close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Туркистон мужоҳидлари

XVIII асрнинг охиридан Россия империяси ҳукумати Ўрта Осиёнинг мусулмон давлатларига нисбатан агрессив сиёсат юрита бошлади. XIX аср ўрталарига келиб, Россия ҳозирги Қозоғистон ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олди ва Қўқон хонлиги чегараларига чиқишга эришди.

XVIII асрнинг охиридан Россия империяси ҳукумати Ўрта Осиёнинг мусулмон давлатларига нисбатан агрессив сиёсат юрита бошлади. XIX аср ўрталарига келиб, Россия ҳозирги Қозоғистон ҳудудининг катта қисмини эгаллаб олди ва Қўқон хонлиги чегараларига чиқишга эришди. Мустамлакачилар Туркистонда қўллаган тактика бир неча бор инглизлар томонидан Ҳиндистонда ва французлар томонидан Африкада синовдан ўтказилганди. Дастлаб руслар чегара қалъаларини босиб олиб, у ерда ўз гарнизонларини қолдирарди, кейин эса аста-секинлик билан мамлакат ичкарисига қараб ҳаракатланарди. Бундай маккор усул билан улар 1850 йилдан 1860 йилгача Қўқон хонлиги бостириб кириш учун плацдарм ярата олдилар.
1864 йил рус армияси Қўқон хонлигига бир неча томондан ҳужум қилди. Армияни ташкил қилиш ва қурол-яроғ борасида катта устунликка эга бўлган руслар хонликниг аксарият энг муҳим шаҳарлари ва қалъаларини қўлга киритдилар. Бироқ Тошкентнинг штурм қилиниши муваффақиятсизлик билан якун топди – қўқонликлар мустамлакачилар армиясига жиддий зиён етказиб, шаҳарни асраб қолдилар.
Юртимизни босиб олиш бўйича ҳарбий кампания 20 йилдан ортиқ давом этди. Ушбу операция Осиёда Россия ва Британия империяси ўртасида таъсир кўрсатиш соҳаларини бўлиб олиш режасининг бир қисми бўлиб, у билан параллел равишда Афғонистонда ҳам жанговар ҳаракатлар олиб борган.
Туркистонни қўлга киритгандан сўнг, Россия Қўқон хонлигини йўқ қилди, бироқ айни пайтда Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ўз вассаллари сифатида қолдирди.
Ўрта Осиёни босиб олиш ижтимоий зулмнинг кучайишига олиб келди, бунга миллий ва “диний” негиздаги зулм ҳам қўшилди. Амалдорлар сони кескин ошди ва коррупция даражаси барча тасаввурлар даражасидан ошиб кетди. Шу билан бирга, рус амалдорларининг аксарияти мустамлакачилик маъмуриятининг алоҳида дунёсида яшаб, маҳаллий тилларни билмасди.
Бу борада Туркистон генерал-губернатори Д.И. Суботич қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирган: «Биз қирқ йилдан бери Туркистонга эгалик қиламиз ва шу пайтгача маъмуриятда хизмат қиладиган ва маҳаллий тилларни биладиган шахсларни бармоқ билан санаб чиқиш мумкин. Суд маҳкамасида эса уларнинг сони бундан ҳам кам. Вазият жуда аянчли. Бошқарилаётганлар ва ҳукм қилинаётганларнинг гап-сўзларини тушунмасдан туриб, уларни қандай бошқариш, қандай қилиб ишларни судда кўриб чиқиш мумкин?»
Ўрта Осиё мусулмонларининг норозилиги кўпинча очиқдан-очиқ қўзғолонларга айланиб кетарди. 1898 йил мустамлакачилик ҳокимиятини ағдариш ва шариат қонунларига асосланган давлат барпо этиш мақсадида исён кўтарилди. Исён бошида Мадали лақабли маҳаллий руҳоний етакчи Муҳаммадали Халифа Муҳаммад Собир ўғли турган. 1898 йил 17 май куни Андижондаги Россия армиясининг гарнизони икки мингга яқин қўзғолончи ҳужум қилди. Бироқ, уларнинг ҳужуми мағлубият билан якунланди, руслардан 22 киши ҳалок бўлган ва 19 киши ярадор бўлган ҳолда улар ҳужумни бартараф этишга муваффақ бўлишди. Эртаси куни Мадали ҳибсга олинган. Бу муваффақиятсизлик энди бошланган ғалаённи тўхтатди.
Аммо Туркистон халқларининг мустамлакачиларга қарши энг катта чиқиши 1916 йилда бўлиб ўтган Ўрта Осиё қўзғолони эди. Бу Николай II фармонига биноан маҳаллий аҳолини фронт якинидаги ҳудудларда қазиш ишларини олиб бориш учун оммавий сафарбарлик қилиш ҳақида берган буйруғи билан боғлиқ эди. Қўзғолон Ўрта Осиё ҳудудининг катта қисмини қамраб олди. Бир қатор жойларда мусулмонларни ғазовотга чақирган руҳонийлар қўзғолончиларга бошчлик қилди.
Аралаш аҳоли яшайдиган ҳудудларда қўзғолон миллатлараро ва динлараро тўқнашув характерига эга бўлди. Минтақани тинчлантириш учун чор ҳукумати 30 минг кишилик қўшинни ташлади. Қўшинлар тинч аҳолига қарши шафқатсиз террор қўллади, натижада ўн минглаб қозоқ, қирғиз, ўзбек ва туркманлар ўлдирилди.
Қўзғолон бир ой давомида бостирилди, аммо баъзи жойларда 1917 йил бошига қадар давом этди, Турғай вилоятида Амангелди Иманов отрядлари 1918 йил “босмачилар” ҳаракатининг бошланишига қадар қаршилик кўрсатишга эришдилир.
Россия империясининг инқирозга юз тутиши ва болшевиклар партиясининг ҳокимият тепасига келиши Туркистонда мустақил мусулмон давлатларини ташкил этишни кун тартибига қўйди. Россия Муваққат ҳукумати Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги мустақиллигини тан олганлиги тўғрисида эълон қилди. Бироқ, инқилобий бўронлар бу икки давлатни четлаб ўтмади. Ўрта Осиёда монархияларни ағдаришга интилган миллий-демократик турдаги партиялар пайдо бўлди.
Бухорода ёш бухороликлар партияси вакиллари Қизил Армиянинг қисмларига умид қилишди ва улар амир Абдуллоҳни ағдариш учун ёрдамга таклиф қилишди. Шу билан бирга, 1918 баҳорида ёш бухороликлар ва Қизил Армия отрядлари Бухорога ҳужум қилишга уринишлари бутунлай муваффақиятсизликка учради, бу эса совет ҳокимиятини амирликнинг мустақиллигини тасдиқлашга мажбур қилди.
Россияда большевиклар ҳукмронлиги мустаҳкамлангач, улар яна ўз нигоҳларини Туркистонга қаратдилар. 1920 йилнинг ёзида Қизил Армия М.Фрунзе қўмондонлиги остида Бухоро амирлигига юриш бошлади. Яхши қуролланмаган бухороликлар қўшни уюшган тарзда қаршилик кўрсата олмадилар ва тор-мор бўлдилар. Амирнинг ўзи эса Афғонистонга қочиб кетди.
Қўнғирот сулоласининг бевосита авлоди бўлган Жунайдхон томонидан бошқарилган Хива хонлигидаги вазият шу каби сценарийга кўра ривожланди. У ёмон ҳукмдор, лекин айни пайтда яхши жангчи эди. Жунайдхон Хиванинг мустақиллиги ҳақиқий куч билан қўллаб-қувватланмаса, бу хаёлот эканлигини тушунарди. 1918 йилнинг кузида у Туркистон ҳудудида коммунистик Советларга қарши уруш бошлаган 10 минг қишилик армия ташкил қилди.
Курашда муваффақиятга эришиш учун Жунайдхон турли оқ гвардиячи гуруҳлар, жумладан, адмирал Колчак билан ўзаро ёрдам ҳақида битимлар туза бошлади, Колчак унга аскарлар ва қурол-яроғ билан ёрдам берди. Бироқ 1920 йилнинг февралида Жунайдхон қўшинлари жиддий мағлубиятга учради, унинг ўзи эса Қорақум чўлига қочишга мажбур бўлди.
Шу пайтдан бошлаб Ўрта Осиёда кураш партизанлар уруши характерига эга бўлди. Туркистон қаршилик ташкилотлари советлар тарихшунослигида анъанавий равишда босмачилик деб аталган. Босмачилар эса ўзларини мужоҳидлар деб атаган. Қўзғолончилар гуруҳлари Афғонистон, Эрон ва Хитой ҳудудларидан фойдаланиб, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида СССР билан қуролли кураш олиб борган.
Биринчи босқич, яъни 1920–1922 йилларда босмачилар отрядлари нафақат Қизил Армия кучларини сиқиб чиқарди, балки айрим ҳолатларда уларни тор-мор қилишга ҳам эришди. Туркистон мужоҳидлари фаоллашувида Ўрта Осиёга 1921 йилнинг кузида етиб келган усмонийлар империяси Бош штабининг собиқ бошлиғи ва ҳарбий вазир Анвар-пошо муҳим роль ўйнади.
Биринчи жаҳон урушида Усмонийлар империясининг мағлубияти мамлакатнинг аксарият қисми Англия, Франция ва Греция қўшинлари томонидан босиб олинишига олиб келди. Империянинг ишсиз қолган собиқ ҳарбий вазири Анвар-пошо туркий халқларни ягона давлатга бирлаштириш режаларини амалга оширмоқчи эди.
Шу мақсадда, Анвар-пошо ўз мақсадлари учун машҳур турк сиёсатчисидан фойдаланишни истаган рус коммунистлари билан алоқалар ўрнатди. 1921 йилнинг ёзида Анвар-пошо Бухорога совет ҳукумати ваколатлари билан келди. Шу ернинг ўзида у мужоҳидларнинг тарқоқ бўлинмаларидан коммунистлар ҳукуматини ағдариш учун армия ташкил қилиш зарур деб қарор қилди.
1921 йилнинг кузида Анвар-пошо кўнгилли равишда Иброҳимбек мужоҳидларига таслим бўлди. Иброҳимбекнинг ўзи собиқ советлар вакилининг режаларига қаттиқ ишончсизлик билан муносабатда бўлди. У Анвар-пошони қамоққа олди ва фақат Афғонистонда муҳожирликда бўлган Бухоро амирининг бевосита буйруғи билангина озодликка чиқарди. Озодликка чиққач, амир Сайид Олимхоннинг қўллаб-қувватлаши билан Анвар-пошо тезда Туркистон муҳожирларининг тарқоқ отрядларидан жанговар ҳарбий қисмлар шакллантира олди.
1922 йил февралида унинг армияси ҳужумга ўтди ва қисқа вақт ичида Бухоро амирлигининг барча шарқий ҳудудларини, шу жумладан Душанбе шаҳрини эгаллашга муваффақ бўлди. Тўлиқ мағлубиятга учраганидан сўнг, болшевиклар музокаралар олиб бордилар ва Анвар-пошонинг ишғол қилинган ҳудудлар устидан ҳукмронлигини тан олишга рози бўлишди. Аммо унинг ниятлари Бухоро амирлиги ҳудуди билан чегараланмаганди.
1922 йил май ойида қўшимча мадад олгач, Қизил Армия қарши ҳужумга ўтди. Мужоҳидлар қизилларни тўхтатиш учун етарли кучга эга эдилар, аммо Иброҳимбек нафақат Анвар-пошога ёрдам бермади, балки Бухоро армиясининг чекинаётган қисмларига тўсатдан ҳужум қилиб, орқадан зарба берди. Бу Анвар-пошо қўшинларининг тўлиқ мағлубиятига олиб келди. Унинг ўзи ва кичик бир гуруҳ тарафдорлари қизилларнинг пистирмасига тушиб, ўлдирилди.
Анвар-пошонинг ўлимидан сўнг Иброҳимбек, худди Жунайдхон каби, Туркистонда босмачилар ҳаракати етакчиларидан бирига айланди. Афғонистондаги базаларидан фойдаланиб, Иброҳимбек бир неча марта Ўрта Осиёга катта юришлар уюштирди. 1924–1925 йилларда Иброҳимбек отрядлари ҳужумлари айниқса муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Туркистонга қайтгач, Иброҳимбек қўрбошилар – мужоҳидларнинг дала қўмондонлари қурултойи ўтказди. Қўшинлар сонини ошириш учун Иброҳимбек ўз назорати сотидаги ҳудудларда эркакларни сафарбар қилди. Бироқ ҳамма қўрбошилар ҳам унинг ҳукмронлигини тан олишни истамасди. Қўнғиротлик қўрбоши Хуррамбек Иброҳимбекдан мустақил равишда жанговар ҳаракатлар олиб боришини маълум қилди. Бу келишмовчиликлар баъзида айрим босмачилар гуруҳлар ўртасида қуролли тўқнашувларга олиб келарди.
Шу аснода Ўрта Осиёдаги совет ҳокимияти аста-секин мустаҳкамланди. 1924 йилнинг октябрида Марказий сайлов комиссияси "Ўрта Осиёда совет республикаларини чегаралаш ва Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССРнинг ССР Иттифоқига аъзо бўлиш тўғрисида" ги қарори эълон қилинди, бунинг натижасида Туркистон ҳудудини Москвадан янада самарали бошқаришга имкон берувчи миллий-ҳудудий чегаралаш амалга оширилди.
Шу билан бирга, СССРнинг Каспий денгизидан Мўғулистонга чегараси мустаҳкамланди. Стационар чегара заставалари ва постлари яратилди. Чегарага бевосита улашган ҳудудларда қизил армия ва ОГПУ махсус бўлинмалари "босмачи тўдалари"га қарши курашиш учун жалб қилинди. Бироқ, коммунистик режимнинг фаол рақибларига қарши кураш фақат куч усуллари билангина амалга оширилмади.
Туркистон мусулмонларининг қаршилик ҳаракатига ихтилоф солиш учун совет ҳукумати бир неча марта барча мужоҳидларга амнистия эълон қилди. Кўп йиллар давом этган урушдан чарчаган жангчиларнинг бир қисми қурол-яроғини ташлаб, болшевиклар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. 1925 йил амнистиядан бир гуруҳ тарафдорлари билан биргаликда чет элдан қайтиб келган ва совет ҳукуматига таслим бўлган Жунайдхоннинг ўзи ҳам фойдаланди. Бироқ, бир неча ойдан кейин у яна Афғонистонга қочиб, яна қўлига қурол олди.
1920-йилларнинг охирига келиб, босмачи ҳаракати бутунлай мағлубиятга учрагандай эди. Ушбу давр мобайнида СССР дипломатлари Афғонистон қироли Нодирхондан мужоҳидларнинг фаолиятини тўхтатиш ва уларнинг базаларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларга эришишга муваффақ бўлди. 1929 йил ҳатто Қизил Армия қўшинлари томонидан қўллаб-қувватланган Афғонистон қўшинлари энг муросасиз қўрбошиларга қарши жангга ҳам жўнатилган. 1929 йилнинг январида Жунайдхон катта отряд бошида Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига ҳужум қилади. Фақат Афғонистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар олиб борилгандан сўнг, у ўз қўшинини қуролсизлантиришга рози бўлади.
Афғон-совет чегарасида мунтазам равишда мужоҳидларга қарши ҳарбий операцияларни амалга оширадиган йирик армия бўлинмалари илгари сурилди. 1930 йилнинг май ойида Афғонистон ҳудудида қўрбошилар кенгаши бўлиб ўтди, унда Совет чегара заставаларига ҳужум қилиш ва Туркистон ичкарисига чуқур кириб бориш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бунинг учун тўртта гуруҳ тайёрланди. Қодирхон гуруҳи 500 киши, М.Фузаил гуруҳи 700 киши, Ўтанбек гуруҳи 500 киши ва Иброҳимбек гуруҳида 200 мужоҳид бор эди.
Ўтанбек отряди биринчи бўлиб бошлади. У Панж дарёсини кечиб ўтишга уриниб кўрди, аммо чегара қўшинлари томонидан ҳужумга учради. Қаттиқ жанг бошланди. Чегарачиларга ёрдам бериш учун Термиз шаҳридан ҳарбий катер юборилди, аммо катер жанг майдонига яқинлашганда, мужоҳидлар уни тўхтатишди. Кучларнинг устунлиги Ўтанбек томонида эди, лекин Қизил Армия отлиқ аскарлари келиши тарознинг палласини чегарачилар томон эгди. Беш соатлик жангдан сўнг, Ўтанбек орқага қайтишга мажбур бўлди. Ушбу мағлубиятдан сўнг, қолган учта гуруҳ юришга чиқишдан бош тортди.
Келгуси йилда Туркистон мужоҳидлари раҳбарлари янги ҳужум режасини ишлаб чиқдилар. Эрон, Афғонистон ва Хитой ҳудудларидан кенг кўламли ҳужумлар уюштирилди. Операция Иброҳимбекнинг 800 кишилик гуруҳи бостириб киришидан бошланди. 1931 йил апрел ойининг бошларида Иброҳимбек Чалтау шаҳрини босиб олди. Бир неча кун ўтгач, у 79-чи отлиқ полкни қуршаб олди, агар еттинчи алоҳида отлиқ бригадаси ёрдам бермаганда, у бутунлай йўқ қилиган бўларди.
Шу билан бир пайтда, Жунайдхон отрядларининг Туркманистонга ҳужумлари бошланди. Кичик гуруҳларни йирик гуруҳларга бирлаштириш бошланади. Бу даврда фақат Туркманистоннинг ўзидаги мужоҳидлар сони 2 минг кишига етди. 1931 йил май ойида фақат Иброҳимбекнинг қўл остида 3 минг киши бор эди. Эҳтимол, ўша вақтда Туркистон мужоҳидларининг умумий сони 10 мингдан анча ошарди. Бундай куч Ўрта Осиё ва Қозоғистонда совет ҳокимиятининг мавжудлигига ҳақиқий хавф туғдирарди. Уни бартараф этиш учун Қизил Армия қисмларига қўшимча равишда, маҳаллий коммунистлар ва комсомол аъзолари сафарбар қилинди. Иброҳимбек отрядларини бартараф этиш учун махсус гуруҳ тузилди.
1931 йилнинг июн ойи охирида чекистлар Иброҳимбекнинг изидан тушиб, уни қўлга олишди. Бир неча кундан кейин у отиб ўлдирилди. Лекин бу қўзғолонлар оловини тўхтатмади. Августга келиб, мужоҳидлар гуруҳлари сони янада ошди. Уларни йўқ қилиш учун Ўрта Осиё ҳарбий округи ва ОГПУ нинг деярли барча қўшинлари ташланди. Операция учун 4 отлиқ полк (82, 83, 84 ва Ўзбек полки), Туркман отлиқ бригадаси, ОГПУ қўшинларининг 2 дивизиони (62 ва 85), 2 эскадрон (1гсд ва 8кбр), 2 та авиаотряд (35 ва 40), 3 та автотранспорт ротаси, Ленин номидаги ОГПУ қўшинлари мактаби, 2 та зирҳли поезд, 1 та зирҳли тепловоз, 10 та зирҳли машина, 5 та танкетка ажратилди.
Ўтказилган операция давомида 3287 киши йўқ қилинди ва асир олинди. Йил охирига келиб, мужоҳидларнинг энг катта гуруҳлари тор-мор қилинди.
Шундан сўнг, мусулмонлар қаршилик ҳаракати аста-секин камайиб боради. Унинг сўнгги ўчоқлари 1938 йилда НКВД қисмлари томонидан йўқ қилинди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase