Шис алайҳиссаломдан кейин одамлар Аллоҳни қўйиб, ҳар хил бутлар ва санамларга сиғина бошладилар. Қобилнинг авлодлари бўлган бу адашган қавмга чин эътиқодни сингдириш, ёлғиз Аллоҳнинг ўзига ибодат қилишни ўргатиш учун Одам алайҳиссаломдан 1140 йил кейин дунёга келган Идрис алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилдилар.
Идрис алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари ҳақида ушбу ояти карималарда хабар берилади:
«Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсланг). Барчалари сабр қилувчилардандир». (Анбиё, 85)
«Яна (ушбу) Китобда Идрис (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у садоқатли пайғамбар эди. Биз уни юксак мақомга кўтардик». (Марям, 56-57)
Идрис алайҳиссаломнинг туғилган жойлари хусусида уламолар турли фикрлар айганлар. Баъзиларининг сўзларига қараганда, Идрис Мисрда туғилганлар. Мисрликлар у кишини «Ҳирмус ал-ҳаромиса» деб номлаганлар. Юнончасига Армис, ибронийчада Ханух, арабча Ахнух, Аллоҳнинг каломида эса Идрис дейилади.(Афиф Абдул-фаттоҳ Таббора. Маъал-Қуръонил карим, 56-б)
Уламоларнинг яна бир гуруҳлари шундай дейдилар:
Идрис алайҳиссалом Бобилда туғилганлар, шу ерда ўсганлар. Дастлабки илмни Шис ибн Одамдан ўрганганлар ва халқни Одам алайҳиссалом ва Шис алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилганлар. Идрис алайҳиссаломга кам одам итоат қилди, уларни олиб Мисрга келдилар. Мисрда ўзларига туширилган ўттиз саҳифалик шариат дастури билан қавмни бутпарастликдан қайтардилар, тўғри йўлга чақирдилар. Қобилнинг авлодлари эса Аллоҳнинг пайғамбарини писанд қилмай, ҳар хил ёмонликлардан завқландилар. Идрис алайҳиссалом улар билан жанг қилишга буюрилдилар. Уларнинг устидан ғолиб келиб, ҳақ динни улар орасига ёйдилар.
Идрис алайҳиссалом замонларига қадар одамлар ҳайвонлар терисидан кийим кийишар эди. Идрис алайҳиссалом эса матодан биринчи бўлиб кийим тиккан тикувчи бўлдилар. Ҳайвонларнинг юнгидан бўлган матони аёллар қўл билан тўқир эдилар.
Қалам билан биринчи марта ёзув ёзган, биринчи марта тош-тарозу ишлатган ҳам Идрис алайҳиссаломдирлар.
Идрис алайҳиссалом ўсимликлардан дори тайёрлаб, турли касалликларни даволар эдилар.
Дунёвий илм билан диний илмни шогирдларига қўшиб ўргатган биринчи муаллим ҳам Идрис алайҳиссаломдирлар.
Абу Зар ал-Ғифорий айтадилар: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй Абу Зар, мурсал пайғамбарларнинг тўрттаси сурёнийлардандир. Улар: Одам, Шис, Нуҳ ва Ханухдирлар. Ханух (Идрис) биринчи бўлиб қалам билан ёзган кишидир ва Аллоҳ таоло унга ўттиз саҳифа нозил этган».
Идрис алайҳиссалом ҳар куни намоз ва рўзадан ташқари 12 минг марта Аллоҳга тасбеҳ айтардилар. Кўп ибодат қилганларидан Идрис алайҳиссаломга Аллоҳ осмон сирларини очди ва у зот тириклайин юсмонга кўтарилиб кетдилар. Ҳилол ибн Ясоф айтадилар:
«Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Каъбул-аҳбордан сўраганларида мен ўша ерда эшитиб турдим. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу : «Эй Каъб, «Биз Идрисни баланд даражага кўтардик», деган оятнинг маъносини қандай тушунамиз?», деб сўрадилар. Каъбул-аҳбор шундай деб жавоб бердилар: «Аллоҳ таоло Идрис алайҳиссаломга: «Мен сизни ҳар куни барча одамзоднинг амали даражасида кўтараман», деб ваҳий туширди. Идрис алайҳиссалом янада амаллари кўпайишини хоҳладилар. Шу пайт Идрис алайҳиссаломнинг фаришта дўстларидан бири йўлиқиб қолди. Идрис алайҳиссалом унга: «Аллоҳ менга шундай ваҳий туширди, шунинг учун ўлим фариштаси билан гаплашайлик, (менга тегмай турса) мен янада кўпроқ амал қиламан», дедилар. Фаришта Идрис алайҳиссаломни қанотлари устига ўтирғизиб, тўртинчи осмонга кўтарилди. У ерда шошиб келаётган ўлим фариштасини кўришди. Идриснинг гаплари эсга олинганда, ўлим фариштаси: «Идрис қаерда?», деб сўради. Фаришта ўз устидаги Идрисга ишора қилди. Шунда ўлим фариштаси: «Таажжуб, Аллоҳ менга Идриснинг жонини тўртинчи осмонда олишимни буюрган эди. Мен: «Ердаги Идриснинг жонини қандай қилиб тўртинчи осмонда олар эканман!» деб келаётган эдим», деди ва Идрис алайҳис-саломнинг жонларини қабз қилди».
Марям сурасининг 56-57 ояти карималарида Идрис алайҳиссалом ҳақларида:
«Яна (ушбу) Китобда Идрис (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у садоқатли пайгамбар эди. Биз уни юксак мақомга кўтардик», дейилади ва Аллоҳнинг ҳузурида у зотнинг мартабаси юксаклиги билдирилади.
Идрис алайҳиссалом қиссасидан дарс ва ибратлар
Идрис алайҳиссалом биринчи файласуф ҳам ҳисобланадилар. У зотнинг қилган ишлари ва айтган сўзлари барчага ибратдир.
Идрис алайҳиссаломнинг узуклари кўзига қуйидаги гаплари ўйиб ёзилган эди:
«Аллоҳга имон келтириш зафарга элтади».
Идрис алайҳиссаломнинг намоз вақтида киядиган либосларида эса: «Ўзининг нафсига эътибор берадиган, яхши амаллари Парвардигор ҳузурида шафоат қиладиган киши энг бахтли кишидир», деб ёзилган эди.
Қуйидаги фалсафий гаплар ҳам Идрис алайҳиссаломга мансубдир:
Ҳеч бир киши Аллоҳнинг унга бераётган неъматларига муносиб шукр айтолмайди.
Аллоҳ ҳузурига дуо қилсангизлар, рўза тутсангизлар ва намоз ўқисангизлар ниятингизни холис қилинглар.
Одамларнинг бойлигини кўплигига ҳасад қилманглар, чунки ундан жуда оз фойдаланади.
Кимки керагидан ортиқ нарсага уринса, ҳеч нарса билан бой бўлмайди.
Умрбоқий бўлиш донишмандликдадир.
Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан