close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Фан ва дин: Қайта тирилиш

У (Аллоҳ) албатта сизларни (Одам авлодларини) ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунига тўплайди. (Қуръони карим, "Ал-Ҳааққа"сурасидан)

У (Аллоҳ) албатта сизларни (Одам авлодларини) ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунига тўплайди. (Қуръони карим, "Ал-Ҳааққа"сурасидан)

Қиёматнинг муқаррарлиги

Бас, қачон юлдузлар ўчирилгач ва қачон осмон ёрилиб-очилгач ва қачон тоғлар сочилгач ва қачон пайғамбарларга белгиланган вақт келгач... ("Вал-Мурсалот" сурасидан)
Монотеистик (монотеизм - яккахудолик) динларнинг барчасида бир кун келиб Ер деб аталувчи сайёрада қиёмат қўпиши башорат қилинади. Демак, бу динларга эътиқод этувчилар, жумладан, аҳли ислом учун қиёматнинг рўй бериши - шаксиз ҳақиқат.
Қуръони каримда унинг муқаррарлиги кўп марта такрорланади. "Зумар", "Қиёмат", "Ал-Ҳааққа" каби сураларда эса бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилган.
Қиёматга ишонч - мусулмон иймонининг шартларидан бири бўлиб, унга заррача шубҳа билан қараш кишини диндан чиқаради. Шу билан бирга кузатувлар кўрсатадики, анча-мунча одам "қиёмат - муқаррар" деган қаноатга шубҳа қилмагани ҳолда, "Нима қилиб бўлса ҳам яшаб қол" деган тамойилга мувофиқ ҳаёт кечиради. Бу тоифа ўзича гўё "Қиёматми? Ўҳ-ҳў! Бир гап бўлар-да" деб ўйлайди, чамаси. Бу аслида охиратга чала ишониш - аросат деган гап. Чунки Одам авлодининг маҳшарда қиёматдан қўрқиши - у кундан ёлғиз мурод эмас, инсон бу дунёда ҳам уни ёдда тутмоғи ва ҳаёт низомини шунга асосан қурмоғи шарт.
Қиёматнинг муқаррарлигини, ўша куни Одам Ато авлоди қайта тирилиб, ҳисоб беражагини ўйламай яшаш, юзаки қараганда, ҳар бир одамнинг шахсий ишидек туюлади. Ҳолбуки, одамзод ёмон қилмишлари, айниқса, гуноҳ ва жиноятлари учун бу дунёда жазодан қутулиб қолганда ҳам, барибир куни келиб жавоб беришдан қўрқмас экан, жамият урчиб кетган ижтимоий иллатларни "даволаш"да қийналади, ҳатто уддалай олмайди. Бунга кўплаб далил-исбот келтириш мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, қуйидаги мулоҳазаларимиздан кўзланган мақсад қиёмат ва охират ҳисоби фанга ҳам зид келмаслиги тўғрисида фикр юритиш баробарида қиёмат бўлишига ишонса-да, аммо "мен ўлгунимча барибир бўлмас" дея ўзини ўзи юпатувчиларни огоҳлантиришдан иборатдир.

Хўш, қиёмат қачон бўлади?

Таъкидлаш керакки, диний китобларда бу саволга аниқ жавоб берилмаган, унинг аломатларини билдириш билангина чекланилган, холос. Бунинг боиси шундаки, ҳаёт инсонга синов учун берилган. Қиёмат муддатининг номаълумлиги ана шу синовнинг муҳим бир шарти бўлса ажаб эмас. Буни "Иш қилсанг, ҳеч қачон ўлмайдигандай сифатли қил; ибодатни эса эртага қиёмат бошланади дегандай ҳисоб билан адо эт" деган мазмундаги ҳадис ҳам яққол тасдиқлайди.
Албатта, ҳаммани ҳам қиёматга ишонади деб бўлмайди. Авом тугул бирор соҳада улкан ютуқларга эришган одамлар орасида ҳам диний эътиқодсизлар кам эмас. Масалан, машҳур олим, Нобел мукофоти лауреати Виталий Гинзбург ойнаи жаҳон орқали динга ишонмаслигини эътироф этди. Афсуски, суҳбат қурган журналист унга "Дин бир кунмас бир кун қиёмат қўпади, Ерда ҳаёт тамом бўлади дея башорат қилади. Сиз астрофизика билан ҳам шуғулланасиз. Бунга ишонасизми?" деб савол бермади. Агар шуни сўраганида олим "йўқ, ишонмайман" дея жавоб бермаслиги аниқ эди. Чунки ҳозирги замон астрономияси қиёмат муқаррарлигини бошқа фанларга нисбатан асослироқ далиллар билан тасдиқлайди. Исбот тариқасида Пулково обсерваториясининг профессори, кичик сайёралар бўйича йирик олим О.Короттсевнинг қуйидаги фикрларига эътибор беринг: "Биргина Россиянинг ўзида ўттизтача астероид урилишидан ҳосил бўлган ҳалқасимон ўрлик аниқланган. Кўриниб турибдики, астероидларнинг Ер билан тўқнашуви кўп марта содир бўлган ва бу ҳодиса келгусида ҳам рўй бериши истисно эмас. Ҳатто исталган ой ва ҳафтада сайёрамиз осмон чорраҳаларидан бирида астероид ёки комета қиёфасидаги "самовий меҳмон"га дуч келиши мумкин. Бунақа "меҳмон"ларнинг 700 га яқини Ер курраси атрофида айланиб юрибди. Улардан энг йириги 1036-рақамли "Ганимед" кичик сайёраси бўлиб, диаметри 41 километрга тенг. Қани энди, у нарироқ кетса! Лекин бутун олам тортилиш қонуни амал қилар экан, тақдирдан қочиб бўлмайди" ("Астрономия", оммабоп қомус, Санкт-Петербург, 2003 йил).
Энди қиёмат муқаррарлигини тасдиқловчи бошқа далилларни баён этамиз.
Ер магнит майдонига эга экани кўпчиликка маълум. Ер куррасини мактаб лабораторияларида ўқув қуроли сифатида сақланадиган магнит таёқчага қиёслаш мумкин - унинг бир қутби Канаданинг шимолида, униси эса Антарктида қитъасида жойлашган. Геология фанининг палеогеология тармоғи Ер ўз магнит майдонини вақти-вақти билан ўзгартириб туришини тасдиқлайди. Бинобарин, бир неча марта унинг қутблари ўрни алмашган. Сиртдан қараганда, магнит майдонининг ўзгаргани ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасдек туюлади. Лекин ана шу ўзгариш сабаби ва оқибатлари қандай бўлган? Бунга жавобан айтиш лозимки, Ернинг магнит майдони унинг ядроси - бағридаги суюқ ферромагнит моддаларнинг (темир, кобальт ва бошқа) ҳаракати туфайли мавжуддир. Қутблар ўрни кескин алмашар экан, бу ҳол ўз-ўзидан содир бўлмайди, албатта. Бу ҳодиса Ер ядросининг ҳаракатидан юзага келган ўзгариш оқибатидир. Аниқроқ айтганда, Ер бағридаги суюқ оқимда вақти-вақти билан уюрмалар ҳосил бўлиб туради. Ана шу уюрмалар ўзаро таъсир туфайли бир-бирини кучайтириши мумкин, бу эса муайян фурсатда оқимнинг кескин ўзгаришини келтириб чиқариши табиий. У, ўз навбатида, Ер магнит майдони ўқининг ўзгаришига олиб келади. Бундай жараён, илмий тилда ифода этганда, "потенциал тўсиқдан ошиб ўтиш" тарзида рўй беради. Буни куб шаклидаги оғир қути бирёнидан иккинчи ёнига ағдарилгани тарзида тасаввур қилиш мумкин. Бунда нафақат магнит майдонининг қутблари ўзгаради, балки миллионлаб йиллар давомида йиғилиб келган тарангликнинг кескин бўшашуви натижасида улкан миқёсда энергия - қувват ажралиб чиқиб, кучли зилзилалар, вулқонлар портлаши,Ер қобиғи қатламларининг сурилиши юзага келади, сайёрани қуёш нурларидан ҳимоялаб турувчи магнит "шамсия"сида "йиртиқ"лар ҳосил бўлиб, тирик мавжудот кучли нурланишга йўлиқади.
Яна бир далил қуйидагича: Ер шари Қуёш атрофида, Қуёш эса "Сомон йўли" галактикаси маркази атрофида айлана бўйлаб ҳаракат қилади. Астрономларнинг ҳисоб-китобича, Қуёш ўз системасини "опичлаб олган" ҳолда ана шу айланани 220-230 миллион йилда бир марта босиб ўтади. Бу жуда катта муддат, албатта. Аммо Қуёшнинг "сайри" тинч ва беталафот ўтмаслиги тайин - у йўл-йўлакай бошқа юлдузларга яқин келиши, кучли нурланиш ҳудудлари ёки аксинча, Ер атмосферасини сўриб олувчи майдонларга (масалан, қора ўпқонларга) дуч келиши мумкин.
Қиёмат қўпишига олиб борадиган сабаблардан яна бири одамзоднинг номатлуб хатти-ҳаракатларидир. Муайян ҳодисанинг рўй беришига жамият фаолияти сабаб бўлса, фанда у антропоген омил дейилади. Алалхусус, қиёмат табиат ҳодисаси оқибатидагина эмас, айнан антропоген омил туфайли ҳам рўй бериши мумкин. Таъкидлаш лозимки, қиёматнинг бу варианти диний нуқтаи назарга кўпроқ мувофиқ келади.
Сирасини айтганда, кейинги вақтларда одамзод, бир томондан, илмий-техник тараққиёт орқали эришаётган куч-қудратига бино қўйиб, уни янада зўрайтириш учун табиатга нисбатан зуғумини кучайтираётган бўлса, иккинчи томондан, руҳият ва комиллик масаласига панжа орасидан қараб, моддий фаровонлик ҳамда нафс роҳат-фароғатига тобора муккасидан кетмоқда. Олимларнинг эътироф этишича, сўнгги чорак асрда транспорт воситалари чиқараётган карбонат ангидрид ва бошқа газлар оқибатида она сайёрамиздаги тирикликнинг ўзига хос ҳимоячиси бўлган озон қатлами сийраклашмоқда, "иссиқхона эффекти" борган сари кучлироқ намоён бўлмоқда. Хуллас, табиат зўриққандан зўриқиб бормоқда: музликлар эрий бошлади, чўлга айланиш жараёни жадаллашди, ўрмонлар ёнғини авж олди, уммонларда ҳарорат ўзгариб, қуруқликдаги иқлимга таъсири ортиб кетди. Масалан, ўтган асрнинг охирида дунё бўйича автомобиллар йилига 40 миллиард литр ёнилғи ёқиб, 420 миллиард куб метр турли заҳарли газлар чиқарган. Ҳолбуки, автомобиллар сони сўнгги ҳар йигирма йилда икки баробар ортиб бормоқда. Бу каби салбий омилларга энергия тақчиллиги ва аҳоли кўпайиши ҳам қўшилса, қиёмат-қойим янада тезлашиши ҳеч гап эмас.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Қуёшнинг ҳаракати фаоллашмоқда. Аслида, бундай катта юлдуз фаолиятида сезиларли ўзгаришлар жуда узоқ муддат (дейлик, юз миллион, миллиард йил) давомидагина рўй бериши мумкин. Бироқҳозир ана шундай ўзгариш атиги бир авлод кўз ўнгида юз бераётгани кузатилмоқдаки, бундан олимлар беҳад таажжубда. Уларнинг фикрича, Қуёш марказидаги ҳарорат ортиб бормоқда. Бу жараённинг оқибати қандай бўлиши хусусида ҳозирча бирор бир мулоҳаза билдириш мушкул. Лекин азал-азалдан Ердаги ҳаёт манбаи бўлиб келган Қуёш исталган пайтда портлаши мумкин - астрономлар юлдузлар оламида бундай ҳодиса рўй бериб туришини аниқлаган. Бу қиёмат муқаррарлигигагина эмас, балки у ҳар лаҳзада реал воқеликка айланишига яна бир далилдир. Бунга ядровий тўқнашув, кутилмаган иллат эпидемияси каби бошқа далилларни ҳам қўшиш мумкин.
Ниҳоят, қиёматни тезлаштирадиган яна бир сабаб сифатида одам наслининг бузилишини айтиш керак. Чунки йил сайин дунёни кенгроқ қамраб олаётган глобаллашув жараёни ҳозирча асосан Шарқдан Ғарбга томон миграция - аҳолининг оммавий кўчиши тарзида кечаётган бўлса, акс йўналишда ахлоқий қадриятларнинг таназзули, ҳирсий лаззатпарастлик, аёлларнинг оналик вазифасидан бўйин товлаб, "эркаклашиш"га мойиллиги, эркакларнинг оила боқиш ўрнига хотинларга хос ишлар билан шуғулланиши, бир жинсли "оила" тарафдорларининг ижтимоий жангарилиги каби кўпдан-кўп омилларда намоён бўлмоқда. Мазкур жараённинг борган сари жадаллашаётгани, унинг йўлини тўсадиган бирон бир кучнинг майдонга чиқмаётгани ҳам бани башарни нақд қиёматга олиб бориши мумкин.
Албатта, қайд этилган омилларнинг бир қисмини шунчаки тахмин, қолганларини эса олис келажакка тааллуқли ҳол деб ҳисоблаш жоиз. Аммо "қиёмат - муқаррар" деган тушунчани исботлаш учун ана шу далилларнинг атиги биттаси ҳам кифоя.
Хўп, қиёмат муқаррар экан, бандаси нима қилиши керак?
Бу саволга Расулуллоҳ жавоб бериб кетганлар: Эртага қиёмат деган куни ҳам кўчат эк! Мазкур ҳадис бежиз кўчат экиш тўғрисида эмас. Кўчат - эзгулик рамзи. Кўчат экувчи "ҳосилини мен емасам, бошқалар ейди" деган ният билан экадики, демак, у олижаноблик тимсоли ҳамдир. Аммо Расулуллоҳ насиҳатига тескари иш тутувчилар камми?!

Воқеий ҳикоя

90-йилларнинг ўрталарида йирик бир колхозни учга бўлишга қарор қилинади. Ер майдонини бўлиш хамирдан қил суғургандек осон кечади-ю, бошқа мол-мулкни тақсимлаш анча бошоғриқни келтириб чиқаради. Собиқ колхознинг мулки қайд этилган махсус дафтар архивга топширилиб, учта янги дафтар очилади. Лекин буни қарангки, жамоа хўжалигида (уни аслида "жамоавий хўжасизлик" деб аташ тўғрироқ бўларди) "темир дафтар"га тиркалмаган мулк ҳам анча-мунча экан. Йўл ва ариқ ёқаларига экилган тераклар, шийпонлар атрофидаги чинорлар шулар сирасига киради. Улар орасида қачонлардир қайсидир савобталаб эккани ҳам кўп эди.
Шунда ҳалиги бўлинаётган колхоз раиси бир неча кун ичида мулк дафтарига кирмаган, азбаройи савоб илинжида экилган дарахтларни ҳам кестириб, сотиб юборади...

Қиёматда қайта тирилиш

Инсон Бизни унинг (тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! Йўқ, Биз унинг бармоқларигача тиклаб жойига келтиришга қодир бўлган зотдирмиз. ("Қиёмат" сурасидан)
Монотеистик динларда охирзамон келиб қиёмат бўлишидан кейин ҳамма одам қайтадан тирилиши таъкидланади. Табиий фанларнинг В.Гинзбург сингари моддиюнчи вакиллари Ерда қачонлардир фалокат рўй бериб, ҳаёт тамом бўлишини рад қилмаса ҳам, одамларнинг қайта тирилиши мумкинлигига сира-сира ишонмайди. Ҳолбуки, айнан табиий фанлар, хусусан, биологиянинг бугунги ривожи одамни бемалол қайта тирилтириш мумкинлигини исботламоқда.
Қишлоқ хўжалигида анчадан буён маданий экинларни (масалан, картошкани) клонлаштириш йўли билан ҳосилдорлигини ошириш усули қўлланмоқда. Матбуотда ҳайвонларни клонлаштириш бўйича муваффақиятли тажрибалар амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқатилганига анча бўлди. Ана шундай тажриба маҳсули бўлган "Долли" лақабли қўй, яқинда эса клон-мушук ("опй-ат") ойнаи жаҳон орқали намойиш этилди. Нуфузли ЮНЕСКО ташкилоти 1997 йилиёқ одамни клонлаштиришнинг номувофиқлиги тўғрисида тегишли қарор қабул қилган бўлса-да, ҳанузгача турли давлатларнинг парламентида "одамни клонлаштиришга рухсат бериш керакми ё тақиқлаш лозимми?" деган ҳуқуқий муаммо ўз ечимини топгани йўқ. Бунга айрим мутаассиб олимларнинг оқиллар маслаҳатига қулоқ солмаётгани сабаб бўлмоқда.
Изоҳ сифатида айтиб ўтиш ўринлики, бир жонивор ҳужайрасидан унинг бус-бутун нусхасини ўстириш фанда клонлаштириш деб аталади. Бу жараён ксерокс аппаратида матндан нусха олишга ҳам ўхшайди. Бунда ўстирилган жонивор ҳужайра олинган жониворга айнан мос бўлади - улар ўртасидаги фарқ бир тухумли эгизакларникидан ортиқ эмас. (Аслида, эгизаклар табиий равишда ҳосил бўлган клонлар ҳисобланади.) Мисол тариқасида айтсак, клонлаштириш усули билан серсут сигир зотидан юзлаб нусха кўпайтириш мумкин. Бу эса биологик жиҳатдан одамни ҳам клонлаштиришга ҳеч қандай тўсиқ йўқлигининг исботидир.
Албатта, клонлаштириш - ўлган одамни тирилтириш дегани эмас ҳали. Чунки бунда янги нусхага асос сифатида ҳужайра ядроси олинади. Ҳужайра эса - тирик организм унсури. Жонзот вафот этгач, унинг ҳужайралари ҳам ҳалок бўла бошлайди ва охири тупроққа қоришиб кетади. Лекин генетика фани нафақат ҳужайра, балки бутун организмнинг барча индивидуал хусусиятлари унинг генида - ДНК молекуласида битиб қўйилганини аллақачон исботлаган. Ҳар бир одам (бошқа тирик организмлар каби) хромосомаларида жамланган генига мувофиқ вояга етади; бу жараён "морфогенез" деб аталади. Ген эса аденин, гуанин, тимин, тситозин деган нуклеид кислоталардан таркиб топади (шартли белгилари - А, Г, Т, С). Яна ҳам аниқроғи, жонли мавжудот гени ана шу тўрт хил нуклеид кислотанинг муайян тартибда бирлашиб ҳосил қилган занжирдан иборат. Бу занжир ўз навбатида қисмларга бўлиниб, ҳар бир қисм одам организмининг тайин бир аъзоси синтез қилиниши учун "жавобгар"дир.
Ифодали тарзда айтганда, ҳар бир одам - гўёки бир неча миллиард А, Г, Т, С ҳарфларидан ташкил топган матндан иборат. У фан тилида индивиднинг генетик коди деб юритилади. Эгизаклар ва клонларнинг генетик кодлари, жузъий "орфографик хатолар"ни айтмаганда, бир хил ҳисоб. Равшанки, генетик код ДНК молекуласи ёки хромосома шаклида сақланиши шарт эмас - уни бемалол компютер хотирасида ёки бошқа хотира қурилмаларида сақлаш мумкин. Нуклеид кислоталар эса оқсил, ёғ, углевод каби унчалик мураккаб бўлмаган органик моддаларнинг бир тури ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирча фан генетик коди бўйича одамни клонлаштириш масаласини уддалай олгани йўқ. Аммо яқин келажакда бу муаммо ижобий ҳал этилиши мумкин. Айтайлик, бир неча юз йил бурун ўтиб кетган фалон одамнинг тирноғи ёки сочидан унинг генетир коди аниқланиб, сўнг лабораторияда ана шу кодга мос ДНК молекуласи синтез қилинса ва бу молекула махсус шарт-шароитга солинса, ундан айнан ўша фалончиникидек организм ўсиб етишади.
Тўғри, тирик жонзот, айниқса, одам клони унинг ўзи дегани эмас. Биринчидан, клонларда тана хусусиятлари ўхшаш бўлса ҳам, улар айнан бир хил эмас - мутация деб аталадиган ирсий ўзгаришлар оз бўлсада юзага чиқади. Иккинчидан, ҳар бир клон барибир алоҳида жонзотдир, демак, одам билан унинг клон нусхаси турли шахслар ҳисобланиши керак. Зотан, икки томчи сувдай ўхшаш кўрингани билан эгизакларнинг ҳар бири ўз руҳиятига эга бўлган бошқа-бошқа мавжудотлардир. Бу ўринда клонлаштириш масаласига эътибор қаратишимизнинг боиси - бандасики қачонлардир ўлган одамни клон тарзида бўлса-да, тирилтирар - унинг нусхасини ўстира олар экан, сон-саноқсиз оламларни биргина "Кун фа якун!" ("Бўл!") деган амри билан яратган Зотнинг ўликни тирилтиришига ақли расо одам шубҳа қилмас!

Фалсафий чекиниш

Биз одамга нисбатан "яратиш" сўзини ва унинг "бунёд этиш", "пайдо қилиш" каби маънодошларини кўп қўллаймиз: Эшмат янги бадиий асар яратди, Тошмат янги иншоот бунёд этди ва ҳоказо. Моҳиятан, бу - муболаға. Чунки инсон аслида ҳеч нарса ярата олмайди. Зотан, яратиш - йўқдан бор қилиш бўлиб, у фақат Худога хос сифатдир. Инсон эса ижоди туфайли шаклдан шакл ҳосил этади. Шу маънода, ҳар бир кашфиёт ва ихтиро объектив мавжуд бўлган нарса ёки ҳодисанинг устидаги пардани очиш демакдир. Бинобарин, инсон нафақат табиат, жамият ва одам зоти билан боғлиқ қонуниятларни кашф этади, балки ана шу жараённинг ўзи ҳам муайян қонунлар, масалан, мантиқ талабларига мувофиқ тарзда кечади. Бундан англашиладики, тирик мавжудотни клонлаштириш - асло "яратиш" эмас, балки юрак, буйрак каби тана аъзоларининг кўчириб ўтказилиши (трансплантацияси) каби бир жараёндир. Инчунун, бирор бадиий, тасвирий ёхуд мусиқий асар ижод қилиш том маънодаги яратиш эмас, балки деҳқоннинг экин экишига ўхшаш бир меҳнат жараёни, холос. Бошқача айтганда, уларнинг илоҳий қудрат томонидан яратишга бевосита алоқаси йўқ. Нега деганда, ҳар бир ижодкорнинг мияси, онги ва руҳиятидаги жараёнлар унинг ўзига боғлиқ бўлмаган қонуниятларга бўйсунади.
Кузга бориб ҳосил йиғаётган деҳқоннинг "мен буғдой яратдим" дейиши нақадар мажозий бўлса, конструкторнинг машина, олимнинг илмий назария яратиши ҳам худди шундай мазмунга эга. Шу чоққача бирор даҳо табиатнинг янги қонунини яратган эмас, аксинча объектив қонуниятларни идрок қуввати билан бошқаларга маълум қилган. Улар ҳам аслида тақрибан, яъни нисбий бўлади - муайян давр ўтиши, янада ишончли далиллар йиғилиши, тадқиқотнинг янги самарали усуллари юзага келиши билан (бу ўринда ҳам кўпинча "яратилиши билан" ибораси қўлланади) янгиланади. Мисоллар: "Ер - япалоқ" деган тушунча - Ернинг шарсимонлиги - Ер сайёралардан бири экани - Ернинг пайдо бўлиши тўғрисида тахминлар. Ёки Аристотел механикаси - Нютон механикаси - хусусий нисбийлик назарияси - умумий нисбийлик назарияси - бирлашган майдон назарияси - ягона майдон назарияси (ҳозирча фараз).
Табиатдаги жараёнлар объектив қонуниятларга мувофиқ кечишини диний уламоларнинг аксарияти эътироф этади. Ахир, тайёрада учиб кетаётган одам бутун олам тортилиш қонунини изоҳлаб беролмаслиги, аэродинамика қонунларини билмаслиги, уни бошқариш имконини бераётган электр токлари ва радиотўлқинлар бўйсунадиган Максвелл тенгламаларини тушунмаслиги мумкин, аммо ана шу қонуниятларни рад этиши кулгили. Ҳамма бўлмаса ҳам, аксарият ана шундай объэктив қонунлар ижтимоий ва иқтисодий жараёнларда ҳам мавжудлигини тан олади.
Хуллас, мавжуд объектив қонуниятлар диний таълимотга асло зид эмас. Аммо, нима учундир эволюция (тадрижийлик) назарияси диний таълимотга зид, деган қарашни қўллаб-қувватловчилар ҳамон кўп. Ваҳоланки, "Харди-Вайнберг қонуни" қатори генетика қонунлари ҳам эътироф этилади-ю, у билан узвий боғлиқ, ҳатто уларнинг мантиқий хулосаси ҳисобланган эволюция қонуни "уни тан олиш одамни диндан чиқаради" деган шубҳа билан инкор қилиб келинади. Бизнингча, бундай шубҳага ўрин йўқ. Зотан, эволюция назарияси ҳам бошқа фанлардаги назариялар каби табиат (бу ўринда жонли табиат) қонунидир, демак, у ҳам физика ва кимё қонунлари сингари Яратганнинг иродасини ифодалайди. Инсон томонидан биология қонунларига асосланиб клонларнинг ўстирилиши одам зотини ҳам, бутун борлиқни ҳам Аллоҳ таоло яратганини инкор этмагани ва этолмагани сингари эволюция таълимоти ҳам диний таълимотга зид эмас.
Шубҳасиз, табиат қонунларининг бир қисмини инсон ҳаёт тажрибасида эътироф этишга мажбур бўлади, қолганларига бутун умри давомида ишонч ҳосил қилади, айримларини эса кўзи билан кўриб амин бўлишга улгуролмайди. Масалан, миллиардлаб йилларга чўзиладиган юлдузлар эволюцияси қонуни мантиқ ва илмий методларга кўра исботланади ва яна шу асосда камчиликлари тузатиб борилади.
Албатта, қонунлар турли тушунчали одамлар томонидан ҳар хил талқин қилиниши мумкин. Талқинлар эса субъектив хусусиятга эга бўлиб, улар ичида нафақат диний эътиқод, ҳатто илм-фан тамойилларига зидлари ҳам учрайди.
Табиатнинг объектив қонунларидан бири бу - ўлимнинг муқаррарлиги. Одам зоти буни жуда яхши билади. Лекин у ўлимдан сўнг нима бўлишини билмайди. Моддиюнчилар ўлимдан кейинги ҳаётга ишонмайди. Қайта тирилиш-ку уларнинг тасаввурига мутлақо сиғмайди. Бу билан уларнинг ҳаммасини "номаъқул одамлар" демоқчи эмасмиз, албатта. Чунки моддиюнчилар орасида ҳам виждонлилари оз эмас. Аммо ўлим билан инсон ҳаёти тамом бўлади, деган ғоя (фараз, назария, эътиқод) жамият учун ғоят зарарлидир - у ўғрилик, қотиллик, порахўрлик ва бошқа жиноятлар содир этиш, ҳасад, иғво, беҳаёлик каби ахлоқ қонунлари бузилишини оқлашга хизмат қилади. Ҳолбуки, инсон иймон билан яшамоғи учун ўлимнинг муқаррарлигини билиши ва бир кун қайта тирилишини тан олишигина кифоя эмас. У ҳаёти давомида қилган амаллари учун жавоб беражагини ҳам англамоғи даркор.

Охират ҳисоби

Аллоҳ қилаётган амалларингизни билгувчидир. Самовот ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ичингиздаги нарсани хоҳ ошкор қилинг, хоҳ яширинг, Аллоҳ сизларни ўша нарса билан ҳисоб-китоб қилади ("Бақара" сурасидан)
Хўп, одам қайта тирилди ҳам дейлик. Унинг ҳаёти давомида қилган амаллари қандай таҳлил этилади? Дин нуқтаи назаридан бундай савол ўринсиз - барчаси Яратганнинг иродаси ва қудратига боғлиқ, тамом-вассалом. Фан нуқтаи назаридан-чи?
Илм-фан учун бу ўта мураккаб масала. Агар инсон Робинзон Крузога ўхшаб кимсасиз оролда ёлғиз яшаганида муаммо осонгина ҳал этилар эди. Аммо одам боласи - ижтимоий мавжудот бўлиб, умри мобайнида сон-саноқсиз зотдошлари билан тўқнашади, минг турли ҳолатларга тушади. Бундай олиб қаралса, одамларнинг тақдири, демак, хатти-ҳаракатлари шу қадар чатишиб-чирмашиб кетганки, уларни бўлакларга ажратиш иложи йўқдек туюлади. Лекин аслида масала анчайин жўн...
Маълумки, инсон хатти-ҳаракатларининг боиси (мотиви) борлиги билан ҳайвондан фарқ қилади. Инсон ҳаракатлари аксарият ҳолларда ақлга, ҳайвоннинг ҳаракатлари эса савқи табиийга (инстинктга) асосланади. Қиёслаш жоиз бўлса, ҳайвон ҳаёти тоғдан думалаб тушаётган тошнинг ҳаракатига яқин туради. Одамда ҳам савқи табиий бор, албатта. Масалан, йиқилаётган одам қўлини у ён-бу ён силтаб мувозанат сақлашга уринади. Бунда у бехосдан кимнидир уриб юбориши, ҳатто унинг ўлимига сабабчи бўлиши ҳам мумкин. Лекин одамнинг хатти-ҳаракатида соф инстинктдан туғиладиган ҳолатлар камдан-кам бўлади. Айрим истисноларни соқит этганда, инсон бошқа махлуқлардан фарқли ўлароқ ақл билан ҳаракат қилади; унинг онгида, жумладан, онгининг остки қатламларида аввал фикр, ғоя туғилади, сўнг у ниятга дўниб, онгнинг устки қатламига чиқади ва қарорга айланади. Ана шу қарор одамни ҳаракатга келтиради - у юради, ўтиради, сўзлайди, ёзади, шафқат ёки зулм қилади ва ҳоказо.
Онгнинг ўрни бундай хатти-ҳаракатлар сабаби билангина чекланмайди, одамзоднинг барча амали мобайнида онг фаол қатнашади: ҳаракатлари хотира "қурилмаси"га ёзилиб боради, жараён баробарида таҳлил этилиб, йўл-йўлакай тегишли ту-затишлар қилинади. Ҳатто муайян ниятни амалга оширишга қаратилган хатти-ҳаракат тугаганидан сўнг ҳам онг унинг натижаларини қайд ва таҳлил қилишда давом этади.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, одамнинг фикри, нияти унинг ташқи хатти-ҳаракати билан бирга бормаслиги, фақат унинг дилида кечиши ҳам мумкин - масалан, одам хаёлан яхши кўради ёки нафратланади, фикран қўшилади ёки рад этади.
Табиийки, одамнинг умри мобайнида қилган амалларини ташқи томондан кузатиб, "ёзиб" бориш, таҳлил этишдан кўра, у амалларнинг сабаби ҳам, оқибатлари ҳам онгда кечар экан, демак, инсоннинг онгини, дилини кузатиб бориш, унинг ботинида кечаётган руҳий жараённи "ёзиб туриш" кўпроқ ва мукаммалроқ ахборот беради...
Онгнинг мия фаолияти билан боғлиқлиги, мия фаолияти эса моддий жараён экани маълум. Яна ҳам аниқроғи, онгда кечадиган ва одам миясидаги асаб жараёнлари ўзаро мувофиқ бўлади. Асаб жараёнлари эса электрокимё ҳодисаси экани фанда узил-кесил исботланган. Жайдари таъбир билан айтганда, инсон миясининг фаолияти физикавий нуқтаи назардан компютер протсессоридаги жараёнга ўхшайди. Албатта, бу икки ҳодиса батамом бир хил эмас: компютер протсессоридаги жараён тўлиқ ташқи омиллар - уни ясаган, илгари ундан фойдаланган ва айни тобда уни бошқараётган шахслар иродасининг натижасидир. Инсон онгидаги жараёнларда эса ташқи омиллар билан баб-баравар унинг руҳи ҳам иштирок этади.
Компютер хотирасида сақланаётган ахборотдан нусха олиш мумкинлиги ҳаммага маълум. Информатика мутахассислари яхши биладики, нафақат хотира қурилмасида сақланаётган ахборотдан, балки компютер фаолиятининг ўзидан ҳам нусха олиш мумкин. Бундай нусха протокол деб аталади. Протокол компютер фаолиятини (ва шу орқали компютердан фойдаланувчининг ишини) исталган пайтда назорат қилиш имконини беради. (Тайёраларга ўрнатилган "қора қути"лар қисман шу каби вазифани бажаради.) Шу билан бирга назорат жорий иш тартибида - "онлине" режимида амалга оширилиши ҳам мумкин. Айтайлик, бир идорада ўн нафар ходим ўнта компютер билан ишласин ва ҳар бир компютер махсус (бош) компютерга уланган бўлсин - бундай тизим компютерларнинг "элпиғичсимон тўри" дейилади. Бунда бош компютерда туриб қайси ходим ўз компютерида нималар қилаётганини бемалол кузатиб бориш, зарурат туғилса, уларнинг ишига аралашиш ҳам мумкин.
Маълумот тариқасида айтиб ўтиш жоизки, бир қанча мамлакатларда болаларнинг қаэрда эканини билиб туриш учун қўлга тақиладиган электрон билагузуклар ишлаб чиқарилмоқда. АҚШда эса доимий шифокор кузатувидаги мижознинг ҳолати тўғрисида ахборот узатиб туришга мўлжалланган катталиги тангадек ва баданга жойланадиган махсус электрон узатгич (датчик) синаб кўрилди.
Албатта, компютер иши ҳам, мия фаолияти ҳам моддий хусусиятга эга. Лекин компютер фаолиятини протоколлаштириш тушунарли жараён бўлгани ҳолда инсоннинг ақлий фаолияти ким томонидан қай тарзда "протоколлаштирилиши" аён эмас. Диний таълимотда бу масала жуда оддий ҳал этилган: ҳар бир одамнинг икки елкасида икки фаришта ўтириб, унинг савобу гуноҳларини ёзиб боради! Тан олиш керакки, фан нуқтаи назаридан буни изоҳлаш қийин. Шундай бўлса-да...
Алқисса, баён этилган мулоҳазалардан мақсад қиёматнинг қачон ва қай тарзда бўлишини башорат қилиш эмас - бу одам имкониятидан ташқари, диний эътиқодга тааллуқли масаладир. Мақсадимиз - қиёматнинг муқаррарлигини ҳозирги замон фани ҳам эътироф этишини таъкидлаш; жисми тупроққа қоришиб кетган одам боласи қандай қайтадан тирилишини баён қилиш эмас, балки бунинг мумкинлигига фан нуқтаи назаридан далиллар келтириш; қиёматда қайта тирилган инсоннинг ҳаёти мобайнида қилган амаллари қай йўсинда қайд этиб борилиши, қай тарзда тикланиб, ажрим қилинишини тасвирлаб бериш эмас, балки бу масалаларга фан нуқтаи назаридан бир нигоҳ ташлаш истаги, холос. Лекин шуни эътироф этиш керакки, одамзод сўнгги бир аср давомида шу қадар имкониятларга эриша олган экан, сон-саноқсиз олам ва тамаддунларни, яшаб ўтган ва яшаётган онгли мавжудотни яратган Зотнинг исталган пайтда қиёмат ясаши, ҳар бир одамни қайтадан дунёга келтириб, унинг ҳаётий амалларини тўлиқ ажрим қилишига қандай ишонмаслик мумкин?!
Биз инсонни икки унсурли мавжудот - жисм билан руҳнинг қўшилувидан иборат деб ҳисоблаймиз (бунга аввалги мақолаларда далиллар келтирилган). Зеро, одамнинг онги унинг миясини руҳи билан боғлаб турувчи воситадир. Тўғри, биз руҳнинг табиатини, унинг инсон онги билан ўзаро таъсири қай йўсинда кечишини айтиб беролмаймиз. Лекин инсоннинг хатти-ҳаракатларини фақат мияси фаолияти билангина изоҳлаб бўлмайди. Инсон ҳаёти, фаолияти унинг руҳи ва миясининг онг орқали ўзаро таъсири натижасида туғиладиган ўй-ниятлар билан белгиланади. Бу фаразга биноан ана шу ўй-ният ва амаллар руҳ орқали "ёзиб" борилиши мумкин. Валлоҳу аълам.

Илова ўрнида

"Биз қўлимиздан келганини айтдик, у ёғи энди бизга боғлиқ эмас", деган экан бир донишманд. Йўқ, бизнингча, у ёғи ҳам, бу ёғи ҳам ҳамма вақт ҳар кимга боғлиқ бўлган ва то қиёматгача шундай бўлиб қолади.
Устоз ҳикояси: "Ўтган асрнинг 80-йиллари, каттагина ҳайъат таркибида Масковга илмий анжуманга бориб қайтаётган эдик. "Домодедово" аэропортига келиб, рўйхатдан ўтиш учун навбатга турдик (ўша вактларда бир рейсда учувчиларнинг ҳаммаси бир жойда рўйхатдан ўтар, шу боис узундан-узун навбатда туришга тўғри келар эди). Учиш вақтига ҳали анча бор, лекин тик оёкда туравериш ҳам малолли иш. Навбатсиз тартиб бўлмайди, демак бу адолатга мувофиқ, албатта. Шу боис сабр-тоқат билан кутиб турибмиз. Бир пайт денг, аэропорт залига башанг кийинган икки ҳамюртимиз кириб келди. Улар турнақатор чўзилган навбатга қараб, бир оз серрайиб туришди - сафнинг охиридан жой олишга тоқатлари йўқпиги юзларидан аён эди. Шунда ўзаро ниманидир муҳокама қилиб, ёшроғи қаёққадир ғойиб бўлди. Орадан кўп фурсат ўтмай, бизга хизмат қилаётган маъмурлар ёнига аэропорт "дўкай"ларидан бири келиб, бир жуфт патта тутқазди ва ҳалиги бесабрларни навбатсиз ўтказиб юборишни буюрди. Бундай илтифотга ноил бўлган "уддабуррон"лар эса шунча одамни - кексалар, ёш болали аёллару эл-юртга хизмати сингган алломаларни четга суриб, сурбетларча рўйхатдан ўтди. Сўнгра нафратомуз нигоҳларни назарписанд қилмай, ғозюриш билан ресторан томон йўл олди".
Ушбу ҳикояни эслаганимда, кўз олдимга беихтиёр шундай манзара келади: "қиёмат қўпган - бани башарга қайтадан тан ва жон ато этилган, ҳамма Маҳшарга йиғилган. Ҳар ким ўзининг ҳаётлик чоғидаги амаллари ёзилган китобни ушлаганча "рўйхатдан ўтиш" учун савобу гуноҳлар тортиладиган тарози қошида навбат кутмоқда..."
Ана шу ҳолатда устозимиз ҳикоясидаги анови икки "қаҳрамон" ўзини қандай тутар экан? Бошқалар-чи?..

Абдулла Аъзам,
«Тафаккур» журналининг 2007 йил, 2-сонидан олинди

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase