close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом

Юшаъ ибн Нун Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг пайғамбарлик мақомига эга бўлиб, Байтул-Мақдисни фатҳ этган киши ҳисобланадилар. Юшаънинг насаблари Ал-Халил Юшаъ ибн Нун ибн Афроим ибн Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Ақли китобларнинг эътирофича, Юшаъ Ҳуд алайҳиссаломнинг амакиваччаларидир.

Юшаъ ибн Нун Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг пайғамбарлик мақомига эга бўлиб, Байтул-Мақдисни фатҳ этган киши ҳисобланадилар. Юшаънинг насаблари Ал-Халил Юшаъ ибн Нун ибн Афроим ибн Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир. Ақли китобларнинг эътирофича, Юшаъ Ҳуд алайҳиссаломнинг амакиваччаларидир.
Юшаъ алайҳиссаломнинг номлари Қуръонда очиқ айтилмаган бўлса-да, Мусо ва Хизр қиссасида у зот ҳақларида сўз боради:
«Мусо (ўзининг хизматкор) йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунча ёки узоқ муддат кезмагунча юришдан тўхтамайман», деган пайтини эслангиз». (Каҳф, 60)
«(Мусо) йигитига: «Нонуштамизни келтир, ҳақиқатан, бу сафаримиздан жуда чарчадик», деди». (Каҳф, 62)
Убай ибн Каъбдан Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Мусонинг сафарда ҳамроҳ бўлган «йигити» Юшаъ ибн Нундир».
«Аҳли китоб»лар ҳам Юшаънинг пайғамбар эканлигига иттифоқ қилганлар. Ҳаттоки, улардан «Ас-Сомира» деб номланувчи бир тоифа, Мусодан сўнг фақат Юшаъ ибн Нуннинг пайғамбар бўлганини тан оладилар. Юшаънинг пайғамбарлиги Тавротда ҳам очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.
Тийҳ водийсидан чиқиб, Байтул-Мақдисни эгаллаш Мусо алай-ҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломга буюрилди. Мусо алайҳиссалом Бани Исроилни ўн икки қисмга бўлиб, уларнинг ҳар бир қисмига битта лашкарбоши тайинлаб, Байтул-Мақдисга киришга шай қилиб қўйдилар:
«Аллоҳ Исроил авлодидан аҳд олди ва Биз улардан ўн икки йўлбошчини юбордик. (Сўнгра) Аллоҳ деди: «Дарҳақиқат, Мен сизлар билан биргаман. Агарда намозни мукаммал адо этсангиз, закотни берсангиз, пайғамбарларимга имон келтирсангиз ва уларни шарафлаб, мадад берсангиз ҳамда (савобли ишлар қилиб) Аллоҳга чиройли «қарз» берсангиз, албатта, гуноҳларингизни кечаман ва остидан анҳорлар оқадиган боғлар (жаннат)га киритурман. Шундан кейин ҳам сизлардан кимки куфрга кетса, тўғри йўлдан бешак озган бўлур». (Моида, 12)
Аллоҳнинг амри билан Мусо алайҳиссалом Бани Исроилдан йигирма ва ундан юқори ёшдаги, қурол кўтаришга яроқли йигитларни танлаб олдилар. Уларни ўн икки қисмга бўлдилар ва уларнинг ҳар бирига бир нақиб (лашкарбоши) тайинладилар. Биринчи қисм Яъқуб алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Рубийлнинг сибти(қабиласи)дан танланган бўлиб, уларнинг сони қирқ олти минг беш юз киши эди. Унинг нақиби Алясур ибн Шадисур эди.
Иккинчи қисм — Шамъуннинг сибтидан танланган бўлиб, уларнинг сони эллик тўққиз минг уч юз кишидан иборат эди. Бу қисмга нақиб этиб Шалумиел ибн Хуришдай тайинланди.
Учинчи қисм — Яҳузонинг сибтидан танланган йигитлар эди. Уларнинг сони етмиш тўрт минг олти юз киши бўлиб, нақиби Нахшун ибн Аминозоб эди.
Тўртинчи қисм — Исохор сибтидан танланган, уларнинг сони эллик тўрт минг тўрт юз киши бўлиб, нақиби Нашаил ибн Савъар эди.
Бешинчи қисм — Юсуф алайҳиссаломнинг сибтларидан танлан-ган, уларнинг сони қирқ минг эллик кишидан иборат бўлиб, нақиби Юшаъ ибн Нун эдилар.
Олтинчи қисм — Мишо сибтидан танланган, уларнинг сони ўттиз бир минг икки юз киши, нақиби эса Жамлоил ибн Фадаҳсур эди.
Еттинчи қисм — Бинёмин сибтидан танланган, уларнинг сони ўттиз беш минг тўрт юз киши, нақиби Абийдан ибн Жадъун эди.
Саккизинчи қисм — Ҳод сибтидан танланган, уларнинг сони қирқ беш минг олти юз эллик киши, нақиби Алёсоф ибн Раъуил эди.
Тўққизинчи қисм — Ашир сибтидан танланган, уларнинг сони қирқ бир минг беш юз киши, нақиби Фажъийил ибн Акрон эди.
Ўнинчи қисм — Дон сибтидан танланган, уларнинг сони олтмиш икки минг етти юз киши, нақиби Ахийъазар ибн Амашдай эди.
Ўн биринчи қисм — Нафтоли сибтидан танланган, уларнинг сони эллик уч минг тўрт юз киши, нақиби Албоб ибн Ҳайлун эди.
Ўн иккинчи қисм — Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссалом сибтларидан танланган «Бану Лово» гуруҳи бўлиб, уларнинг сони йигирма икки минг киши эди. Бу қисм жангчилар гуруҳидан ҳисоб-ланмас, улар «Қуббатуз замон»нинг соқчилари, бирор тарафга кўчганда кўтариб юрадиган ҳаммоллари эдилар. Улар ҳар қандай юришда Бани Исроилнинг ўртасида турардилар. Уларни «қалб» деб аталар эди.
«Қуббатуз замон»нинг соқчиларини ҳисобламаганда, ўн бир қисмли Бани Исроил лашкарининг умумий сони беш юз етмиш бир минг олти юз эллик олтита эди.
Мазкур лашкар сафига Тийҳ водийсида адашишларидан аввал «жабборлар»нинг шаҳарига бориб, улар билан жанг қилишдан бош тортган ва Мусо алайҳиссаломга:
«Эй Мусо! Модомики, (улар) у ерда эканлар, биз сира у ерга кирмагаймиз. Сен (ўзинг) ва Раббинг бориб, (улар билан) жанг қилаверинглар. Биз эса шу ерда ўтирувчилармиз», (Моида, 24) деб итоатсизлик қилган кишилардан бирортаси кирмади, чунки улар саргардончиликка чидаёлмай ҳалок бўлиб кетган эдилар.
Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссалом Бани Исроил қавми-ни Байтул-Мақдисга киришга тайёрлаган бўлсалар-да, уларнинг умрлари кифоя қилмади, икки йил аввал Ҳорун алайҳиссалом , кейин эса Мусо алайҳиссалом вафот этдилар ва бу фатҳни амалга ошириш Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломнинг насибалари бўлди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаётлик пайтларида Аллоҳнинг иродаси билан Шомнинг фатҳи учун Усома ибн Зайд бошчилигида лашкар тайёрладилар. Ўзларининг умрлари кифоя қилмади. Вафотларидан сўнг ўринларига халифа этиб сайланган Абу Бакр розийаллоҳу анҳу бу ишни амалга оширдилар ва Шом фатҳ этилди.
Бани Исроилни Тийҳ водийсидан олиб чиқиб, Байтул-Мақдис томон йўл бошлаган зот Юшаъ ибн Нун эдилар.
«Аҳли китоб»лар ва тарих уламоларининг хабарларига қараганда, Юшаъ алайҳиссалом қавмни бошлаб, Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Арийҳо шаҳрига йўл олдилар. Бу шаҳарнинг деворлари мустаҳкам, баланд-баланд қасрлар билан ўралган, аҳолиси ҳам зич жойлашган эди. Бани Исроил Арийҳони олти ой қамал қилди. Кейин шаҳар тарафга қараб катта-катта карнайлар чалинди, Бани Исроил лашкарлари баланд овоз билан жўр бўлишиб: «Аллоҳу акбар!» деб бақир-дилар. Шаҳар деворлари бараварига қулаб туша бошлади. Лашкарлар шаҳарга бостириб кириб, аҳолидан ўн икки минг эркак ва аёлни қириб ташладилар, жуда кўп ўлжани қўлга киритдилар. Улар Арийҳони қўлга киритганларидан сўнг яна кўп Шом подшоҳлари билан жанглар қилдилар. Айтишларича, Юшаъ алайҳиссалом Шомнинг ўттиз битта подшоҳи билан жанг қилиб, уларнинг барчасини мағлуб этганлар.
«Аҳли китобларнинг ривоятларига қараганда, шаҳарнинг қамали жумъа кунининг аср намози пайтигача давом этди. Кун ботай деганда, Юшаъ алайҳиссалом: «Эй Қуёш, сен ҳам, мен ҳам Аллоҳнинг маъмурларимиз», деб кейин Аллоҳга: «Аллоҳим, қуёшни ботишдан ва ойни чиқишдан тўхтатиб тургин!» деб илтижо қилдилар. Аллоҳ Юшаънинг дуоларини ижобат этди ва қуёшни ботмасдан тўхтаб туришга, ойни эса тулуъ қилмасликка амр этди.
Жумъа куни кеч кирмасдан аввал шаҳар қўлга олинди. Бу кун биринчи ойнинг ўн тўртинчи кечаси эди. Ривоятда қўлга олинган шаҳар Арийҳо дейилган бўлса-да, аслида Байтул-Мақцис шаҳари эди. Қуёшнинг ботмай тутилиши, ойнинг тулуъ қилмаганлиги Байтул-Мақдис шаҳарига киришда содир бўлган. Чунки, Аллоҳнинг Юшаъ алайҳиссаломга қилган амри Байтул-Мақдисга кириш бўлган. Арийҳони ишғол этиш эса йўл-йўлакай бир васила эди, холос.
Имом Аҳмад «Муснад»да ривоят этишларича, Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Куёш инсон учун ҳаракатини тўхтатмаган, магар Юшаъ ибн Нунга Байтул-Мақдисга кирган кечада тўхтаган».
Мазкур ҳадис икки муаммони ҳал этиб беради: Байтул-Муқаддасни Мусо алайҳиссалом эмас, балки Юшаъ ибн Нун фатҳ этганлар; Қуёшнинг ботишдан тўхташи Арийҳога эмас, балки Байтул-Мақдисга киришда содир бўлган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Бани Исроил Байтул-Мақдис шаҳарига киришда Аллоҳга шукр айтувчи бўлган, тавозуъ билан ва эгилган ҳолда, «Ҳитта», яъни Аллоҳим аввалги сафар қавмимиз қилган густоҳликни афв этгин», деб киришга буюрилдилар».
«Уларга: «Шу шаҳар (Байтул-Мақдис)да истиқомат қилингиз ва ундаги хоҳлаган жойингиздан озиқланингиз ҳамда «кечир» деб, сажда қилган ҳолингизда дарвозадан кирингиз, шунда сизларнинг хато (гуноҳ)ларингизни кечирамиз. Эзгу амал қилувчиларга (савобимизни) зиёда қилурмиз», дейилганини (эсланг)».    (Аъроф, 161)
«Биз сизларга: «Ушбу қишлоққа (Қуддусга) кирингизлар ва унда хоҳлаган жойларингизда лаззатланиб, еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кириб, (Аллоҳга) «афв эт» денглар, шунда Биз хатоларингизни кечирамиз ва эзгулик қилувчиларга (ажру савобни ҳам) зиёда қилурмиз», деганимизни эслангиз». (Бақара, 58)
Абу Ҳурайра айтадилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Макка фатҳида бошларини эгиб, тавозуъ билан, Аллоҳга шукрлар айтиб кирганлар ва Маккага кирганларидан кейин ғусл қилиб, саккиз ракат нафл намоз ўқиб, меҳрибон Зот — Аллоҳга ҳамду сано ўқиганлар.
Бани Исроил Аллоҳнинг бу амрига итоат қилмасдан, «ҳитта (афв эт)» сўзи ўрнига «ҳинта (буғдой бер)» деган сўзни айтдилар:
«Шунда золим кимсалар уларга айтилган сўзни бошқа сўзга алмаштирдилар. Бас, қилган бу бузғунчиликлари туфайли Биз зулм қилганлар устига осмондан жазо туширдик». (Бақара, 59)
«Бас, улардан золим бўлганлари уларга айтилган сўзни бошқа сўзга алмаштирдилар. Натижада зулм қилганлари сабабли уларга осмондан азоб юбордик».    (Аъроф, 162)
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло Бани Исроилга: «Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда кириб, (Аллоҳга) «афв эт» денглар, шунда Биз хатоларингизни кечирамиз», деди. Улар Аллоҳнинг айтган сўзини ўзгартириб: «Буғдой донидан бергин!» деб орҳалари билан сакраган ҳолда дарвозадан кирдилар».
Аллоҳ таоло уларнинг итоатсизликлари, Парвардигор буйруғини менсимай масхара қилганлари туфайли осмондан тоъун (вабо) касалини юборди.
Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳу ва Хузайма ибн Собит розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тоъун бир аламли азобки, бу азоб билан сизлардан аввалги ҳавмлар жазоланганлар», дедилар».
Бани Исроил Байтул- Мақдисни тўла қўлга киритганлари ва жазодан холи бўлганларидан сўнг, Аллоҳнинг раҳмати туфайли шу ерда осойишта ҳаёт кечира бошладилар. Уларнинг орасида Аллоҳнинг пайғамбари бўлган Юшаъ ибн Нун умрларининг охиригача Аллоҳнинг Китоби бўлган Таврот билан ҳукм юргизиб, бир юз йигирма етти ёшда вафот этдилар. Мусо алайҳиссаломдан сўнг Юшаъ ибн Нун алай-ҳиссаломнинг пайғамбарлик муддатлари йигирма етти йил давом этди.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase