Язид ибн Абдулмалик ҳаёти
Язид ибн Абдулмалик 690 йили Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу халифалиги вақтида Дамашқда таваллуд топди. Бу вақтда отаси Абдулмалик Шом ва Мисрни ўзлаштириб олган эди. Шунинг учун тўкин-сочинлик ва фаровонликда ҳаёт кечирди. У халифа бўлишидан олдин уламолар мажлисини ёқтирар, уларнинг илм ҳалқаларида доим қатнашар эди. Язид ибн Абдулмалик Мадина ва Шом уламоларидан таълим олди. Умар ибн Абдулазиз уни яхши кўрар эди.
Язид Умар ибн Абдулазиздан кейин 720 йили халифа бўлди. Чунки акаси Сулаймон Умардан кейин унга байъат қилишни васият қилган эди. Язид халифалигининг аввалида Умар ибн Абдулазиз каби иш юритишга ҳаракат қилди. Бироқ кейинчалик бунинг уддасидан чиқа олмади. Тарихчилар уни вақтини беҳуда ишлар ва жориялар билан ўтказганлиги ва қатъиятсиз бўлганлигини унинг нуқсонли тарафи сифатида зикр қиладилар. Доктор Абдуллоҳ Шариф у ҳақида шундай дейди: “Язид ибн Абдулмалик Муовия каби иқтидорли сиёсатчи, Абдулмалик каби моҳир бошқарувчи ва Умар каби ислоҳотчи бўла олмади. Айни пайтда ўғли Валид каби ёмон хулқли эмас эди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 384.)”.
Язид ибн Абдулмалик ҳаётини ёритган тарихчилар унинг жорияларга бўлган муносабатини айтадилар. Унинг икки жорияси бор эди. Улар қўшиқ айтиб Язидни хурсанд қилар эди. Кунлардан бирида улардан бири Ҳаббоба вафот этади. Язид унга қаттиқ қайғу чекади ва бир неча кундан сўнг 724 йили оламдан кўз юмади. Баъзи манбаларда унинг вафотига вабо ёки сил касаллиги сабаб бўлганлиги келтирилган. Доктор Муҳаммад Али Саллобий халифа Язиднинг касаллик сабабли вафот этганлигига алоҳида урғу бериб, унга далил сифатида умавий халифалар Шом шаҳарларида тарқаладиган касалликлардан сақланиш учун қишлоқ ва саҳроларда қасрлар қурганлиги ҳақидаги маълумотни келтиради(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 385.).
Язид ўзидан сўнг укаси Ҳишомни, ундан сўнг ўғли Валидни халифа бўлишини васият қилди.
Язид ибн Муҳаллаб исёни
Язид ибн Муҳаллаб Умар ибн Абдулазиз томонидан ҳибсга олинган эди. Бироқ у Умар халифалигининг сўнгида ҳибсдан қочди. Ибн Муҳаллабнинг укалари Муфаддал, Ҳубайб, Абдулмалик ва Марвон Басра волийси Адий ибн Артоҳнинг буйруғи билан ҳибсда сақланаётган эди. Язид ибн Муҳаллаб Басрада қўзғолон кўтариб, уни эгаллаб олди. Фарзандлари ва укаларини қутқариб, волий Адий ибн Артоҳни ҳибсга олди. Шундан сўнг у Басра вилояти таркибига кирув-чи Аҳвоз, Кермон, Форс ва Хуросонга ўз омилларини юборди. Ўзи Восит шаҳрига кўчиб ўтди ва укаси Марвонни Басрани идора қилиш учун қолдирди.
Халифа Язид ибн Абдулмалик акаси Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида Шом қўшинини ва жияни Аббос ибн Валид бошчилигида тўрт минг кишилик отлиқ қўшинни Муҳаллаб авлодларига қарши юборди.
Язид ибн Муҳаллаб ҳам ўғли Муовияни Воситда қолдириб, Шом қўшинига қарши курашга отланди. Ибн Муҳаллаб дастлаб укаси Абдулмалик қўшинини Аббос ибн Валид қўшинига қарши қўйди. Абдулмалик жанг аввалида ғалабага эришган бўлса-да, кейин мағлубиятга учради. Шундан сўнг унинг қўшини Язид ибн Муҳаллабнинг олдига чекинди. У барча қўшинини жамлаб, халифа қўшинларига қарши сафарбар қилди. Исёнчи Язиднинг шомликлар билан жанги 721 йили қадимий Бобил шаҳри ўрнидаги Ақир шаҳрида бўлиб ўтди. Саккиз кун давом этган жангда Язид ибн Муҳаллаб ва иниси Ҳубайб, Муҳаммад ҳалок бўлди. Унинг Муфаддал исмли укаси Воситга борди ва Язиднингўғли Муовия ва бошқаларни олиб, Басрага келди. У ердан кемага чиқиб, Кермонга йўл олди. Маслама ибн Абдулмалик унинг ортидан Мудрик ибн Дуб бошчилигида қўшин жўнатди. Мудрик ва исёнчилар ўртасида бўлган жангдан сўнг Муҳаллаб авлодларининг кўпчилиги қирилиб кетди. Улардан фақат Абу Уяйна ибн Муҳаллаб ва Усмон ибн Муфаддал турк ҳоқони олдига қочишга эришди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 236.). Тарихчи Халифа ибн Ҳайт (777-854) Муҳаллаб авлодлари-нинг Журжонда яшаб қолганлигини айтган.
Мовароуннаҳр ўлкасидаги исёнлар
Умар ибн Абдулазиз Хуросон волийси Абдураҳмон ибн Нуаймга фатҳ юришларини тўхтатиш ва исломни қабул қилганлардан хирож олмаслик тўғриси-да буйруқ берган эди. Язид ибн Абдулмалик халифа бўлгач, барча учун хирож солиғи тўлаш белгиланди. Бу эса аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарди. Мовароуннаҳрнинг айрим шаҳарлари исломдан қайтиб, эски динларига эътиқод қила бошлади. Ироқ волийси Маслама ибн Абдулмалик томонидан тайинланган Хуросон волийси Саид ибн Абдулазиз Мовароуннаҳрнинг Суғд вилоятига юриш қилди. Суғдларга Турк ҳоқонлиги қўшинлари ёрдамга келди. Хуросон волийси суғд ва туркларга қарши юришнинг биринчисида муваффақиятга эришган бўлса-да, кейин мағлубиятга учраб, кўп одамларидан айрилди.
Маслама ибн Абдулмаликнинг ўрнига Ироқ волийси этиб тайинланган Умар ибн Ҳубайра Саид ибн Абдулазизни Хуросон волийлигидан четлатиб, Саид Харошийни (722-723) волийликка тайинлади. Саид Ҳароший ҳам Мовароуннаҳрга юришни давом эттирди. У Суғдга 723 йилда келиб, барча амалдорлар ва заминдорларни араблар билан тузилган аҳдга қайтишга чақирди. Унинг чақириғи самара бериб, бир гуруҳ амалдорлар ўз одамлари билан таслим бўлди.
Фақат Панж ҳукмдори Деваштич (ваф. 723) ва баъзи мулқцорлар унга бўйсунмадилар. Улар Хўжандга чекинди. Саид Ҳароший Хўжандга қочиб кетган суғдларга нисбатан шафқатсиз кураш олиб борди.
Саид Ҳароший Хўжандда суғдларни қатл этгандан сўнг уларнинг бошлиғи Панч ҳукмдори Деваштичга қарши қўшин юборди. Деваштич Муғ тоғидаги мустаҳкам қалъасида эди. Араблар қалъани қамал қилдилар ва Деваштични ҳам ҳийла йўли билан қўлга олдилар. Қалъада қолганлар эса араблар билан сулҳ тузиб, қалъани уларга топширдилар. Араблар қалъадаги бор мол-мулкларни сотиб, пулини ўзаро бўлиб олдилар. Кейин Саид Кеш ҳукмдори билан 10 минг бош қул беришга сулҳ тузди. Бу вақтда Ироқ волийси Умар ибн Ҳубайра Хуросон волийси Саид Ҳарошийга мактуб ёзиб, Деваштични озод этишни буюди. Лекин Саид унга қулоқ солмасдан, Кешдан Самарқанднинг Рабин-жан мавзеига келганда, Деваштични қатл этди(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши // Сўзбоши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва курсагкичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: 2017. - Б. 328-330.).
Муғ тоғида Деваштичнинг 80 дан ортиқ мактуб ва бошқа ҳужжатлардан иборат шахсий архиви топилган. Ҳужжатларнинг асосий қисми суғд тилида, битта мактуб араб тилида, битта мактуб қадимги туркий тилда ва битта мактуб хитой тилида ёзилган. Суғд тилидаги ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, Деваштичнинг атрофидаги энг нуфузли амалдорлар Ут-тегин, Курчи, Утт каби туркий исмлар, шунингдек,тархон ва тегин каби унвонлар билан аталган. Муғ тоғида топилган араб тилидаги ҳужжатдан маълум бўладики, қўзғолон кўтаришдан олдин Деваштич Хуросон волийси амир Жарроҳ ибн Абдуллоҳ (717 -719 йилларда ҳукм сурган) нинг мавлоси бўлган, яъни унинг ёрдамида ислом динини қабул қилган. Бироқ кейинчалик араблар билан келишмовчиликлар юзага келиб, Самарқанд ҳукмдори Ғурак билан қўзғолон кўтарган.
Арманистондаги фатҳлар
Язид ибн Абдулмалик даврида Арманистонга бир неча фатҳ юришлари амалга оширилди. 721 йили Умар ибн Ҳубайра Арманистонга юриш қилди ва у ердан 700 га яқин кишини асир олиб қайтди.
722 йили Арманистондаги ҳазарлар бой берилган ҳудудларини қайтариб олиш учун арабларга ҳужум қилди. Унда халифа қўшини мағлубиятга учради ва кўплаб мусулмонлар ҳалок бўлди. Халифа Язидга юз берган воқеа хабари етганда, у 723 йили Арманистонга Жарроҳ ибн Абдуллоҳ бошчилигида қўшин жўнатди. Айни пайтда ҳазарлар ҳам арабларни қарши олиш учун Бобул-абваб шаҳрида тўпландилар. Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Арманистонга келиши билан атрофдаги араблар эгаллаган ўлкаларга ўз элчиларини юборди. У Шомдан 20 минг кишилик қўшин билан йўлга тушган эди. Атрофдан ёрдамчи кучларнинг келиши натижасида унинг қўшини 25 минг кишига етди. Ҳазарлар қўшини 40 минг кишига яқин бўлиб, уларга Ҳазар ҳоқонининг ўғли қўмондонлик қилаётган эди. 723 йил араблар ва ҳазарлар ўртасида бўлиб ўтган жангда ҳазарлар енгилди ва уларнинг кўпчилиги асир олинди(Муҳаммад Саллобий. Аддавла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят алинҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 399.).
Жарроҳ ибн Абдуллоҳ қўшинни ҳазар қалъаларини ва шаҳарларини фатҳ этишга йўналтирди. Уларнинг асосий қалъаларидан ҳисобланган Баланжир қалъаси эгалланди. Ундан кўп ўлжалар қўлга киритилди. Улар тақсимланганда бир отлиққа уч юз динордан тегди. Қалъа қўмондони қочиб кетиб, унинг оиласи асир олинди. Жарроҳ ибн Абдуллоҳ уларни озод қилди ва мол-мулкларини ҳам қайтариб берди. Албатта, унинг қилган иши исломнинг инсонпарварлик тамойилларидан эди.
Шундан сўнг Жарроҳ бошқа қалъаларни эгаллаш учун юришни давом эттирди. У кетганидан сўнг ҳазарлар ва мусулмонлар ўртасида иттифоқ тузилиб, улар фатҳ юришларида йўлбошловчилик қилишга рози бўлдилар. Жарроҳ қайтиб келгач, ҳазарлар билан бўлган иттифоқдан хабар топди ва халифа Язидга бу ҳақида мактуб ёзди. Айни пайтда Жарроҳ ибн Абдуллоҳ халифадан мадад кучлари юборишини сўради. Халифа унинг мактубини ўқиди. Бироқунинг илтимосини бажара олмай вафот этди. Язиддан сўнг халифа бўлган Ҳишом ибн Абдулмалик акасининг ишини давом эттириб, Жарроҳ ибн Абдуллоҳни Кавказ ўлкасининг амири лавозимида қолдирди ва унга фатҳ этилган ҳудудларни ҳимоя қилиши учун ёрдам кучларини юборди.
Византия ҳудудидаги фатҳлар
Язид ибн Абдулмалик даврида Византия ҳудудидаги фатҳлар чегараларни мустаҳкамлаш ва уларни кенгайтириш кўринишида намоён бўлди. Қуруқлик орқали Кичик Осиё ҳудудида ёзги ва қишки юришлар, денгиз орқали Ўрта ер денгизи ғарбий соҳилида жойлашган оролларга фатҳ юришлари амалга оширилди. Бу даврда Византия империясига қарши катта ҳарбий юриш амалга оширилмади.
Ўрта ер денгизидаги фатҳ юришлари халифанинг буйруғи билан Африка амири томонидан амалга оширилди. Африка амири Язид ибн Абу Муслим (720-721) Сицилия оролига 720 йили юриш қилди. Шунингдек, 721 йили Муҳаммад ибн Авс бошчилигида қўшин жўнатди. Ҳар иккала юриш ҳам муваффақиятли якунланди. Сицилия ороли халифалик учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, уни фатҳ этилиши бир томондан Византия империясини заифлаштирса, иккинчи томондан Византиянинг денгиз орқали Шимолий Африкага ҳужумини олдини олар эди.
Башир ибн Сафвон (721-728) Африка амири бўлган вақтда Сицилия, Сардиния, Корсика ороларига мусулмонларнинг фатҳ юришлари кенг ривожланди. Башир ибн Сафвон 722 йили Сардиния оролига қўшин жўнатди. Бу қўшин муваффақиятга эришди ва кўплаб ўлжалар билан қайтди.
Андалус амири Анбаса ибн Саҳим Францияга юришни давом эттирди. У Септиманияни эгаллаб, Рон дарёси ҳавзасига борди ва Леон шаҳрини эгаллади. Унинг қўшинлари Бургундия ҳудудигача кириб борди.
Хорижийлар
Язид ибн Абдулмалик даврида ҳам хорижийлар Куфада исён кўтардилар. Умар ибн Абдулазиз давридан буён волийлик қилаётган Куфа волийси Абдулҳамид уларни енгиш учун бир неча қўшин жўнатди. Бироқ унинг қўшинлари кетма-кет мағлубиятга учради. Шундан сўнг халифа унинг ўрнига Маслама ибн Абдулмаликни Куфа волийси этиб тайинлади. Маслама исёнчиларга қарши Саид Хароший бошчилигида ўн минг кишилик қўшин юборди. Саид Хароший бир неча юришлардан сўнг хорижийларни енгди ва уларнинг раҳбари Шузабни қатл қилди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 239.).
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан