Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломни жуда қаттиқ синовга дучор этди. Ҳаёти давомида эришган обрўси, мол-дунёси ва бола-чақасидан бутунлай айрилгани етмасдан, унга аламли оғир дард ҳам берилди. Бу синов муддати жуда узоқ давом этди. Ниҳоят, Айюб алайҳиссаломнинг сабр-тоқатлари, Аллоҳдан ноумид бўлмасдан, унга ибодатда бардавом бўлишлари, имонларининг зангламасдан, заррача дарз кетмасдан, аксинча, аввалги неъматни шукрига шу азоб баробар эваз бўлармикан, деган фикрга бориб, азобдан завқ олишлари натижасида яна Аллоҳнинг марҳаматига эришдилар ва асл ҳолларига қайтдилар. Мазкур қиссада ҳам китобхон учун муҳим ибратлар бор:
1. Мусибатлар инсоннинг бахтсизлигига далолат қилмайди. Инсон ҳаёти давомида турли мусибатлар, синовлар, касалликлар ва омадсизликларга учрайди. Бу нарса (кўпчилик ўйлаганидек) унинг қилган бирор ёмон иши эвазига кўргилик эмас, эришган кетма-кет муваффақиятлари ҳам, унинг яхшилигига берилаётган мукофот эмас. Чунки, бу дунё қилмишига яраша жазоланадиган жой эмас, балки охиратга захира тайёрлайдиган майдондир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда:
«Дунё охиратнинг экинзоридир», деганлар. Бу дунёда қилинган яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам мукофот ёки жазосини Аллоҳтаоло охиратда беради.
Агар бу дунёда яхши ва мўмин одамга фақат яхшилик бўлганда, ёмон ва кофир одамга фақат ёмонлик берилганда эди, дунёда ёмон одам қолмасди, ҳеч ким Аллоҳни инкор этмасди, кофир бўлмасди.
Аксинча, дунё охират экинзори бўлгани ва инсон яхшилик, ёмонлик билан имтиҳон этиб синалгани учун, яхши одамларнинг ҳам, ёмон одамларнинг ҳам ораларида азобланаётганлар, иши юришмаётганлар, омадсизлар, фалокатларга йўлиққанлар бор. Улар орасида роҳатда яшаётганлар, мақсадига эришаётганлар, бой-бадавлатлар, омадлилар борки, бу синовлар ҳали уларнинг қайси бирлари бахтли, қайси бирлари бахтсиз эканлигини аниқлаш ва ҳукм чиқариш учун имкон бермайди. Ҳар икки тоифа учун ҳар икки ҳолат шунчаки бир синовдир. Аллоҳтаоло шундай дейди:
«Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар».
(Анбиё, 35)
Ҳаттоки, бундай синовлар пайғамбарлар устиларида кўпроқ ва қаттиқроқ бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
«Одамларнинг энг қаттиқ синовга учрайдиганлари пайғамбарлардир. Улардан сўнг авлиёлар, улардан кейин эса пастроқ даражадаги одамлар. Ҳар бир инсон имонининг даражасига мувофиқ, имтиҳон этилади. Имони салобатли кишининг синови ҳам ортиб боради».
Ҳар бир инсон даражаси ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳнинг синовларига имони билан бардош берса, сабр қилса, унинг мусибати муваффақиятга алмашади. Сабрининг натижаси эса охират учун захира бўлади. Қийинчилик ва мусибатларга сабр қилиш ҳамма пайғамбарлар ва уларнинг умматлари учун, шунингдек, Пайғамбари-миз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва умматлари учун ҳам мақтов ҳисобланади. Аллоҳтаоло Қуръони карим оятларида шундай деган «(Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз», дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир». (Бақара, 155-157)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларини доим сабрга чорлаганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Сабр имоннинг ярмидир».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ким ўзини сабрга ўргатса, Аллоҳ унга сабр неъматини беради. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ, неъмат берилмаган».
Араблар мақолида шундай дейилади: «Сабр нусратга етказувчи воситадир».
2. Нусрат фақат Аллоҳдандир. Қиссада баён этилишича, Айюб алай-ҳиссаломнинг мусибатдан аввалги ҳаётларида серибодат бўлганлари, эртаю кеч Аллоҳга илтижо ва дуода бўлганлари, Аллоҳ таоло эса бу бандасини барча неъмат билан сийлагани, бунга шайтоннинг ҳасади ва адовати қўзғаб: «Айюб алайҳиссаломнинг бундай ибодатда мустақим туришларига неъматлар сабабчидир. Агар бу неъматлардан жудо бўлса, ибодатдан ҳам юз ўгиради», деб Айюб алайҳиссаломнинг бошларига шунчалик мусибат тушишига сабаб бўлди. Аммо қиссадан шу нарса аён бўлдики, Айюб алайҳиссаломнинг кўп ибодат қилишлари неъматлар туфайли эмас, балки, имонларининг мустаҳкамлиги туфайли экан. Мусибатлар кетма-кет ёғилса ҳам, узоқ муддатга чўзилса ҳам, Айюб алайҳиссаломнинг имонлари янада қувватланди, ибодатлари янада самимийлашди ва илтижолари қаттиқ бўлди. Натижада, Аллоҳнинг марҳаматига эришдилар, шайтон эса ноумид бўлди.
Бундан хулоса шуки, ислом ибодатига янги кирган кишилар, агар бироз ишлари юришмай қолса ёки бирор диндор кишидан камчилик содир бўлса, дарҳол Аллоҳ билан урушиб: «Мен намоз бошлаганимдан кейин ишим юришиш ўрнига тескариси бўлди», деб ёки «фалончи намозхон бўлиб туриб айб иш қилди, бор мен намозхон бўлмайман», деб Аллоҳдан юз ўгириб кетувчиларга бу қиссада катта ибрат бор. Аллоҳ таоло фақат Ўзини деган ва: «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!», (Фотиҳа, 4) деган бандаларини ҳеч қачон ташлаб қуймайди ва дунёда ҳам охиратда ҳам хор қилмайди.
3. Ҳар бир дарднинг давоси бор. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломнинг дуоларини ижобат қилганидан кейин, оёқлари билан ерни тепиш ва шу ердан чиққан булоқ суви билан ювиниб ва ичиб покланишни буюрди. Аллоҳ таоло бусиз ҳам пайғамбари жисмидаги касалликни йўқ қилиб, ўша ондаёқ аслиларига қайтаришга қодир эди. Касалликка даво исташни, уни топиб, истеъмол қилиб, шу сабаб билан шифоланишни пайғамбарига буюрди. Демак, ҳар қандай бемор ҳам, ўз касалининг шифосини Аллоҳдан сўраш билан бирга, унинг сабабига киришиши, давосини қидириши лозим. Кўп даволаш воситалари орасидан қайси бирини сабаб қилиш эса Аллоҳга ҳавола.
Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Турли усуллар билан даволанинглар, сихҳат топасизлар!».
4. Сизларнинг энг яхшиларингиз оиласига яхши муносабатда бўлувчиларингиздир. Айюб алайҳиссалом обрўлари яхши, мол-дунёлари сероб, тан-жонлари саломат пайтларида аёлларига яхши муносабатда бўлдилар, меҳрибонлик қилдилар. Яхши едириб, яхши кийинтирдилар. Бошларига мусибат тушганда эса, аёллари ҳам яхшиликни қайтариб, ҳамма ташлаб кетса ҳам, у ташлаб кетмади, вафодорлик қилди, жуда меҳрибонлик билан касални боқди. Бу нарса барса мусулмонларга ҳам ибрат. Инсоннинг омади келиб, иши юришиб туриши ҳар қачон ҳам бир хил бўлмайди. Шунинг учун омадли пайтларда оилада ҳам, ҳамкасблар орасида ҳам ҳар бир қадамни ўйлаб босиш керак бўлади. Манманлик, оилага хиёнат, аёлларга ёмон муносабат ва миннат қилишдан узоқ бўлиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Нисо» сураси 36-оятида:
«Умр йўлдошингизга яхшилик қилинг», (Нисо, 36) деган бўлса, шу суранинг 19-оятида:
«Улар билан тотув турмуш кечиринглар», деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари аёлларига яхши муносабатда бўлиш билан бирга, умматларини ҳам шунга даъват қилганлар.
Айюб алайҳиссаломнинг қиссаларида аёллар учун ҳам яхши ибрат бор. Айюбнинг хотинлари эрининг омади кетган пайтда ҳам сабр-матонат билан унга қаради, вафо қилди. Эри билан ўтказган бахтли онларни унутмади ва бахтсиз кунларда ундан жирканмади ва юз ўгирмади. Натижада, Аллоҳдан мукофотини олди, яъни аввал йўқотган бахти, фаровонлиги қайтиб келди. Бунга қўшимча хотинининг «Пайғамбарнинг солиҳа хотини» мавқеъини сакдаб қолди, охиратда пайғамбар билан жаннатга кириш бахтига эга бўлди. Садоқатли аёлнинг холис хизматини Аллоҳ тақдирлаб, уни жазодан Ўзи қутултирди:
«Яна биз Айюбга айтдик: «Қўлингга бир боғ (новда)ни олиб, у билан хотинингни ургин — қасамингни бузмагин».
Ёшлик, соғлик, мансабдорлик ва омадли пайтларида эрлари билан ўйнаб кулган кўпгина аёллар бу қиссадан ўзларига хулоса чиқариб олишлари лозим. Эрининг иши орқага кетганда, қариганда ва касал бўлганда уни менсимасдан хорлайдиган, ўз ҳолига ташлаб қўядиган, хиёнат кўчасига кириб кетадиган ва унга танбеҳ берган эрига: «Мен сендан нима кўрдим, энди ўз билганимни қиламан, билганимча юраман!» дейдиган аёллар Айюб алайҳиссаломнинг хотинлари Раҳимадан вафодорликнинг ва сабрнинг мукофоти нима бўлишини ўрганиб олсалар ёмон бўлмас эди.
Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан