндондан чиқарсин)" дедилар. Яъни, менинг айбсиз ҳолда зиндонда ўтирганлигим ҳақида ҳукмдорингнинг ёнида айтгин, деди. Бу эса инсоннинг сабабларга суяниши жоиз эканлигини кўрсатади. Сабабларга тавассул қилиш оламларнинг Парвардигори оламга таваккал қилиш ҳақиқатига зид келмайди.
Аммо шайтон у йигитга ҳукмдор ҳузурида Юсуф алайҳиссалом ҳақида гапиришни унуттирди. Шу сабабдан Юсуф алайҳиссалом йиллар давомида зиндонда қолдилар.(Юсуф, 12/42.)

Юсуф сурасининг 42-оятида келган “унга унуттирди” ифодасидаги олмош

"Бироқ шайтон унга, хўжайинига эслатишни унуттирди" оятидаги "фаансоҳу" сўзининг охиридаги "ҳу" олмошининг Юсуф алайҳиссаломга қайт-ганини гапирган кишининг сўзи, агар Икрима раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бўлса ҳам заифдир.
Ибн Жарир Табарийнинг бу мавзуда ривоят қилган ҳадиси ҳам ҳар жиҳатдан заифдир.(Ибн Жарир ат-Табарий Жомеул баён, XVI, 112 (19315).) Бу ҳадиснинг иснодидан жой олган Иброҳим ибн Язид Ҳузий Маккий бу ривоятни нақл қилган ягона киши бўлиб қолмоқда. Ваҳоланки, у матрук (яъни, ривоятлари тарк қилинган) бир кишидир.
Ҳасан билан Қатоданинг мурсал кўринишда ривоят қилган ҳадислари қабул қилинмайди. Айниқса, бунақа нозик масалада умуман қабул қилинмайди.
Юсуф алайҳиссаломнинг узоқ вақт зиндонда қолишларининг сабабини Ибн Ҳиббон "ас-Саҳиҳ"ла-рида Фадий ибн Ҳубоб Жумаҳийдан, у эса Мусаддод ибн Мусарҳаддан, у эса Ҳолид ибн Абдуллоҳдан, у эса Муҳаммад ибн Амрдан, у эса Абу Саламадан, у эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, у зот эса Расулуллоҳ солллаоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
"Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломни раҳмат қилсин! "Хўжайинингни ёнида мен ҳақимда гапир (ки мени зиндондан чиқарсин)" (Юсуф сураси, 42-оят) деб айтмаган бўлсалар эди, кутиб қолганлари (ўша узун) вақт қадар зиндонда қолмас эдилар. Аллоҳ Лут алайҳиссаломни ҳам раҳмат қилсин! Қавмига: "Кошки, сизга қарши қўя оладиган бир кучим бўлса эди ёки бақувват бир қалъага беркина олсам эди!" (Ҳуд сураси, 80-оят) деганларида (ҳақиқатан) бақувват бир жойга (яъни, Аллоҳга) сиғинаётган эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарни қавмининг ҳурматли, сарватли кишилари ичидан танлаб юборди".(Ибн Ҳиббон. Ас-Саҳиҳ, (6206).)
Аммо бу ҳадис ҳам заифдир. Бухорий ва Муслимнинг "ас-Саҳиҳ"ларида келган ҳадис ҳам бунинг хато эканлигига далилдир.(Бухорий, Анбиё 11, 15, 19, Тафсири-сураи-Бақара 46, Юсуф 5, Таъбир 9; Муслим, Имон 238 (151). Шунингдек қаранг. Ибн Можа, Фитан 23 (4026); Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ, (6208)’ ҳам Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан.) Аллоҳ тўғрисини яна ҳам яхшироқ билади.

Ибн Касирнинг
"Қиссасул Анбиё" китобидан
Али Асқар Қосимов таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase