Бухтуннаср Байтул-Мақдисдан Бобилга қайтгандан кейин, икки шерни олиб келиб, уларни бир қудуққа ташлатди. Кейин Дониёл алайҳиссаломни ҳам олиб келиб, шерлар ташланган қудуққа уни ҳам ташлатди. Икки шер Дониёл алайҳиссаломни кўриб, ювош тортди ва унга тегмади. Шерлар билан бир қудуқда яшай бошлаган Дониёл алайҳиссаломнинг кўнгли таом ва ичимлик истади.
Аллоҳ таоло Шомда турган Армиё алайҳиссаломга ваҳий юбориб, Дониёл алайҳиссалом учун овқат ва ичимлик тайёрлашни буюрди. Армиё алайҳиссалом: «Эй Раббим, мен Шомда бўлсам, Дониёл Ироқ ери Бобилда бўлса, унга овқатни ким олиб боради?» деб сўрадилар. Аллоҳ таоло: «Сен овқатни тайёрла, мен сени ҳам, овқатни ҳам олиб борадиган нарсани тайёрлайман», деди.
Аллоҳнинг марҳамати билан Армиё алайҳиссалом Бобилга етиб бордилар ва қудуқ бошига бориб турдилар. Қудуқ тубидан Дониёл алайҳиссаломнинг: «Сен кимсан?», деган овозлари эшитилди. Армиё алайҳиссалом: «Мен Армиёман, мени Аллоҳ сизга юборди», дедилар. Дониёл алайҳиссалом: «Бандасини доим ёдга оладиган Аллоҳга шукрлар бўлсин, бандасини орзусига эриштирадиган Аллоҳга шукрлар бўлсин, яхшиликка яхшилик қайтарадиган Аллоҳга шукрлар бўлсин!»-дедилар.
Абул-Ашъас ал-Аҳмарий айтади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Дониёл алайҳиссалом парвардигорига: «Мени Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари дафн этсин!» деб дуо ҳилган эди».
Тустар шаҳрини Абу Мусо ал-Ашъарий фатҳ этганида, ўша ердан бир тобут топди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Дониёлнинг қабрини кўрсатса, унга жаннатнинг башоратини беринглар!» деган эдилар. Абу Мусо ал-Ашъарийга ушбу тобутни турган ерини кўрсатган одамнинг номи Ҳарқус эди.
Абу Мусо розийаллоҳу анҳу Ҳазрат Умарга мактуб ёзиб, топилган тобут ҳақида маълумот юборди. Умар розийаллоҳу анҳу жавоб хати йўллаб, унда: «Тобут эгасини дафн эт, Ҳарқусни эса менинг ҳузуримга юбор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жаннати эканлигига башорат берганлар», деб амр қилган эдилар.
Анбаса ибн Саъид айтади: «Абу Мусо топган тобут ичида Дониёл алайҳиссаломнинг жасадлари, унинг бош тарафида мусҳаф, унинг ёнида бир идишда ҳайвоннинг ёғи, теридан тикилган ҳамён, ичида эса қадимий тангалар, Дониёл алайҳиссаломнинг узуклари бор эди.
Абу Мусо бу ҳақда Ҳазрат Умарга ёзиб юборганларида, халифа: «Мусҳафни бизга юбор, ёғдан ҳам озгинасини юбор, мусулмонларга айт, ўша ёғдан шифоланишсин, тангаларни мусулмонлар ўртасида тақсим қил, узук эса сенга Дониёл алайҳиссаломдан табаррук», деб жавоб ёздилар.
Абу Мусодан ривоят қилинишича, у асирлардан тўрттасига буюриб, дарёни тўсдирган. Кейин унинг ўртасидан чуқур ковлатиб, Дониёл алайҳиссаломнинг жасадларини шу чуқурга кўмдирган ва устидан дарё сувини қўйиб юборган. Дафнда қатнашган тўртта асирнинг бошини кестирган. Шундай қилиб, Дониёл алайҳиссаломнинг дафн этилган жойларини Абу Мусо ал-Ашъарийдан бошқа одам билмасдан, сирлигича қолган.
Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан