Аллоҳ таоло бу қиссанинг тафсилотини Бақарасининг 67-73-оятларида келтиради: "Бир вақтлар Мусо қавмига шундай деган эди: "Аллоҳ сизга бир сигир (бақара) сўйишларингизни буюрмоқда" Улар, "Сен бизни масхара қиляпсанми?" деган эдилар. У эса, "Жоҳиллардан бўлишдан Аллоҳга сиғинаман", деган эди".
Улар Мусо алайҳиссаломга: "У ҳолда, биз учун Раббингга дуо қил, унинг нима эканлигини бизга тушунтирсин!" дедилар. Мусо алайҳиссалом, Аллоҳ таоло айтмоқда: "У, на ёш ва на қари, аммо икковининг ўртасида бир сигир! Қани, буюрилган ишни қилинг!" дедилар. Улар яна Мусо алайҳиссаломга: "Биз учун Раббингга дуо қил, унинг рангини қанақа бўлишини бизга айтсин!" дедилар. Мусо алайҳиссалом: "Раббим уни, қараганда кўзни оладиган сап-сариқ бир сигир бўлсин деб айтмоқда!" дедилар. Учар яна: "Биз учун Раббингга дуо қил, унинг қанақа бўлиши кераклигини бизга яхшироқ тушунтирсин! Чунки биз уни ростдан ҳам чалкаштирябмиз. Лекин Аллоҳ истаса, албатта, уни топамиз", дедилар.
Мусо алайҳиссалом: "Раббим, у бир сигирдирки, на қўшга қўшилиб ер ҳайдамайди, на экин суғормайди, эркин юради ва ҳеч ҳам оласи йўқдир деяпти", дедилар. "Мана энди тўғрисини айтдинг!" дедилар. Шундай қилиб, у сигирни сўйдилар, лекин сал қолса бу ишни бажармас эдилар. Ҳали бир кишини ўлдирган эдингиз, у билан боғлиқ айбни бир-бирингизга ағдарган эдингиз. Ҳолбуки, Аллоҳ яширган ишингизни ошкор қилар эди. Шунда: "Сўйилган сигирнинг бир парчаси билан ўлдирилган кишини уринг!" дейилди. Мана шундай қилиб, Аллоҳ ўликларни тирилтиради ва сизга оятларини кўрсатади. Балки ақлингизни ишлатарсиз!"
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Бани Исроилдан бир одамнинг моли жуда кўп эди. Бу одам ёши ўтган қария киши бўлиб, унинг жиянлари меросхўр бўлиш учун у одамнинг ўлишига хайрихоҳ эдилар.
Бир куни ўша жиянлардан бири у одамга ҳужум қилиб, уни ўлдириб қўйди. Сўнгра узоқроқ бир жойга ташлаб келди. Айрим ривоятларда бошқа бир жиянининг эшиги олдига ташлаб келгани ҳам айтилган.
Эртаси куни одамлар бу қотилликдан хабар топдилар. Улган одамнинг яқинлари турли гумонлар билан бақир-чақирни бошлаб юборишди. Шунда бир ақллироқ киши:
- Нега бу ерда тортишиб турибсиз? Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг олдига боринглар! - деди. Шундан сўнг улар Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломга шикоят қилишди. Улар Мусо алайҳиссаломдан у одамни ўлдирган кишини буюк Раббисидан сўрашларини хоҳладилар. Мусо алайҳиссалом буни Аллоҳ таолодан сўрадилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга улар бир сигир сўйишлари кераклигини буюрди.
Шунда Мусо алайҳиссалом қавмига қараб: "Аллоҳ сизга, бир сигир (бақара) сўйишингизни амр этди", дедилар. Улар эса: "Сен бизни масхара қиляпсанми?"деган эдилар (Бақара сураси, 67-оят). Улар шуни айтмоқчи эдилар: "Биз сенга ўлдирилган бу одамнинг ҳолатини сўраяпмиз. Сен эса бизга бир сигир сўйишимизни айтяпсанми?" Мусо алайҳиссалом: "Жоҳиллар қаторида бўлишдан Аллоҳга сиғинаман" дедилар (Бақара сураси, 67-оят). Яъни, мен Аллоҳ ваҳий қилмаган бир нарсани, Унга нисбат бериб айтишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман. Сиз мендан Аллоҳдан сўрашимни хоҳлаган ишингиз тўғрисида, Аллоҳнинг менга айтгани шу!
Шунда қавм айтдики: «Аллоҳингдан сўра-чи, сўйиладиган сигир қанақа бўлсин», — дедилар. Шунда Мусо алайҳиссалом Парвардигоридан мужда келтирдики, сигирнинг ранги очиқ малла бўлиши керак экан. Бироқ қавм бу билан ҳам тинчимади. Улар барибир сигир қандайдир иштибоҳли бўлиб қолаётганини баҳона қилиб Мусон яна Аллоҳга дуо қилиб, сигирнинг бошқа сифатларини ҳам айтиб беришини талаб қилдилар. Бу талабдан сўнг сўйиладиган сигир шундай сигир бўлиши керак эканки, хор бўлиб ер ҳайдамаган, экин суғормаган, сув ташимаган, айбу нуқсонсиз бўлиши керак экан.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу дедилар: "Агар Бани Исроилликлар ҳар қандай бир сигирни олиб сўйсалар эди, мақсадлари ҳосил бўларди. Аммо уларнинг ўзлари ишни қийинлаштиришди. Шунда Аллоҳ ҳам уларни машаққатга солди". (Бу масалада марфуъ ҳадис ривоят қилинган. Аммо у ҳадиснинг ҳам иснодида заиф)
Айтиладики, Бани Исроилликлар бу сифатларга эга бўлган сигирни, ўзларининг ораларидан фақат бир кишининг уйидан топдилар. Бу одам отасига яхши қарайдиган бир киши эди. Улар айтилган сигирни шу одамдан сотиб олишни хоҳладилар. У одам сигирни сотишни хоҳламади. Улар эса сигирнинг нархини ошириш билан эгасидан сотиб олишга ҳаракат қилдилар.
Суддийнинг айтишларича, у одамга сигирнинг оғирлигича олтин беришни таклиф қилдилар. Одам таклифни қабул қилмади. Ниҳоят, сигирнинг ўн баробар оғирлигича олтин бердилар. У одам сигирни сотди. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳис-салом уларга бу сигирни сўйишни буюрдилар.
"Шунда у сигирни сўйдиларки, сал қолса бу вазифани бажармай қўярдилар!" (Бақара сураси, 71-оят). Яъни, улар бу сигирни сўйиш борасида иккиланиб турган эдилар. Кейин Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг амри сифатида, сигирнинг бир қисми билан ўлдирилган одамни уришларини айтдилар. Ривоятларга кўра, бу қисм сигирнинг орқа оёғининг гўшти эди. Яна айтилдики, бу қисм - тоғайдан кейин келган суяк эди.
Сигирнинг бу парчаси билан ўликни урганларида, Аллоҳ таоло у одамни тирилтирди. Шундайки, у одам томирларидан қон оқаётган ҳолида ўрнидан турди. Аллоҳнинг пайғамбари Мусо алайҳиссалом ундан: "Сени ким ўлдирди?" деб сўрадилар. У эса: "Мени укамнинг ўғли ўлдирди!" деди. Кейин аввалгидек, яна ўлди. Аллоҳ таоло масала билан боғлиқ оятда шундай деди: "Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради ва сизга оятларини кўрсатади. Балки ақлингизни ишлатарсиз!"(Бақара сураси, 73-оят).
Яъни, ўлдирилган у одамни Аллоҳунга буйруқ қилиб тирилтирганини шахсан кўзингиз билан кўриб мушоҳада қилганингиз каби Аллоҳнинг бошқа ўликларга қилган амри ҳам айнан шу кабидир. Уларни тирилтиришни хоҳлаган вақтида бир лаҳзада ҳаммасини тирилтиради. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай дейди: "Сизнинг яратилишингиз ва янгидан тирилтирилишингиз, бир кишининг яратилиши ва тирилтирилиши кабидир. Ҳақиқатдан, Аллоҳ ҳар нарсани эшитади, кўради".(Луқмон, 31/28.)
Ибн Касирнинг
"Қиссасул Анбиё" китобидан
Али Асқар Қосимов таржимаси