close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ал-Мўътамид Алаллоҳ Абул Аббос

Мўьтамид алоллоҳ Абул Аббос ёки Абу Жаъфар Аҳмад ибн Мутаваккил ибн Мўътасим ибн Рашид, у 229 йили туғилган. Онаси румлик, исми Фитён.

Мўьтамид алоллоҳ Абул Аббос ёки Абу Жаъфар Аҳмад ибн Мутаваккил ибн Мўътасим ибн Рашид, у 229 йили туғилган. Онаси румлик, исми Фитён.
Муҳтади ўлдирилган вақтда Мўътамид Жавсақда (Мавсилдаги жой) ҳибсда эди. У ердан уни чиқариб байъат бердилар. Кейин у укаси ал-Муваффақ Толҳани Машриққа “омил” (ҳоким) қилди. Ва ўғли Жаъфарни валиаҳд этиб, Миср ҳамда Мағрибни унга берди.
“ал-Муфаввиз илаллоҳ” деб унга лақаб қўйди. Мўътамиднинг ўзи ўйин-кулгуга, кайфу-сафога муккасидан кетиб, халқ билан иши бўлмай қолди. Одамлар уни ёмон кўриб укасини яхши кўрдилар. Унинг даврида ҳабашлар Басра ва унинг атрофига ҳужум қилиб, у ерларни ҳароб қилдилар. Қиличларини аямадилар, ўт қўйдилар, вайрон қилдилар, одамларни асир олдилар. Зинжий (қора танли) ва халифа аскарлари ўртасида бир неча жанглар бўлиб ўтди. Бу жангларнинг кўпида аскарларга укаси Муваффақ амирлик қилди. Бу воқеаларнинг ортидан шундай вабо пайдо бўлдики, у Ироқдаги қирғин-барот урушлардан ҳеч ҳам қолишмади. Бу вабодан ўлганларнинг сони ҳам ҳисобсиз эди. Кейин унинг ортидан бўлган ер ўпирилишлари, зилзилалар оқибатида минглаб одамлар вайроналар остида қолиб ҳалок бўлди. Ҳабашларнинг ҳужуми Мўътамид ҳукмронлик қилган 256 дан 270 (883-884) йилгача давом этди. Ўша йили уларнинг лаънати бошлиғи ўлдирилди. Исми Беҳбуз эди. У рисолатни инкор этиб, пайғамбарман ва ғайбни биламан, деб даъво қилур эди. Ас-Сувлийнинг айтишича, у мусулмонлардан 1, 5 млн. одамни ўлдирган. Басрада уч юз минг одам бир кунда ўлдирилган. Ўз шаҳрининг минбарига чиқиб олиб, у Усмон, Али, Муовия, Толҳа, Зубайр ва Оиша (р. а.) ни ҳақоратларди. Навкарлари орасида, икки ёки уч дирҳамга алавия аёл бор, деб жар солинар эди. Ҳар бир зинжийда яқинлик қилиш ва ишлатиш учун ўнтадан алавия аёл бор эди. Бу ифлос ўлдирилгач, бошини найзага санчиб Бағдодга олиб келишди. Ундан зийнат қуббаси ишланди. Одамлар Муваффақнингҳаққига дуолар қилишди. Шоирлар уни мадҳ этиб шеърлар айтишди. Ўша куни байрам бўлди. Халқ ором топди. У босиб олган Восит, Ромҳурмуз ва бошқа кўплаб шаҳарларга одамлар қайта кўчиб кела бошладилар.
260    йили Ҳижоз ва Ирокда ҳаддан ташқари қимматчилик бўлиб кетди. 1 кур (Ироқдаги ўлчов бирлиги) буғдойнинг нархи 150 динорга етди. Шу йили румликлар Луълуа шаҳрини босиб олдилар.
261    йилда Мўътамид ўз ўғли Муфаввиз илаллоҳ Жаъфарни ундан кейин ўз укаси Муваффақ Толҳани валиахдликка тайинлади ва уларга байъат олди. Мағриб, Жазира ва Арманистон ҳокими этиб ўғлини; Ироқ, Машриқ, Бағдод, Ҳижоз, Яман, Форс, Исфаҳон, Хуросон, Табаристон, Сижистон ва Синд ҳокими этиб укасини тайинлади. Ҳар бирига иккитадан оқ ва қора туғ топширди ва яна шундай шарт ҳам қўйди: Жаъфар балоғатга етмай туриб унга (Мўътамидга) бирор нарса бўлса, тахтни укаси олади. Бу аҳдномани Каъбанинг ичига осиб қўйиш учун қозиюл қузот (қозилар қозиси) Абушшаворибдан бериб юборди.
266    йили Рум аскарлари Диёрбакрга ҳужум қилдилар. Жазира ва Мавсил аҳолиси қочдилар. Ўша йили аъробийлар каъбапўшни талон-торож қилдилар.
267    йили Аҳмад ибн Абдуллоҳ Ҳижобий Хуросон, Кирмон, Сижистонни босиб олди ва Ироққа юриш қилишни қасд қилди. Қизиғи шундаки, у бир тарафига ўзининг исмини, иккинчи тарафига Мўътмиднинг исмини ёзиб, танга зарб қилдирарди. Йилнинг охирида эса ўз ғуломлари уни ўлдирадилар. Шу билан Аллоҳунинг шарридан бандаларини халос қилди.
269 йили Мўътамид ўз укаси Муваффакдан қаттиқ хавфсирай бошлади. Зеро, у 264 йилда Мўътамидга қарши исён қилган бўлиб, улар кейинчалик ярашишган эди.
Хафвсираши кучайганидан, шу йили Мўътамид Мисрдаги ноиби Ибн Тулун билан тил бириктиради ва Ибн Тулун Дамашққа келади. Мўътамид эса саёҳат баҳона Самаррадан чиқади, нияти Дамашққа бориш эди. Бундан хабар топган, Муваффақ уни қайтариб юбор деб: Исҳоқ ибн Кандожга хат ёзиб юборади. Ибн Кандож Насибиндан Мўътамид тарафга қараб йўлга тушади ва Мавсил ила Ҳадиса оралиғида унга йўлиқади. Мўътамидга бошқа гаплар билан бирга, “Эй амиралмўминин, укангиз душман билан юзма-юз турибди. Сиз эсангиз қароргоҳингиз ва дорулсалтанатингиздан чиқиб кетибсиз. Укангиз буни билса хорижий билан олиб бораётган жангини ташлаб қайтишига тўғри келади ва оқибатда душманларингиз ота-боболарингиз юртларини босиб олишади”, дейди.
Сўнгра Мўътамиднинг устидан бир жамоани қўяди (ва кетади). Унинг хос одамларига кўрсатмалар беради. Кейин эса бу ерда туришинг ярамайди, қайт орқангга деб одам юборади. Мўътамид эса, мен билан бирга борасан, лекин мени унга тутиб бермайсан, шундай деб қасам ич, дейди. У қасам ичади ва Самаррага (халифа турган шаҳар) бирга қайтади.
Муваффақнинг котиби Соид ибн Мухаллад уни кутиб олади. Исҳоқ Мўьтамидни унга топширади. У эса уни Аҳмад ибн Хусайбнинг ҳовлисига туширади. Халифалик саройига боришни ман этади. Ҳеч кимни қўймаслик учун устига 500 кишини тайинлайди. Бу ишдан хабар топган Муваффақ Исҳоққа сарпо ва совға-салом юборади. Мўътамидга қўшилган қўмондонларнинг ерларини олиб унга беради, ўзига Зуссанадайн лақабини беради. Соидга эса Зулвизоратайн деб лақаб қўяди. Соидни Мўътамиднинг хизматига тайинлайди. Лекин Мўътамидда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ қолмайди.
Бўйсундирилиб, назорат остига олинган илк халифа Мўътамид эди. Кейин Мўътамид Воситга олиб борилди. Ибн Тўлун (Тўлин) бундан хабар топгач, фақиҳларни, қозиларни, аъёнларни тўплаб деди, Муваффақ амиралмўминга хиёнат қилди. Энди уни валиахдликдан туширинглар. Қози Баккор ибн Қутайбадан ташқари барчалари уни туширдилар (маҳрум этдилар). Қутайба эса: “Сен менга уни (Муваффақни) валиаҳц қилганлиги ҳақида Мўътамиддан хат келтиргандинг, энди уни маҳрум қилганлиги ҳақида ҳам ундан хат келтиргин”, дейди. Ибн Тўлун:
- Ахир у (халифа) тутқунликда-ку?!
- Мен билмайман.
- Одамлар маккор дунёда тенги йўқ деб талтайтириб юбо-ришибди сени. Ваҳоланки, сен мияси айниган чол экансан, -дейди Ибн Тўлун ва уни ҳибсга олиб занжирбанд қилади. Ўтган йилларда унга берилган бойликларни, барини тортиб олади, улар ўн минг динор эди. Айтишларича, у пуллар Баккорнинг уйида муҳрлангани бўйича топилади (яъни ишлатилмай қандай бўлса, шундайлигича). Буни эшитган Муваффақ Ибн Тулунни минбарлардан лаънатлашга буюради.
270 (883-884) йили шаъбонда Мўътамид Самарага қайта-рилади. Бағдодга кирар экан, олдида Муҳаммад ибн Тоҳир найза кўтарган, аскарлар эса хизматда, худди у маҳжур (назоратда) эмасдек кириб келади. Ўша йили Ибн Тўлун қазо қилади. Шунда Муваффақ ўз ўғли Абул Аббосни унинг ўрнига тайинлайди. Уни қуроллантириб ироқлик аскарлар билан у ерга жўнатади. Ибн Тўлундан кейин унинг вилоятларини ўғли Хуморавайҳ ибн Аҳмад ибн Тулун бошқаради. У билан Абул Аббос ўртасида ўтган қаттиқ жанглардақонлардарёбўлибоқади.Мисрликларғолибчиқадилар. Яна шу йили Бағдоддаги Исо дарёси тошиб сув Карҳгача етиб 7000 хонадонни вайрон қилади.
Ўша йили румликлар 100000 куши билан Тарсусга ҳужум қиладилар. Мусулмонлар ғалаба қозонишади. Ҳисобсиз ғани-матларни қўлга киритадилар. Мислсиз, улкан ғалаба юз берган эди.
Ўша йили Яманда мисрликларнинг рофизий халифалари бўлмиш Бани Убайднинг бобоси Убайдуллоҳ ибн Убайд “ал-Махди” даъвати (оқими) пайдо бўлади. У 278 (891-92) йилгача ўша ерда туриб кейин ҳаж қилади. Ва Кутомалик бир қабила билан бирлашади. Уларга у ёқиб қолади ва уларни ўзи билан Мисрга олиб боради.
Қабиладаги итоат ва куч-қувватни кўрган Убайдуллоҳулар билан Мағрибгача боради. Маҳдининг шуҳрати ана шундан бошланади.
Ас-Сувлий деди: 271 йили ҳисба (муҳтасиблик) ишларига тайинланган Ҳорун ибн Иброҳим ал-Ҳошимий Бағдод аҳлига мис тангалар билан муомала қилишни буюради. Мажбуран мис тангани ишлатадилар. Кейинроқ эса бу тангалардан воз кечадилар.
278    йили Мисрнинг Нили қуриб қолиб ҳеч нарсаси қолмайди. Нарх-наво ошиб кетади. Муваффақ шу йили оламдан ўтади. Мўътамид ундан қутулади. Шу йили Куфада қарматийлик пайдо бўлди. Улар мулҳидлар (худосизлар)нинг бир тури бўлиб, жанобат (маний чиқиб булғаниш)дан ғусл қилиш йўқ ва чағир ҳалол, азонларида “Муҳаммад ибн ал-Ҳанафия расулуллоҳ”, иборасини қўшадилар, рўза бир йилда икки кун: Наврўз ва Меҳрижонда, ҳаж ва қибла Байтул Мақдисда ва бошқа шу каби даъволарни қиладилар. Жоҳиллар ва яхши одамларнинг орасида ҳам уларнинг сўзларига йўл топилди. Лекин халқ улардан безор бўлди.
279    йили Мўътамиднинг мавқеи жуда заифлашди. Бунга Муваффақ ўғли Абул Аббоснинг кўп ишларни ўз қўлига оволгани ва лашкарнинг ҳам унга бўйсуниши сабаб бўлди. Шундан кейин Мўътамид оммавий мажлис чақириб (қурултой чақириб), унда ўғли Муфаввизни валиаҳдликдан четлатганлигини гувоҳлар олдида эълон қилади ва Абул Аббосга байъат бериб, унга ал-Мўътазид лақабини беради.
Шу йили Мўътазид мунажжим ва қиссагўйларга йўлларда ўтирмаслик ҳақида фармон берди. Қоғозфуруш (китобфуруш) лардан фалсафа ва жадал (баҳс) китобларини сотмаслик ҳақида қасамёд талаб қилиб олди.
Мўътамид бўлса, шу йили тўсатдан ўлиб қолади. Баъзилар заҳарланган деса, баъзилар, йўқ, гилам билан бўғиб (димлаб) ўлдирилган, дейдилар. Бу ҳодиса ражаб ойидан 11 кун қолганда душанба кечаси юз беради. Унинг халифалиги 23 йил давом этган. Бироқ, ҳокимият укаси Муваффақнинг қўлида бўлганлигидан у тутқунликда яшади. Шунингдек, вафотига қадар Мўътазид тарафидан ҳам баъзи жиҳатдан назорат остида бўлди.
Унинг даврида ўлган машҳур одамлардан:Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, ар-Рабе ал-Жийзий, ар-Рабе ал-Муродий, ал-Музний, Юнус ибн Абдул Аъло, Аз-Зубайр ибн Баккор, Абулфазл ар-Райёший, Муҳаммад ибн Яҳё аз-Зуҳалий, шоир Ҳажжож ибн Юсуф, ҳофиз (ҳадисчи) ал-Ажалий, қозиюл қузот Ибн Абушшавориб, қори ас-Сувсий, Умар ибн Шабба, Абу Зуръа ар-Рози, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулҳакам, қози Баккор, Довуд зоҳирий, Ибн Дора, Бақий ибн Мухаллад, Ибн Қутайба, Абу Ҳотам ар-Рози ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase