close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шис алайҳиссалом

Ҳазрати Ҳавводан доимо бир қиз-бир ўғил эгиз фарзанд туғилар эди. Эгиз туғилган болалар бир-бирларига никоҳланардилар.

Ҳазрати Ҳавводан доимо бир қиз-бир ўғил эгиз фарзанд туғилар эди. Эгиз туғилган болалар бир-бирларига никоҳланардилар.
Одам алайҳиссалом бир юз ўттиз ёшга етганларида, Шис алайҳиссалом йигирма бешинчи жуфт фарзанд бўлиб, синглиси Ҳазуро билан туғилди. Унга Ҳибатуллоҳ деб исм қўйдилар. Чунки Шис туғилган вақтда Жаброил алайҳиссалом: «Бу Ҳобилнинг ўрнига Аллоҳнинг берган ҳадясидир», деган эдилар. Аллоҳ таоло унга пайғамбарликни эҳсон қилди, эллик саҳифалик китоб туширди. Бу ҳақда Абу Зар ал-Ғифорийдан шундай ҳадис ривоят қилинган:
«Мен Расулуллоҳдан пайғамбарларга нечта китоб туширилганини сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Пайғамбарларга бир юз тўртта китоб нозил қилинган. Шис пайғамбарга эллик саҳифалик китоб тушган. Бугунги кунда яшаётган барча инсонларнинг насаби Шисга боради. Одамнинг барча фарзандларидан тарқалган инсонлар инқирозга учраб, битта ҳам қолмай йўқолиб кетганлар. Ҳозирги инсонлар эса Шиснинг авлодларидир».
Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари орасида Қобил ва Ҳобил исмли ўғиллари бўлиб, улар ҳам ўз эгизлари билан дунёга келган эдилар. Улар вояга етиб, Қобил деҳқончилик билан, Ҳобил эса чўпонлик билан шуғулланарди.
Уламолар Қобилнинг номи тўғрисида ихтилоф қилганлар: баъзиларининг фикрича, Қайн ибн Одам; яна баъзиларининг гумонича, Қобийн ибн Одам; бошқа баъзилари эса Қойин ибн Одам, деганлар.
Одам алайҳиссалом ўз одатларига кўра Қобилга Ҳобил билан туғилган эгиз қизни, Ҳобилга эса Қобилнинг эгизини никоҳлаб беришни ўйладилар. Аммо Қобил ўзи билан эгиз туғилган Иқлимани Ҳобилнинг никоҳиға беришни истамади. Ака-ука орасида жанжал чиқди. Одам алайҳиссалом ака-ука орасидаги бу адоват ўтини тадбир билан ўчирмоқчи бўлдилар ва ўғилларига: «Сизлар ўз маҳсулотларингиздан Аллоҳ йўлида қурбонлик қилинглар. Кимнинг қурбонлигини Аллоҳ қабул қилса, Иқлима ўшанга никоҳланади», деб шарт қўйдилар. Аллоҳ таоло Ҳобилнинг қурбонлигини қабул қилди. Бунга чидай олмаган Қобил Ҳобилни ўлдирди ва динидан айрилиб кофир бўлди. Дунёда биринчи ўлдириш шу тариқа содир бўлди. Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида шундай қисса келтиради:
«Уларга Одамнинг икки ўғли (Қобил ва Ҳобил) ҳақидаги хабарни ҳақиқати билан ўқиб беринг! Иккиси қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, унисидан эса қабул қилинмади.
(Қурбонлиги қабул бўлмаган Қобил укаси Ҳобилга): «Сени, албатта, ўлдиражакман!» деди. (Ҳобил) эса: «(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур. Агар мени ўлдириш учун қўлингни мен томонга чўзсанг, мен сени ўлдириш учун Сен томонга қўлимни чўзувчи эмасман. Ахир мен оламлар раббиси - Аллоҳдан қўрқаман. Мен эса, менинг гуноҳимни ҳам, ўз гуноҳингни ҳам (зиммангга) олиб кетишингни ва дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Золимларнинг жазоси шудир», деди. Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди».    (Моида, 27-30)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг ривоят қилишлари-ча, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қайси одамзод зулм билан ўлдирилса, қотилликнинг гуноҳи Қобил ибн Одамга ҳам етади, чунки, Қобил биринчи котилликни пайдо қилгаи эди».
Қобил укаси Ҳобилни ўлдирганда, унинг ёши йигирма бешда, Ҳобилники эса йигирмада эди.
Дамашқ шаҳри яқинидаги «Қосиюн» номли тоғнинг шимол тарафида бир ғор бўлиб, маҳаллий халқ уни «мағоратуд дам» (қонли ғор) деб атайдилар. Уларнинг эътиқод қилишларича, Қобил укаси Ҳобилни шу ерда ўлдирган.
Қобилнинг авлодлари Аллоҳ йўлида юрмадилар, дунёга кофир бўлиб тарқалдилар. Уларни ҳидоятга чақириш учун Аллоҳ таоло Шис алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.
Одам алайҳиссаломнинг ҳаётлик пайтларидаёқ, фарзанд ва набиралари қирқ мингдан ортиб кетди. Қобилнинг авлодлари мункир кишилар бўлиб, уларнинг орасида зинокорлик, ароқхўрлик ва бошқа бузғунчилик ишлари кучайди. Одам алайҳиссалом Шиснинг авлодларига Қобилнинг авлодлари билан қудачилик қилмасликни тайинладилар.
Қобил укаси Ҳобилни ўлдиргандан кейин, отаси Одамдан қочиб Яманга борди. У ерда Қобилга Иблис йўлиқиб: «Сенинг қурбонлигингни эмас, балки Ҳобилнинг қурбонлигини олов қабул қилди, чунки у оловга сиғинарди. Шунинг учун сен ҳам оловга сиғинсанг, келажакда сенинг ва авлодларингнинг ишлари яхши бўлади» деб васваса қилди. Қобил оловга сиғиниладиган биринчи ибодатхона қурди ва биринчи оловга сиғинувчи оташпараст бўлди.
Одам алайҳиссаломнинг васиятига амал қилиб, Шис алайҳиссалом авлодлари тоғдаги ғорларда бир неча муддат покликда яшадилар. Кейин амакиваччаларидан хабар олиб келиш мақсадида Қобил тарафга бориб, уларнинг аёллари билан аралашиб кетдилар. Шундай қилиб, Қобилнинг авлодлари кўпайиб, ҳамма ерни эгалладилар, ўз ораларида фасод кучайди, Аллоҳ унутилиб бут-санамларга сиғиниш бошланди, пайғамбарларнинг даъватлари таъсир қилмади ва Нуҳ алайҳиссаломнинг замонларида ёппасига тўфонда ғарқ қилиндилар.
Одам алайҳиссалом вафотларидан аввал Шис алайҳиссаломни васий этиб тайинлаган эдилар. Шис алайҳиссалом касал бўлганларидан кейин ўз ўғиллари Анушга васият қилдилар ва вафот этганларидан кейин Абу Қубайс тоғига Одам алайҳиссаломнинг ёнига дафн этилдилар. Шис алайҳиссалом 912 йил умр кўрдилар.
Шис алайҳиссаломнинг ўғиллари Ануш, отасининг васияти билан инсонларни бошқаришни ўз қўлига олди, пайғамбар бўлмагани учун фақат сиёсатни бошқарди ва дунёда биринчи подшоҳ ҳисобланди.
Тавротнинг хабарича, Ануш 905 йил умр кўрди. Ибн Исҳоқнинг ривоятига кўра, Ануш Ёниш ибн Шис деб келтирилади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг ривоятларига кўра, Ануш 90 ёшга кирганда Қайнон исмли ўғил кўрди. Қайнон 910 йил яшади.
Қайнон ва унинг хотини Дайнадан Маҳлоийл исмли ўғил туғилди. Маҳлоийл ибн Қайнон тарихда 40 йил подшоҳлик қилган ва унинг даврида кўп ободончиликлар, қурилишлар бўлган. У кўплаб дарахтларни кесдириб, иморатлар қурдирган, Ердан қазилма бойликларни қазиб чиқартирган, масжидлар қурдирган. Маҳлоийл даврида Ер юзида биринчи бўлиб икки шаҳар қурилган: бири Бобил, иккинчиси Сус.
Баъзи форс тарихчиларнинг ёзишларича, Маҳлоийлнинг номи Авшҳанж, лақаби Фишдоз (биринчи одил) бўлиб, бошига подшоҳлик тожини кийган ва халққа маъруза қилиб, унга подшоҳлик бобоси Каюмарсдан қолганини, у инс ва жинларнинг кофирларига ўч ва азоб қилиб юборилганини, Иблисга қаҳр қилиб уни ва аскарларини тоғларга, ўрмонларга, даштларга чиқариб юборганини, Иблиснинг одамзодга ёмонлик қилмаслиги учун у билан шартнома тузганлигини, ўзи барча иқлимларнинг подшоҳи эканини сўзлаган. У қурдирган икки шаҳар: бири Эрондаги Рай шаҳри, иккинчиси Табаристондаги Данбованд шаҳридир.
Маҳлоийл темирдан турли асбоблар ясаттирган, деҳқончилик ишларини кучайтирган, сув миқдорини ўлчайдиган асбоб ясаттирган, ваҳший, зараркунанда ҳайвонларни ўлдиришга, уларнинг териларидан кийимлар тайёрлашга буюрган, мол, кийик ва қўйларни тиғ билан сўйишни жорий этган подшоҳдир.
Маҳлоийл Ёрид исмли ўғил кўрди. Ёрид эса Ханух исмли ўғил кўрди. Ханух Идрис алайҳиссаломдирлар.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг
"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz

Ўхшаш мақолалар (калит сўз бўйича)

Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Идрис алайҳиссалом Одамнинг яратилиши »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase