Яъжуж-Маъжужнинг Одам алайҳиссалом наслидан келиши
Билишимизча, Яъжуж-Маъжуж ҳеч ихтилофсиз Одам алайҳиссаломнинг зурриётларидандир. Бунга Бухорий билан Муслимнинг "ас-Саҳиҳ"ларида Аъмаш ва Абу Солиҳ орқали Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан олинган мана шу ҳадис далил бўла олади:
"Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: Аллоҳ таоло қиёмат куни: "Эй Одам, ўрнингдан тур ва зурриётингдан жаҳаннам аҳлини ажрат!" дейди. Одам алайҳиссалом эса:
"Эй Раббим! Жаҳаннам аҳли қанча?" деб сўрайдилар. Аллоҳ таоло: "Ҳар минг кишидан 999 таси жаҳаннамга ва фақат биттаси жаннатга кетади!" дейди.
Ўша, ёш болаларнинг сочлари оқариб кетадиган ва ҳомиладор аёлларнинг қорнидаги боласи тушиб қоладиган вақт шудир. Унда инсонларни сарҳуш ҳолда кўрасан, аслида улар сарҳуш эмаслар. Аммо Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.
Шунда у ерда ўтирган саҳобалар: "Эй Аллоҳнинг Расули! Қайсимиз у 1000 кишидан биттасимиз?" деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.):
"Сизларга хушхабарки, сизлардан бир кишига қарши Яъжуж ва Маъжуждан минг киши жаҳаннамга киради!" дедилар.
Бошқа бир ривоятда бу охирги жумланинг ўрнига мана бу ифода келтирилмоқда: Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларга хушхабар. Тўғриси, сизларда иккита уммат (Яъжуж ва Маъжуж) бор. Буларнинг ҳеч нарсаси йўқ. Фақат улар кўп сонли оломондир!" дедилар."(Бухорий, Анбиё 7, Тафсири Сураи Ҳаж 1, Риқоқ 46, Тавҳид 32; Муслим, Имон 379 (222); Аҳмад ибн Ханбал, ал-Муснад, 3/32-33.)
Бу сўзлар уларнинг кўплигини ва инсонлардан карра-карра зиёдлигини кўрсатмоқда.
Яъжуж ва Маъжуж Нуҳ алайҳиссаломнинг наслидан эканлиги
Айрим манбаларда қайд этилишича, Яъжуж ва Маъжуж Нуҳ алайҳиссаломнинг наслидан бўлган. Чунки Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом ер юзи халқини бад дуо қилган вақтларида у зотнинг дуосини ижобат қилган эди. Нуҳ алайҳиссалом шундай бад дуо қилганлар: "Эй Раббим! Ер юзида кофирлардан ҳеч бир кишини қолдирма!"(Нуҳ, 71/26.)
Аллоҳ таоло бу масала билан боғлиқ ҳолда шундай дейди: "Ниҳоят, биз уни ва кемадагиларни қутқардик."(Ал-Анкабут, 29/15.)
Яна Аллоҳ таоло: "Биз фақат Нуҳнинг наслини қолувчи қилдик"(Ас-Саффот, 37/77.), дея марҳамат қилади.
Яъжуж ва Маъжуж Нуҳ алайҳиссалом наслидан келган турклардан бир жамоат эканлиги
Аввалроқ айтиб ўтганимиздек, "ал-Муснад" ва "ас-Сунан" номли китобларда ривоят қилинган бир ҳадисга кўра, Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом, Хом ва Ёфас исмли уч ўғли бор эди. Сом - арабларнинг, Хом эса суданликларнинг аждодидир. Ёфас эса туркларнинг аждоди.(Термизий, Тафсирул-Қуръон 38 (3231); Аҳмад ибн Ханбал, ал-Муснад, V, 9да Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан; Табароний, ал-Мужамул-Кабир, XVIII, 145,146; Ҳайсамий, Мажмауз-Завоид, I 193 да Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан; Баззор, ал-Муснад, XIV, 245 (7820); Ҳайсамий, Мажмауз-Завоид, I 193 да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)
Яъжуж ва Маъжуж турклардан бўлган бир жамоат. Улар мўғуллар бўлиб, жуда кучли ва бузғунчи одамлардир.
Турк дейилишининг сабаби
Айтишларича, турклар "турк" аталишига сабаб бўлган воқеа қуйидагича: Зулқарнайн ўша машҳур деворни барпо қилганида Яъжуж ва Маъжуж деворнинг орқа тарафида қолдилар. Лекин улардан бўлган бир жамоат деворнинг бу тарафида қолиб кетганди. Бу тарафда қолган жамоат Яъжуж ва Маъжужнинг ёнидаги жамоат каби бузғунчи эмасди. Шунинг учун улар деворнинг олд тарафида қолдирилди ва уларга ("тарк этилган" мазмунидаги) "турк" номи берилди.
Яъжуж ва Маъжуж Одам алайҳиссалом нутфаларидан яралганлиги
Яъжуж ва Маъжуж Одам алайҳиссалом иҳтилом бўлган (уйқуда нутфа тўккан) вақтларида ерга томиб, тупроққа қоришган нутфаларидан яралгани ва уларни Ҳавво дунёга келтирмагани ҳақидаги даъвога келсак, бу Шайх Абу Закарийё ан-Нававийнинг "Шарҳи Муслим"ида айтилган ва бошқалар ҳам нақл қилган фикрдир.
Лекин улар бу фикрнинг заифлигини маълум қилганлар. Чунки бунга доир ҳеч қандай далил мав-жуд эмас. Аксинча, бу гап ер юзидаги барча инсонлар Нуҳ алайҳиссаломнинг зурриётларидан эканига доир (Қуръон билан тасдиқланган) фикримизга зид келмоқда.
Саҳиҳ фикрга кўра, Яъжуж билан Маъжуж Одам алайҳиссалом авлодларидандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда бу хусусда шундай деганлар:
"Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни олтмиш аршин (қарийб 30 м) бўй билан яратди. Кейин махлуқотлар (тана тузилиши жиҳатидан) бугунги кунга (яъни бу умматга) қадар кичрайишда давом этдилар.(Бухорий, Анбиё 1, Истизан 1; Муслим, Жаннат 28 (2841); Аҳмад ибн Ханбал, ал-Муснад, 2/315)
Мазкур ҳадис шу ва шу каби бошқа масалаларда қатъий бир ўлчамни белгилаб бермоқда.
"Яъжуж билан Маъжуждан бир киши ўз зурриётидан 1000 кишини кўрмагунича ўлмаслиги"га ҳақидаги сўзларига келсак, агар саҳиҳ бир ҳадисга асосланаётган бўлса, биз ҳам уларни қабул қилишимиз керак. Бирор ҳадисга суянмаётган бўлса ҳам рад қилмаймиз. Чунки бу ақл ва нақлга зид келадиган нарса эмас, бўлиши мумкин бўлган бир ишдир... Аллоҳ тўғрисини яна ҳам яхшироқ билади.
Қуйида мавзуга оид яна бир ҳадисни келтирамиз.
Табароний айтади: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Аббос ал-Исбаҳаний бизга Абу Масъуд Аҳмад ибн ал-Фурат орқали, у Абу Довуд ат-Таёлисий орқали, у Муғира орқали, у эса Муслим орқали, у Абу Исҳоқ орқали, у Ваҳб ибн Жобир орқали Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилиши-ча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"Яъжуж билан Маъжуж Одам алайҳиссаломнинг фарзандларидандир. Агар улар ер юзига, инсонларнинг устига эркин қўйиб юборилсалар эди, албатта уларнинг турмушларини бузардилар. Улардан бир одам ўз зурриётидан 1000 кишини, ҳатто ундан кўпини орқасида қолдирмагунча ўлмайди. Уларнинг орқасида учта уммат бордир: Тавил, Тайес (Тарис) ва Мансак".(Табароний, ал-Мужамул-Авсат, 8/267 (8598); Ҳайсамий, Мажмауз-Завоид, 8/9; Ҳаким, 4/545 (8526).)
Бу ростдан ҳам ғариб бир ҳадис. Исноди заиф ва мункарлик бор.
Ибн Жарирнинг "Тарихур-русул вал-мулук" номли тарих китобида келтирилган ушбу мавзудаги ҳадисга келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечаси Яъжуж-Маъжуж қавмининг олдига борганлар. Уларни Аллоҳга имон келтиришга даъват қилганлар. Аммо улар ижобат қилишмаган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ердаги Тавил, Тайес (Тарис) ва Мансак умматларини Аллоҳга имон келтиришга даъват қилганлар. Улар эса бу даъватга ижобат қилганлар".(Ибн Жарир, Тарихур-Русул вал-Мулук, 1/70.)
Бу ҳадис Абу Нуайм Умар ибн ас-Субҳдан уйдирма бир ҳадис. Абу Нуайм Умар ибн ас-Субҳ ҳадис тўқиганини ўзи тан олган ёлғончилардан биридир.
Агар "Аллоҳ таоло: "Биз бир пайғамбар юбормагунимизча, ҳеч кимга азоб бермаймиз", оятида айтганига ва уларга пайғамбар юборилмаган бўлса, қиёмат кунида қандай қилиб жазо берилади? Бунинг жавоби шуки, ҳеч бир қавм қилган гуноҳлари учун олдин огоҳлантирилмасдан азоб берилмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг қатъий ваъдаси бор: "Биз бир пайғамбар юбормагунимизча, ҳеч кимга азоб бермаймиз”.
Агар Яъжуж билан Маъжуж Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар сифатида юборилган даврдан аввалги замонда яшаган бўлса, уларга ўзларидан чиққан пайғамбар келган бўлиши керак. Агар Аллоҳ таоло пайғамбар юбормаган бўлса, улар фатрат аҳли ҳукмида бўладилар. Яъни, даъват етиб келмаган кишилар мақомида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадис ҳам бунга далолат қилади. Яъни, "Бу аҳволда бўлган киши қиёматнинг Аросат майдонида имтиҳон қилинади. Агар даъватчига ижобат қилса, жаннатга киради. Акс ҳолда жаҳаннамга киради".(Ибн Касир, Тафсирул-Қуръонил-Азим, 3/48.)
Биз "Тафсирул-Қуръонил-Азим" номли китобимизда Аллоҳ таолонинг "Биз бир пайғамбар юбормагунимизча, ҳеч кимга азоб бермаймиз" (Исро сураси, 15-оят) оятини тафсир қилаётиб, бу ҳадиснинг келиш йўлларини, сўзларини ва имомларнинг бу ҳадис билан боғлиқ фикрларини нақл қилганмиз.
Шайх Абул Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ бу борада Аҳли суннат вал-жамоатнинг бир фикрга келганини нақл қилганлар.
Бу кимсаларнинг қиёмат кунида Аросат майдонида имтиҳон қилиниши уларнинг нажот топишидан дарак бермайди. Бу эса уларнинг жаҳаннам аҳлидан бўлишига доир хабарларга ҳам зид эмас. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзи истаган ғайбий масалалардан хабардор қилган. Бинобарин, бу кимсалар дўзахийлардан бўлганини, феъл-атворлари ҳақни қабул қилишга тескари бўлганини ва ҳақиқатга бўйин эгишга мойиллик эмасликларини, қиёмат кунида эса даъватчига ижобат қилмасликларини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берган бўлиши керак.
Бундан тушуниш мумкинки, дунёда улар таблиғот қилинган (яъни, имонга чақирилган) бўлсалар ҳам ҳақиқатни инкор қилган бўлардилар. Чунки қиёмат кунининг майдонларида, дунёда вақтлари ҳақиқатни инкор қилган кишиларнинг баъзилари унга бўйин эгадилар. Кўриладиган қўрқинчли манзаралар қаршисида қиёмат кунида имон келтириш, албатта, дунёда имон келтиришга қараганда, мажбурий бўлган имондир...
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мавзу билан боғлиқ оятларидан бирида шундай дейди: "Гуноҳкорларнинг Рабблари ҳузурида бошлари эгилган ҳолда туриб: "Эй Раббимиз! Кўрдик ва эшитдик, энди бизни дунёга қайтаргин, бир солиҳ амал бажарайлик. Чунки биз энди қатъий имон келтирдик!" дейишларини бир кўрсанг эди!"(Ас-Сажда, 32/12.)
Аллоҳ таоло яна шундай дейди: "Улар бизга келадиган кунлари нималар эшитадилар, нималар кўрадилар!"(Марям, 19/38.)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечаси Яъжуж билан Маъжужни имон келтиришга даъват қилганлари ва улар бу даъватга ижобат қилмаганлари ҳақидаги ҳадис мункар, ҳатто уйдирма бир ҳадисдир. Уни Умар ибн ас-Субҳ тўқиб чиқарган.
Зулқарнайн барпо қилган деворга келсак, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, Зулқарнайн уни темирдан ва эритилган мисдан барпо қилди. У билан узун ва баланд тоғларни бирлаштириб, текис ҳолга келтирди. Ер юзида ундан кўра каттароқ ва дунёвий ишларда мавжудотларга ундан-да фойдалироқ бўлган бошқа бир бино ёки иншоот маълум эмас.
Бухорий нақл қиладилар: "Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
"Мен Зулқарнайн қурган деворини кўрдим!" деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни қандай ҳолатда кўрдинг?" деб сўрадилар.
У одам: "Чизиқлари бор бир чакмон (яктак) шаклида кўрдим!" деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен ҳам уни шундай шаклда кўрдим!" дедилар"(Бухорий, Анбиё 7.)
Бухорий бу ҳадисни иснодсиз нақл қилганлар. Мен ҳам бу ҳадиснинг кўнгил тўладиган қадар марфуъ ҳолда нақл қилинганини кўрмадим.
Шунингдек, Ибн Жарир ҳам "Жомеъ ул-баён” номли тафсир китобида уни мурсал ҳолда шундай ривоят қилган: "Бишр орқали, Язид орқали, Саид орқали Қатода раҳимаҳуллоҳнинг шундай деганлари етказилган:
Бир одам: "Эй Аллоҳнинг Расули! Яъжуж билан Маъжужнинг деворини кўрдим!" деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Менга уни таърифлаб бер!" дедилар.
У одам: "У устида бир қора ва бир қизил чизиғи бор чакмон (яктак) шаклида эди!" деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен ҳам уни шундай шаклда кўрдим!" дедилар".(Ибн Жарир, Жомеул-Баён, 18/113.)
Айтилишича, Аббосий халифалардан бири Васиқ(Тўлиқ исми Абу Жаъфар ал-Васиқ биллоҳ Ҳорун ибн Муҳаммад ал-Муътасим. 812-йилда Маккада туғилган, 847-йилда Самарра шаҳрида вафот этган. Тўққизинчи аббосий халифа сифатида 842-847 йиллар орасида ҳукм сурган.) бир гуруҳ одамларни Яъжуж билан Маъжуждан тўсиш учун қурилган девор жойлашган жойга элчи қилиб юборади. Элчиларнинг қўлига бир мактуб ёзиб берадилар. Улар йўлида учраган юртларнинг ҳукмдорларига мактубни кўрсатиб, биридан иккинчисига ўтиб борадилар. Халифа бу элчиларнинг Зулқарнайн деворни қандай қурганини ўз кўзи билан кўриб, маълумот тўплаб келишини истаган эди.
Элчилар сафардан қайтиб келгач, Васиққа деворнинг хусусиятларини айтиб бердилар: деворнинг катта бир эшиги бўлиб, унга қулф осилган эди. Бу девор ростдан ҳам мустаҳкам, баланд ва бақувват бир иншоот. Девор қурилишидан ортиб қолган темирлар ва асбоблар деворнинг ичидаги бир минорада сақланар экан.
Элчиларнинг сўзларига кўра, девор жойлашган ўлкага қўшни бўлган давлатларнинг қироллари тайинлаган муҳофизлар (қўриқчилар) у ерда ҳали ҳам навбатчилик қилишда давом этмоқдалар.
Яна айтишларича, у ерда яшайдиган одамларнинг ватанлари (ўлкалари) жуда кенгдир. Халқи эса чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади, қуруқлик ва денгиз ҳайвонларини овлаб тановул қилади. Улар нуфуси (яъни, сон-саноғи)ни фақатгина Аллоҳ таоло биладиган даражада аҳолиси кўп ўлка экан.
Аллоҳ таоло бир ояти каримада шундай дейди: "Шундан кейин Яъжуж ва Маъжуж бу девордан оша олмадилар ҳам, уни теша олмадилар ҳам".(Ал-Каҳф, 18/97.)
Бухорий билан Муслим ҳам, бу масала юзасидан мўъминларнинг онаси Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳонинг шундай деганларини ривоят қилганлар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни юзлари қип-қизил ҳолатда уйқудан уйғондилар. Уйғонганларида: "Ла илаҳа иллааллоҳ" (Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқдир). Содир бўлиши яқинлашаётган бир ёмонлик (ва буюк бир фитна) туфайли арабларнинг ҳолига вой! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шундай бир тешик очилди!" дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни айтаётиб, бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини бирлаштирдилар. Шунда мен: "Эй Аллоҳнинг Расули! Орамизда шунча солиҳ кишилар бор бўлса ҳам бизлар ҳалок бўламизми?" деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Ҳа, ёмонликлар кўпайган вақтида ҳалок бўласизлар!" деб жавоб бердилар".
Яна Бухорий билан Муслимнинг "ас-Саҳиҳ"ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг шундай деганларини ривоят қилинган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бугун Яъжуж ва Маъ-жужнинг деворидан мана шундай бир тешик очилди!" дедилар ва қўллари билан (бош бармоқ ва кўрсаткич бармоқларини бирлаштирган ҳолда) ишорат қилиб кўрсатдилар".
Аллоҳ таоло Каҳф сурасининг 97-оятида марҳамат қилади: "Шундан кейин Яъжуж ва Маъжуж бу девордан оша олмадилар ҳам уни теша олмадилар ҳам". Бу оятда келтирилган "ошиб ўтиш" ва "тешиб ўтиш" имконсизлиги ўша даврга тегишли, бу феъллар ўтган замон шаклида қўлланган. Келажакда у деворни ошиб ўтиш ёки тешиб ҳақида лом-мим дейилмаган. Балки Аллоҳ таолонинг изни билан у девордан ошиб ёки тешиб ўтишар. Аммо бир куни шундай бўлиши муқаррардир. Чунки Аллоҳ таоло бир ояти каримада шундай дейди: "Ниҳоят Яъжуж ва Маъжужнинг олдидаги тўсиқ очилгач, улар ҳар тепаликдан оқиб келиб ҳужум қиладилар” (Анбиё сураси, 96-оят).
Қуйида келтирадиганимиз ҳадисда мазкур воқеа батафсил баён этилган. Имом Аҳмад ибн Ханбалнинг "ал-Муснад"ида Равҳ орқали, у киши Саид ибн Абу Аруба орқали, у киши Қатода орқали, у Абу Рафиъ орқали Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Тўғриси, Яъжуж билан Маъжуж Зулқарнайн қурган деворни ҳар куни ковлайдилар. Деворнинг нариги тарафидан қуёшнинг нурини кўрадиган даражада яқин қолади (яъни, деворни юпқалаштириб борадилар). Бошларидаги амирлари: "Қани бўлди, қайтинглар. Қолганини эртага ковлайсизлар!" дейди. Улар қайтиб кетадилар. Эртаси куни келганларида деворни аввалгидан ҳам мустаҳкам ҳолда кўрадилар. Ниҳоят, муддатлари тугайди. Аллоҳ таоло уларни инсонларнинг устига юборишни ирода қилади (истайди). Деворни ковлай бошлайдилар. Яна қуёшнинг нурларини деворнинг орқасидан кўрадиган даражада яқин борадилар. Бошларидаги амирлари яна: "Қани, қайтинг. Иншааллоҳ, эртага яна ковлайсиз!" деб буйруқ беради (Авваллари иншааллоҳ демаган бўлса, бу сафар айтади).
Эртаси куни девор ёнига келиб, уни қандай қолдирган бўлсалар ўшандай ҳолда кўрадилар. Ковлашда давом этиб, деворнинг нариги тарафига, инсонлар олдига чиқадилар. Одамлар қалъаларига яширинадилар. Осмонга ўқ отадилар. Ўқлари ерга қайтганида уларнинг устида қонга ўхшаган бир нарсани кўрадилар. Ва: "Ер юзи аҳолисини мағлуб қилдик, осмон аҳолисига ҳам устун бўлдик!" дейдилар. Аллоҳ таоло уларнинг елкаларига қуртларни бало қилиб юборади. Бу қуртлар уларни ўлдиради".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давом этиб айтдилар: "Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, ер юзидаги ҳайвонлар уларнинг гўштларини ва қонларини еб семирадилар ва жуда кўп шукрона айтадилар".(Аҳмад ибн Ханбал, ал-Муснад, 2/510. Шунингдек қаранг. Ибн Ҳиббон, ас-Саҳиҳ, (6829); Ҳаким, ал-Мустадрок, 4/488.)
Яна Имом Аҳмад бу ҳадисни Ҳасан ибн Мусо орқали, у киши Шайбон орқали, у Қатода орқали ривоят қилган.(Аҳмад ибн Ханбал, ал-Муснад, 2/511.)
Ибн Можа эса уни айни шаклда Саид орқали, у киши Қатода орқали ривоят қилган. Ибн Можада мазкур ҳадис (Қатодадан кейин) Абу Рафиъ орқали ривоят қилингани ҳақида маълумотлар бор.(Ибн Можа, Фитан 33 (4080).)
Ибн Касирнинг
"Қиссасул Анбиё" китобидан
Али Асқар Қосимов таржимаси