Қоим би-амриллоҳ - Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн ал-Қодир.391 йили зулқаъданинг ўртасида туғилган. Онаси жория, арман аёли, исми Бадруддужо, Қатруннадо эди, деганлар ҳам бор.
Халифаликка отасининг ўлими арафасида, душанба 11-зул-ҳижжа, 422 (1031) йилда, ўтирди. Отаси ҳаётлигида унинг валиаҳди эди. “Қоим би-амриллоҳ”, деб унга отаси лақаб қўйган.
Ибн Асир ёзади: “У хушсуврат, юзи истарали ва оқ-қизғиш, бўй-басти келишган, тақводор, диндор, зоҳид, олим, Аллоҳга имони мустаҳкам, серсадақа, сабрли, илмга мухлис, ёзувдан яхшигина билимли, адолатли, яхшилик қилишни, ҳожатбарорликни хуш кўрувчи, бир нарса сўралса йўқ дейишни хушламайдиган одам эди”.
Хатиб ёзади: “450 (1058-59) йили банди қилингунга қадар Қоим би-амриллоҳ ишни тўғри олиб борди. Ҳибсга олинмоғининг сабаби шуки, Басосирий номи билан танилган туркий Арслоннинг қудрати-мавқеи ортиб кетди. Тенг рақиби бўлмагач шаъни юксалди, донғи чиқди, ундан араб ва ажам амирлари қўрқиб қолдилар, минбарларда унинг ҳақига дуолар қилинди. У эса солиқлар солди, қишлоқларни вайрон этди. Қоим би-амриллоҳ бирор ишни усиз амалга оширолмас эди. Кейинроқ унинг ақидаси бузуқ эканлигини ҳам билиб қолди.
Саройни талаб, ўзини эса ҳибсга олишни қасд қилганидан воқиф бўлгач, халифа Райга, Тўғрулбек номи билан танилган султон Ғуз Абу Толиб Муҳаммад ибн Мийкол (Микоил) билан хатлар ёзишиб, кейиндан келиб ёрдам беришни сўрайди. Кейинроқ Басосирийнинг уйига ўт қўйилди. 447 (1055-56) йили Тўғрулбек келади. Басосирий Раҳбага кетиб қолади. Турклардан бир қанчаси унга қўшилади. Миср ҳукмдоридан ёрдам ҳам сўрайди. У маблағ билан ёрдам беради. Тўғрулбекнинг укаси Таболга хат ёзиб, уни акасининг мансабидан умидвор қилади. Табол исён кўтаради. Тўғрулбек у билан овора бўлиб қолади.
450 йили Басосирий Бағдодга келганда Миср туғи унда эди. У билан халифа ўртасида жанг бўлади. Мансур жомесида Миср ҳукмдори (эгаси) Мустансирнинг ҳаққига дуо қилинади. Азонга “ҳийя ало хайрул амал” жумласи қўшилади. Халифанинг жомесидан бошқа барча жомеларда унинг номига хутба ўқилди. Жанг бир ой давом этди.
Сўнгра Басосирий зулҳижжа ойида халифани қўлга туширди. Уни ўрмонга (Ғоба жойни номи)олиб бориб қамаб қўйди. Тўғрулбек эса ўз (ака ё укаси) биродарини енгиб қатл қилади. Сўнгра Ғоба мутаваллисига халифани хурмат билан ўз саройига жўнатиш ҳақида фармон беради. Халифа 451 йили зулқаъданинг 25-сида ўз қароргоҳига келди. У амирлар, соқчилар ортида катта тантаналар билан кириб келди.
Тўғрулбек қўшин тузиб Басосирий билан жанг қилди ва уни енгди, ўлдириб бошини Бағдодга олиб келишди. Халифа ўз саройига қайтгач, уйқусини ҳам жойнамоз устида ўтказди. Рўза ва нафл ибодатни ташламади. Ўзига азият етказганларнинг барини кечирди. Саройдан таланган барча нарсалар ҳақини тўламай қайтариб олмади. Бу ашёларга Аллоҳнинг олдида ҳисоб берурмиз, дер эди. Шундан буён бошига болиш қўймади. Унинг қасри таланганда ундан бирорта чолғу асбоб чиқмади. Ривоят қилишларича, Басосирий Қоим би-амриллоҳни қамаганда у ўз қиссасини ёзиб Маккага юбора олган. У қисса Каъбага илиб қўйилган, унда жумладан шундай дейилган: “Улуғ Аллоҳга ожиз қулидан, эй Аллоҳим,Сен ўз бандаларингни билишликда, уларнинг ҳолидан огоҳ бўлишда менинг хабаримга муҳтожлигинг йўқ, бу банда (яъни ўзи) сенинг неъматларингга куфр келтирди, шукр қилмади, охиратни писанд қилмади, уни ёдга олмади. Сенинг шафқатингдан шундай туғёнга бордиким, оқибатда устимизни боғийлар босди. Кибрли душманлар ўч олди. Эй Аллоҳим, ёрдам берувчилар озайди, зулм қилувчилар кучайди. Ўзингга бари аён, Ўзинг одил ҳакамсан, Ўзингдан мадад сўраймиз. Биз эса Сенинг кўмагинг билан ғолиб бўлурмиз. Уни Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдик, ундаги ҳаққимизни олишни Сенга топширдик, бу шикоятларимизни улуғ даргоҳингда қабул эт! Ўртамизда адолатли ҳукм чиқар. Ўзинг ҳукм чиқарувчиларнинг энг афзалидурсан!” 428 йили Миср ҳукмдори Зоҳир Убайдий ўлади ва ўрнига етти ёшли ўғли Мустансирни ўтқазишади ва у халифаликда (фотимийлар халифалигида) олтмиш йилу тўрт ой ҳукм суради. Заҳабий: исломда халифа ё султон бўлсин, шунча муддат ҳукм сурган ҳукмдор менга маълум эмас. У (Мустансир)нинг даврида шундай қимматчилик бўлиб ўтганки, бунақаси Мисрда Юсуфнинг замонидан бери бўлгани маълум эмасди. Айтишларича, битта нон эллик динорга сотилган.
443(1051-52)йилиМағрибдаМуизибнБодисхутбаданУбайдий (халифанинг)нинг номини тушириб Бани Аббос номига хутба ўқиди. 451 йили Ғазна ҳукмдори Султон Иброҳим ибн Масъуд ибн Маҳмуд ибн Сабуктегин ва Хуросон ҳукмдори Тўғрулбекнинг укаси султон Жағрибек ибн Салжуқ ўртасида кўп жанглардан сўнг сулҳ тузилди. Кейинги йили Жағрибек ўлди, ўрнини ўғли Алпарслон эгаллади.
454 (1062) йили халифа имконият қадар қайтариб, охири бўл-магач, хоҳламаса ҳам ўз қизини Тўғрулбекка берди. Халифаларга ҳукмини ўтказган, керак бўлса уларни ўтказиб, тургазган Бани Бувайҳ ҳам эриша олмаган ишга эришди. Мен дедим: ҳозир эса асримиз халифаси ўз қизини Султон у ёқда турсин, унинг қулларига бериб юборяпти, инно лиллоҳи ва инно илайҳи рожиун. 455 йили Тўғрулбек келди ва халифанинг қизига қўшилди, мерос ва солиқларни қайта тиклади. Бағдодга 150000 динор тўлов мажбуриятини юклади. Кейин Райга қайтди ва ўша ерда рамазон ойида қазо қилди. Аллоҳ уни кечирмасин. Ундан кейин султонликка биродари Адуддавланинг ўғли Хуросон ҳукмдори Алпарслон ўтирди. Қоим унга сарпо ва яроқ жўнатди. Заҳабий: Бағдод минбарларида султон унвони билан илк бор у зикр этилди. У подшоҳлардан бирортаси эришолмаган нарсаларга эришди. Кўп насоро юртларини фатҳ этди. Низомулмулкни вазир қилиб олади. У ўзидан аввалги вазир Амидулмулк даврида бўлган ашъария мазҳабини сўкишга (ҳақоратлашга) чек қўйди. Шофеъийликни қўллаб-қувватлади. Икки ҳарам имомига ва Абулқосим Қаширийга иззат-ҳурмат кўрсатди. “Низомия”ни бино қилди. Айтишларича, у фақиҳлар учун қурилган биринчи мадрасадир.
458 йили Бобул Азажда бир қизалоқ туғилди. Унинг танасида иккита боши, икки юзи ва иккита бўйни бор эди. Шу йили осмонда ўн тўрт кунлик ойдек келадиган бир юлдуз кўринди. Бу ҳодиса одамларни даҳшатга солди. У юлдуз ўн кеча туриб, сўнг нури пасайиб ғойиб бўлди.
459 (1067-66) йили Бағдоддаги Низомия мадрасаси қуриб битказилди.МударрисликкашайхАбуИсҳоқШерозитайинланди. Аммо одамлар йиғилганда келмади ва яширинди. Шунда “аш-Шомил” соҳиби Ибн Саббоғ дарс берди. Кейин шайх Абу Исҳоққа қаттиқ ялинаверишгач, охири рози бўлди.
460 йилида Рамлада даҳшатли зилзила рўй бериб, уни вайрон қилди. Ҳатто қудуқларнинг суви кўтарилиб кўриниб қолди. Аҳолисидан 25 минг одам ҳалок бўлди. Денгизни ўз соҳилидан бир кунлик йўлга суриб юборди. Одамлар остидаги ердан балиқ тутгани тушдилар. Шунда сув қайтиб қолиб, уларни ҳалок этди.
461 йили Дамашқжомеси ёниб кетиб зийнатлари завол топди, манзараси бузилди. Тилла шифтлари йўқ бўлди. 462-санада султон Алпарслон ҳузурига Макка амиридан элчи келиб ўзининг Аббосийларга хутба ўқиётганини, Мисрлик Мустансирга айтилаётган хутба тўхтатилганини, “ҳайя ала хайрил амал”ли азон тарк қилингани хабарини берди. Султон унга 30000 динор ва сарпо тортиқ қилди. Уларнинг бундай қилишларига мисрликларнинг узлуксиз бир неча йил давом этган қаттиқ қаҳатчилик туфайли кучсизлашиб қолганлари сабаб бўлди. 1 ардаб (дон) 100 динорга чиқди. Итлар беш динордан, мушуклар уч динордан сотилди.
“Ал-Миръот” соҳибининг ҳикоя қилишича, Қоҳиралик бир аёл бир муд (оғирлик ўлчови) гавҳарни кўтариб олиб ким буни бир муд (300-400) донга олади, деб кўчаларда юрганда ҳеч ким унга қараб ҳам қўймаган.
Мустансирнинг ҳокимияти кучсизлашиб Султон Алпарслон ва Қоимнинг ҳокимияти кучайганини кўришгач, 463 йили Ҳалабда ҳам хутба у икковининг номига ўқилади. Ўша йили Ислом ва Рум ўртасида жуда катта жанг бўлиб ўтди. Аллоҳга шукрки, жангда мусулмонлар ғолиб чикдилар. Уларга султон Алпарслон бош бўлган эди. Рум подшоҳи асир олиниб кейин жуда катта мол эвазига қўйиб юборилди. У билан 50 йилга тинчлик битими тузилди. Озод қилингач султонга: Халифа қайси тарафда? -деди. Ишора қилингач, у бошини очиб ўша тарафга қараб хизмат ишорасини билдирди.
464 йили жуда кўплаб қўйлар орасида вабо тарқади. 465 (1073-72) йилда Султон Алпарслон ўлдирилди, ўғли Маликшоҳ тахтга ўтирди. У “Жалолуддавла” лақабини олди. Давлат бошқарувини Низомулмулкка қайтарди. Унга “отабек” лақабини берди. Шундай лақабни биринчи бўлиб у олди. Унинг маъноси “бошқарувчи ота”дир.
Шу йили Мисрда қимматчилик кучайди, хатто бир аёл минг динорга битта нон олиб еди. Вабо жуда кўпайди.
466 йили Бағдодда улкан сув тошқини юз берди. Дажла 30 газгача кўтарилди. Ҳеч қачон бунақаси бўлмаган. Мол-дунё, одамлар ва ҳайвонлар ҳалок бўлдилар. Одамлар кемаларга чиқиб олишди. Икки марта жума намози “тайёр” (сол бўлса керак)нинг устида ўқилди. Халифа Аллоҳга тазаррулар қилди. Бағдод теп-текис бўлиб қолди. Юз минг ё ундан ҳам кўп уйлар бузилди.
467 йили 13-шаъбон пайшанба кечаси халифа Қоим би-амриллоҳ вафот этди. Бунинг сабаби, у қон олдиргач, ухлаб қолади, қон олинган жой эса очилиб кетади. Оқибатда кўп қон йўқотади, уйғонганда тинка мадори қуриган бўлади. Навараси ва валияхди Абдуллоҳ ибн Муҳаммадни чақиртиради ва васиятини қилиб кейин ўлади. У 45 йил халифа бўлди.
Унинг даврида вафот этган машҳур кишилар: Абу Бакр Барқоний, Абулфазл фалакий (астроном), муфассир Саълабий, ҳанафийлик шайхи Қудурий, файласуфлар шайхи Ибн Сино, шоир Меҳёр, “Ҳилъя” муаллифи Абу Нуайм, Абу Зайд Дабусий, “ат-Таҳзиб” муаллифи Бародаий моликий, Абул Ҳусайн Басрий мўтазилий, “ал-Эъроб” муаллифи Маккий, шайх Муҳаммад Жувайний, тафсир соҳиби Махдавий, Ифлилий, Самониний, Абу Амр Доний, «ал-Иршод» соҳиби Ҳалил, Салим Рози, Абулаъло Маъаррий, Абу Усмон Собуний, Бухорийга шарҳ ёзган Ибн Баттол, қози Абуттоййиб Табарий, қори Ибн Шито, Мовардий шофеъий, Ибн Боб Шоз, “аш-Шиҳоб” соҳиби Қузоий, наҳвшунос Ибн Бурҳон, Ибн Ҳазм зоҳирий, Байҳақий, “ал-Муҳкам” соҳиби Ибн Саййида, ҳанбалийлик шайхи Абу Яъло ибн Фаро, Ҳазрамий шофеъий, қироатлар ҳақидаги “ал-Комил” соҳиби Ҳузалий, Фарёбий, Хатиб Бағдодий, “ал-Умда” соҳиби Ибн Рашиқ, Ибн Абдулбар.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан