close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Узайр алайҳиссалом

Узайр алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ёки валийликлари борасида уламоларнинг ихтилофли фикрлари мавжуд. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Байтул-Мақдиснинг яна обод этилиши ҳақида баён этиб, бир солиҳ инсон билан бўлиб ўтган воқеани келтиради.

Узайр алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ёки валийликлари борасида уламоларнинг ихтилофли фикрлари мавжуд. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Байтул-Мақдиснинг яна обод этилиши ҳақида баён этиб, бир солиҳ инсон билан бўлиб ўтган воқеани келтиради.
Бу солиҳ инсоннинг кимлиги, у Узайрми ёки Армиёми эканлиги тўғрисида ҳам ихтилофли ривоятлар келтирилган. Аллоҳтаоло шундай баён этади:
«Ёки бошқа бир киши (Узайр) кабики, (у) томлари йиқилиб, вайронага айланган қишлокдан (Байтул-Мақдисдан) ўтиб бораркан: «Аллоҳ бу харобага айланган қишлоқ (аҳли)ни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни (Узайрни) юз йил (муддатга) ўлдирди. Сўнгра уни тирилтириб деди: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?». «Бир кун ёки ярим кун», деди у. Аллоҳ: «Йўқ, юз йил турдинг. Таоминг ва ичимлигинга қара, бузилмаган. Энди, эшагингни (чириб кетганини) кўр! (Бу мўъжизаларни) одамларга сени ибрат қилишимиз учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин». Қачонки, унга (бу ишлар) аниқлангач: «Мен (энди) биламанки, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир экан», деди». (Бақара, 259)
Ҳишом ибн ал-Калбий айтади: «Аллоҳтаоло Армиё алайҳиссаломга ваҳий юбориб: «Мен Байтул-Мақдисни яна обод этмоқчиман, сен ўша ерга бор ва бирор ерини манзил эт!», деб буюрди. Армиё алайҳиссалом Байтул-Мақдисга келиб, уни ниҳоятда хароб ётганини кўрдилар ва ўзларича: «Субҳоналлоҳ, У мени Байтул-Мақдисда манзил қилишимни буюрди, бу шаҳарни яна обод этишини хабар қилди. Бундай вайрона, ўлик шаҳарни яна қачон ва қандай қилиб обод қиларкан экан-а?!», деб фикр қилдилар. Шуларни ўйлаб, эшак-ларини қозиққа боғлаб, хуржунни ерга тушириб, унга бош қўйганча ухлаб қолдилар. Шу ётганча, Аллоҳ таоло уни етмиш йил ухлатиб қўйди. Бу муддат ичида Бобил подшоҳи Бухтуннаср ўлди, ундан юқори подшоҳ Лиҳросиб ҳам ўлди.
Лиҳросибнинг ўрнига, унинг ўғли Биштосиб подшоҳ бўлди. Биштосибга, Бухтуннаср вайрон қилгандан буён Шом ерларида ҳаёт тўхтаб қолганини, Фаластинда одамлар эмас, ваҳший ҳайвонлар кўпаяётганини хабар қилишди. Биштосиб Бобилда Бани Исроил қавми орасида жарчи чақиртириб: «Агар кимда-ким ўз ватани -Шомга қайтишни хоҳласа, борсин, мен уларга Довуд наслидан бир подшоҳтайинлаб бераман», деб ваъда қилди. Янги подшоҳга Байтул-Мақдисни обод қилиш ва масжидни қайта қуришни топширди. Бани Исроил Шомга қайтиб, Байтул-Мақдисни обод қилдилар.
Аллоҳтаоло Армиё алайҳиссаломнинг кўзларини очириб, Байтул-Мақдисни қандай обод қилганини кўрсатиб, яна уйқуда давом этдирди. Бу уйқуга юз йил тўлгандан сўнг Аллоҳ таоло Армиё алай-ҳиссаломни ўринларидан турғизди ва ўзининг ўлик ерни қандай тирилтириб обод қилишини кўрсатди. Армиё алайҳиссалом шундан сўнг Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир эканлигининг гувоҳи бўлилар».
Юқоридаги ровийдан ташқари, Ибн Жарир, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Абдуллоҳ ибн Убайд ва бошқалар ҳам Аллоҳ таоло ояти каримасида баён этган ва юз йил вафот этиб, кейин қайта тирилган киши Армиё алайҳиссалом эканликларини айтадилар.
Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу , Абдуллоҳ ибн Салом, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу , Ҳасан ал-Басрий, Қатода, Ас-Суддий, Сулаймон ибн Бурда ва бошқа олимлар эса, Аллоҳтаоло юз йил ўлдириб, кейин қайта тирилтирган ва ўзининг мўъжизасини, қудратини намоён этган шахс Узайр алайҳиссалом эканликларини айтадилар. Уламоларнинг кўпчилиги Узайр алайҳиссалом эканликларига иттифоқ қилганлар.
Узайр алайҳиссаломнинг тўлиқ насаблари Узайр ибн Жарва ибн Савриқ ибн Адё ибн Айюб ибн Дарзано ибн Арий ибн Тақий ибн Усбуъ ибн Финҳос ибн Ал-Озир ибн Ҳорун ибн Имрондир. Узайр алайҳиссаломнинг қабрлари Дамашқдадир.
Исҳоқ ибн Башир жуда кўп саҳобалар, жумладан Абдуллоҳ ибн Салом, Ибн Аббос, Ваҳб ибн Мунаббаҳдан ривоят қилган ҳадисда шундай дейди: «Узайр алайҳиссалом солиҳ банда эдилар. Бир куни ўз боғчаларига бормоқчи бўлдилар ва йўлга чиқиб, хароб бўлган қишлоқ ёнидан ўтдилар. Ҳаво жуда иссиқ бўлганидан, эшакларини бир хароба уй томонга бурдилар. Уйнинг соясида бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида эшакларидан тушдилар. Хуржундаги идишни олиб, унга олиб келган узумни сиқиб шарбат тайёрладилар, хуржундан қотган нон ҳам чиқариб, тўғраб уни идишдаги шарбатга солдилар. Нон юмшагунча, ерга чўзилдилар ва харобанинг шифтига тикилдилар. Бу иморат йиқилмасдан турибди, аммо унинг эгалари алла-қачон оламдан ўтганлар ва жасадлари суякка айланиб ҳам бўлган.
Узайр алайҳиссаломнинг хаёлларига, «Аллоҳ таоло бу суякларни қандай йиғиб, уни яна аслига қандай келтириб, тирилтирар экан?» деган фикр келди. Аллоҳ таоло ўлим фариштасини юборди ва шу ондаёқ Узайр алайҳиссаломнинг жонларини қабз қилди. Узайр алайҳиссалом шу ҳолатда юз йил ётдилар. Бу орада Бани Исроил орасида қанча ишлар ва ўзгаришлар содир бўлди.
Аллоҳ таоло бир фариштани юбориб, аввал Узайрнинг ақлини, кейин икки кўзини тирилтирди ва кейинги ўз жасадидаги ўзгаришларга гувоҳ қилди. Суяклар қандай бирикканини, унга гўшт қандай қопланганини, тери билан қандай ўралганини ва жон кириб, қандай ҳаракат бошлаганини ўз кўзлари билан кузатиб турдилар ва ўринларидан қўзғолиб, ўтирдилар. Фаришта сўради: «Қанча ётдингиз?» Узайр алайҳиссалом: «Бир кун ёки ярим кун ётдим», деб жавоб бердилар. Чунки, у киши уйқуга ётган пайтларида кун энди кўтарилиб қиздира бошлаган, уйғонган пайтларида эса кун энди ботиш арафасида эди. Фаришта: «Йўқ, сиз юз йил ётдингиз. Таомингизга-қотган нон ва идишдаги шарбатга қаранг, ўзгармаган. Хуржундаги анжир ва узум ҳам ўзгармаган. Аммо эшагингизга қаранг, унинг ўзи тугул суяклари ҳам чириб кетибди», деди. Кейин эшакнинг суягига қараб амр этган эди, Аллоҳ таоло: «Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўргин», деганидек, Узайрнинг кўзлари олдида унинг сочилиб кетган суяклари ўз ўрнига келиб бирикди ва аста-секин жасади аслига қайта бошлади, кейин ҳанграб ўрнидан туриб кетди. Аллоҳ таоло айтади:
«Қачонки, унга (бу ишлар) аниқлангач: «Мен (энди) биламанки, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир экан», деди.
Узайр алайҳиссалом эшакларига миниб, ўзлари яшаган қишлоққа бордилар. Ҳеч ким Узайрни танимас, Узайр ҳам уларни танимас эдилар. Ўзларининг ҳовлилари турган жойга тахминан бордилар. Ҳовлида, ёши юздан ошган, икки кўзи ожиз, икки оёғи шол бир кекса кампирни кўрдилар. У кампир Узайр алайҳиссалом бу ердан чиқиб кетганларида, йигирма ёшли хизматкор эди. Замоннинг ўтиши уни шу ҳолга келтириб қўйибди. Узайр алайҳиссалом ундан: «Узайрнинг ҳовлиси шуми?», деб сўрадилар. Кампир: «Ҳа, мана шу, лекин уни кўп йиллардан буён кўрмадим. Одамларнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетди», деди ва йиғлади. Узайр алайҳиссалом ўзларини таништирдилар: «Мен Узайрман, Аллоҳмени юз йил ўлдириб, кейин қайта тирилтирди», дедилар. Кампир: «Субҳоналлоҳ, Узайр юз йилдан буён кўринмай кетган, у мустажобуд даъват эди, бемор ва мубталоларнинг ҳақига дуо қилса, шифо топишар эди. Агар сен Узайр бўлсанг, менинг ҳақимга дуо қил, Аллоҳ менинг кўзимни очса, сени албатта, танийман», деди. Узайр алайҳиссалом Аллоҳга илтижо билан дуо қилдилар
ва қўллари билан кампирнинг кўзларини силаган эдилар, унинг икки кўзи очилиб кетди, унга: «Аллоҳнинг изни билан тур!» деб хитоб қилган эдилар, оёқларининг шоллиги ҳам тузалиб, ўрнидан туриб кетди. Узайр алайҳиссаломнинг ёнларига келиб тикилди ва: «Гувоҳлик бераманки, шубҳасиз сен Узайрсан!» деди. Кампир Узайр алайҳиссаломнинг юз ёшли ўғиллари яшайдиган маҳаллага бориб, Узайрнинг тириклиги ҳақида уларга хабар берди. Узайрни кўргани Бани Исроил йиғилишиб келди. Узайр алайҳиссаломнинг ўғиллари: «Менинг отамнинг елкаларида қора холи бор эди, сен ҳам кўрсат!» деб талаб қилди. Узайр алайҳиссалом елкаларини очдилар ва шу ерда бўлганларнинг барчаси елкадаги қора холни кўрдилар.
Бухтуннаср Байтул-Мақдисни вайрон этганда, Тавротни ёқиб юборган эди. Бани Исроил дедилар: «Орамизда Узайр алайҳиссалом-дан бошқа Тавротни ёд биладиган киши йўқ эди. Агар сен Узайр бўлсанг, уни қироат қилиб бер!» деб талаб қилишди. Хароба даврида Абу Сарухо исмли бир киши бир нусха Тавротни ерга кўмиб қўйган эди. Аммо унинг кўмилган жойини Узайр алайҳиссаломдан бошқа киши билмас эди. Узайр алайҳиссалом Бани Исроилни Таврот кўмилган жойга бошлаб бордилар ва ҳамманинг олдида ерни ковлаб, муқаддас Тавротни олдилар. Кейин бир сояли жойга ўтириб, Бани Исроилнинг қуршовида варақлари титилиб, чириб кетган Тавротни қайта ёзиб чиқдилар. Тавротнинг ислоҳи тугалланиши билан, осмондан икки чақин тушди ва Тавротнинг ичига кириб кетди.
Тавротни янгилаганлари, Бани Исроилнинг шариат ҳукмларини аслига қайтарганлари, юз йилдан сўнг қайта тирилганлари ва осмондан икки чақин тушгани сабаб бўлиб, Бани Исроилнинг Узайр алайҳиссаломга бўлган эътиқодлари шударажада ортиб-ғовлаб кетдики, улар Узайр алайҳиссалом оддий инсон эмас, балки Аллоҳнинг ўғли деган даъвони қила бошладилар:
«Яҳудийлар: «Узайр—Аллоҳнинг ўғли», дедилар». (Тавба, 30)
Узайр алайҳиссалом Тавротни Шом ерида ўзлари вафот этган Сойиробоз қишлоғидаги Ҳазқил ибодатхонасида янгилаб берганлар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар:
«Узайр алайҳиссалом фарзандлари даврасида, улар оппоқ соч-соқолли кекса ҳолатда, ўзлари эса қирқ ёшли йигит ҳолатида ўтирар-дилар. Чунки, Аллоҳ таоло у кишини ўлдирган вақтда қирқ ёшда эдилар ва қайта тирилтирган вақтда ҳам шу ёш ва шу кўринишда тирилтирди. Аллоҳ айтади:
«(Бу мўъжизаларни) одамларга сени ибрат қилишимиз учун (келтирдик)». (Бақара, 259)
Шундай қилиб, Узайр алайҳиссалом Довуд ва Сулаймон ҳамда Закариё ва Яҳё алайҳиссаломларнинг орасидаги муддатда Бани Исроилга юборилган пайғамбарларнинг биридир. Бани Исроил орасида Таврот ҳам, уни ёд биладиган одам ҳам қолмагани сабабли, Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссаломга илҳом билан ёд олдирди ва яна қайта тиклади.
Ваҳб ибн Мунаббаҳҳам шундай фикрни билдиради: «Аллоҳтаоло бир фариштага буюрди, у нурдан бўлган маърифатни келтириб, Узайргаташлади. Узайр алайҳиссалом Тавротни ҳарфма-ҳарф қайта ёзиб чиқдилар.
Абдуллоҳ ибн Саломдан сўралди: «Нима учун яҳудийлар Узайрни Аллоҳнинг ўғли деб эътиқод қиладилар?».
Абдуллоҳ деди: «Чунки, улар Узайрни Мусодан ортиқ санардилар. «Мусо бизга Тавротни китобда олиб келди. Узайр эса китобсиз олиб келди, чунки у Аллоҳнинг ўғлидир», дедилар.
Уламолар Тавротнинг Мусо алайҳиссалом даврларидан бошлаб кетма-кет келган пайғамбарлар орасида қўлма-қўл бўлганини, Узайр алайҳиссаломнинг замонларида эса узилиш бўлиб, Таврот йўқотилгани ва Узайр алайҳиссаломнинг воситалари билан яна қайта тикланганини эътироф этадилар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Пайғамбарлардан бири дарахт тагида ўтирган эди, оёғини бир чумоли чақди. Пайғамбар дарахтни томири билан юлдириб, оловга ташлатди. Аллоҳ таоло унга вахий юбориб: «Сени чаққан чумоли бир донагина эмасмиди?» деб танбеҳ берди.
Ҳасан Басрий, Мужоҳид, Ибн Аббос ва бошқа муфассирлар:
«Ўша пайғамбар Узайр алайҳиссалом эди», деганлар.

аҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase