close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Умар ибн Абдулазиз халифалиги

Умар ибн Абдулазиз ҳаёти

Умар ибн Абдулазиз ҳаёти

Умар ибн Абдулазиз 681 йили Мадинаи мунавварада туғилди. Унинг онаси Умму Осим Умар ибн Хаттобнинг невараси эди. Умар ибн Абдулазиз оиласи 683 йили Мадинада юз берган Ҳарра воқеасидан кейин Умайя уруғи вакиллари билан Шомга кўчиб ўтди. Марвон ибн Ҳакам Мисрни эгаллагач, ўғли Абдулазизни унга волий қилиб тайинлади. Ёш Умар ҳам отаси билан Мисрга борди. Бироқу ерда кўп қолмай, илм олиш учун Мадинага боришга рухсат сўради. Отаси унинг фикрини маъқуллаб, ўғлини Мадинанинг машҳур фақиҳи, муҳаддис Солиҳ ибн Кайсон (660-757) ҳузурига жўнатди.
Абдулазиз 704 йил вафот этганида Абдулмалик унинг ўғли Умарга одам юборди ва Шомга келтириб, ўз ўғилларига қўшди. Халифа Абдулмалик жиянини ўғилларидан ҳам афзал кўрар эди. Умар ибн Абдулазизни қизи Фотимага уйлантириб, Ҳалаб вилоятида жойлашган Хуносир шаҳрига амир этиб тайинлади. Умар ибн Абдулазиз Хуносирда Абдулмалик вафотигача волийлик қилди. Валид ибн Абдулмалик халифа бўлгач, Умарни Хуносир амирлигидан бўшатиб, Мадина вилоятига волий қилди. Умар ибн Абдулазиз Мадинада 705 йилдан 712 йилгача волий бўлди. Шу муддат давомида у шаҳарни олимлардан тузилган кенгаш ёрдамида одиллик билан бошқарди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исло-мий, 2000 йил. - Б. 218.). Фақат Ҳубайб ибн Абдуллоҳ билан бўлган воқеа унинг қаддини букди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ўғли Ҳубайб Расулуллоҳнинг масжидларинини кенгайтириш тўғрисидаги халифанинг буйруғига қарши чиқди ва Умар ибн Абдулазизни бу ишни қилишига тўсқинлик қилди. Халифа уни юз дарра уриш ҳақида буйруқ берди. Умар ибн Абдулазиз хоҳламаса-да, халифанинг буйруғини бажарди. Ҳубайб ўша кечаси вафот этди. Шундан сўнг Умар ўзини қўйгани жой топа олмай қолди ва тинмай тавба-тазаррулар қилиб, куну тунини ибодат билан ўтказди. Амалда у ўзининг бевосита вазифаларини адо этишни ҳам эсдан чиқарди.
Бироз вақт ўтганидан кейин эса, истеъфога чиқиб, Шомга кетиб қолди. У ерда зуҳд ва тақво билан ҳаёт кечириб, одамларга панду насиҳатлар қилди, халифаларга маслаҳатлар бериб турди, ҳатто улардан адолатсиз волийларни жазолашни талаб қилди. У амалдорларни халққа адолат қилишга, Аллоҳ олдидаги масъулиятларини ҳамиша эсда тутишга чақирди. Оила аъзоларига байтулмолдан (давлат хазинасидан) олган барча маблағларини жойига қайтаришни буюрди. Ҳатто хотини Фотима олдига шарт ҳам қўйди: ё олтин ва қимматбаҳо тошлардан ясалган маржонингни хазинага топширасан ёки сен билан ажарашаман. Фотима маржонни хазинага топширди.
Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлгач, Умар ибн Абдулазиз унга энг яқин кишилардан бири бўлди. Бироқ Византия қамали масаласидаУмарнинг сў-зига қулоқ осмади. Шундай бўлса-да, уни ўзидан ке-йин халифаликка тайинлаб, тўғри йўл тутди.
Умар ибн Абдулазизнинг Абу Бакр, Муҳаммад, Осим исмли ака-укалари ва Умму Ҳакам, Уммул-банин исмли сингиллари бор эди. Уммул-банинга халифа Валид ибн Абдулмалик уйланган(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 220.).
Умар ибн Абдулазиз Сулаймон ибн Абдулмалик вафотидан сўнг 717 йили халифа бўлди ва икки йилдан ортиқ вақт давомида халифаликни одиллик билан бошқарди. Иккинчи Умар номини олган халифа 720 йил январь ойида қирқ ёшида вафот этди. Манбаларда унинг яқинлари ўзидан кейин ҳокимиятни Язид ибн Абдулмаликка бермаслигидан ташвишланиб заҳарлаганлиги айтилади.

Умар ибн Абдулазиз ҳаётидан айрим лавҳалар
Умар ибн Абдулазиз ҳукмдор бўлгач, табриклаш учун турли жойлардан келган вакиллар унинг ҳузурига киришди. Зиёратчилар орасида ҳижозлик бир бола ҳам бор эди. Ўша йигитча Умарни қутлаш учун олдинга чиқди. Шунда Умар:
- Шошилмай тур, сендан ёши улуғлар бор, деди. Бола бунга жавобан:
- Сизни Аллоҳ қўлласин. Инсон икки кичик аъзоси - қалби ва тили билан инсондир. Агар Аллоҳ таоло бандасига бурро тил, сақловчи қалб ато этган бўлса, у гапиришга ҳақли эмасми? Агар сиз айтгандек, гап фақат ёшда бўлса, мажлисингизда сиздан кексароқ, гапиришга ҳақлироқ одамлар ҳам бор-ку, - деди.
Умар ибн Абдулазиз боланинг сўзидан қаттиқ таъсирланиб, ушбу маънодаги шеърни ўқиди: «Эй, инсон, илм олгин, ҳеч ким олим бўлиб туғилмас, илм эгалари жоҳил каби бўлишмас, илмсиз кекса одамнинг мажлисдаги мавқеи улуғ эмас».
Умар ибн Абдулазиз бир оқшом дўстлари билан ўтирган эди, чироқнинг нури хиралашиб қолди. Ўрнидан туриб, пилигини тозалаб қўйди. Шунда мажлисда ўтирганлардан бири: «Эй, мўминлар амири, пиликни тозалашни бирортамизга буюрсангиз бўлар эди-ку!” деди. Умар ибн Абдулазиз айтди: «Меҳмонни хизматга буюрган инсон мурувватли саналмайди. Ўтирганимда ҳам шу Умар эдим, турганимда ҳам шу Умарман».
Зиёратчилардан бири ҳукмдор Умар ибн Абдулазизга ҳадя сифатида олма келтирди. Аммо у ҳадяни қабул қилмади. Шунда зиёратчи: «Ҳадяни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам олганлар, нега сиз олмаяпсиз?» деб сўради. Бунга жавобан Умар ибн Абдулазиз: «Расулуллоҳга берилган нарса, шубҳасиз, ҳадядир. Аммо менга берилгани пора бўлиб қолиши мумкин», деди.
Молик ибн Динор айтади: «Одамлар мени зоҳид деб билишади. Ҳолбуки, ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Дунё бутун дабдабаси билан унга келди, Умар ундан юз ўгирди».
Умар ибн Абдулазиз масжидга кетар эканлар, қўлларини оҳиста тебратиб борар эдилар. Шу вақт бирдан тўхтаб қолдилар, кўзларидан ёш жоласи қуйила бошлади. Одамлар нима учун йиғлаётганларини сўрашганида: «Бу дунёда тебратиб юрган қўлларим охиратда боғланса, ҳолим не кечишини ўйлаб йиғлаяпман», дедилар.
Умар ибн Абдулазизнинг ўғли Абдумалик вафот этди. Уни дафн этди ва устига тупроқ тортди. Сўнгра ўрнидан туриб, қоматини ростлади. Атрофида одамлар уни ўраб туришарди. Шунда у қуйидаги сўзларни айтди: “Эй, ўғлим! Аллоҳ сени раҳматига олган бўлсин! Сен отангга меҳрибон эдинг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сени менга ато этганидан бери сендан масрур эдим. Аллоҳга қасамки, сен туфайли қаттиқ хурсанд бўлган эдим. Энди Аллоҳ таоло ихтиёр этган шу манзилга танангни қўйганимдан буён Аллоҳ таолодан сен туфайли бўладиган саодатни кўпроқ умид этяпман”.
Ражо ибн Хайва айтади: “Умар ибн Абдулазиз одамларнинг энг хушбўйи ва юришда тикроғи эди. У мол-мулкини эҳсон қилиб, ўзида фақат қалпоғи, салласи, куилаги, чакмони, ридоси ва ковушларини (қиймати тахминан ўн икки дирҳам) қолдирган эди».
Муслим ибн Абдулмаликнинг қули Абдуссалом айтади: «Умар ибн Абдулазиз йиғлаган эди, завжаси Фотима ҳам йиғлади. Шунда улар нима учун йиғлаётганларини билмаган уй аҳллари ҳам қўшилишиб йиғлашди. Улар ибратланганларидан сўнг Фотима унга: “Отам-онам сизга фидо бўлсин, эй, мўминларнинг амири, нима сабабдан йиғладингиз?” деб сўради. Умар: “Мен қавмнинг Аллоҳ ҳузуридан узилиб, бир бўлаги жаннатда ва бир бўлаги дўзахда бўлишини эсладим”, деди».
Амр ибн Муҳожирдан ривоят қилинади. «Менга Умар ибн Абдулазиз: “Агар менинг ҳақдан оғаётганимни кўрсанг, қўлингни кўксимга қўйиб, мени бир силкитгин ва эй,Умар, нима қиляпсан, дегин”, деди».
Лайс ибн Абу Руқия Умардан ривоят қилади: «Умар ибн Абдулазиз оғир касал бўлиб ётган пайтида “Мени ўтқазинглар”, деган эди, уни ўтирғизиб қўйишди. Сўнгра у: “Эй, Аллоҳ, Сен менга буюрган эдинг, мен тўлиқ бажармадим, қайтарган эдинг, сенга осий бўлдим. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, деди. Кейин бошини кўтариб, ҳаммага тикилиб қаради. Шунда унга: “Сиз қаттиқ тикиляпсиз”, дейишди. У: “Мен ҳозир бўлганларни кўряпман, улар инсонлар ҳам эмас, жинлар ҳам эмас”, деди» (Аллоҳундан рози бўлсин)(«Ҳидоят» журналининг 2008 йил 10-сонидан олинди.).

Умар ибн Абдулазизнинг ислоҳотлари

Умар ибн Абдулазиз халифа бўлгач, оилавий харажатларини кескин камайтирди. У байтулмолдан ҳеч нарса олмасликка қасам ичди ва Сувайддаги (Шом яқинидаги мавзе) еридан келадиган икки юз динор миқдоридаги йиллик даромад ҳисобига ҳаёт кечирди. Ҳарбий юришлардан келадиган ўлжадан бирор дирҳам (кумуш пул) ҳам олмас эди. Иш шунга бориб етдики, атрофидагилар унга тўғри йўлдаги халифа Умар ибн Хаттоб ҳам ўта тақволи, иймонли ва адолатпарвар бўлганлари ҳолда давлат хазинасидан бироз нафақа олиб турганларини эслатишди. Бунга у Умар ибн Хаттобнинг ҳеч қандай мол-мулки бўлмаганини, ўзида эса мулк борлигини рўкач қилди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 220.).
Умар ибн Абдулазиз мусофирлар учун карвонсаройлар қурдирди, кўплаб қудуқлар қазитди. У ўтказган иқтисодий ислоҳотлар натижасида аҳолининг яшаш даражаси анча ошди ва халифалик ҳудудида бирорта ҳам қашшоқ қолмади. Кишилар турмуши шунчалик яхшиландики, закот оладиган одам ҳам топилмай қолди. У давлат амалдорларининг хизмат вазифаларини суиистеъмол қилмасликлари, пора олмасликлари, давлат хазинасидан ўмармасликлари ва тамаъгир бўлмасликлари учун уларнинг маошини уч юз диноргача оширди. Умар ибн Абдулазиз адолатсиз ҳукм юритган ва давлат маблағларини талон-тарож қилган волий ва давлат амалдорларини лавозимидан четлатар эди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 221.). У мусулмон уламоларини иззат-икром қилар ва рағбатлантирар эди. Унинг ҳукмронлиги даврида халифаликнинг кўплаб аҳолиси Ислом билан шарафланди. Шунинг учун уни тарихчилар “рошид халифаларнинг бешинчиси” ёки “иккинчи Умар” деб атайдилар.

Ҳадисларни тадвин қилишнинг бошланиши

Тадвин араб тилида девон қилиш, жамлаш каби маъноларни англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръон оятлари билан аралашиб кетмаслиги учун ҳадисларни ёзиш ман қилинган эди. Кейинчалик Набий алайҳиссалом бу ишга рухсат берганлар. Абдуллоҳ ибн Амр каби саҳобалар айрим ҳадисларни ёзиб олганлар. Шундай бўлса-да, ҳижрий иккинчи асргача ҳадисларни ёзма шаклини жамлаш амалга оширилмаган.
Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида шу масалага эътибор қаратди. У ҳадис ёдловчи ҳофизларнинг лафзларида ҳадис матни ўзгариб қолишидан қўрқди. Шунингдек, бу даврда тўқима ҳадислар ҳам пайдо бўла бошлаган эди. Бу ҳақида ўша даврнинг кўзга кўринган олими ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий шундай дейди: “Агар Шарқ томонидан келган ва наздимизда мажҳул (номаълум) ва мардуд (рад қилинган) ҳадислар бўлмаганда эди, бирорта ҳадис ҳам ёзмасдим, ҳадис ёзишга рухсат ҳам бермасдим”(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 269.). Ҳадисларни тадвин қилинишига кўпчилик уламолар хайрихоҳ бўлганлар.
Умар ибн Абдулазиз бу ишни амалга оширишни замонасининг етук олимларидан бири, Мадина во-лийси Абу Бакр ибн Ҳазм ва Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийга топширди. Бундан ташқари халифа ислом ўлкаларининг ҳар бирига қуйидагича мактуб ёзди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ёзиб қўйинглар. Албатта, мен илм дарслари ва унинг эгалари кетиб қолишидан қўрқаман”(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят
ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 270.).
Ҳадисларни жамлаш ишини Робиъ ибн Субайҳ, Саид ибн Аби Аруба ва Солиҳ ибн Кайсонлар бошлаган бўлса-да, бу ишда катта ҳисса қўшган олимлардан бири Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (671-741) ҳисобланади. Эътиборли томони шундаки, у бирор ҳадисни қўли билан ёзмаган, фақат шогирдларига имло қилиб турган. Шогирдлари ундан ўн минглаб ҳадисларни ёзиб олган.
Тадвин жараёни ҳақидаги ривоятлар Умар ибн Абдулазизнинг масалани фақатгина буюриб қўйиш билан чегараланиб қолмасдан, балки тадвин ишларини диққат ва хассослик билан кузатиб борганини кўрсатади. Масалан, Дамашқда бу ишлар билан шуғулланадиган хусусий котиблар ишга олинган ва ҳадис ёзиш билан шуғулланган. Тадвин фаолиятида халифа Умар ибн Абдулазиз шахсан ўзи бош-қош бўлган. Манбаларда хабар берилишича, у ҳар куни қўлига қоғоз ва қалам олиб, намоздан сўнг ташкил этилган дарс ҳалқаларида ўтирар ва Авн ибн Абдуллоҳ, Язид ибн ар-Раққошийлардан ҳадис ёзиб олар эди. Тадвин вақтида фақат Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган ривоятлар эмас, саҳобийлар сўзлари ҳам “суннат” тушунчасига киритиб ёзилди. Халифанинг буйруғи билан чекка вилоятларда ёзилган ҳадислар жамланиб, марказга юборилди. Сўнг улар Дамашқда кўпайтирилиб, яна қайта Ислом ўл-каларига юборилар эди. Бу ҳақида ҳам ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ривоят келтирилади: “Умар Ибн Аб-дулазиз раҳимаҳуллоҳ бизга Суннатни жамлашни буюрди. Биз уни дафтар-дафтар ёздик. Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ҳукми остида бўлган ҳар бир давлатга булардан биттадан юборди”(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 272.).
Баъзи ривоятлар марказда жамланган ҳадисларнинг маълум даражада уламолар назоратидан ўтганини билдиради. Абуз-Зинод Абдуллоҳ ибн аз-Заквон айтади: “Умар ибн Абдулазизнинг фақиҳларни тўплаганини кўрдим. Уламолар унга жуда кўп суннат жамлаган эди. Буларни фақиҳлар билан бирга ўрганиб, унга амал қилинмаган бирор суннат зикр этилганда: “Бу, бу зиёдадир ва унга амал йўқ” дерди”. Марказдан чекка вилоятларга юборилган нусхаларнинг мана шундай назорат муомаласидан сўнг ислоҳ қилинганини айтишимиз мумкин. Тадвин фаолиятининг яна бир муҳим хусусияти ҳадисларнинг сунан, саҳиҳ ёки муснад дея тасниф қилиниб ёзилмаганидир. Бу вақтда ҳадисларни ёзма кўринишга келтириш, ёзув билан тасбит қилиш асосий масала бўлган, у ёки бу мақсадга мувофиқ келиши эмас. Шу сабабли марфуъ, мавқуф ва мақтуъ ривоятлар саҳиҳи, ҳасани ва заифи билан бирга ёзилиб кетилаверган. Буларни ажратиш ва тартиблаш кейинги даврларда муҳаддислар томонидан амалга оширилган.

Умар ибн Абдулазиз даврида вилоят волийлари

Вилоятларда аввалги халифалар давридаги каби катта ўзгариш юз бермади. Фақат Умар ибн Абдулазиз халққа зулм ўтказган айрим волийларни вазифасидан четлатиб, ўрнига одил, халқпарвар волийлар-ни тайинлади.
Шом. Шом амирлари собиқ халифалар даврида совға ва ҳадялар олиб ўрганиб қолган эди. Умар ибн Абдулазиз уларни ҳадялардан маҳрум қилди. Шунингдек, у умавий уруғи вакилларини ҳам ғазнадан олинадиган даромаддан маҳрум қилиб, ҳалол меҳнат билан ҳаёт кечиришга чақирди. Натижада Маслама ибн Абдулмаликдан бошқа умавийлар Умар ибн Абдулазиз сиёсатини қўллаб-қувватламади.
Ҳижоз. Ушбу минтақада жойлашган Макка ва Мадина шаҳарларининг волийлари Сулаймон ибн Абдулмалик томонидан тайинланган эди. Умар ибн Абдулазиз уларни вазифасида қолдирди. Мадинада замонасининг етук олими Абу Бакр ибн Хозим, Мак-када эса умавийлардан бўлган Абдулазиз ибн Абдул-лоҳ волийлик қилди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 222.).
Ироқ. Умар ибн Абдулазиз Ироқ ва Хуросон волийси Язид ибн Муҳаллабни лавозимидан четлатиб, Куфа, Басра ва Хуросонга алоҳида волийлар тайинлади. Язид қўллари боғланган ҳолда пойтахтга олиб келинди. Халифа уни қизил денгиздаги даҳлак оролларига сургун қилмоқчи эди. Бироқ Язид Дамашқдаги қамоқхонада қолдиришларини сўради. Шундан сўнг у Дамашқ қамоқхонасида қолди. Умар ибн Абдулазиз касал бўлиб қолган вақтда Язид қамоқхонадан қочди. Чунки бўлажак халифа Язид ибн Абдулмаликнинг аёли Ҳажжож ибн Юсуфнинг жияни эди. Язид ибн Муҳаллаб Ҳажжож ва унинг яқинларига кўрсатган азоб-уқубатлари учун жавоб беришини билар эди. Язид ибн Абдулмалик халифа бўлганида Язид ибн Муҳаллаб Басрани эгаллаб олди. 721 йили Басрага юриш қилган Маслама ибн Абдулмалик Язид ибн Муҳаллабни мағлубиятга учратди ва уни қатл этди.
Умар ибн Абдулазиз Жазирага Умар ибн Ҳайбарани волий этиб тайинлади. У ҳижрий 719 йили Византиянинг Урминия вилоятига юриш қилди. Умар ибн Ҳайбара Византия қўшинини мағлуб этиб, кўплаб асирлар ва ўлжалар қўлга киритди.
Хуросон. Умар ибн Абдулазиз Хуросон волийси этиб, Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Ҳакамийни тайинлади. У Язиднингўғли Мухаллад ваунингомилларини ишдан бўшатиб, уларни ҳибсга олди. Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Мухалладнинг оёқ-қўлларига кишан солиб, халифа Умар ибн Абдулазизнинг олдига юборди. Мухаллад Куфага етиб боргунча йўлда одамларга пул тарқатиб, 600 минг дирҳам сарфлади. Шунинг учун у билан бирга борган ҳамма одамлар унга хайрихоҳ бўлдилар ва у ҳақида фақат яхши сўзлар гапирдилар(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржима, шарҳлар, изоҳлар ва кўрсаткнчлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 315.). Мухаллад Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келганда халифа уни яхши қабул қилди ва “У отасидан яхшироқдир” - деб, уни хафа қилишни ман этди.
Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Язид ибн Муҳаллаб томонидан Журжон ҳокими этиб тайинланган Жаҳм ибн Заҳрни Хуттал ҳукмдорига қарши юришга юборди. Жаҳм Хуттал ҳукмдорининг олдига бир ўзи кириб, у билан сулҳтузиб чиқди ва ундан катта ўлпон ундириб олди. Кейин Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Мовароуннаҳрга Абдуллоҳ ибн Муаммарни юборди. У Мовароуннаҳрнинг шарқий ҳудудларига юришни давом эттириб, Хитой ҳудудига кирмоқчи бўлди. Лекин турклар уни қуршаб олдилар. Абдуллоҳ улардан пул бериб қутулди ва озод бўлиб, Шошга келди(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши  Сўзбоши, араб тилидан таржима, шархдар, изоҳлар ва кўрсагкичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 49.).
Халифа Умар ибн Аюдулазиз Хуросонда ислом динини қабул қилганларнинг хирож тўлашини бекор қилди ва уларга вазифалар белгилади. У Хуросон волийсига мусофирхоналар қурдиришни буюрди.
Жарроҳ ибн Абдуллоҳ ислом динини қабул қилганлардан хирож олинмайди деб эълон қилганда, кўпчилик одамлар ислом динини қабул қилди. Натижада ғазнага тушум кескин камайиб кетди. Шунда Жарроҳ берган сўзига хилоф равишда одамлардан яна хирож олишда давом этди. Хуросон аҳли унинг устидан шикоят қилиб, халифа Умар ибн Абдулазиз олдига элчилар юбордилар. Шундан кейин Жарроҳ ислом динини қабул қилганларнинг суннат қилиниши кераклигини эълон қилди. Халифа унинг бу ҳаракатларидан қаттиқ ғазабга келиб, уни вазифасидан четлатди. Чунки халифа Хуросонда тинчлик сиёсатини олиб боришни афзал кўрар эди. Жарроҳ эса Хуросонда шафқатсиз сиёсат олиб бориш тарафдори бўлиб, фақат қамчи ва қилич ёрдамида ҳукм суриш мумкин деб ҳисоблар эди(Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон, Хуросоннинг фатҳ этилиши Сўзбоши, араб тилидан таржима. шархлар, изоҳлар ва курсаткичлар муаллифи Ш.С.Камолиддин. - Тошкент: ООО 2017. - Б. 320.). Халифа ибн Ҳаёт ўзининг “Тарихи Халифа ибн Ҳаёт” асарида келтирилишича, Умар ибн Абдулазиз Жарроҳ ибн Абдуллоҳга мактуб ёзиб: “Ҳеч қандай юришлар қилманглар ва ўз қўлингиздаги ерларни маҳкам ушланглар”, - деб айтган. Жарроҳ ибн Абдуллоҳдан сўнг Абдураҳмон ибн Нуайм Хуросон волийси этиб тайинланди.
Африка. Шимолий Африкадаги Умар ибн Абдулазизнинг волийси Исмоил ибн Абдуллоҳ бўлиб, фозил ва одил киши эди. Унинг икки йиллик волийлиги даврида барбар қабилаларидан кўпчилиги ислом динини қабул қилди. Шу билан бирга халифа барбарларга таълим бериш учун ўнта фақиҳ юборди. Буларнинг барчаси Африкада ислом динининг тарқалишига сабаб бўлди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. — Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 224.).

Хорижийлар ҳаракати

Халифа Валид (705-715) ва Сулаймон ибн Абдулмалик (715-717) даврларида хорижийларнинг норозилик ҳаракатлари кузатилмаган бўлса-да, Умар ибн Абдулазиз даврида улар Ироқда қаршилик ҳаракатини бошлади. Бу даврда хорижийлар 80га яқин отлиқ қўшинга эга бўлиб, уларга Шузаб исмли киши бошчилик қилар эди. Ироқ волийси Абдулҳамид ибн Абдураҳмон уларга қарши қўшин жўнатди. Бироқ унинг қўшини исёнчилардан мағлуб бўлди. Бундан хабар топган Умар ибн Абдулазиз Ироққа Маслама ибн Абдулмалик бошчилигида Шом қўшинини юборди. Маслама хорижийлар устидан ғалабага эришди.

Фатҳ юришлари

Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан кейин Константинополни қамал қилган Маслама ибн Абдулмалик қўшинига элчи жўнатиб, уларга озиқ-овқат ва қўшин билан ёрдам берди. Шунингдек, Масламага ўз қўшини билан Шомга қайтишини буюрди.
Бу даврда турклар Озарбайжонга юриш қилди. Бунга жавобан Умар ибн Абдулазиз уларга қарши Хотам ибн Нўмон бошчилигида қўшин юборди. У туркларни тормор этди ва кўпчилигини асир олди. Шу билан бир пайтда Византия билан ҳам урушлар давом этди. Ғарбий Европада Самҳ ибн Малик бошчилигидаги қўшин Пиреней тоғларидан ўтиб, Септи-мания ва Прованс(Прованс - Франциянинг жануби-шарқида, ўрта ер денгизи бўйидаги тарихий худуд.)ни эгаллади, у ердан Аквитания(Тулуза - Франция жанубидаги шаҳар)га юриш қилди ва Тулуза(Аквитания - Франциянинг жануби-ғарбида жойлашган тарихий ҳудуд)ни қамал қилди. Бироқ Аквитания герсоги катта қўшин билан Самҳ ибн Маликка қаршилик кўрсатди. Натижада мусулмон қўшини мағлубиятга учради. Жангда Самҳ ибн Малик ҳалок бўлди. Қолган мусулмон қўшини қисмлари Септимания маркази Нарбоннга чекинди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 227.).   

Аббосийлар ҳаракатининг бошланиши

Умар ибн Абдулазиз халифалиги охири ва ундан кейинги халифалар даврида аббосийлар сулоласи сиёсий ҳокимиятга эришиш учун ҳаракат бошлади. Бу ҳаракатнинг асоси VII асрнинг сўнги чорагида вужудга келган эди. Ҳусайн розияллоҳу анҳу Карбалода ўлдирилганидан сўнг Куфада умавийлардан норози бўлган гуруҳ шаклланди. Унинг раҳбарларидан Мухтор ас-Сақафий ягона имомга эргашиш ғоясини илгари сурди. Мухтор барчани Али розияллоҳу анҳунинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафияга байъат беришга чақирди. Натижада тарихга Кайсонийлар номи билан кирган фирқа пайдо бўлди. Улар Муҳаммад ибн Ҳанафияни ўз раҳнамолари сифатида эълон қилдилар. Бироқ Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳеч қачон кайсонийлар ёки бошқа гуруҳ ҳаракатини қўллаб-қувватламади.
700 йили Муҳаммад ибн Ҳанафия вафотидан сўнг кайсонийлар унинг ўғли Абу Ҳошимни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. Абу Ҳошим умавийлар сиёсатини танқид қилар эди. Унинг умавийлар ҳақида айтган гаплари кенг тарқалиб, халифа Сулаймон ибн Абдулмаликка етиб борди. Сулаймон уни заҳарлаш учун одам юборди. Шундан сўнг Абу Ҳошим 716 йили вафот этди. Ундан сўнг кайсонийлар ҳаракатига Абдуллоҳ ибн Аббоснинг невараси Муҳаммад ибн Али раҳбарлик қила бошлади.
Муҳаммад ибн Али Иорданиянинг Шурот минтақасидаги Ҳамима мавзесини ўзига қароргоҳ қилган эди. У умавийлар ҳокимиятини тугатиш ва Оли байт(Оли байт - Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам яқинлари ва қариндошларини билдиради.) аъзоларидан бирор кишини халифаликка сайлаш фикрини илгари сурди. Муҳаммад ибн Али рас-ман фаолиятини 719 йилда бошлади ва Ироқ, Хуросон каби ўлкаларга ўз тарғиботчиларини юборди(Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил. - Б. 229.). Шундан сўнг халифалик ҳудуди бўйлаб умавийлар сулоласи сиёсатидан норози бўлган кучлар бирла-шишга киришди. Уларнинг ҳаракатини фаоллашуви умавийлар ҳокимиятини заифлашишига ва VIII аср ўрталарида сулоланинг тугатилишига сабаб бўлди.    

 С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase