close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нуҳ пайғамбар қиссасидан дарс ва ибратлар

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмларига жазо тариқасида юборилган Тўфон балоси ҳақида Қуръон оятларини ўқир эканмиз, аввало, бу бало инсоният бошига тушган балоларнинг энг қаттиғи ва даҳшатлиси эканини кўрамиз. Бундай жазога, ҳаттоки ундан қаттиқроғига ҳам Аллоҳ қодирдир:

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмларига жазо тариқасида юборилган Тўфон балоси ҳақида Қуръон оятларини ўқир эканмиз, аввало, бу бало инсоният бошига тушган балоларнинг энг қаттиғи ва даҳшатлиси эканини кўрамиз. Бундай жазога, ҳаттоки ундан қаттиқроғига ҳам Аллоҳ қодирдир:
«Нуҳ қавмини (эсланг)! Қачонки, улар пайғамбарларини инкор этишгач, Биз уларни ғарқ қилдик ва уларни одамлар учун ибрат қилиб қўйдик. Яна Биз (бу каби) золимлар учун (охиратда ҳам) аламли азоб тайёрлаб қўйгандирмиз». (Фурқон, 37)
Бу қиссанинг баёнида китобхон учун бир неча ибратли масалалар мавжуд:

1. Қиссани баён қилиш услуби
Аллоҳ таоло Тўфоннинг даҳшатини шундай тасвир этганки, бундаги балоғат ва фасоҳат Қуръони каримнинг мўьжизаларидандир.
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Улардан (Макка кофирларидан) олдин Нуҳ қавми ҳам (Уни) инкор этган эди. Улар бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончига чиқаришиб: «(У) бир мажнун», дедилар ва у (пайғамбарлик ижросидан) тўсиб қуйилди. Шунда у Парвардигорига: «Мен мағлубдирман, ёрдам қилгин!» деб дуо қилди. Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилувчи сув билан очиб юбордик. Яна Ердан булоқлар чиқариб юбордик. Бас, (осмон ва Ер) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш узра учрашдилар. Уни (Нуҳни) эса тахталару михлар ясамасида (кемада) кўтардик. У (кема) Бизнинг «кўзларимиз» ўнгида (ҳимоямизда) сузар. (Бу) инкор қилинган киши (Нуҳ) учун мукофотдир». (Қамар, 9-14)
Оятнинг маъносига эътибор берилса, Аллоҳ таоло агар «осмондан қаттиқ ёмғир ёғдирдик» ёки «Ердаги булоқлардан сув тоширдик» деса, бу иборалар бутун Ер юзига ёйилган Тўфон балоси тўғрисида тўлиқ тасаввур бермасди. Тўфоннинг тўхтатилиши ҳақидаги тасвирда эса балоғатнинг энг юқори даражасидан фойдаланилган, яъни Аллоҳ ўзининг ҳамма нарсанинг эгаси, ҳамма ишга қодир эканлигига ишора қилиш билан бирга, Тўфон балоси Унинг ҳукми ва бу, албатта, содир этилганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқлигини қисқа ва қатъий ибора билан баён этган:
«(Сўнгра) айтилди: «Эй Ер! Сувингни ютгин! Эй осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил)!» Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жудий (тоғи) узра қўнди ҳамда «Золимлар қавмига — ҳалокат!» дейилди. (Ҳуд, 44)
Оятдаги охирги жумла эса, ҳалок бўлганларнинг барчаси шундай жазога лойиқ бўлганларини кўрсатади.

2. Қуръоннинг барча хабарлари илмий ҳақиқатдир
Қуръони каримда шундай хабар ва маълумотлар борки, уларнинг барчасини ўн тўрт асрдан буён араблар ўз ақл-идрокларига яраша тушуниб келадилар ва тасдиқ этадилар. Бу маълумотларнинг ростлигини эндиликда турли миллат олимлари илмий тажриба, кузатиш ва таҳлиллар натижасида исбот қилмоқдалар. Илмий кашфиётлар билан ўз исботини топган маълумотлар Куръони каримда жуда кўп. Мисол тариқасида шулардан иккитасини кўриб чиқамиз.
Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида:
«Ойни улар ичида нур қилиб, қуёшни эса чироқ қилиб қўйди», (Нуҳ, 16) деган жумла билан, қуёшни ичидаги ёғ ва пилик ёрдамида ёнадиган чироққа, ойни эса унинг нуридан аксланиб ёруғ берадиган нарсага ўхшатади. Олимлар қуёш ва ой устида тадқиқот олиб бориб, қуёшнинг ёнаётган газ мажмуъасидан иборат эканини, у ўзининг ядросидан қувват олиб ёниши натижасида, ҳам иссиқлик, ҳам ёруғлик тарқатиб туришини, ой эса Ер сингари оддий моддадан иборат бўлиб, қуёшнинг нуридан аксланиб, оламга унинг нурини таратишини исботлаганлар.
Аллоҳ таоло ушбу сурада: «Аллоҳ сизларни (Одамни) ердан ундирди (пайдо қилди). Сўнгра (вафот этганларингизда) сизларни яна (ерга) қайтарур ва (Қиёматда) сизларни яна чиқарур», (Нуҳ, 17-18) деб инсоннинг асли ердан яратилганига ишора қиляпти. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг яратилиши тупроқдан бўлгани учун, унинг ҳаётини давом этиши ана шу тупроққа боғлиқдир. Инсон ўзига керакли моддани тупроқдан чиққан ўсимликлар, мевалар ва донлардан олади. Ҳаттоки, у ҳайвонларнинг, паррандаларнинг ва сувдаги балиқларнинг гўштини истеъмол қилса ҳам, уларнинг таркибида ердан униб чиққан ўсимлик моддаси мавжуд. Ўсимликларнинг манбаи эса ердир. Бу нарса биолог олимлар томонидан илмий исботланган ҳақиқатдир.
Демак, ўн тўрт аср аввал Қуръони карим орқали жуда қисқа иборалар билан айтиб ўтилган маълумотларнинг илмий исботланиши унинг мўъжизавий илоҳий калом эканлигига далолат қилади.

3. Аллоҳ наздида барча инсонлар тенгдир
Аллоҳ таоло Нуҳ пайғамбар замонидан бошлаб икки табақага киборлар ва фуқароларга бўлиниб кетган Одам авлодини бир-бирларидан ортиқликлари йўқлигини, ҳаммалари ҳам бир ота, бир онадан яратилганликларини, шунинг учун бир-бирларини камситмасдан, аксинча қўллаб-қувватлаб яшашлари лозим эканлигини эслатади. Чунки, киборлик иллати инсон кўзини кўр, ақлини заифлаштириб қўяди. Натижада, ундай кимсалар ҳақни тан олмайди, заифларга зулм қилишга ўтади, Аллоҳ ҳузуридан келиб, имонга даъват этадиган пайғамбарларни ҳам инкор этади, тажовуз қилади. Барча яхшиликлардан, неъматни бардавомлигидан, имондан ва охиратдаги мукофотдан манманлик сабабли маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссаларида ҳам икки табақанинг шундай тафовутини баён этади, уларнинг фуқаролари Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларига қулоқ тутган ҳолда, киборлари Нуҳнинг
пайғамбарликларини инкор қилдилар:
«Бас, қавми орасидаги куфрга кетган зодагонлари дедилар: «Сени (биз) худди ўзимиздек (оддий) инсон деб биламиз ва сенга фақат бечораҳол кишиларгина (ўйламай) бир кўришда эргашаётганини кўраяпмиз. Сизларнинг биздан ортиқ жойингизни кўрмаяпмиз. Балки, сизларни ёлғончи деб гумон қилмоқдамиз».    (Ҳуд, 27)
Зодагонлар ўзларини камбағаллар билан бирга тенг билиб Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватларини қабул этишга кўнмадилар, бунга улардаги манманлик йўл бермади. Бунинг устига улар, Нуҳ алайҳис-саломнинг ҳузурига келган ва имонни қабул этган камбағалларни ҳайдаб юборишни ҳам Нуҳ алайҳиссаломдан талаб қилдилар. Нуҳ алайҳиссалом эса уларга жавобан шундай дедилар:
«...Мен (сизларнинг талабингиз билан) имон келтирганларни (ҳузуримдан) қувиб чиқарувчи эмасман. Зеро, улар Парвардигорлари билан рўбарў бўлувчилардир. Лекин сизларнинг жоҳил қавм эканлигингизни кўриб турибман».    (Ҳуд, 29)
Аллоҳтаоло Нуҳ алайҳиссалом қиссалари орқали бойлар ва киборлар билан камбағал фуқаролар ўртасида бирор тафовут йўқлигини, киборлар учун ҳеч қандай имтиёз ҳам берилмаслигини баён этишни ирода қилди. Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳуқуқ ва вожибот-бурчда ҳамма инсонлар тенг. Фақатгина тақволи ва илмли инсонларгагина дунёда ҳам, охиратда ҳам фазл берилади:
«Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир».    (Ҳужурот, 13)
Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасидаги ояти каримада шундан огоҳлантирадики, агар бой ва киборлар Аллоҳ пайғамбарининг ҳақ даъватига қулоқосганларида, инсонлар орасида табақаланиш пайдо бўлмас эди.

4. Инсон жасоратли ва қатъиятли бўлиши керак
Нуҳ алайҳиссалом қиссаларидан яна бир дарс шуки, инсон сифатлари орасида жасорат ва қатъият жуда катта фазилатдир. Бу фазилат билан ҳар қандай муаммони ҳал этиш, ҳар қандай қийинчиликдан қутулиб кетиш мумкин.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ана шу фазилатни берган эди. Қавм уни жинни деб масхара қилди, тошбўрон қиламиз деб қўрқитди: «У (яъни Нуҳ) фақат бир жинни одамдир. Бас, уни бир (оз) вақтгача кузатиб туринглар», дедилар».    (Муъминун, 25)
«Улар дедилар: «Қасамки, агар (даъватингдан) тўхтамасанг, эй Нуҳ, албатта, тошбўрон қилинувчилардан бўлурсан!». (Шуаро, 116)
Нуҳ алайҳиссаломдаги ана шу жасорат ва қатъиятлик Аллоҳга бўлган имонларининг мустаҳкамлигида, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Унинг хоҳиш-иродасисиз амалга ошмасликка ишонишларида эди.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase