close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ёлғон туфайли бошланган босқин

АҚШнинг тинчгина яшаётган Ироққа қарши бошлаган босқинига бу йил ўн беш йил бўлди. Кўпчилик катта қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган ушбу қирғин урушининг нима сабабдан бошланиб кетганига ҳанузгача маънилироқ бирор жавоб топа олгани йўқ. АҚШнинг дунё зўравонига айланишига туртки бўлган Ироқ кампаниясини бошлашга ироқлик оддий муҳандиснинг исботланмаган гапи сабаб бўлган, деса балки кўпчилик ишонмас ҳам! Келинг, ҳаммасини бир бошдан сўзлаб берайлик...

АҚШнинг тинчгина яшаётган Ироққа қарши бошлаган босқинига бу йил ўн беш йил бўлди. Кўпчилик катта қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган ушбу қирғин урушининг нима сабабдан бошланиб кетганига ҳанузгача маънилироқ бирор жавоб топа олгани йўқ. АҚШнинг дунё зўравонига айланишига туртки бўлган Ироқ кампаниясини бошлашга ироқлик оддий муҳандиснинг исботланмаган гапи сабаб бўлган, деса балки кўпчилик ишонмас ҳам! Келинг, ҳаммасини бир бошдан сўзлаб берайлик...

Олмониянинг Карлсруэ шаҳрида Рафед Аҳмад Алвон Жанобий исмли оддийгина бир киши яшайди. Унинг исми кўпчиликка нотаниш бўлса ҳам, собиқ АҚШ президенти Жорж Бушдан тортиб Олмониянинг собиқ канцлери Герхард Шредер каби жуда кўп раҳбарлар уни яхши танишади. Бу одам Америкага Саддам Ҳусайн кимёвий қуролга эга экани ҳақидаги “ҳужжат”ни ҳадя қилгани билан машҳур. Эллик уч ёшли Рафед Алвон Жанобий уни кимдир пойлаётгандек доимо хавфсираб, атрофига тез-тез қараб қўядиган одат чиқарган.
Икки мингинчи йилларгача у ўзига ўхшаш ўн минглаб ишсизлар каби Олмониядан сиёсий бошпана излаётган оддий ироқлик бир ишсиз муҳандис эди. Бироқ орадан бир неча йил ўтгач, у бир неча қудратли мамлакатларнинг махсус хизматларини лаққа тушириб, ўз манфаатларига хизмат қилдира оладиган ўзига хос бир шахсга айланди.
2003 йил бошида БМТдаги ўзининг машҳур нутқида АҚШнинг собиқ давлат котиби Колин Пауэлл “эътимод қозонадиган ишончли маълумот етказувчи гувоҳга” таяниб таъкидлаган эдики, Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуролларининг мавжудлиги мутлақо шубҳага солмайди, чунки Америка Саддам режими халқаро кузатувчилардан яшираётган “кўчиб юрувчи ғилдиракли лабораториялар”ни ўз кўзи билан кўрган гувоҳнинг кўрсатмаларини қўлга киритган.
АҚШ давлат котиби таянган биологик қурол ишлаб чиқариш бўйича фабрикада ишлайдиган гувоҳ Рафед Алвон Жанобий эди. Давлат котиби бутун дунёни ларзага солган ушбу ваҳимали гапларини “эътимод қозонувчи ишончли гувоҳ” Рафеднинг сўзларига асосланиб гапирган эди. Пауэлл “бир-икки ой ичида юз минглаб одамларни қириб юбора оладиган катта миқдордаги биологик қурол ишлаб чиқариш қудратига эга бўлган поезд ва вагонлар” ҳақида батафсил гапириб берди. Бунга ўхшаш даҳшатли “тафсилот”лар ва ваҳимали “далил”лар дунё аҳлини Саддам Ҳусайнга қарши уруш очиш лозимлигига ишонтириш учун керак эди.
Алвон Жанобий эса Саддам Ҳусайнни ағдариш ва шу билан бирга Олмониядан сиёсий бошпана олиш учун ҳаммасини ёлғондан тўқиб гапирганини кейинчалик тан олди. Сўзларининг бошидан-охиригача, майда-чуйда тафсилотларигача ёлғон экан. Эндиликда, ўзининг эътироф этишича, у олмон махсус хизматлари билан бўлган суҳбати давомида ҳаммасини ўзича тўқиб гапирган экан.
Унинг ёлғонларига кўра, у ватанида бактериологик ва биологик қурол ишлаб чиқарувчи кимёвий лабораторияларда ўта махфий равишда ишлашга мажбур бўлган эмиш. Бу лабораториялар махсус вагонларда жойлашган бўлиб, халқаро кузатувчилар текширишга келганида уларни бир жойдан бошқа жойга кўчириб туришган. Биринчи имконият туғилиши биланоқ у Ироқдан қочган эмиш, чунки у золим ҳукмдорга хизмат қилишни истамаган эмиш.
Рафед Жанобийнинг Ироқ биологик қуроллари ҳақида гапирган бирорта сўзи ҳам тўғри бўлиб чиқмади, яъни ўз тасдиғини топмади. Мутахассислиги муҳандис бўлган бу кимса кимёвий лабораторияларни ҳам, оммавий қирғин қуролларини ҳам ўз кўзи билан кўрмаган. У “Золим ҳукмдорни ағдаришим учун бирон нарса ўйлаб топиш имконияти пайдо бўлди”, дея юз минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ёлғонини оқламоқчи бўлади.
Айтмоқчи, олмонларнинг махсус хизматлари, бир неча ой ичида унинг ёлғонларини фош қилишга мувваффақ бўлишди. Ҳар сафар у янги-янги ёлғонларни тўқиганидан олдинги ёлғонлари билан ёпишмай борарди. Бироқ, афсуски, ўша вақтдаёқ бу ажойиб гувоҳ “америкалик дўстлари”га Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари ҳақида маълумот бериб улгурган эди. Жорж Буш маъмурияти ўша пайтда Ироқни босиб олиш учун бир ишончли баҳона қидираётган эди. Шунинг учун ҳам у Берлиндан келган махфий хабарга қаттиқ ёпишиб олди.
Бироқ, Олмониянинг кейинчалик юборган “гувоҳнинг ёлғон гапириш эҳтимоли” ҳақидаги хабарлари, ҳатто Олмония махсус хизмати раҳбари Аугуст Ханниннинг Марказий Разведка Бошқармасидаги ҳамкасбига ёзма равишда Жанобийнинг ғирт ёлғончи экани ва унинг кўрсатмаларини эътиборга олмаслик ҳақидаги мактублари ҳам эътиборга олинмади. Чунки сохта гувоҳнинг ёлғонлари америкаликлар истаган ва анчадан бери орзу қилаётган кўрсатмалар эди-да!
МРБдагилар Рафед Жанобийга Curveball деган лақаб қўйиб олишди. Бундай олқишга ҳали Америка учун ишлаётган ҳеч бир жосус сазовор бўлган эмас эди. Америкаликлар Шарқий Европадан чиққан ва махфий қурол ҳақидаги маълумотларга эга бўлган сотқинларни одатда ball (яъни тўплар) деб, аташар эди. Curveball сўзи  эса бейсбол ўйинида кутилмаган тўп зарбасини англатади.
Бу вақтгача Буш маъмурияти қўлида Саддамнинг биологик қуролга эга экани ёки Ироқ ҳукуматининг “Ал-Қоида” террорчи ташкилоти билан алоқалари бўлганини исботлаш учун бирорта далил-ҳужжат бўлмаган. Шу орада ироқлик Жанобийнинг, бунинг устига касби кимёгар бўлган одамнинг топилиб қолиши ҳақиқатан тақдир туҳфаси эди. Ироқни босиб олишга яхшигина баҳона топилди ва қонли уруш бошланиб кетди. Буюк товламачи аслида оддийгина ёлғончи-каззоб бўлиб чиқди. Жанобийнинг ўзи эса, Колин Пауэллнинг нутқини эшитиб, ҳайратда қолганини айтади ва “Олмонлар мен ҳақимдаги маълумотларни амеркиаликларга сотибди”, деб хафа бўлади.
Америкаликлар эса, ўз ахборотчиларига бир тийин ҳам тўлашгани йўқ. “Бебаҳо маълумот етказган одам”нинг ёлғончи ва каззоб экани маълум бўлгунича, Олмония махсус хизмати ироқлик муҳандисга ҳамкорлик учун ойига уч минг евродан пул тўлаб турган. “Бироқ, мен ҳаммасига розиман, –  деб қўшимча қилади Curveball. – Охир-оқибат Ироқни золим мустабид бошқараётгани йўқ-ку!
2007 йили Олмония махсус хизматлари “махфийлик” грифини бекор қилиши билан жамоатчиликка олдин ҳам маълум бўлган нарсалар ўз тасдиғини топди, яъни Ироқдаги уруш ёлғон ва тўқима маълумотларга асосланиб бошланган экан. Рафеднинг исми газета-журналлар саҳифасида пайдо бўла бошлади. Маҳмадона Рафед эса, ўшанда барча гапларни ўзича тўқиб айтгани ҳақида интервюлар бера бошлади. Ёлғонни тўқиб ташлагани ҳақидаги суҳбатларига бошда яхшигина пул тўлаб туришди. Уддабурон муҳандис оддий одамлар учун узоқ йиллик ҳибс хавфини соладиган ёлғон нарса билан мўмайгина пул ишлаб олди. Сўнгра эса, Жанобийнинг гап-сўзлари шов-шув бўлмай қолди ва нашриётлар у билан суҳбат учун пул тўламай қўйди. 2010 йили ироқлик Остап Бендер Олмониядаги НДР телекомпанияси мухбирлари билан аҳдлашувни бузгани учун уни полицияга чақиришга мажбур бўлишди. Собиқ Curveball олдинроқ мухбирларни қабул қилишга ваъда берган бўлса ҳам, уларнинг пул (қалам ҳақи) бермаслигини билгач, суҳбатдан воз кечган экан.
Аслида, ироқлик товламачи муҳандиснинг ёлғонлари Америкадаги расмий сиёсатдонларнинг расмий ёлғонлари олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. Икки нотижорий ташкилот – “Мустақил журналистика учун” жамғармаси ва “Ҳукумат ҳаққонияти учун” маркази Оқ уйнинг 2001 – 2003 йиллар оралиғида Ироқ масаласида эълон қилган ёлғон баёнотлари сонини ҳисоблаб чиққан. Уларнинг маълумотларига кўра, 2001 йилнинг сентябридан 2003 йил сентябригача бўлган расмий чиқишларида АҚШ президенти Жорж Буш – икки юз олтмишта, давлат котиби Колин Пауэлл – икки юз эллик тўрт, мудофаа вазири Доналд Рамсфелд – бир юз тўққизта, Оқ уйнинг матбуот котиблари Ари Фляйшер ва Скотт Макклеллан тегишли тарзда – бир юз тўққизта ва ўн тўртта, мудофаа вазири ўринбосари Пол Вулфовиц – саксон бешта, президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондализза Райс – эллик олтита, АҚШ вице-президенти Дик Чейни – қирқ саккизта ёлғон ишлатган. Улар бу ёлғонлари билан омма ҳузуридаги нутқлар, матбуот анжуманлари баённомалари, суҳбатлар, қасам ичиб берилган гувоҳликлар ва бошқа манбалар орқали бутун дунёни ўзларининг ҳақликларига ишонтириш учун ишлатишган. Тадқиқотчилар умуман АҚШ расмийлари фақат икки мавзуда –Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор ва Саддам Ҳусайн “Ал-Қоида” билан алоқадор деган даъволарни исботлаш учун икки йил ичида жами 935 та ёлғон ишлатганини ҳисоблаб чиқишди.
 Ана шундай ёлғонлар билан бошлаб юборилган урушнинг нима билан тугагани ҳаммага маълум. Саддам Ҳусайн ўз гуноҳлари ва хатолари учун фожиали ўлим топди. Ўз ҳукмронлиги йилларида художўйлиги, тақвоси ёки адолатпарварлиги билан унча танилмаган ҳукмдорга Парвардигор ўлимини муносиб қарши олиш имконини берди. Парвардигори олам ҳар қандай бадбахт жоҳилга ҳам ўз раҳматини ато қилиб, тавба эшикларини очиб қўйиши мумкин, чунки “Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят қилиши мумкин”. Шу билан бирга Аллоҳ таоло бутун дунёга кўрсатиб қўйдики, золим ҳукмдордан халос этиш баҳонасида бу ажойиб ва гуллаб-яшнаган юртга бостириб кирган ва унинг аҳолисини чидаб бўлмас ситам ва кулфатларга гирифтор қилганларнинг ўзи ҳам ундан асло қолишмайди. Ўзида “жасорат” топиб, Америка кучлари ёрдамида “жароҳат олган шерни оёқ ости қилган” ироқликлар ҳам босқинчилардан баттардир.
Саддам Ҳусайннинг ўрнига ундан баттар золимлар келишди. Энди уларнинг зулми Саддам Ҳусайннинг зулми олдида унча катта кўринмаса-да, улар адолатсизликда, диний эътиқодларни поймол қилишда ундан қолишмас эди.
АҚШнинг собиқ давлат котиби Колин Пауэлл Ироққа бостириб кириши арафасида БМТда гапирган нутқининг ҳаётидаги энг шармандалик ҳодиса бўлганини ҳақида айтди. Кеч бўлса ҳам текширилмаган маълумотлардан, аниқроғи ёлғон ва уйдирмалардан фойдаланганини тан олди.
Curveball Рафед Жанобий эса бир неча йил олдин Олмония фуқаролигини қўлга киритди. У олдингидек кинокамералар қаршисида ўз хурсандчилигини яшириб ҳам ўтирмайди. “Мен алдаган эдим, – дейди у. – Кимёвий қурол, кўчма лаборатория ҳамда бомба солинган қутиларни ўзимдан тўқиб чиқарганман”. Ва беўхшов тиржаяди. У доим шундай кулиб юради. Эҳтимол, у билан ўзининг ёлғони тинч мамлакатни уруш гирдобига тортгани, миллионлаб ватандошларининг ҳалокатига сабаб бўлгани сабабидан миясида тинчлик бермаётган нохуш ўй-хаёлларни бир дам унутмоқчи бўлар?! Балки, адолат танатана қилиб, уруш бошланишига сабаб бўлгани ёки оммавий қирғинларга шерик сифатида устидан жиноий иш қўзғалиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар унга азоб бераётгандир?! Нима бўлганда ҳам пул ёки озгина мартаба учун миллатини, халқини, эътиқодини сотганини Худодан ҳам, бандасидан ҳам яшира олмаслигини яхши билади. У шунчалар кенг кўламли хиёнатга ва жиноятга қўл уришига сабаб бўлган нарсалар эса жуда арзимас: уни бемалол америкалик дўстларига сотган бегона мамлакатнинг фуқаролигию, сотқинлиги эвазига қўлга киритган қонли танга-чақалар, холос. Одатда хиёнаткор сотқинларнинг қисмати ҳамиша шундай якун топади.
Ироқдаги уруш расмий равишда тугаган, дея эълон қилинса ҳам, у ҳозиргача давом этмоқда. Турли манбалар мамлакат босиб олиниши туфайли 700 мингдан бир ярим миллионгача ироқликлар ҳалок бўлганини айтишмоқда. Ироқнинг шаҳар ва қишлоқларида ташқи душман бир неча гуруҳга ажратиб ташлаган ироқликлар ҳар куни, кун оша бир-бирларини портлатиб, қурбонлар сонини тинимсиз ошириб боришяпти. Издан чиққан иқтисод, вайрона шаҳар ва кўчалар, портлатилган мактаблар, мотам либосидаги бевалар, бир-бирига душманган айланган ака-укаларнинг фожиаси зарарларини ҳозиргача ҳеч ким ҳисоблаб чиққани ҳам йўқ.
Ушбу уруш олиб келган миллионлаб қурбонлар, халқаро майдонда, айниқса Ислом оламида АҚШ обрўйининг тўкилиши, урушга сарфланган триллионлаб доллар пуллар, армия шахсий таркибидан урушда ҳалок бўлган минглаб жангчилар – буларнинг ҳаммаси Америка Ироқ кампанияси учун тўлайдиган товоннинг бир қисми, холос. Америка президенти Буш бошлиқ раҳбариятнинг ниятига кўра, Ироқ уруши туфайли Ироқ давлати тепасига кучли, барқарор, Америкага маъқул келадиган, демократик бир ҳукуматнинг келишига кўмаклашиш эди. Улар бу билан минтақадаги террорчи ташкилотларга сезиларли зарба бериш, Эрон ва Сурия каби мустабид режимларнинг бемалол ҳаракат қилиши учун имкон қолдирмаслик, турли мамлакатларда, хусусан, Саудия Арабистонида ислоҳотлар жараёнига йўл очиш, ХАМАС каби гуруҳларга ёрдам беришнинг олдини олиш, Фаластин – Исроил масаласини осонгина ҳал этишни кўзда тутишган эди. Бироқ, бу режаларнинг бари чиппакка чиқди. Мақсадлар амалга ошмади.
Ҳозир Ироқда Эрон билан яқинлашиш тарафдори бўлган Моликийнинг авторитар ҳукумати фаолият кўрсатмоқда. У “террорчилик ташкилотларига аъзолик”да айблаш ёки қамоққа олиш йўли билан ўзининг сиёсий мухолифларини йўқ қиляпти, ички ишлар вазирлиги ва мудофаа идораси устидан якка ўзи назорат ўрнатиб олган, турли разведка хизматлари ёрдамида жамиятнинг барча қатламларини террор қилмоқда. Бунинг устига мамлакат турли мазҳабларнинг ўзаро кураш майдонига айланиб кетдики, бу шу минтақадаги кўплаб мамлакатлар учун жиддий хавф солиши билан бирга Америка орзу қилган кучли ва барқарор Ироқ образи хаёллигича қолиб кетишидан дарак бериб турибди.
Тинч Ироққа қарши бошланган бемаъни уруш бундан бошқа яна кўплаб кўнгилсизликларни келтириб чиқарди. Ироқда ҳам, атроф ҳудудларда ҳам Эроннинг таъсир доираси янада кенгайди. Айнан Саддам Ҳусайнгина узоқ йиллар мобайнида Эроннинг минтақадаги қудратини сўндириб турган куч эди. Саддам ағдарилганидан кейин Эронни ўраб турган “темир парда” кўтарилди. Яъни, Ироқнинг бугунги сиёсатида ҳал қилувчи ролларни ўйнаётган шиа ўйинчилари (масалан, бош вазир Моликий, Сеистоний, Ас-Садр, Ҳаким) Саддам таъқибидан қочиб, Эронда муҳожирликда яшаган бўлса, Америка босқинидан кейин яна Ироққа қайтиб келишди. Эрон қўшниси Ироқ орқали Сурия, Ливан ва Фаластин каби бошқа ҳудуларда ҳам мавқеини мустаҳкамлаб олди. Ироқ босқинидан кейин Эроннинг иттифоқчилари ХАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” сезиларли ҳарбий ва сиёсий муваффақиятни қўлга киритди. 2005 йилдан кейин Суриянинг Ливандаги таъсири аста-секин кучайди.
Эроннинг минтақада бундай мавқенинг қўлга киритиши ўз хавфсизлиги ҳақида жиддий ташвишга тушиб қолган Исроилнинг ҳам тинчини бузган. Бу воқеълик эса Фаластин – Исроил масаласини боши берк кўчага киритиб қўйди. Бунинг устига Америка томони 2006 йили эълон қилган докладга кўра, Ироқнинг ишларига аралашиш туфайли бу ерда террорчилик актлари сони нақ етти бараварга ошган.
Ироқ босқини Американинг ички сиёсатига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Виетнам урушидан бери ташқи сиёсат соҳасида АҚШ жамиятида энг катта ишончга сазовор партия республикачиларники эди. Ироқда йўл қўйилган хатолар туфайли уларнинг монополиясини синдирди ва бунинг оқибатида республикачилар демократларга ўринларини бўшатишга мажбур бўлишди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш сўровларига кўра, бу ҳолат анъанавий равишда республикачиларни қўллаб келган ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг партиядан чиқиб кетишларига сабаб бўлган.
Бироқ, балки Американинг Ироқдаги босқинининг энг муҳим натижаси Американинг келгусидаги ташқи сиёсатида яшириниб ётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Виетнам уруши келтирган жароҳатлар Америкада уруш ва бошқаларнинг ишига аралашишнинг ғанимларидаги душманлик кайфиятини кучайтирди ва ўнлаб йиллар мобайнида бу нарса ташқи сиёсий қарорларнинг қабул қилинишига ўз таъсирини ўтказди. Очиқ кўриниб турибдики, Ироқ уруши ҳам Американинг дунё билан муносабатларида ҳали кўп йиллар муҳим мезон бўлиб қолади. Қолаверса, Ироқ уруши ўзининг зўравонлик ғояларини амалга ошириш учун тинч яшаб турган ўлкаларга зулм, вайронгарчилик, ўлим ва парокандалик олиб бораётган янги мустамлакачиларга яхшигина сабоқ бўлса ҳам ажаб эмас!

Интернет материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлаган

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase