close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Салибчиларнинг Мисрдаги мағлубияти

Ҳижрий 618 йил ражаб ойининг 7-санасида (1221 йил 3 сентябрь) салибчилар Қоҳирани забт этишга уриниб кўрдилар, лекин юзага келган бир қатор ноқулай шароитлар ҳамда Нил дарёсининг тошиши оқибатида ўз мақсадларига эриша олмадилар, бу султон ал-Малик ал-Комил қўмондонлиги остида Миср қўшинларининг ғалаба қозонишига хизмат қилди.

Бешинчи салиб юриши вақтида ташаббус ва муваффақият гоҳ салибчилар, гоҳ мусулмонлар томонида бўлди. 1217 йил ноябрда мусулмонлар қўшини насронийлардан мағлуб бўлди, қўшинлар истеҳкомли шаҳарларга чекиниб, салибчилар уларни босиб олиш имконига эга эмасди. Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, Қуддус қироли Иоанн де Бриенн тўртинчи салиб юриши қатнашчилари эриша олмаган нарсани қилиш – мусулмонлар дунёсининг етакчи давлатини йўқ қилиш учун Мисрни босиб олишга аҳд қилди.
Конийлар султони Кайковус билан битим тузилди. Битимга кўра, салжуқийлар Сурияда айюбийларга қарши иккинчи фронт очишлари лозим эди. Салибчиларнинг биринчи мақсади Думят порти бўлиб, у муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган, чунки ким уни назорат қилса, Нилни ҳам ўша назорат қиларди. Думятнинг олиниши салибчилар учун Мисрни босиб олиш йўлида ажойиб имкониятлар очиб берган бўларди.
Шаҳарни қамал қилиш 1218 йил июнда бошланди. Султон Кайковус айюбийлар давлатига қарши иккинчи фронт очиш борасида зиммасига олган мажбуриятни адо этди. Думят кучли истеҳкомга эга, ойлар давомида қамалга дош бера оладиган мустаҳкамланган шаҳар эди. Дарё томонидан салибчилар қўшини шаҳарни забт эта олмасди, чунки кемалар учун ўтиш жойи шаҳардан занжирлар минорасига қараб тортилган улкан темир занжир билан тўсиб қўйилганди. Минорани босиб олиш франклар армияси учун биринчи галдаги тактик вазифага айланди. Уни штурм қилиш уч ой давом этди ва 24 август куни муваффақият билан якун топди. Бу насронийлар кемалари дарё ўзани бўйлаб юқорига қараб ҳаракат қилиши учун йўл очиб берди.
Шаҳарни қамал қилиш қишгача давом этди. Турли касалликлар насронийлар армиясининг ҳам, Думят ҳимоячиларининг ҳам қаторларини кичрайтирарди. Мусулмонларнинг шаҳарга озиқ-овқат етказишга қаратилган ҳаракатлари омадсиз якунланарди. Бундай оғир вазиятдан чиқиш учун султон ал-Малик ал-Комил салибчиларга сулҳ тузишни таклиф қилди. Бироқ папа легати Пайо Галвау сулҳ ҳақида эшитишни ҳам хоҳламади. Унинг қарорини епископлар, тамплиерлар ва госпиталерлар ҳам қўллаб-қувватлади.
Охир-оқибат 1219 йил 5 ноябрда Думятнинг ҳолдан тойган гарнизони сон бўйича кўп марта устунлик қилган салибчилар қўшининг навбатдаги ҳужумини қайтара олмади. Бир ярим йил давом этган қамалдан сўнг насронийлар қўшини шаҳарга кирди.
Думят қулаганидан сўнг мамлакатнинг нақадар хавфли ҳолатга тушиб қолганини тушунган Миср султони насронийлар учун катта фойда ваъда қилган шартларда яна сулҳ таклиф қилди, лекин улар, ўзларининг ғалаба қозониши ва Мисрни тўлиқ босиб олишидан ишончи комил бўлган ҳолда рад қилдилар.
Думятга Германия, Франция, Италиядан янги ва янги салибчилар отряди келарди. Миср пойтахтига юриш ҳақида қарор қабул қилинди. Бироқ кардинал Пайо Галвау бошчилигидаги салибчилар Нил дарёсининг тошиш вақти яқинлашгани ва бу юриш муваффақиятчиз тугаши мумкинлигини ҳисобга олмаганди.
Пировардида, 1221 йил июлининг охирида франклар ал-Мансурга – Нил дельтасининг жанубий-шарқий нуқтасидаги қалъага яқинлашдилар. Мисрликлар учун оғир бўлган бу пайтда мусулмонларга Аллоҳнинг ёрдами келди -  Нил дарёсининг тошқини бошланди. Вазият тубдан, мисрликлар фойдасига ўзгарди. Салибчилар Думятдан узиб қўйилганди, бу эса франкларнинг улкан армиясини фавқулодда оғир вазиятга солиб қўйди. Энди улар мисрликлар билан музокара олиб бориш ташаббуси билан чиқишга мажбур бўлдилар. Бироқ султон, таклифларни рад қилиб, музокаралар жараёнини тўхтатди.
Бир ойдан сўнг, 27 август куни, мусулмонлар қўшини томонидан қуршаб олинган салибчилир таслим бўлишга қарор қилдилар. Бир неча кун давом этган музокаралардан сўнг, 30 август куни, султон ал-Малик ал-Комил капитуляцияни қабул қилди. Бир ҳафтадан кейин, яъни 7 сентябрда Думят Миср ҳукуматига топширилди.
Шу тариқа Бешинчи салиб юриши европаликлар учун шармандаларча якун топди.

Абу Муслим
(Интернетдан олинган маълумотлар асосида)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase