close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу

Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон, солиҳ халифа, Абу Ҳафс, бешинчи хулофои рошидин.

Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон, солиҳ халифа, Абу Ҳафс, бешинчи хулофои рошидин.
Суфён Саврий деди: “Халифалар бешта: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ваУмар ибн Абдулазиз” (Буни АбуДовудўз “сунан”идаривоят қилибди).
Умар Мисрда отаси амири бўлган Ҳулвон қишлоғида 61 ёки бир ривоятда 63 йили туғилган. Унинг онаси Умар ибн Хаттоб ўғли Осимнинг қизи Умми Осимдур. Унинг пешонасида тиртиғи бор эди. Болалигида ҳайвон тепиб пешонасини ёрганда отаси унинг қонини артатуриб дебди: “Агар сен Бани Умайянинг пешонаси тиртиқлиги бўлсанг, бахтлисан” (Ибн Асокир ривояти).
Термизий “Тарих”ида ривоят қилган: “Умар ибн Хаттоб шундай дер экан: “Авлодимдан юзида тиртиғи бор бир киши чиқади”.
Ибн Саъд айтади: “Умар ибн Хаттоб дебди: “Жабр-зулмга ботган заминни адолатга тўлдирадиган ўша кишини билсам эди”.
Ибн Умар деди: “Умарнинг авлодидан ўзи каби ишлар қила-диган киши чиқмагунча дунё адо бўлмайди, деб юрардик” (Ибн Саъд).
Билол ибн Абдуллоҳ ибн Умарниниг ҳам юзида хол бор эди, шунинг учун Аллоҳ Умар ибн Абдулазизни бергунга қадар уни ўша бўлса керак, дейишар эди.
Қуръонни кичиклигидаёқ ёд олади, отаси адаб ўргансин деб Мадинага юборади. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳникига илм олиш учун тез-тез бориб турар эди. Отаси ўлгандан кейин Абдулмалик уни Дамашққа чақиртириб, қизи Фотимани унга беради. Халифа бўлмасидан олдин ҳам яхши одам эди. Лекин у фаровон ҳаёт кечиришни жуда яхши кўрар эди. Ана шунинг учун, унга ҳасад қилган ҳасадчилар уни бойликка берилганликда ва манманликда айблардилар. Валид халифа бўлгач, уни Мадинага амир қилиб тайинлади. 86-93 йиллари у ерда амирлик қилди. Кейин ишдан олиниб Шомга келди.
Валид укаси Сулаймонни четлатиб, ўз ўғлини валиахд қилмоқчи бўлади. Бунга кўпчилик шарифлар хохлаб-хохламай рози бўлишади. Умар ибн Абдулазиз эса кўнмайди ва бўйнимизда байъат бор, деб туриб олади. (Отаси Абдулмаликка берилган байъат) Валид унинг устидан суваб ташлайди. (Эшиксиз-тешиксиз қоронғу хужрага ташлайди). Уч кунда гуноҳини сўраб олишади ва бориб қарашса, бўйни эгилиб қолган экан. Сулаймон мана шу иши учун унга валиахдликни беради.
Зайд ибн Аслам Анасдан ривоят этди: “Расулуллохдан кейин у кишининг намозларига ўхшаб ўқилган намозни шу йигитдан бошқа ҳеч бир имомнинг кетидан ўқимадим”.
Ўша вақтда у Мадинада амир эди. Зайд ибн Аслам у кишининг намоз ўқишлари ҳақида шундай дейди: “Рукуъ ва сужудни маромига етказар, қиём ва қуудни эса енгил бажарар эдилар” (Бу ҳадисни Анас розияллоҳу анҳудан Байҳақий ва бошқалар келтиришган).
Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайндан Умар ибн Абдулазиз ҳақида сўрадилар, шунда у деди: “У Бани Умайянинг дурдонаси ва Қиёматда унинг ўзи бир уммат бўлиб тирилтирилади”.
Маймун ибн Маҳрон деди: “Умар ибн Абдулазиз қошида уламолар ўзларини шогирддек тутар эдилар”.
Абу Нуайм “саҳиҳ” ривоятчилар орқали Риёҳ ибн Убайдадан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз намозга чиққанда бир мўйсафидни ўз қўлига суяб чикди. Шунда ичимда бунча бу чол беандиша бўлмаса, дедим. Намоз ўқиб бўлингач, югуриб бориб “Аллоҳ амирнинг ишларини ўнгласин, қўлингизга суяниб олган ҳалиги чол ким эди?” деб сўрадим. У деди: “Эй Риёҳ, сен уни кўрдингми?
- Ҳа, - дедим.
- Сен солиҳ киши экансан. У биродарим Хизр бўлади. У менга бу умматнинг ишини тез орада бошқаражагимни ва унда адолат қилажагимни билдирди”.
Абу Нуайм, шунингдек, Абу Ҳошимдан ривоят қилади: “Бир киши Умар ибн Абдулазизга келиб деди: “Мен тушимда Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. Ўнг ёнларида Абу Бакр Сиддиқ, сўл ёнларида Умар турган эканлар. Шу орада икки киши жанжаллашди. Қаршиларида сен ўтирган экансан. Сенга, “Эй Умар, ҳукм қилганингда бу иккови каби ҳукм қилгин”, деб Абу Бакр ва Умарга ишора қилдилар”. “Аллоҳга қасам, шундоқ туш кўрдим”, деб қасам ичгин дедилар, у қасам ичди ва Умар кўзига ёш олди”.
Сулаймоннинг васиятига биноан, юқорида айтилгандек, 99 (718-17) йили сафар ойида Умарга байъат берилди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек икки йилу беш ой халифа бўлиб турдиким, ана шунда замин адолат билан обод бўлди. Ҳақ-ҳуқуқлар эгаларига қайтарилди ва суннати ҳасаналарни жорий этди. (Яхши қоида ва одатлар)
У валиахд эканлиги ҳақидаги номаўқилганда қотиб туриб қолди ва шундай деди: “Мен Худодан ҳеч қачон буни сўрамаганман”.
Уловлар нозири халифанинг туясини келтирганда унга ўтирмай, менга ўз хачиримни келтиринглар, деди.
Ҳакам ибн Умар деди: “Улов нозирлари ем-хашак ва хизмат ҳақи сўраб келганларида Умарнинг шундай деганига шоҳид бўлдим: “Уларни (уловларни) Шом шаҳарларига тарқатиб одамларга сотинглар. Пулини Аллоҳнинг молига қўшинглар. Менга эса ўзимнинг мана шу сур хачирим кифоя”.
Умар ибн Зарр деди: “Умар Сулаймоннинг жанозасидан қайтиб келаётганда мавлоси унга деди: “Нега бунча ғамгинсан?” У деди: “Менинг ҳолатимда ғамга ботилмай илож йўқ. Мен ахир умматнинг ҳар бири ўз ҳақ-ҳуқуқини у бу ҳақда арз қилиб ёзмасидан ва талаб қилиб сўрамасидан бурун ўрнига қўйгим келади”.
Амр ибн Муҳожир ва бошқалардан ривоят қилинади: “Умар халифа қилиб тайинлангач, Аллоҳга ҳамду санодан кейин, одамларга қаратиб шундай деди: “Эй одамлар, Қуръондан кейин ҳеч қандай китоб бўлмайди, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломдан кейин пайғамбар келмайди. Билиб қўйинг, мен тақсимловчи эмас, бажарувчиман, янгилик чиқарувчи эмас, эргашувчиман. Мен орангиздаги энг яхшингиз эмас, балки энг “юки” оғирингиз бўлдим.
Золим подшохдан қочган золим эмас. Холиққа қарши ишда махлуққа итоат қилинмас!”
Зуҳрий айтади: “Умар ибн Абдулазиз Солим ибн Абдуллоҳ (машҳур тобеин, ҳазрати Умарнинг набираси)га мактуб йўллаб, Умар ибн Хаттоб садақотларни нима қилгани ҳақида сўради. Солим унинг саволига жавоб йўллаб, деди: “Агар сен мана шу замонда, мана шу одамларга нисбатан, Умар ўз замонида ва ўз замонидаги одамларга нисбатан қилган ишларини қилсанг, Аллоҳнинг олдида Умардан ортиқроқ бўласан”, деди”.
Ҳаммод деди: “Умар халифа бўлганида йиғлади ва: “Эй Абу фалончи, мендан хавотирланмайсанми? - деди.
- Дирҳамни яхши кўрмайсанми?
- Йўқ, уни яхши кўрмайман.
- Унда қўрқма, АллоҳЎзи ёрдам беради”, дедилар”.
Муғирадан ривоят: “Умар халифа бўлаётганида Бани Марвон йиғиб деди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фадакда ерлари бўлиб, ундан сарфу харажатларда, Бани Ҳошимнинг бола-чақаларини боқишда, узатиш-уйлантириш ишларида фойдаланар эдилар. Фотима уни сўраганида унамандилар. У ерга Абу Бакр ва Умарнинг вақтларида ҳам тегилмади. Кейин уни Марвон қўшиб олди. Энди у ер Абдулазиз ибн Умарга ўтиб қолди. Мен эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага ҳам бермаган нарсада менинг ҳеч қандай ҳаққим йўқ деб ҳисоблайман ва сизнинг гувоҳлигингизда уни Пайғамбар алайҳиссалом даврларидаги ҳолатига қайтариб қўйдим”.
Лайсдан ривоят: “Умар тахтга ўтиргач, ишни аввал қариндош-уруғ ва оиласидан бошлади. Уларга қарашли мол-мулкларни тортиб олди ва уларни ноҳақ (ноқонуний) деб эълон қилди”.
Асмо бинт Убайд айтади: “Анбаса ибн Саид ибн Ос Умар ибн Абулазизнинг ҳузурига кириб, “Эй амиралмўминин, сендан аввалги халифалар бизга нафақа бериб туришар эди, сен эса тўхтатиб қўйдинг. Мени эса оилам бор, далам бор. Оиламдаги аҳволни яхшилаш учун даламга қайтишга рухсат берасанми?” Умар: “Ўзинингризқибизга кифоя қилувчиЗотнингЎзиқўлласин сизларни, ўлимни кўп эсла, зеро, у қийналаётган бўлсанг енгиллик, енгиллашиб кетган бўлсанг вазминлик беради”, деди”.
Фурот ибн Соиб айтади: “Умар ибн Абдулазиз хотини Фотима бинт Абдулмаликда отаси берган қимматбаҳо гавҳари бор эди. Умар унга: “Иккисидан бирини танла: ё тақинчоғингни байтул молга топшир ёки сен билан ажрашишга менга рухсат бер! Чунки мен, сен ва у бир уйда бўлишимизни хоҳламайман”. “Мен ундан ва унақа гавҳардан бир нечтасини сенга алмашмайман”, деди хотини. Гавҳарни байтул молга олиб бориб қўйишди. Язид халифа булганда Фотимага деди: “Истасанг уни қайтариб бераман”. “Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, тириклигида унга ёқмаган ишни ўлганидан кейин ҳам қилмайман”, деди у”.
Абдулазиз деди: “Умар ибн Абдулазизнинг ҳокимларидан бири унга шундай деб ёзди: “Шаҳримиз эскириб кетди. Амиралмўминин маъқул топсалар, уни таъмирлашимизга маблағ ажратадилар”. Умар унга шундай деб жавоб ёзди: “Шаҳрингни адолат билан обод қил, унинг кўчаларини зулмдан тозала, мана шу уни таъмирлаш бўлади, вассалом”.
Иброҳим Сакуний айтади: “Умар ибн Абдулазиз деди: “Ёлғон ёлғончиларнинг айби (белгиси, нуқсони) эканлигини билганимдан бери ҳеч қачон ёлғон гапирмадим”.
Қайс ибн Жубайр деди: “Бани Умайя авлодида Умар худди Фиръавннинг оиласидаги мўмин киши (Ғофир сурасида унинг қиссаси келган) кабидир”.
Маймун ибн Маҳрон деди: “Аллоҳ вақти-вақти билан пайғамбарлар юбориб инсонларни тарбиялар эди, Умар ибн Абдулазиз билан ҳам инсонларни тарбиялади”.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ деди: “Агар шу умматда Махди бўлса, у Умар ибн Абдулазиздир”.
Муҳаммад ибн Фазола деди: “Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдулазиз Жазирада бир роҳибнинг олдидан ўтганда, бунгача ҳеч кимга уловидан тушиб ҳурмат кўргазмаган роҳиб уловидан тушиб: “Нега туямдан тушганимни биласанми?” деди. “Йўқ”, дейди Абдуллоҳ. “Отанг учун тушдим. Биз уни адолатли подшоҳлар орасида худди муқаддас ойлар орасидаги ражаб каби биламиз”, дейди роҳиб”. Айюб ибн Сувайд унинг бу сўзини шундай тушунтиради: учта кетма-кети зилқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам бу, Абу Бакр, Умар ва Усмон, алоҳида бўлган ражаб эса Умар ибн Абдулазиздир”.
Ҳасан Қассоб деди: “Умар ибн Абдулазиз халифалигида саҳрода бўрини қўйлар билан бирга юрганини кўрдим ва “Субҳоналлоҳ, бўри қўйлар ичида уларга тегмай юрибдими?!” - дедим. Шунда подачи “Қачон бош соз бўлса, жасад саломат бўлади”, деди”.
Молик ибн Динор деди: “Умар ибн Абдулазиз халифалик вақтида қўйбоқарлар: одамларга халифалик қилаётган бу яхши одам ким экан? Унинг адолатидан бўрилар қўйларимизга тегмай қўйишди”, дейишарди”.
Мусо ибн Аъян деди: “Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврида Кирмонда қўй боқар эдик. Бўри билан қўйлар бир жойда ўтлар эди. Бир кеча бўри қўйга тўсатдан ҳамла қилди. Шунда ўша солиҳ одам вафот қилган бўлса керак, дедим. Ҳисоблашса, у ўша кеча ўлган экан”.
Валид ибн Муслим деди: “Менга айтишларича, хуросонлик бир киши дебди: “Бир одам тушимга кириб шундай деди: “Бани Марвондан чандиқли бир киши (халифа бўлиб) чиқса, тез бориб унга байъат бер, чунки у одил подшоҳ бўлади”. Шундан кейин мен ҳар халифа чиққанда у ҳақца сўраб турдим. Шундай қилиб, Умар ибн Абдулазиз чиқди ва уни тушимда уч марта кўрдим. Шундан сўнг бориб унга байъат бердим”.
Ҳабиб ибн Ҳинд Асламий: “Менга Саид ибн Мусаййиб деди: “Халифалар фақат учта: Абу Бакр, Умар ва Умар ибн Абдулазиз”. Мен унга дедим: “Абу Бакр ва Умар бизга маълум, аммо Умар ким?” У деди: “Тирик бўлсанг кўрасан, ўтиб кетсанг сендан сўнг бўлади”. Ибн Мусаййиб Умар халифа бўлишидан илгари вафот этиб кетди”.
Ибн Авн деди: “Ибн Сириндан тило (майнинг тури) ҳақида сўрашса, Умар ибн Абдулазизни назарда тутиб, Имомул ҳудо уни тақиқлаганлар, дер эди”.
Ҳасан айтади: “Маҳди бўлса Умар, бўлмаса Исо ибн Марямдан ўзгасимас”.
Молик ибн Динор дебди: “Одамлар менга айтишар эди, сен қандай зоҳид бўласан? Зоҳид фақат Умар ибн Абдулазиз, чунки у келиб турган дунёни тарк этди”.
Юнус ибн Аби Шуайб деди: “Умар ибн Абдулазиз семизлигидан кўйлагининг белбоғи кўринмас эди. Халифа бўлганидан кейин кўрганимда эса қўлимни теккизмай қовурғаларини санасам санай олар эдим”.
Унинг ўғли Абдулазиз деди: “Абу Жаъфар Мансур мендан халифа бўлмасидан бурун отангни бойлиги қанча эди?” деб сўради. “Қирқ минг динор эди”, дедим.
- Ўлганда қанча қолибди?
- Тўрт юз динор, тирик бўлганда бундан ҳам кам қоларди”.
Маслама ибн Абдулмалик деди: “Умар ибн Абдулазизни касал бўлганда йўқлаб бордим. Қарасам устидаги кўйлаги кир экан. Фотима бинт Абдулмаликка, “Кўйлагини ювмайсизларми?” дедим. У деди: “Аллоҳ ҳаққи, унинг бошқа кўйлаги йўқ”.
Умарнинг ғуломи Абу Умайя ал-Хусай деди: “Бир куни бекамнинг олдига кирдим. У менга нўхатдан нонушта берди. Мен: “Ҳар куни нўхат экан-да”, дедим. “Эй болам, хўжанг ами-ралмўминнинг овқати фақат шу”, дедилар”.
Абу Умайя деди: “Оғир ётганида қўлимга пул бериб, қабристонга бор, эгаларига айт, ер хаққини олишсин, бўлмаса бошқа жойни танлайман”, деди. Бориб шундай деган эдим, бошқа жойга қўйилишини истамаймиз, бўлмаса пулини олмаган бўлардик, дейишди улар”.
Саҳл ибн Садақа деди: “Умар халифа бўлгач, унинг ҳовлисидан йиғи товуши эшитилди. Одамлар бу ҳақда бир-бирларидан сўрадилар. Шунда айтдиларки, Умар ўз жорияларига кетмоқ ихтиёрини бериб, “менга шундай вазифа юкладиларки, сизларга вақт ажратолмай қоламан. Озод бўламан деганларингизни озод қилдим, бўлди. Қолишни истаганларингиз бўлса қолдирдим, гарчи менинг унга ҳожатим бўлмаса ҳам!” дебди. Ана шунга хафа бўлиб йиғлашаётган экан”.
Аёли Фотима деди: “Уйга кирди дегунча ўзини жойнамозга урар, сўнг то уйқу енгунча йиғлаб, дуолар қилаверарди. Кейин уйғониб тун бўйи яна ўша ишни давом эттирар эди”.
Авн ибн Маъмар дебди: “Умар хотинига, “Эй Фотима, (бир) дирҳаминг борми, узум олмоқчи эдим?” деди. “Йўқ, - деди у, -мўмининлар амири бўла туриб, узум сотиб олишга бир дирҳаминг ҳам бўлмаса?!
- Эрта қиёматда жаҳаннамнинг кишанларига чора топишдан кўра бу осонроқ, - деди шунда Умар”.
Аёли Фотима айтади: “Аллоҳ унга халифаликни берганидан то вафотигача на жанобатдан ва на эҳтиломдан ғусл қилганини биламан”.
Валид ибн Аби Соиб айтади: “Умардан тақводор одамни ҳеч ҳам кўрганим йўқ”.
Саид ибн Сувайд деди: “Умар одамларга имом бўлиб жумани ўқиди, эгнидаги кўйлагининг олди ва орқасида ямоғи бор эди. Шунда бир киши: “Эй амиралмўминин, Аллоҳ ахир сизга бериб қўйибди, ана шундан кийиниб олсангиз бўлар эди”, деб қолди. Ерга қараб бирпас турди-да, кейин бошини кўтариб деди: “Энг афзал (ҳақиқий) мўтадиллик (меъёрли бўлиш) мансаб ва бойликка эришгандан кейингисидир ва энг афзал кечирим эса куч-қудратинг борлигида бўлганидир”.
Маймун ибн Маҳрон деди: “Умарнинг шундай деганини эшитдим: “Сизларга эллик йил халифа бўлганимда ҳам ўртангизда адолатни тўлиқ ўрнатолмас эдим, мен сизга бир (адолатли) ишни буюрмоқчи бўламан, лекин уни қалбингиз (кўнглингиз) кўтаролмайди деб қўрқиб, унга дунё орзуларидан бирини қўшиб бераман, кўнглингиз бунга кўнмаса наригинга кўнар дейман-да!”
Иброҳим ибн Майсара айтади: “Товусга, Маҳди у эмасми?” -дедим. Товус деди: “У эмас, у - Махди (ҳидоятли), у адолатни батамом камолига етказган эмас”.
Умар ибн Усайд деди: “Аллоҳ ҳаққи, Умарнинг ўлимига яқин, одамлар бизга катта-катта бойликларни келтириб бериб буни хоҳлаган жойингизга ишлатинг дейдиган бўлишди ва бу ҳали уларнинг бор бойликлари эмас эди. Умар одамларни шунақа бойитиб юборган эди”.
Жувайрия деди: “Али ибн Аби Толибнинг қизи Фотима розияллоҳу анҳонинг олдига кирганимизда Умар ибн Абдулазизни мақтаб шундай деди: “У тирик бўлганда, ҳозир ҳеч кимга муҳтож бўлмас эдик”.
Ато ибн Аби Рабохдан ривоят: “Менга Умарнинг хотини Фотима деди: “Мен Умарнинг олдига кирсам жойнамоз устида кўз ёш тўкиб ўтирган экан. “Эй амиралмўминин, бирор кор-ҳол юз бердими?” - дедим. “Эй Фотима, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан оқу қизили - барининг хизмати бўйнимга тушган. Шундай экан, қорни оч фақирлар, чорасиз беморлар, нотавон яланғочлар, хўрланган мазлумлар, кимсасиз асирлар, қари чоллар, серфарзанд камбағал оталар, мискин бечоралар ва бошқа шулар каби чекка-чекка ерлар ва узоқ ўлкалардаги одамлар ҳақида ўйладим. Чунки, биламанки Парвардигори Эгам қиёматда улар ҳақида мени сўроққа тутади. Шунда жавоб тополмай қолмасам эди деб қўрқиб йиғлаётгандим”, деди”.
Авзоий айтади: “Умар ибн Абдулазиз уйда ўтирган, ҳузурига Бани Умайянинг шарифлари келишган эди. Умар: “Ҳар бирингизни аскарбоши қилиб қўйишимни истайсизларми?!” деди. Шундаулардан бири, “Қилмайдиган ишингни нима қиласан айтиб?” деб қолди.
-    Мана бу гиламимни кўраяпсизми, эскириб кетган шу гиламни ҳам оёқларингиз билан босиб ифлос қилишингизни истамайман-ку, қандай қилиб сизларга мусулмонларнинг обрў-ларини, ҳаёт-мамотларини топшириб қўя оламан?! Йўқ, йўқ, бундай қилолмайман, - деди у.
-    Нимага ахир, сен билан биз қариндошмиз-ку! Бизнинг ҳаққимиз йўқми?
-    Бундай ишда сиз ва энгузоқ мусулмон - менга баб-баравар!” Ҳумайд деди: “Ҳасан (Басрий) Умарга етказишим учун менга
бир хат ёздирди. Унда муҳтожлиги, оиласининг (катталиги) ҳақида арз қилганди. Умар унга нафақа беришга буюрди”.
Авзоий деди: “Умар ибн Абдулазиз бировни жазолашдан бурун уни уч кун ҳибсда тутар эди. Дастлабки жаҳл устидаги шошма-шошарлик бўлиб қолмасин деб”.
Жувайрия бинт Асмо айтади: “Умар ибн Абдулазиз деди: “Менинг нафсим қонмайдир. Дунёдан нимани бермай ундан яхшироғини талаб қилаверадир. Бу дунёда тенги йўқ нарсани бердим. У эсаундан ҳам аълосини талаб қилди. Яъни, Жаннатни”.
Амр ибн Муҳожир айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг кунлик маоши 2 дирҳам эди”.
Ато Хуросоний айтади: “Умар ғуломига сув иситишни буюрди. У югуриб бориб кичкина қумғонда омма ошхонасидан сув иситиб келди. Шунда Умар 1 дирҳамли ўтин олиб ошхонага обориб қўйишни унга буюрди”.
Амр ибн Муҳожир айтади: “Умар мусулмонларнинг иши билан банд бўлганида бир шамни, уларнинг ишидан бўшагач, уни ўчириб ўз шамини ёқтирар эди”.
Ҳакам ибн Умар айтади: “Халифада уч юзта қўриқчи ва шунча миршаби бўлар эди. Умар уларга: “Сиз такдирга тўсқинлик қилолмайсиз, ажалдан сақлолмайсиз, қоламан деганларга 10 динор бераман, кетаман деганларга рухсат”, деди”.
Амр ибн Муҳожир деди: “Умар ибн Абдулазизни жуда олма егиси келди. Қариндошларидан бири унга олма ҳадя қилди. Олмаларни кўриб нақадар чиройли ва хушбўй экан деди. Сўнгра: “Эй ғулом, буни келтирган одамга қайтариб юбор ва унга салом этиб қўй. Ҳадянгиз жуда ёқди деб айт”, деди. Шунда мен дедим: “Эй амиралмўминин, у сизга жиян, қариндош, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам ҳадяни олганлар-ку!” “Эҳ нодон, Пайғамбарга берилган ҳадя - ҳадя эди, бугун у бизга пора бўлади”, деди у шунда”.
Иброҳим ибн Майсара айтади: “Халифа Умар ибн Абдулазиз бир одамдан бошқани урганини кўрмаганман. У одам Муовияни ҳақорат қилган эди. Унга уч дарра урди”.
Авзоий вйтади: “Умар ибн Абдулазиз қариндошларига бериб турилган хос улушларини тўхтатганида, улар шикоят қилишди. Шунда уларга деди: “Сизларга менинг молим етмайди, мана бу бойликларда (хазинадаги) эса сизнинг ҳақққингиз энг чекка қишлоқдаги энг бегона одам билан баб-баравар”.
Абу Умар деди: “Умар ибн Абдулазиз Ҳажжожга тегишли ҳукмлардан одамларнинг (саҳобалар) ҳукмларига зид бўлганларини бекор қилишга фармон берди”.
Яҳё Ғассоний деди: “Умар ибн Абдулазиз мени Мавсилга ҳоким қилиб тайинлади. У ерга бориб бу шаҳар ўғирлик ва қароқчилик энг кўп тарқалган шаҳарлардан эканлигини билдим. Мен унга бу ҳақда маълум қилгач сўрадим: “Одамларни гумон-шубҳа билан
тутиб, айб қўйиб жазолайверайми ёки далил билан ушлаб суннат бўйича иш тутайми?” дедим.
У менга далил билан ушлаб, суннат бўйича иш тутишга буюрди. Ҳақ (иқат) уларни тузатмаса, Аллоҳ ҳам уларни тузатмаслигини айтди. Яҳё айтади: “Мен шундай қилдим ва Мавсил ўғрилик-қароқчилик энг кам учрайдиган шаҳарга айланди”.
Ражо ибн Ҳайва айтади: “Бир кеча Умарнинг суҳбатида бўлдим. Бир маҳал мойчироқ ўчиб қолди. Хизматкорни уйғотайми дедим, йўқ деди у. Мен турайми десам, меҳмонни хизмат қилдириш яхшимас деди-да, ўзи туриб мойчироқни созлаб келди ва деди: “Турганимда ҳам Умар ибн Абдулазиз эдим, бориб келганимдан кейин ҳам Умар ибн Абдулазизлигимча қолдим”.
Унинг котиби Нуайм айтади: “Умар менга: “Мақтанчокликка ўтиб кетишдан қўрқиб, кўп гапирмайман”, деди”.
Макҳул деди: “Умар ибн Абдулазиздек камсуқум, Аллохдан қаттиқ қўрқадиган одамни кўрмадим деб қасам ичсам, шак-шубҳасизсиз, қасамим тўғри чиқарди”.
Саид ибн Аби Аруба айтади: “Ўлимни эслаганда бўғимларига титроқ келар эди”.
Ато деди: “Умар ибн Абдулазиз ҳар кеча фуқаҳолар (уламо) ни йиғиб, ўлим ва қиёмат ҳақида суҳбатлашишар, кейин эса олдиларида тобут тургандек йиғлашар эди”.
Убайдуллоҳ ибн Айзор айтади: “Шомда лойдан ясалган мин-бардан маъруза қилиб деди: “Эй одамлар, ботинингизни тузатсангиз зоҳирингиз ҳам тузалади, ишни Охират деб қилинг, дунёингизга ҳам кифоя қилади. Билингки, ўзи ва Одам орасида отаси тирик киши йўқ. (Одамдан бошқа ҳамманинг отаси ўлган)”.
Вуҳайб ибн Вард деди: “Марвонзодалар Умар ибн Абдул-азизнинг эшигига тўпланиб ўғли Абдулмаликка: “Отангга айт, ундан олдинги халифалар бизга улуш бериб туришар, ҳурматимизни жойига қўйишар эди. Сени отанг бўлса, бизни булардан маҳрум қилди. У отасига кириб бу сўзларни айтди, сўнг чиқиб отам шундай деб айтди деди: “Аллоҳга қарши иш қилишга қиёмат азобидан қўрқаман”.
Авзоий айтади: “Умар ибн Абдулазиз деди: “Раъй” (фикр)дан аввалгилар тўғри деганини олинг, уларга хилоф келадиганини олманг, чунки улар сиздан яхшироқ ва илмлироқ эдилар”.
Авзоий деди: “Жарир (араб ҳажвчи шоири, 728 йилда вафот этган. Нажд, Саудия) Умар ибн Абдулазизнинг эшигида узоқ кутиб қолади. Умар унга илтифот қилмайди. Шунда унинг хос одами бўлган Авн ибн Абдуллоҳга шундай деб ёзади (маъноси):
Эй салласи печини тушириб олган қори,
бу сенинг замонанг, менинг замоним ўтиб бўлган.
Халифамизга агар учратсанг шуни етказким,
Мен эшик олдида бўйнимдан боғлаб кўйилгандек турибман”.
Жувайрия ибн Асмо деди: “Умар ибн Абдулазиз халифа бўлгач, Билол ибн Аби Бурда уни табриклаб, сўнг деди: “Кимгадир халифалик шон-шавкат келтирса, сиз эса халифаликка шон-шавкат келтирдингиз, кимгадир халифалик зийнат бўлса, халифаликка сиз зийнат бўлдингиз. Сиз худди Молик ибн Асмо айтган кишисиз:
Агар сен энг хушбўй мушкни суртсанг,
хушбўйлиги уни ортар яна, қани энди сендаҳаси,
юзларнинг ҳусни дур билан ошса,
сенинг гўзал юзинг дурга ҳусндур”.
Жаъвана деди: “Умар ибн Абдулазиз вафот этган ўғли Абдулмаликни мақтаб кетди.
- Эй амиралмўминин, тирик бўлганда уни валиаҳд қилармидингиз?
- Йўқ, - деди Умар.
- Ундай бўлса нега уни мақтаяпсиз?
- Фарзанд ота кўзининг нури экан, менинг кўзим нури ҳам у бўлса-чи деб қўрқяпман, - деди Умар”.
Ғассон Азд қабиласилик бир одамдан ривоят қилади: “Бир киши Умар ибн Абдулазизга насиҳат сўраб мурожаат қилди. Умар деди: “Сенга Аллохдан тақвода бўлишни ва уни афзалроқ деб билишни насиҳат қилурман, ана шунда тирикчиликда ҳам қийналмайсан ва сенга доим Аллоҳнинг мадади етиб туради”.
Абу Амр деди: “Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига саҳоба Усома ибн Зайднинг қизи кирганда, ўрнидан туриб, олдига борди. Олиб келиб ўз ўрнига ўтказди, ўзи унинг қаршисида ўтирди. Унинг барча юмушларини бажо келтирди”.
Ҳажжож ибн Анбаса деди: “Бану Марвон (Марвонзодалар) йиғилишиб, амиралмўмининни ҳузурларига бир кириб ҳазил-ҳузул билан кўнгилларини овлаб ўзимизга оғдирсак дейишди ва унинг олдига киришди. Улардан бирлари ҳазил билан гап бошлади. Умар унга қаради, у эса енгил-елпи ҳазил-ҳузулда давом этаверди.
-    Шунингучун тўпландингизми? - деди Умар. - Мана шу енгил-елпи, бемаъни ва ўзаро гина-кудуратни туғдирувчи гапларни гапириш учун-а? Ундан кўра йиғилганингизда Аллоҳнинг Китобини ўрганинг, ундан ўта олсангиз Набий алайҳиссалоту вассаломнинг суннатини ўрганинг. Бундан ҳам ўта олсангиз ҳадисларнинг маъносини ўрганинг”.
Иёс ибн Муовия ибн Қирра деди: “Умар ибн Абдулазизни ҳудди асбоб-анжоми йўқ моҳир ҳунармандга ўхшатаман. (Яъни, ёрдамчилари йўқ, демоқчи)”.
Умар ибн Ҳафс айтади: “Умар ибн Абдулазиз менга дедики: “Мусулмон кишидан эшитган сўзингни яхшиликка йўйишнинг иложи бор экан, уни ҳеч вақт ёмонликка йўймагин”.
Яҳё Ғассоний деди: “Умар Сулаймон ибн Абдулмаликни ҳарурийларни (хаворижларга яқин тоифа) қатл қилишдан қайтарарди ва тавба қилгунларича ҳибсда тутгин дерди. Сулаймон бир ҳарурийни олиб келди ва унга деди:
- Бўл, гапир тезроқ!
- Нима дей сенга, эй фосиқнинг ўғли! - деб қолди ҳарурий.
- Менга Умар ибн Абдулазизни чақиртиринг! - деди Сулаймон шунда. У келгач, эшит бунинг гапини деди. Ҳарурий ҳалиги гапини яна қайтарди. Сулаймон Умарга деди:
- Энди уни нима қилиш керак дейсан?!
У жавоб бермай сукут сақлади. -    Унга нимани маъқул кўрасан, айт? - деди Сулаймон.
- Мен ўйлайманки, у сени қандай сўккан бўлса, сен ҳам уни шундай сўк!
- Йўқ, бунақаси кетмайди, - деди Сулаймон ва ҳарурийнинг калласини олишга буюрди.
Умар у ердан чиққач, соқчилар бошлиғи Холид унга деди:
- Эй Умар, қандай қилиб амиралмўминга сени сўккандек сен ҳам уни сўк дединг. Худо ҳаққи, менга каллангни олишни буюради, деб ўйлаган эдим.
Шунда Умар деди:
- Буюрганда қилармидинг?
- Ҳа, Худо ҳаққи! - деди Холид.
Кейин халифалик Умарга ўтганда Холид соқчибошиларнинг ўрнига туриб олди. Шунда Умар унга:
- Эй Холид, қилични у ерга қўй, - деди, сўнгра:
- Эй Аллоҳ, Сен учун Холидни туширдим, уни энди ҳечам кўтармагин! - дедилар. Сўнгра соқчиларнинг кўринишларига қараб чиққач, улардан Амр ибн Муҳожир Ансорийни чақириб деди:
- Эй Амр, Аллоҳ ҳаққи, сен албатта биласан, мен билан сенинг ўртамизда исломий қариндошликдан бошқа ҳеч қандай яқинлик йўқ. Лекин Қуръонни кўп ўқишингни эшитдим ва одам кўрмасин деб пинҳона намоз ўқишингни кўрдим. Намозни яхши ўқир экансан. Шунингдек, сен ансорлардансан. Энди бу қилични сен ол ва сени мен ўз соқчиларимга бошлиқ қилдим”.
Шуайб деди: “Бир куни Умар ибн Абдулазизнинг ўғли Абдулмалик отаси ҳузурига кириб деди:
- Эй амиралмўминин, эртага Парвардигоринг сени сўроққа тутиб: сен йўқотмаган бидъатни ва сен тикламаган суннатни кўрдим, деса, нима дейсан?
- Аллоҳнинг сенга раҳмати бўлсин. Сенга яхши фарзанд ато қилсин! Эй болажоним, сени қавминг (халқинг) бу ишларга жуда қаттиқбоғланиб, чатишиб кетган, энди менулар биланжанжаллашиб уларнинг кўлларидан (бидъатни) тортиб олай десам, улар қаршилик кўрсатиб ўртада кўп қон тўкилиши мумкин. Аллоҳ ҳаққи, менга эса, мен сабаб бўлиб бир томчи қон тўкилгандан кўра, дунёни йўқ бўлиб кетиши енгилроқ. Нима, сен ўзинг отанг бир бидъатни йўқотиб ўрнига бир суннатни тиклашини истамайсанми?” - деди”.
Маъмар деди: “Умар ибн Абдулазиз деди: “(Бемаъни) баҳс, ғазаб ва очкўзлик қилмаса, нажот топиб бўлибди”.
Арто ибн Мунзир айтади: “Умар ибн Абдулазизга ўзингизга соқчи олишингиз, овқат ва сувингизга эҳтиёт бўлишингиз керак дейишганда, “Эй Аллоҳ, қиёматдан бошқаси мен учун қўрқинчли бўлса, қўрқувимга ишонмагин”, деган эди”.
Ади ибн Фазл айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг маърузасида эшитдим: “Эй одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар, ҳалол касб қилинглар, чунки ризқингиз тоғни чўққисида ёки ернинг қаърида бўлса ҳам етиб келади”, деди”.
Азҳар деди: “Умар ибн Абдулазизни маъруза (хутба) қилаётганида кўрдим, эгнидаги кўйлаги ямоқли экан”.
Абдуллоҳ ибн Ало айтади: “Умар ибн Абдулазизни бир хутбани ушбу етти калима билан бошлаб, бир нечажумада такрорлаганини эшитдим. Улар: “Алҳамдулиллоҳ, наҳмадуҳу ва настаийнуҳу ва настагфируҳу ва наузу биллоҳи мин шурури анфусина ва мин саййиоти аъмолина ман яҳдиҳиллоҳу фало музилла лаҳу ва ман юзлилҳу фало ҳодиа лаҳ. Ва ашҳаду аллоилоҳа иллоллоҳу ваҳдаҳу ло шарика лаҳ ва ашҳаду анна муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ. Ман ютийъиллаҳа фақад рашада, ваман яъсиллоҳа ва расулаҳу фаҳад ғова, дер эди, сўнг Аллоҳдан таҳво ҳилинглар дея гап бошлар эди. Кейин “я ибодияллазийна асрафу ало анфусиҳим”, (Зумар сураси, 53-оят) билан хутбасини якунлар эди”.
Ҳожиб ибн Халифа Баржамий деди: “Мен Умар ибн Абдулазиз халифалигида кўрганман, у хутба ўқиётган эди. Хутбасида шун-дай деди: “Билиб кўйингларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг икки дўсти қилган ишлар диндир ва биз унга риоя қиламиз ва шунда тўхтаймиз. Бошқаларнинг ишларини кейинга сурамиз”.
Юқорида айтганларимнинг барини Абу Нуайм “ал-Ҳиля”да санадлари (ровийлари) билан келтирган.
Иброҳим ибн Аби Абладан ривоят: “Ҳайит куни Умар ибн Абдулазизнинг олдига кирдик. Одамлар унга салом беришаётган эди. “Эй амиралмўминин, Аллоҳ биздан ҳам сиздан ҳам қабул қилсин”, дейишар, у ҳам жавоб қайтарар эди ва бундан уларни қайтармади” (Ибн Асокир ривояти).
Менимча мана шу иш ҳайт, йил ва ой билан табриклаш учун жуда яхши асос бўлади.
Жаъванадан ривоят: “Умар ибн Абдулазиз Амр ибн Қайс Сакунийни Соифага ҳоким қилгач, унга деди: “Улар яхшилик қилсалар қабул эт, ёмонлик қилсалар афв эт, улардан ўзиб кетма, ҳалок бўласан. Ортда ҳам қолиб кетма шарманда бўласан, балки ўрнинг кўринадиган, сўзинг эшитиладиган мавқени сақла!”
Соиб ибн Муҳаммаддан ривоят: “Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Умар ибн Абдулазизга Хуросон аҳлининг раиятчилиги ёмон, қилич ва қамчидан бошқа нарса буларни тузатмайди, ами-ралмўминин маъқул кўрсалар шунга рухсат берадилар”, деб ёзди. Умар унга жавобан: “Сен менга Хуросон аҳлининг раиятчилиги ёмон, уларни фақат қилич тузатади деб ёзибсан, сўзинг ёлғон. Уларни адолат ва ҳақиқат тузатади, сен мана шуни кучайтир! Вассалом”.
Умайя ибн Зайд Қурашийдан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз хат ёздираётганда Аллоҳим, тилимни ёмонлигидан ўзинг асра, дер эди”.
Солиҳ ибн Жубайр айтади: “Баъзан Умар ибн Абдулазизга бирон ишни гапирганимда аччиғи келар эди. Шунда мен “ёш подшоҳнинг аччиғидан эҳтиёт бўл” деган ҳикматни эслаб, унга аччиғи тарқагунча ширин муомалада бўлар эдим. Шундан кейин менга, “Эй Солиҳ, аччиғим чиққанга қарама, иш бўйича етказишинг керак деб билган гапларингни айтавер”, дер эди”.
Абдулҳалим ибн Муҳаммад Махзумийдан (шоир) Жарир ибн (Атийя ибн) Хатафий Умар ибн Абдулазиз ҳузурига келиб энди гап бошламоқчи эди, Умар уни тўхтатди. У эса: “Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёдингга солмоқчиман, холос”, деди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳу васаллам бўлса гапиравер! -деди.
(У бир шеър айтади, унда халифани мақтайди, кейин ўзининг мусофирлигини айтиб, Қуръонда мусофирларга ажратилган улушни сўрайди)
Умар эса:
- Аллоҳнинг Китобида сенга улуш борлигини кўрмадим, -деди.
- Улуш бор, эй амиралмўминин, ахир мен мусофирман, - деди у.
Шунда Умар ўзининг молидан 50 динор беришга буюрди”.
“Ат-Тоюрийёт”да келибди: “Жарир ибн Усмон Раҳабий ўз отаси билан Умар ибн Абдулазиз олдига кирибди. Умар ундан ўғли қандай эканлиги ҳақида сўрабди, сўнг ўғлингни энг улуғ фиқҳга ўргат, дебди.
- Нима экан у энг улуғ фиқҳ? - деб сўрабди отаси.
- Қаноат ва беозорликдир, - дебди Умар ибн Абдулазиз”.
Ибн Аби Ҳотам ўз тафсирида Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз чақириб, айт-чи, адолат қилиш қандай бўлади?” деди.
- Ох, қандай ҳам оғир иш ҳақида сўрадинг. Сен одамларнинг кичикларига - ота, катталарига - ўғил, тенгдошларингга биродар бўл. Аёлларгаҳам худди шундай бўл, одамларга қилган жиноятлари ва жасадларига муносиб жазо бер, жаҳлдан бир дарра бўлса ҳам урмагинким, ҳаддидан ошганлар рўйхатига ёзилиб қоласан”.
Абдураззоқ “Мусаннаф”ида Зуҳрийдан ривоят қилади: “Умар ибн Абдулазиз олов теккан нарсалардан кейин таҳорат олар эди, ҳатто қанддан ҳам таҳоратини янгилар эди”.
Вуҳайбдан ривоят: “Умар ибн Абдулазиз деди: сўзлаган сўзини амал деб билса, киши камроқ сўзлайди”.
Заҳабий айтади: “Умар ибн Абдулазиз халифалик вақтида Ғайлон тақдир масаласини кўтарди. Умар ундан тавба қилишни талаб қилди. У: “Хўп, адашган эканман, мени тўғри йўлга солдинг”, деди. Шунда Умар: “Эй Аллоҳ, агар тўғри гапирётган бўлса, майли, бўлмаса дорга осиб, оёқ-қўлларини кесиб юбор!” Ана шу дуо ўтиб, Ҳишом ибн Абдулмалик даврида Дамашқда қадарийликда айбланиб, тўрт мучаси кесилиб, дорга осилди”.
Бошқа бириси деди: “Бани Умайя хутбада Али ибн Аби Толибни ҳақоратлашар эди. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлгач, бу ишни тухтатди. Вилоятдаги ўз волийларига бу ҳақда фармон юборди, унингўрнига: “Инналлоҳа яъмуру билъадли вал эҳсон” (Аллоҳ адолат ва яхшилик ҳилишга буюради), (Нахд сураси, 90-оят)ини ўқийдиган бўлди. Ҳозиргача хутбада ўша оятни ўқиш давом этмоқда”.
Саолабий “Латоифул маориф”ида айтади: “Умар ибн Хаттоб, Усмон, Али, Марвон ибн Ҳакам ва Умар ибн Абдулазиз тепакал бўлганлар. Кейинги халифаларда тепакаллик тўхтади”.
Бетоб бўлиши ва вафот топиши ҳақида
Айюб деди: “Умар ибн Абдулазизга бир одам Мадинага кетсангиз бўлар эди. Борди-ю вафот топсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига тўртинчи қабр ўрнида дафн қилинган бўлардингиз” деганида, “Аллоҳ ҳаққи, ўзимни ўша жойга муносиб кўрганимдан кўра, дўзах азобидан ўзга борлиқ азобга қолғоним яхшидир”, деб айтди”.
Валид ибн Ҳишом деди: “Бетоб ётган Умарга дори ичмайсанми, дейишди. У деди: “Ичирган вақтларини биламан, мабодо қулоғимни сийпаш ёки атир ҳидлаш билан тузаладиган бўлганимда ҳам ҳеч қайсисини қилмаган бўлардим”.
Убайд ибн Ҳассон деди: “Умар ибн Абдулазиз жон бериш олдидан “Чиқинглар!” деди. Муслима ва Фотима чиқиб эшикнинг олдига ўтиришганда уни шундай деганини эшитишди: “Марҳабо, эй қиёфаси инсу жин қиёфасига ўхшамаган қиёфалар! Сўнг “тилкад дорул охира” (бу - охират гўшасидур) оятини ўқиди. Сўнг товуш чиқиши тўхтади. Кириб қарасалар жони узилган экан”.
Ҳишом деди: “Умар ибн Абдулазизнинг вафотини эшитган Ҳасан Басрий: “Энг яхши инсон ўлди”, деди”.
Холид Рибаий деди: “Биз Умар ибн Абдулазиз учун еру осмонлар қирқ кечагача йиғлашини Тавротда кўрганмиз”.
Юсуф ибн Моҳик деди: “Умар ибн Абдулазизнинг қабрига тупроқ тортаётганимизда осмондан бир қоғоз тушди. Унда “Бисмиллаҳир роҳманир раҳим. Аллоҳ тарафидан Умар ибн Абдулазизга дўзахдан омонлик хати”, деб ёзилган эди”.
Қатода деди: “Умар ибн Абдулазиз ўзидан кейинги валиаҳдга шуларни ёзиб қолдиради: “Бисмиллоҳир роҳманир раҳим. Аллоҳнинг қули Умардан Язид ибн Абдулмаликка. Салом бўлсин сенга. Мен сенга Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган ягона Аллоҳнинг борлигини эслатаман. Аммо баъд: аҳволим жуда оғир бўлсада мен буни ёздим. Зеро, мен ўз валиаҳдим учун масъуллигимни биламан. Дунё ва охират Подшоҳи бўлган зот мендан бу ҳакда ҳисоб олади, қилган ишимдан ҳеч нарсани Ундан беркита олмасман. У мендан рози бўлса, азобидан нажот топгайман. Борди-ю, ғазабига гирифтор бўлсам, жонимга вой! Ўзидан ўзга ҳеч илоҳ бўлмаган Аллоҳцан сўрайманки, ўз меҳрибонлиги билан мени оташдан асрасин ва ўзининг розилиги ва жаннатини раво кўрсин. Сен Аллоҳдан тақвони унутма, раият, яна раият! Билгинки, сен мендан сўнг кўпга қолмайсан! Вассалом”.
Буларнинг барини Абу Нуайм “ал-Ҳиля”да ровийлари билан келтирибди.
Умар ибн Абдулазиз Ҳимснинг вилоятларидан Симъон деган ерда 101 (718-17) йилги ражаб ойидан, ўн, бир ривоятда беш кун қолганда вафот этган. Ўшанда унинг ёши 39 дан олти ой ўтган эди. У Бани Умайя тарафидан уюштирилган заҳарланишдан ўлди. Сабаби, уларга қаттиқ турди ҳамда улар ўзлаштириб олган бойликларнинг кўпини мусодара этди. Яна у эҳтиёткорликни ҳам унутган эди, оқибатда заҳар ичирдилар.
Мужоҳид деди: “Умар ибн Абдулазиз менга: “Одамлар мен ҳақимда нима дейишяпти?” деди. Дедим: “Сеҳрланган деяптилар”, дедим. У деди: “Мен сеҳрланган эмасман, менга сув берилган вақтни биламан”. Сўнгра бир ғуломини чақирди-да, унга деди: “Эҳ бечора! Мени заҳарлашга сени нима мажбур қилди?” У деди: “Минг динор ва озод бўлишим”.
-    Пулни олиб кел, - деди Умар.
Ғулом пулни олиб келди, Умар уни байтлул молга ташлади ва унга:
-    Энди эса ҳеч ким сени топмас ерга кет! - деди”.
Унинг вақтида вафот топган машҳурлардан: Абу Умома Саъд ибн Саҳп ибн Ҳаниф, Хорижа ибн Зайд ибн Собит, Солим ибн Абу Жаъд, Юср ибн Саид, Абу Усмон Наҳдий, Абу Дуҳо, Шаҳр ибн Ҳавшаб Шомий, Ҳанш ибн Абдуллоҳ Санъоний, Муслим ибн Ясор Басрий, қурайшнинг шарифларидан, уламоларидан бири бўлмиш Исо ибн Толҳа ибн Абдуллоҳ Қураший Таймий.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Биби Хожар Қуддус: Салом шаҳри... »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase