close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Нега мусулмонлар дунёвий фанларда орқада қолиб кетди?

Эҳтимол, бу мусулмонлар аниқ жавоб топа олмайдиган саволлардан биридир. Бу савол мусулмонларни, айниқса, илмий инқилоб асрида безовта қилади. Илм-фан ва техникада мусулмон бўлмаган мамлакатларнинг тобора тараққий этиб бораётганини кўриб-туриб шуни таъкидлаш жоизки, нафақат Ғарб мамлакатлари, балки мусулмон бўлмаган Осиё ҳам тараққий этиб бормоқда - мусулмонлар шу аснода қанчалик орқада қолаётганини тобора англаб етмоқда.

Эҳтимол, бу мусулмонлар аниқ жавоб топа олмайдиган саволлардан биридир. Бу савол мусулмонларни, айниқса, илмий инқилоб асрида безовта қилади. Илм-фан ва техникада мусулмон бўлмаган мамлакатларнинг тобора тараққий этиб бораётганини кўриб-туриб шуни таъкидлаш жоизки, нафақат Ғарб мамлакатлари, балки мусулмон бўлмаган Осиё ҳам тараққий этиб бормоқда - мусулмонлар шу аснода қанчалик орқада қолаётганини тобора англаб етмоқда. Фан-техника тараққиётидаги кечикиш кўламини аниқ тушуниш учун қуйидаги расмга назар ташлашни таклиф қиламиз (қуйидаги расмга қаранг). Унда дунёдаги мамлакатлар ИТТКИ га (илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари) қанча маблағ сарфлаши ҳақида маълумотлар берилган.

Рақамлар чиндан ҳам даҳшатли. Ҳар бири ўзини ислом тамаддунининг асосий давлати, деб ҳисоблайдиган етакчи олтита мусулмон мамлакат (Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Покистон, Индонезия ва Эрон) ИТТКИга ҳаммаси биргаликда  (42,7 миллиард доллар) битта Жанубий Кореянинг ўзидан (73,2 миллиард доллар) қарийб икки баравар кам сарфлайди.
Бошқа томондан, агар ислом жамиятига яқиндан назар ташлайдиган бўлсак, вазият янада аянчли бўлиб кўринади. Мусулмон бўлмаган мамлакатлар навбатдаги «марсоход» ёрдамида Марс иқлими ва геологиясини ўрганаётган бир пайтда мусулмонлар ҳанузгача Ернинг шарсимон ёки ясси эканлиги ҳақида тўхтовсиз баҳслашмоқда. Бунда баҳслар нафақат оддий мусулмонлар орасида, балки замонавий мусулмон олимлари ва уламолар томонидан ҳам жиддий муҳокама қилинмоқда.
Мусулмонлар бундай ортда қолишининг сабаби нимада? Нима учун 8-14-срларда ислом жамияти илмий тараққиётнинг карвонбошиси бўлган, ҳозирда эса энг охирги қаторларда судралиб кетяпти? Зеро, бир вақтлар Ислом Шарқи бир пайтлар дунё илмининг маркази бўлиб, бутун дунёдан илм олиш учун келган одамлар шу ерга келганини ҳамма билади.
Ажабланарлиси шундаки, мен на рус тилидаги ва на араб тилидаги адабиётларда бу мавзу бўйича жиддий тадқиқот топа олмадим. Бу мавзуга маълум даражада тўхталадиган аксарият мусулмон тадқиқотчилари одатда: «Ким айбдор?» деб сўрашади, ваҳоланки «Биз нимани нотўғри қиляпмиз?» деб савол бериш анча тўғри бўларди. Мусулмонларнинг бу муаммода «айбдор» топишга интилишлари ислом муҳитида кўплаб версияларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, мусулмонларнинг қолоқлиги сабабларини, кўплаб мусулмонларнинг фикрича, икки гуруҳга бўлиш мумкин:

1. Ички сабаблар. Бу ерда мусулмонлар фикри фарқланади, ҳар бир гуруҳ ёки оқим рақибларини қолоқликда айблайди: салафийлар, одатдагидек, мусулмонлар қолоқлигида уларнинг қабрларга сиғинишларида, ширк ва бидъатлар киритишни айблайди; сўфийлар кўпинча ислом жамиятида сохта сўфийларнинг тарқалиши, шунингдек, салафийларни айблайдилар; традиционистлар мусулмонларнинг қолоқлиги сабабини мазҳабларга қатъий амал қилишдан бош тортишда деб айтадилар, мазҳабчилар эса аксинча, регресс сабабини традиционалистларнинг мазҳабларда котиб қолганлиги ва фиқҳда янгиланишдан бош тортишда деб айтадилар;
2. Ташқи сабаблар. Мусулмонларнинг кўпчилиги фикри бу масалада унчалик фарқ қилмайди. Уларнинг фикрига кўра, ташқи сабаблар бу: салиб юришлари, мўғуллар босқини, ислом ерларининг Ғарб томонидан мустамлака қилиниши, яҳудийлар, насронийлар, тамплиерлар, масонлар, иллюминатлар ва ҳ.к. фитналари.

Биринчи гуруҳга барча мусулмонлар бунга қўшиладиган яна бир сабабни қўшиш мумкин – бу мусулмонларнинг Қуръон ва Суннатга қатъий амал килмай қўйганлигидир. Таъкидланишича, агар мусулмонлар шариат йўлида қатъий юрадиган бўлсалар, Аллоҳ уларга тараққиёт, ҳокимияти ва ғалаба инъом этади. Бу фикрга қўшилмаслик мумкин эмас, албатта, лекин кўплаб мусулмонлар муаммонинг бу ечимини ғалати тушунадилар. Мусулмонлар шариат фанларини ўрганиш, масжидларда бўлиш ва ҳ.к.га имкон қадар кўпроқ вақт ажратиши керак, дейишади. Бунда агар ҳамма шариат фанларини ўрганадиган бўлса, ислом жамиятида физиклар, кимёгарлар, биологлар ва астрономлар қандай пайдо бўлиши ҳақида изоҳ берилмайди.
Бу сабабларга келадиган бўлсак, улар танқидга жавоб бера олмайди. Ислом жамиятида янгиликлар киритишнинг тарқалишини мусулмонларннг дунёвий фанлардаги қолоқлигининг сабаби деб айтиш қийин. Ахир ислом тамаддуни ривожининг чўққига чиққан пайтида тарли аҳли-бидъат оқимлари ҳозиргидан кўра анча кўпроқ бўлган. Бунда ушбу оқимларнинг мураккаб бидъати ҳозирги бидъат оқимларидан анча кучли эди. Бундан ташқари, ислом тамаддуни гуллаб-яшнаган даврда кўплаб халифалар ва ҳукмдорлар янгиликлар киритиш тарафдорлари бўлишган. Ўша даврларда илм-фаннинг бош ҳомийси бўлган Абдуллоҳ ал-Маъмун (813–833 йй.) мўътазилий эди ва мўътазилийлик тарафдорларини фаол қўллаб-қувватлаган. Фанга муносиб ҳисса қўшган кўплаб олимлар эса аҳли-бидъат издошлари ёки ҳатто умуман муртадлар бўлишган.
Салиб юришлари, мўғуллар босқини, Ғарб томонидан мустамлака қилинишни ҳам мусулмонлар орасида фан таназзулининг сабаблари деб бўлмайди.
Биринчидан, Ислом жамиятида илм-фан салиб юришлари ва мўғул-татарлар истилосидан кейин ҳам ривожланди.
Иккинчидан, Ренессанс ва маърифат даврида Европада ҳам чексиз урушлар, эпидемиялар ва офатлар бундан кам бўлмаган зарарли оқибатларга олиб келган, аммо у ерда илм-фан ривожига халақит бермаган.
Учинчидан, турли, нафақат исломий минтақалар мустамлакага айлантирилиб, мустамлакачилик тўхтаганига бир мунча вақт бўлди. Айрим минтақаларда, масалан, Осиё мамлакатларида ривожланишда сезиларли сакраш юз берди. Бу мамлакатларда илм-фан, иқтисодиёт ва саноат энди уларни мустамлакага айлантирган мамлакатлардан кам эмас. Мусулмон мамлакатларда, хусусан Яқин Шарқда эса, вазият аянчли бўлиб қолмоқда. Қатар, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари каби муваффақиятга эришган мамлакатлардаги иқтисодий тараққиёт Ғарб мутахассисларининг иштироки ва фойдали қазилмаларнинг кўплиги билан боғлиқ, бу мамлакатлар аҳолисининг илм-фан соҳасида тараққий этгани билан эмас.
Тўртинчидан, энг муҳими: салиб юришлари, мўғуллар истилоси, мустамлакачилиги, буларнинг барчаси мусулмонларнинг қолоқлиги сабаблари эмас, балки бу қолоқликнинг оқибатидир.
Хўш, мусулмонларнинг илм-фанда қолоқ бўлишига сабаб нима эди? Ёки саволни тўғрироқ қўядиган бўлсак, биз нимани нотўғри қилдик-ки, орқада қолиб кетдик ва орқада қолиб кетишда давом этаётган эканмиз, энди нимани нотўғри қиляпмиз?
Юқорида айтиб ўтилганидек, мен бу мавзуда мусулмонларнинг бирорта жиддий тадқиқотини топмадим. Бу мавзу бўйича мусулмон бўлмаган кўплаб тадқиқотлар исломофобия ва диндорларнинг қолоқлиги учун динни айблаш билан тўлдирилган.
Шу нуқтаи назардан мавзуни ўрганиш учун кўп вақт керак бўлди. Бу мавзуда жуда кўп манба ва адабиётлар ўрганилгач, мусулмонлар илм-фанда қолоқлигининг қуйидаги тўрт асосий сабаби аён бўлди.

Бирини сабаб: Дунёвий илмларни ўрганиш мусулмон ақидасига зид бўлган фалсафий ғояларнинг тарқалишига олиб келишидан қўрқиш.
Дастлаб шуни таъкидлаш жоизки, фанни замонавий шаклга келтиришдан олдин фалсафа ва табиий фанлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлибгина қолмай - улар ўртасида ҳеч қандай аниқ фарқ йўқ эди. Милет, Фалес, Евклид, Архимед, Платон ва Арасту номларини яхши биламиз ... Бу одамлар нафақат файласуфлар, балки математиклар, астрономлар, физиклар ва бошқалар ҳам бўлган. Антик даврда ва Ўрта асрларда фалсафа билан фан ўртасида бўлиниш бўлмаган. Имом ал-Ғаззолий ўзининг «Ал-Мунқиз мин ал-далал» китобида фалсафани ўрганишга олтита фан: математика (арифметика, геометрия, астрономия), мантиқ, физика, илоҳиёт, сиёсат ва ахлоқшуносликни киритган. Ўша даврларда фалсафани ўрганмай туриб табиий фанлар ривожини тасаввур қилиш қийин эди.
Фан ва фалсафа бундай яқин боғлиқликда 16 -17-асрлардаги илмий инқилобгача мавжуд бўлган. Бу инқилоб натижасида фаол бўлиниш рўй берди. Илоҳиёт ўз аҳамиятини йўқотди ва агар у илгари асосий фан ҳисобланган бўлса, бу инқилобдан кейин у энди умуман фан ҳисобланмасди. Шундай қилиб, фалсафа ва табиий фанлар бир-биридан ажралган. Табиий фанларни ўрганиш учун энди фалсафани ўрганишга ҳожат қолмаган.
Мусулмон олимлари мусулмонларнинг ҳақиқий имонини сақлаб қолишга доимо сезгир бўлишган. Ҳар сафар янги бидъат ҳаракати пайдо бўлганда олимлар ўз дарсларида, хутбаларида, китобларида ва ҳоказоларда бу тенденцияга фаол қарши чиқдилар. Кўп ҳолларда, улар бу мақсадда ўз ҳаётларини қурбон қилган.
Шу сабабли табиий фанлар ва улар билан бирга ислом динига зид бўлган фалсафа ғоялари тарқала бошлагач, олимлар нафақат фалсафани, балки табиий фанларни ҳам ўрганишга қарши чиқдилар.
Хусусан, 10-11 асрларда нуфузли олим имоми Ғаззолий математика фанларини (арифметика, геометрия, астрономия) чуқур ўрганишни тақиқлаган. Шу билан бирга, у математика фанларининг ўзи дин билан ҳеч қандай боғлиқ эмаслигини, шунинг учун ҳам унга ҳеч қандай зид бўла олмаслигини таъкидлаган. Уларнинг чуқур ўрганишларини ман қилганининг сабаби усмоний олим Сажикули Задахнинг "Тартиб ал-улум" китобида баён қилинган»:
 «Имом ал-Ғаззолий «Ал-Мунқиз» китобида қуйидагиларни айтган: математик фанларда файласуфларнинг қарашлари инкор этиб бўлмайдиган далилларга асосланганлиги нуқтаи назаридан бу фанларни ўрганувчи илоҳиётшуносликда файласуфларнинг қарашлари ана шундай далилларга асосланган деб ўйлаши мумкин. Шундай қилиб, у уларга ишонади ва уларни кўр-кўрона ҳақиқат деб қабул қилади. Шу сабабли математика фанларини чуқур ўрганиш уларни ўрганишни бошлаган ҳар бир кишига тақиқланиши керак. Математика фанларини чуқур ўрганадиган ҳар бир киши, албатта, диндан воз кечиб, тақводорликдан узоқлашади».
Имом ал-Ғаззолий «Иҳё улум ад-дин» деб номланган бошқа бир китобида ҳам бу тақиқнинг сабабини изоҳлайди:
«Фалсафага келадиган бўлсак, у бутун бир фан эмас, балки тўрт қисмдан иборат:
Биринчиси: геометрия ва арифметика. Бу фанларнинг иккаласи ҳам, юқорида айтиб ўтилганидек, жоиздир. Бу фанлардан кейин талаба тақиқланган фанларни ўрганишга ўтиши хавфи бўлган ҳолатларни истисно қилганда, уларни ўрганишни тақиқлаш керак эмас. Бу иккала фанни ўрганганларнинг аксарияти бидъат қарашларни қабул қилганлар. Энди бошлаётган (том маънода - заиф) кишини бу фанларни ўрганишдан ҳимоя қилиш керак, бу фанларнинг ўзи сабабли эмас, балки бола сувга тушиб қолишидан қўрққанидан дарёнинг қирғоғида бўлишдан ҳимоя килган каби; яқинда исломга кирган одамни унинг иймони учун қўрқиб, кофирлар билан мулоқотдан ҳимоя қилган каби. Билимдон (том маънода – кучли) мусулмоннинг ҳам улар билан мулоқоти маъқул бўлмаса-да».
Бундан кўриниб турибдики, Имоми Ғаззолий бу илмларни чуқур ўрганишга қарши огоҳлантиришнинг сабаби илмларнинг ўзида эмаслигини алоҳида қайд этади. Яъни уларни ўрганиш мавзусининг ўзи исломга зид эмас. Бунга эътибор бердик, чунки кўпчилик мусулмон бўлмаган шарқшунос ва тадқиқотчилар мусулмонларнинг қолоқлиги сабабини имоми Ғаззолий илмларида деб айтадилар. Гўёки, у табиий фанларни иблисдан деб атаган ва файласуфларга қилган ҳужумлари туфайли мусулмонлар уларнинг асарларини ўрганишни тўхтатган. Бу буюк имомга туҳмат. Ҳеч бир жойда у китобларида табиий фанларни иблисдан деб атамайди ва унинг бу фанларга қарши огоҳлантириши сабаби келтирилган иқтибослардан кўриниб турибди.
Яна бир – «Фатиҳатул-улум» – китобида имоми Ғаззолий бу масалага батафсилроқ изоҳ беради:
«Агар бирон нарсада фойда кам ва зарар кўп бўлса, шу кичик фойда туфайли бу зарарга бориш рухсат этилмайди. Буни шароб ва қимор ўйинларининг тақиқланганлиги ҳам кўрсатади. Аллоҳ таоло айтадики: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир» (Бақарасураси,  219). Шаробни фойдаси борлигига шубҳа йўқ - у кайфиятни кўтаради, характер ва ақлни мустаҳкамлайди, қиморнинг ҳам ақлни чархлаш борасида фойдаси бор. Ҳатто шахмат ўйнаш фикрингни чархлайди. Лекин шундай бўлса-да, бу нарсаларга рухсат йўқ, ва ўзини уларнинг зарарига мубтало қилишга рухсат берилмайди.
"Евклид фани", "Алмагест", ва арифметика ва геометриянинг нозик масалаларини ўрганиш билан ҳам худд шундай. Бу фанлардаги машқлар тафаккурни чархлайди ва инсонни мустаҳкамлайди. Лекин биз уларни зарар туфайли ўрганишга йўл қўймаймиз, яъни бу фанлар метафизикани ўрганиш учун шарт-шароит бўлиб, бу ўз навбатида ёвуз ғояни ўз ичига олади. Геометрия ва арифметиканинг ўзи ёвуз ғояларни ўз ичига олмайди ва дин билан боғлиқ эмас. Бироқ, биз уларнинг ўрганиш ёмон ғояларни ўрганишга олиб келади, деб қўрқамиз».
Шунга ўхшаш фикрни 13-асрда яшаб ўтган, Мисрнинг Котос шаҳридан бўлган мусулмон трихчси Жамолидда Кифтий ҳам айтган:
«Математика фанларига келадиган бўлсак, улар арифметика, геометрия ва астрономияни ўз ичига олади. Бу илмларда диний илмлар билан боғлиқ ҳеч нарса йўқ, инкор шаклида ҳам, тасдиқ шаклида ҳам. Бундан ташқари, бу фанлар бир марта тушуниб, инкор этиб бўлмайдиган қатъий далиллардир. Бироқ бу илмлар зарарли фалокатга олиб келади. Чунончи: уларни ўрганувчи киши қатъий далиллар ва нозик саволлар билан танишиб чиққанидан сўнг, барча фалсафий фанлар худди шундай аниқ деб ўйлайди - ваҳоланки бундай эмас - ва шу тариқа гумроҳликка қадам ашлайди…
Табиий фанларга келадиган бўлсак, юқорида улар ҳақида ва уларга қатъий ишонган кишининг ақидаси бузилиши мумкинлиги ҳақида айтилган. Шунингдек, одамда унинг динини бузадиган жоҳиллик қандай падо бўлиши ва Ёлғиз Яратувчига қандай эътиқод қилиши ҳақида ҳам айтилган. Табиий фанлар – бу метафизика (илоҳиёт) ўрганиш учун шарт-шароитлардир».
Файласуфлар билан боғлиқ илмларни тақиқлаш ғоясини мусулмон олимларининг кўпчилиги қўллаб-қувватлаган. Масалан, 13-асрнинг обрўли олими Имом Нававий ёзадики: «Шариат илмларининг турларини айтиб ўтганмиз. Шариат илмларига киритилмаган илмлар орасида эса ҳаром, номақбул ва жоиз фанлар бордир. Сеҳр ҳаромдир. У тақиқланган, мазҳабнинг ишончли фикрига кўра, буни кўпчилик олимлар аниқ айтиб ўтишган ... Фалсафа, фокусчилик, астрология, табиий фанлар шубҳа (динда) тарқалишига сабаб бўлган ҳар қандай фанлар ҳам ман этилган фандир. Бу фанлар тақиқланиш даражаси билан ўзаро фарқланади».
13-асрда яшаб ўтган ханафий мазҳаби олими, Бурхонуддин бин Маза Бухорий намоз вақти ва қиблани аниқлаш билан боғлиқ бўлмаган астрономия масалаларига чуқурлашиш тақиқлангани ҳақида ёзган:
«Қибланинг йўналишини ва намоз вақтларини аниқлаш учун зарур даражада астрономияни ўрганишда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Қоган ҳамма нарсани ўрганиш тақиқланади».
Сабаби яна шу эди: астрономияни чуқур ўрганиш динга зид бўлган фалсафий қарашларга олиб келишидан қўрқиш.
16-асрда ислом уламолари томонидан табиий фанларни тақиқлаш қатъийлиги бундан кам бўлмаган. Мисрлик машҳур олим Закариё ал-Ансорий ёзади:
«Фалсафа, фокусчилик, мунажжимлик, башорат, табиий фанлар ва сеҳрни ўрганиш келсак, уар ҳам тақиқланади».
Ханбалий олим Шарофуддин Абу Надж Макдиси шунга ўхшаш итибос келтиради, худди Нававийдан кейинги бошка фақиҳлар каби:
«Калом, фалсафа, фокусчилик, мунажжимлик, башорат, ал-кимё ва табиий фанлар тақиқланган ҳисобланади».
16-асрда мисрлик бошқа олимлар, масалан, Хатиб Ширбиний ва Шамсуддин Рамлий тахминан шу ҳақида ёзган.
Европада илмий инқилоб авж ола бошлаган 17-асрда ҳам тақиқ давом этди. Ғарб тез орада уни жаҳон тараққиёти йўлида олға суриб, дунёнинг қолган қисмини мустамлакага айлантирадиган кашфиётлар қилаётган бир пайтда мусулмон минтақаларидаги кўплаб олимлар ҳали табиий фанларни ўрганишни тақиқлаш ҳақида гапиришарди. Ҳанбалий олим Бухутийнинг ёзишича:
 «Фалсафа, фокусчилик, мунажжимлик, башорат, ал-кимё ва табиий фанлар тақиқланган ҳисобланади».
Ханафий олим Дамад-афанди айтадики: «Ал-Баззазийа» китобида ёзилган: қибла ва намоз вақтини аниқлаш учун астрономияни ўрганиш тақиқланмаган. Бундан бошқа ўрганиш эса тақиқланади».
16-17-асрларда фалсафа ва табиий фанларнинг аниқ ажратилганига қарамай, ислом олимлари табиий фанларни ўрганишнинг тақиқланиши ҳақида ёзарди. Сабаби, бу фанларга оид асарлар, гарчи энди фалсафага алоқадор бўлмаса-да, номусулмонлар томонидан тузилган эди. Мусулмон бўлмаган файласуфлар бу илмларга оид асарлар тузишда ислом ақидасига зид ақидаларга олиб келиши мумкин бўлган баёнотлар, назариялар ва фаразларни билдирганлар. 16-аср мисрлик олим Ибн Ҳажар Ҳайтамий табиий фанларни ўрганишни тақиқлашни шундай изоҳлаган:
«Табиий фанларни ўрганишга келсак, агар бу билан биз мусулмонларнинг усули бўйича нарсалар (табиат) ҳолатларини ўрганишни назарда тутсак, унда ҳеч қандай тақиқ йўқ ва у тақиқланган астрологияга ўхшамайди. Агар файласуфлар усули бўйича табиатни ўрганиш назарда тутилса, бу ҳаромдир, чунки у қабиҳ ақидаларга, масалан, оламнинг абадийлиги ва шунга ўхшаш ақидаларга олиб келади, бунинг ёмонлиги сир эмас. Бундай ҳолда, табиий фанларни ўрганишни тақиқлаш тақиқланган астрологияни ўрганишни тақиқлашга ўхшайди, чунки уларнинг ҳар бири нотўғри эътиқодларга олиб келади, гарчи бу эътиқодлар уларнинг турлари ва ёмонлиги даражаси билан фарқ қилсада».
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда табиий фанлар – мусулмон бўлмаган файласуфлар томонидан тузилган нарсалардир. Бу фанларда исломий эътиқодга зид келадиган фикрлар мавжуд, масалан, физиканинг асосий қонунларидан бири – энергиянинг сақланиш қонуни – ашърийларнинг сабаб-оқибат алоқаларини тушунишга зид келади. Шу сабабли қуйидаги савол ҳамон очиқ қолмоқда: табиий фанларни ўрганишни тақиқлаш бугунги кунда ҳам долзарбми?
Шу билан бирга Ибн Ҳажарнинг табиий фанларни мусулмонлар усули билан ўрганиш ҳақидаги сўзлари қизиқарлидир. Гап шундаки, бугунги кунда барча табиий фанлар файласуфлар усулига кўра ёзилган. Мисол учун, фақат фалсафадан келиб чиқадиган физика бор, бошқа физика йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Мусулмон олимлари мусулмонлар усули бўйича ишлаб чиқилган табиий фанларни ўрганишга рухсат бериш ҳақида ёзган бўлсалар-да, бундай илмлар асосан мавжуд эмас эди. Ҳа, табиатшуносликка оид китоблар ёзишга уринишлар бўлган. Масалан, юқорида айтиб ўтилган усмоний олим Саджикули Задах Мараши «Тартиб ал-улум»  китобида ёзади:
«Биз аввалроқ файласуфлар томонидан тузилган астрономияни ўрганиш ман этилади дегандик. Бу мусулмон олимлари томонидан тузилган астрономияни, масалан, осмон ва ернинг шакли, ер ва осмоннинг мазмуни ҳақидаги саволларни афсоналарнинг кўрсатишига кўра чиқариб ташлаш (тақиқдан) мақсадида. Бу фан ислом астрономияси деб аталади. Масалан, ас-Суютийнинг «Суннатга эргашувчилар усули бўйича астрономия» китоби бор».
Лекин бу ҳаракатлар муваффақиятга эришмади, чунки бу китобларда ернинг ясси шаклдалиги ва бошқалар ҳақидаги фикрлар билан бирга методологиянинг ўзида яна бир жиддий хато бор эди. Бу эса мақоланинг учинси қисмида – иккинчи сабабни таҳлил қилишда батафсил кўриб чиқилади.
Шудай қилиб, бугунги кунда ушбу масала боши берк кўчага кириб қолган ва ундан қандай чиқиб кетиш номаълум.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мусулмон олимларининг табиий илмлар албатта бидъатга олиб келади, деган қўрқуви бугунги кунгача ҳам тирик. Бироқ, баъзан у жаҳолтпарастликка олиб келади. Хусусан, саудиялик замонавий олим Муҳаммад Амин Шанқити ўз тафсирида қуйидагиларни ёзган:
 «Агар баъзи солиҳ салафларнинг баёнотларида ойнинг "ер юзи" осмонидан узоқ фазода жойлашгани ва буни астрономия кўрсатгани таъкидланади ва замонавий телескоплар буни тасдиқлайди, деб айтилса, биз жавоб берамиз: астрономияни ўрганишдан бош тортиш Муқаддас Қуръонга эргашишдир. ... Қуръони Каримда ёпилиши кўрсатилган бу мавзу кофирлар томонидан очилганда, куфр, бидъат ва Аллоҳга ва унинг Расулига ҳеч бир дунёвий фойдадан холи ёлғон гапириш айбловларининг тарқалишига сабаб бўлди».
Баъзида олимларнинг «файласуфлар билими» га тақиқ қўйиш амалий юзага ўтган. Масалан, 1194 йилда Қуртубада Алмоҳад сулоласи ҳукмронлиги остида олимлар барча тиббий ва илмий китобларни ёқиб юбордилар. Аммо, Андалусда баъзан мусулмон олимларининг китоблари ёқиб юборилганини ҳам таъкидлаш жоиз, масалан, Ғаззолий, Ибн Рушд ва бошқаларнинг китоблари. 1580 йилда эса Усмонийлар салтанати муфтийси Аҳмад бин Бадруддин Қоди Задахнинг топшириғи билан Истанбулдаги Тақи ад-дин расадхонаси вайрон қилинди.
Ўқувчи муаллиф қандайдир ислом уламоларининг сўзлари ва ҳаракатларига эътироз билдиради, деб ўйламасин. Бундай эмас. Эҳтимол, бу борадаги барча тақиқлар мусулмонларни мағлубият ва хавфли ғоялардан огоҳ этиш зарурати билан оқлангандир. Эҳтимол, улар ҳозир ҳам оқланади. Бундай шароитда ислом уламолари худбин мақсадлардан эмас, яхши ниятлардан илгарилаб кетганларига шубҳа йўқ. Бироқ, сабабнинг асосли ёки асосли эмаслигидан қатъий назар, бундай ҳолат муайян оқибатларга, яъни мусулмон муҳитида дунёвий илмларнинг регрессиясига олиб келганлигини тушуниш муҳимдир. Кимгадир ёқадими-йўқми, бу ҳақиқат.
Биронта жамият, агар унинг энг яхши вакиллари фанни чуқур ўрганиш ман қилса, ҳеч бир жамиятда илм-фан ривожланмайди. Ижтимоий бурч (фарз кифоя) тоифасига юзаки ўрганишни киритсак ҳам математика фанларини фақат юзаки ўрганишга имкон бериб ривожлантириш мумкин эмас. Уни фақат қисман ўрганишга йўл қўйилса, астрономия ривожлана олмайди. Худди шундай, агар сиз уларни сеҳр, башорат ва астрология билан тенглаштирсангиз, кимё, физика ва бошқа табиий фанларни ривожлантириш мумкин эмас. Маълумки, фанни ҳаракатлантирувчи асосий механизм эркин фикрлаш руҳидир.
Собиқ Азҳар шайхи Муҳаммад ал-Хидр Хусейн бу муаммога қуйидаги сўзлар билан эътибор қаратади:
«Айрим фақиҳлар «тақиқланган нарсага олиб келадиган нарса тақиқланади» қоидасига амал қилишда жиддий хатоларга йўл қўйган. Мисол учун, айримлар табиий фанлар Яратувчига эътиқодни заифлаштириши ва муртадликка олиб келиши сабабли табиий фанларни ўрганишнинг тақиқланиши ҳақида бевосита айтадилар. Бироқ бу олимлар ушбу фанларни ўрганиш ҳалокатли узурпация, хусусан, мустамлакалаштиришдан қутулиш шарти эканлигига эътибор қаратмайди. Бундан ташқари, дин асосларини тўғри шаклда чуқур ўрганиш ва шариат ва ҳақиқий илмнинг мустаҳкам келишувда эканлигини англаш орқали бу илмлардан келадиган зарарнинг олдини олиш мумкин».
Мусулмонларни бегона ва адашган мафкуралардан ҳимоя қилишга интилиш мусулмон мамлакатларда муайян илмларни ўрганишни тақиқлаш билан чекланиб қолмади. Уламолар томонидан кофир мамлакатларда (дар ал-куфр) заруратсиз саёҳат қилишга ҳам қаттиқ тақиқ қўйилди. Ўз юртидаги кофирлардан ўрганиш ҳақида эса, гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.
Ўрта асрларда Европа шундоқ ҳам мусулмонлар учун қизиқарли эмасди. Европаликларни эса, мусулмонлардан фарқли равишда, сирли Шарқ жуда қизиқтирарди. Жуда кўплаб европаликлар мусулмон ўлкаларга саёҳат қиларди ва саёҳатномалар ёзарди. Бунинг устига, европаликларда Шарққа бориш учун жиддий сабаб бор эди: мусулмон ўлкаларда уларнинг муқаддас зиёратгоҳлари бор эди.
Шундай қилиб, Европада 16-асрда илмий инқилоб куртаклари пайдо бўлган бир пайтда мусулмонлар буни деярли сезмай қолишди. Мусулмон манбаларида бу жуда муҳим воқеа ҳақида деярли гап йўқ. Бу илмий инқилоб европаликларга ҳарбий вазиятда устунлик бергунига қадар давом этди. Илм-фан ва техника борасида қолоқликларини англаган мусулмон ҳукмдорлари мусулмон ёшларнинг танланган гуруҳларини асосан ҳарбий ишларни ўрганиш учун Европада ўқишга юбордилар. Аммо, мусулмон уламолари кутганидек, бу йигитлар Европада нафақат табиий фанлар билан, балки Ғарб адабиёти, шеърияти ва фалсафаси билан ҳам танишишган эди. Куфр мафкурасини сингдириб, ўз ватанларига қайтиб, ислом ақидасига зид ғояларнинг асосий тарқатувчиларига айландилар. Улар Ғарбга Ислом ерларини мустамлака қилишга, кейинчалик усмоний халифалигини йўқ қилишга ёрдам бериб, коллаборационистларга айланишди.

Иккинчи сабаб: Табиатшунослик бўйича билим олишда нотўғри усулдан фойдаланиш.
Маълумки, шариат илмларида билим олишнинг асосий формуласи қуйидагича:
Билимлар = Муқаддас Матн × Мантиқ.
Ҳар қандай масаланинг шаръий ечимини топиш учун муқаддас матнларга (Қуръон, Суннатга) мурожаат қилиш ва мантиқий фикрлаш орқали улардан тегишли ечимни чиқариш лозим. Шу билан бирга, фақат бир неча тоифага бўлинган мужтаҳид уламолар шариат қарорларини чиқариш ҳуқуқига эгадирлар. Бу шариат қарорларини олишнинг тўғри усулидир (ал-аҳкам ал-шаръийя).
Кўпчилик мусулмонлар, шунингдек, насроний ақидапарастлар илмий инқилобдан олдин бу формуладан табиатшуносликда билим олиш учун фойдаланганлар. Бироқ, ушбу соҳада бундай формула нотўғри.
Аввало, кўплаб мусулмонлар Қуръони каримнинг мақсади ҳақида бироз нотўғри тушунчага эга эканликларини тушунтириб ўтиш керак. Улар Қуръон барча илмларнинг барча саволларига бевосита ёки билвосита мурожаат қилган, деб тахмин қилдилар. Шунга асосланиб, мусулмонлар динга алоқадор бўлмаган саволга, масалан, Ернинг қандай шакли бор, деган жавобни билмоқчи бўлишганда, Қуръони Каримнинг муқаддас матнларига мурожаат қилиб, мантиқ ёрдамида ечимни топишди: кимгадир «Ғошия» сурасининг 20-оятидан ер текис эканлиги, кимгадир «Зумар» сурасининг 5-оятидан ер шарсимон эканлиги равшан бўлди.
Бироқ бу усул бундай масалаларда нотўғри бўлиб, Қуръоннинг мақсади астрономия ва геология масалаларини ойдинлаштириш эмас, балки тўғри ақида ва шариат аҳкомларини тушунтиришдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги ҳар бир нарсани баён қилган, деган оятларда "мусулмон билиши керак бўлган ҳар бир нарса" ёки "табиий илм масалалари эмас, дин масалалари билан боғлиқ ҳар бир нарса"деган маънони англатади. Бундай оятлар муфассирлар томонидан шундай баён қилинган. Масалан, имом Фаҳриддин Розий бу масала юзасидан қуйидагиларни ёзади:
«Иккинчи масала: айрим одамлар Қуръонда ҳар бир нарсанинг изоҳи бор деб айтади. Бу шундай, чунки илмлар ёки диний, ёки диний эмас бўлмайди. Диний бўлмаган фанларга келадиган бўлсак, улар ушбу оят билан ҳеч қанақасига боғлиқ эмас. (гап «Наҳл» сурасининг 89-ояти ҳақида боради: «Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилиш учун ҳамда мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик» – таҳр. изоҳи). Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримни фақат у диний фанлардан иборат эканлиги учун мақтаган. Диний бўлмаган фанларга келадиган бўлсак, улар Қуръони каримни мақташ учун эсга олинмайди».
Имом Шотибий қуйидагича фикр билдиради:
«Кўпчилик Қуръон ҳақидаги гапларида ҳаддидан ошиб кетди. Улар Қуръонда ўтмишдаги халқларга ҳам, замонавий халқларга ҳам маълум бўлган барча илмлар: табиий фанлар, математика фанлари, мантиқ, "илм ал-ҳуруф", шу ва бошқа илмларнинг тадқиқотчилари ўрганган ҳамма нарсалар мавжуд, деб таъкидлайдилар. Агар бу фикрни аввал берилган фикр билан солиштирсак, нотўғри бўлади. Зеро, солиҳ салафлардан бўлган саҳобалар, табеъин ва бошқалар Қуръони каримнинг, унинг илмларининг ва унга киритилган нарсаларнинг энг яхши билимдонлари эдилар. Аммо уларнинг биронтаси бу илмлар ҳақида юқорида айтилган ва Қуръонда ишончли тарзда белгиланган нарсалар: шариат аҳкомлари, юқори дунё баёнлари ва шу кабилардан бошқа бирон нарса ҳақида гапирганини эшитмадик. Агар улар айтиб ўтилган илмларни ўрганиб, чуқур ўзлаштирганларида эди, бизга кўп нарса ўтган бўлур эди. Бироқ бундай бўлмади. Бу эса уларнинг бу илмларни билмасликларини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, Қуръоннинг мақсади улар даъво қилган нарсани белгилаш эмаслигининг далилидир».
Шундай қилиб, муқаддас матнларда мусулмонлар барча саволларга нафақат шариат аҳкомлари бўйича, балки табиатшунослик  бўйича ҳам жавоб топишларига ишониб, улар туну-кун китоблар устида ишлаш, мантиқий тафаккурларини матннинг асл маъносини англаш учун чархлаш билан ўтказдилар. Баъзи мусулмонлар мусулмон бўлмаган олимларнинг китобларидан фарқли ўлароқ, табиатшуносликка оид бутун китобларни туздилар.
Бу китоблар нималарни ифодаларди? Аввалроқ биз имом ас-Суютийнинг «Суннатга амал қилувчилар усули бўйича астрономия» китобини эслатиб ўтгандик. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, саҳобалар ва солиҳ салафларнинг Ер, осмон, Қуёш, Ой, Коинот, кеча ва кундуз, шамол, момақалдироқ, чақмоқ ва бошқалар ҳақидаги фикрлари ва ҳикматлари келтирилган. Бу ҳадис ва ҳикоятларнинг баъзилари ишончли, баъзилари заиф, бошқалари эса Библия ҳикояларининг шунчаки қайта ҳикоя қилинишидир. Гарчи бу китобнинг мақсади, Маръашийга кўра, қибланинг ва намоз вақтининг йўналишини аниқлаш эмас, балки фақат ижоднинг нафислиги ва ажабланарли хусусиятларини намойиш этишдан иборт бўлса-да, китобда кўплаб эмпирик фикрлар, масалан, баъзи кишиларнинг қуёшнинг катталиги бир неча фарсахга тенг деган сўзлари мавжуд.
Мухтасар қилиб айтганда, бу китобларнинг муаллифлари биз юқорида берган формула бўйича билим олишга интилганлар: Мантиққа кўпайтирилган Муқаддас Матн табиатшуносликка оид ҳақиқий билимлар беради. Бироқ, бу формула атрофдаги дунё ҳақида билим олиш учун нотўғри ва самарасиздир ва шунинг учун бундай китобларда нотўғри баёнотлар кўп эди. Маръаший бунга қуйидаги сўзлар билан эътибор қаратди:
«Ислом астрономиясида мавжуд бўлган баъзи маълумотлар осмон ҳақидаги маълумотлар каби файласуфлар астрономиясида тилга олинган нарсаларга зид келади. Файласуфларнинг фикрича, у шарсимон шаклда бўлиб, Ерни ўраб туради. Аc-Суютий Ибн Аббосдан ривоят қилишича, осмон Қоф тоғи устида чодир, гумбаз шаклига эга. Агар файласуфлар томонидан тилга олинган нарса қатъий ва ҳис-туйғуга оид далилларга асосланган бўлса, ривоятни шу тарзда талқин қилиш керак. Файласуфларнинг айтганлари тўғри деб ҳисоблайман. Ибн Аббос назарда визуал ҳиссиётга кўра осмон нима эканлигини Аллоҳ яхши билишини назарда тутган эди».
Лекин атрофдаги олам ҳақида билимларни қандай қилиб тўғри олиш мумки? 1617-асрлардаги илм-фан инқилоби одамларга билим олишнинг янги формуласини берди:

Билим = Эмпирик маълумотлар × Математика.

Бир саволга жавоб олиш учун ушбу мавзу бўйича барча эмпирик маълумотларни тўплаш ва уларни математика ёрдамида таҳлил қилиш керак. Масалан, Ернинг қандай шаклда эканлиги ҳақидаги саволга жавоб олиш учун Ернинг турли нуқталаридан Қуёш, Ой ва бошқа осмон жисмларини кузатишдан бошлаш керак. Етарли материал тўпланганидан кейин тригонометрия ёрдамида нафақат Ернинг шаклини, балки бутун Қуёш тизими тузилишини ҳисоблаб чиқиш мумкин. Билимнинг бу формуласи табиий фанларда ҳайратда қолдирадиган даражада ўзгаришларга олиб келди. Астрономия, физика ва кимё анча жадал ривожлана бошлади. Тез орада бунинг давоми бўлган технологик ўсиш Европа учун ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан устунлик берди.
Билим олишнинг бундай формуласи, албатта, илм-фан инқилобидан анча олдин кўлланган, масалан, Беруний ўз асарларида эмпирик ва математик маълумотлардан тез-тез фойдаланиб, унинг фанга салмоқли ҳисса қўшишига ёрдам берган. Бироқ, илм-фан инқилоби бу формуланинг Европада умумқабул қилинганлиги билан тавсифланади, бошқа минтақаларда бундай бўлмаган. Агар 17-18-асрларда Европадаги кўпчилик олимлар бу формула бўйича атрофдаги оламни ўрганишган бўлса, бошқа минтақаларда, хусусан, ислом давлатларида одамлар ҳали ҳам атрофдаги оламни турли афсоналарда тасвирланганидек ифодалашда давом этганлар.
Аммо баъзи оят ва ҳадисларнинг тўғридан-тўғри маъноси эмпирик ва математик маълумотларга зид бўлса-чи? Бунга усмоний олим Маръаший қуйидагича жавоб берган:
 «Каломга оид баъзи китобларда шундай ёзилган: агар шариат матни (Қуръон, ҳадислар) аниқ мантиқий далилга зид бўлса, у ҳолда бу далилга зид бўлмаган тарзда шарҳланиши лозим. Агар дунёвий олимларнинг баёнотлари ҳиссиётга ёки аниқ далилларга асосланмаса, фақат тахминлар бўлса, унда шариат матнининг бевосита маъносига таяниш ва уни бошқача маънода талқин қилмаслик керак».
Оддий қилиб айтганда, мусулмон уламолари: мутлақо ишончли шариат матни мантиққа ёки аниқ, мутлақ далилга зид бўлиши мумкин эмас. Агар маълум бир ҳадис илмий маълумотларга зид бўлса, уни тўғри талқин қилишдан олдин уни ҳақиқийлигини текшириб кўриш керак. Агар ҳадис ишончсиз бўлиб чиқса, рад қилинади. Агар у ишончли бўлса, биринчи навбатда, илмий маълумотларнинг ҳақиқатан ҳам аниқ далилларга асосланганлигини ёки бу фақат назария ва гипотеза эканлигини текшириш керак. Агар бу фақат назария бўлиб чиқса, ривоят тўғридан-тўғри маънода олинади ва бу аниқ далил бўлиб чиқса, ривоят аниқ далилларга зид бўлмаган маънода талқин қилинади.
Имом Суютий ҳадис матнини рад этиш ва уни ёлғон (мавду) ривоятлар деб таснифлаш қоидаси ҳақида ёзади:
«Ибн Ҳажар Асқолоний дейди: «... ал-Хатибдан, унга эса Абу Бакр ибн Ал-Таййибдан рвиоят қилинади: ёлғон ҳадиснинг аломатларидан бири мантиққа шундай шаклда зидки, матн шарҳлашга ҳам бардош бермайди. Ҳис-туйғуга оид ва кўргазмали далилларга зид бўлган матн учун ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмас, солиҳ салафлар ёки олимларнинг шахсий фикрларини билдирадиган ривоятларга келсак, улар имкони бўлса талқин қилиниши ҳам, улардан ишончли тарзда ривоят қилинган бўлса, иложи бўлса, рад етилиши мумкин. Чунки, биринчидан, улар пайғамбарлардан фарқли равишда хатолардан ҳимояланмаган, иккинчидан, табиатшуносликда эмас, балки фақат шариат илмларида мутахассисдир. Агар биз шариат илмлари масалаларида уларнинг фикрларини инобатга олишга мажбур бўлсак, уларни табиатшунослик масалаларида ҳисобга олишга мажбур эмасмиз. Ва бу уларнинг қадр-қимматини пастга урмайди.
Бироқ мусулмонлар бу ерда илм-фан ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қилган яна бир хатога йўл қўйдилар.

Учинчи сабаб: Дин билан боғлиқ бўлмаган масалаларда ислом уламоларига эргашиш.
Кўпинча мусулмонлар исломда фанларни дунёвий ва диний турларга бўлиш йўқлигини даъво қилишади, бу ислом душманлари томонидан ўйлаб топилган деб айтишади. Аслида эса, бундай эмас. Исломда билимлар шаръий ва ношаръий турларга аниқ бўлинади.
Ислом олимларининг фикрларини ўрганган ҳар бир киши фанлар бевосита ва аниқ икки тоифага ажратилишини кўради: шариат илми – Қуръон ва Суннатни ўрганиш ва шариатдан ташқари илм – Қуръон ва суннатни ўрганишга ёрдам берувчи воситалар, масалан, араб тили, грамматика, мантиқ, шунингдек бошқа барча илмлар. Шу билан бирга, улар ўртасида даража, қиймат ва устунлик бўйича катта фарқ бор.
Пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳдан инсонларга ҳақиқий иймонни, шариат аҳкомларини етказиш ва тушунтириш, шунингдек, ахлоқни яхшилашан иборат бўлган. Ислом олимларининг мақсади инсонларга Қуръон ва ҳадисда айнан қандай ақидалар ва шариат ҳукмлари мавжудлигини тушунтиришдир. Лекин табиатшуносликка оид саволларни одамларга тушунтириш ҳақида на пайғамбарларга, на олимларга айтилган. Бу уларнинг иши эмас, улар бу борада билимдон бўлишлари шарт эмас.
Муслимдан ривоят қилинган машҳур ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Сиз бу дунёнинг ишлари ҳақида яхшироқ биласиз».
Ушбу ҳадисга изоҳ сифатида Музхируддин Зайданий ёзади:
«У шуни назарда тутади: сиз дунёвий масалалар ҳақида кўпроқ биласиз ва мен диний масалалар ҳақида кўпроқ биламан».
Бироқ ўшанда ҳам, ҳозир ҳам буни мусулмонлар охиригача тушуниб етмаган. Шариат матнларида табатшунослик бўйича барча саволларга жавоб бор, ислом уламолари эса барча матнларнинг билимдонлари сифатида уларни яхши билади деб ҳисоблаб, бу саволларга жавобларни уларнинг китобларидан излашган. Баъзида шундай бўлардики, олимлардан кимдир ўз китобида атрофдаги оламни нотўғри тушунишга амал қилган, айнан шундай тушуниш жамиятда устунлик қилишидан келиб чиққан, масалан, Ер шарсимон эмас, ясси деб таъкидлаган. Олимнинг китобида бундай фикрни кўриб, айрим мусулмонлар бу фикр ҳақиқат деб ҳисоблаган, чунки у нуфузли мусулмон олимининг ктиобида келтирилган, қарама-қарши баёнот эса ёлғондир. Шундай қилиб, улар астрономияга оид китобларга, айниқса, номусулмонлар ёзган китобларга душманлик қилиб, Ернинг шарсимон шаклда эканлигини билдирганлар. Зеро, оддий жонкуяр мусулмон муайян масала бўйича ислом олимининг фикридан ғайридиннинг фикрини афзал кўришини тасаввур қилиш қийин. Бу эса Ислом жамиятида астрономия фанининг ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қилди.
Бундай хатога мусулмонлар бугунги кунда ҳам йўл қўймоқда. Мусулмонлардан биронтасида Ернинг шакли ҳақида савол юзага келганда у кўпинча уламодан сўрайди, гарчи тегишли мутахассисдан сўраш тўғри бўлсада. Бу мусулмонлар янглиш равишда илоҳиятшуноснинг табиатшунослик бўйича айрим масалаларни билмаслиги камчиликдир, шу сабабли бу соҳада унинг хатога йўл қўйиши мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Лекин бундай эмас. Худди математикнинг тарихни билмасликда ҳеч қандай ёмон жойи йўқдек, ислом уламоси мутахассис бўлмаган илмларда баъзи хатоларга йўл қўйишида ҳеч қандай ёмон нарса йўқ.
Бундан ташқари, ҳатто пайғамбарлар ҳам дунё билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб билмасликлари мумкин. Табиатшунослик илми пайғамбар учун мажбурий эмас. юқоридаги ҳадис шарҳида Иззуддин Санъоний ёзади:
«Бу ҳадис шундан далоат берадики, пайғамбарлар айрим дунёвий ишлар ҳақида билмаслигида ҳеч қандай кулфат йўқ. Бу нарсаларни билмаслик уларнинг қадр-қимматии пасайтирмайди».
Нуфузли олим Кади Ияд юқорида келтирилган ҳадис шарҳида қуйидагиларни гапиради:
«Пайғамбарларнинг дунёвий ишлар бўйича шахсий фикрлари шу маънода бошқа одамларнинг фикрига ўхшаб кетадики, улар айрим нарсаларни нотўғри тушуниши мумкин. Ва бу улар учун шармандалик эмас. Ахир уларнинг интилишлари (ниятлари) маънавий дунё билан, шариат ҳукмлари ва тақиқлари билан боғлиқ, бу дунёнинг ишлари эса уларнинг ниятларига зид келмайди. Лекин бу нарсаларни билмаслик пайғамбарлар учун, дунёвий ишларга интиладиган одамлар учун уят эмас. Ахир улар дунёвий ҳаётнинг моддий томонлари ҳақида ҳамма нарсани билади, фақат осмондаги ҳаёт борасида бепарволар».
Ҳа, пайғамбарлар ҳақиқатга зид келадиган хабар келтиришлари мумкин эмас, чунки улар ёлғондан ҳимояланганлар. Бироқ улар ҳақиқатга мос келмайдиган шахсий фикр (рай) ёки тахминга (занн) эга бўлишлари мумкин. Бу ҳақида ислом олимлариинг китобларида батафсил баён қилинган. Имом Нававий юқорида айтилган Муслимдан ривоят қилинган ҳадисга шарҳларда қуйидагиларни ёзган:
«Уламолар айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тирикчилик ташвишлари борасидаги шахсий фикри (рай) ва тахмини (занн) бошқа одамларнинг фикр ва тахминларига ўхшаб кетади. Бу каби нарсалар содир бўлишига ҳеч нарса халал бермайди (яъни пайғамбарнинг фикри воқеликка мос келмаслиги – таҳр. изоҳи.). Бу унинг қадр-қимматини пасайтирмайди. Бунга сабаб уларнинг интилишлари (фикрлари) охиратга ва уни билишга йўналтирилганлигидир. Аллоҳ яхшироқ билгувчидир».
Агар пайғамбарлар тахминлари баъзида воқеликка мос келмадиган бўлса, олимлар ҳақида нима дейиш мумкин. Олимлар нафақат нотўғри тахмин қилиши, балки қўпол хатоларга йўл қўйиши ҳам мумкин. Ва бу уларнинг қадр-қимматидан ҳеч қандай камситмайди.
Кўпинча табиатшунослик масалаларидаги олимларнинг хатолари улар чиқарган фатволарнинг нотўғри эканлигига олиб келди - бу маҳсулотларнинг моҳияти ҳали охиригача маълум бўлмаган бир пайтда олимларнинг чекишга рухсат бериш ва қаҳвани тақиқлаш ҳақидаги фатволарини эслаш кифоя. Имом Карафий бу ҳақида қуйидаги фикрларни баён қилади:
 «Фақиҳлар ва судялар математика, тиббиёт ва геометрияни билмаслиги сабабли муайян масалалар бўйича қанчалик тез-тез нотўғри қарорлар чиқарарди! Юксак интилишга ега бўлганлар (олимлар) бундай фанлардан иложи борича билимдон бўлишлари керак».
Мусулмонларнинг илоҳиёт мутахассисларига уларннг ваколатлари доирасида бўлмаган масалаларда у ёки бу даражада ноўрин эргашиши ислом жамиятида илм-фан тараққиётини тўхтатишга таъсир кўрсатди ва ҳамон шундай давом этмоқда.

Тўртинчи сабаб: Табиий фанлар ва техник ихтироларнинг амалий фойдасини тушунмаслик.
18-19-асрлар саноат инқилобигача бўлган даврда техника ва фан тараққиёти бир-биридан алоҳида борган. Дастлабки кашфиётлар олимлар томонидан эмас, балки уста ҳунармандлар, кўпинча саводсиз бўлган одамлар томонидан ихтиро қилинган ва яратилган. Шу билан бирга, фойдали ихтиро яратиш илмий кашфиёт эмас, балки ҳозирги жорий муаммоларнинг ечими ҳисобланарди.
Илм-фан инқилобидан сўнг, одамлар атрофдаги оламни янги формула бўйича ўргана бошладилар:
Билимлар = Эмпирик маълумотлар × Математика
Фан ва техниканинг сифат жиҳатидан яқинлашуви ва ривожланиши рўй берди, бу фан-техника тараққиётига айланиб кетди.
Шу сабабдан ўрта асрларда кўпчилик табиий фанларнинг амалий фойдасини тушунмасди. Кўплаб ислом олимлари ҳам бу нуқтаи назардан четда қолмади. Хусусан, имоми Ғаззолий қуйидагича ёзади:
«Тўртинчи ўқув предмети (фалсафа) - табиий фанлар: бу фанларнинг баъзилари шариат, дин ва ҳақиқатга зиддир. Бундай фанлар аслида билим эмас, жаҳолатдир, шунинг учун уларни илм-фан турлари қаторида санаб ўтмаймиз. Табиий фанларнинг яна бир қисми жисмларнинг сифатлари, хусусиятлари, уларни ўзгартириш йўлларини ўрганишдир. Бундай фанлар табибларнинг тадқиқотларига ўхшайди. Бироқ табиблар инсон танасини фақат касал ёки касал эмаслиги нуқтаи назаридан ўрганадилар. Табиий фанлар олимлари эса барча жисмларни – уларнинг ўзгарувчанлиги ва ҳаракатини ўрганадилар. Аммо шифокор табиий фанлар олимидан устунликка эга, яъни: унга эҳтиёж бор. Табиий фанларга келсак, уларга эҳтиёж йўқ».
Бу табиий фанларнинг амалий фойдасини тушунмаслик кўп йиллар ва ҳатто асрлар давомида умматда устунлик қилди. Мусулмонлар томонидан бу нормал ҳолат деб қабул қилинарди. Бу, албатта, ўша пайтда нафақат мусулмонлар, балки барча одамлар илм-фан ва техника ўртасидаги алоқани яхши тушунмагани билан изоҳланади. Афсуски, мусулмонлар орасида бу тушунмовчилик саноат инқилоби авжига чиққанда, европаликлар табиий фандаги назарий билимларни тўғри қайта ишлаш билан технологияда сезиларли ютуқларга эришиш мумкинлигини тушуниб етганда ҳам давом этди. Масалан, 18-асрда "Ал-Иҳё" китобининг батафсил тафсирини ёзган Муртазо Забидий ҳам, 19-асрда ибн Обидин ҳам юқоридаги иқтибосни ўз китобида келтирган, лекин бу сўзларга изоҳ бермаган. Фақат 20-аср охирида табиий фанларнинг амалий фойдалари ҳаммага аён бўлиб қолган бўлса, "Ал-Иҳё" асарининг ношири (муҳаққиқ) Абдуллоҳ Ал-Холидий бу сўзларга эътибор қаратиб, қуйидагиларни фикрни ёзган:
«Бу имоми Ғаззолийнинг (роҳимаҳуллоҳ) шахсий фикри ва у нотўғридир. Табиий фанлар атом бомбаси, гиёҳванд моддалар ва шунга ўхшаш зарарли ихтироларга олиб келган ҳолатларни истисно қилганда».
Агар бирон бир мусулмон олими ўз китобида табиатшуносликни ўрганишга даъват этган бўлса, унинг мақсади Аллоҳнинг қудрати ва буюклиги ҳақида хулоса чиқариш, одамларни янги ва яхши технологиялар яратишга ундаш эмас, балки яратувчилик ҳақида ўйлашга ундаш эди. Ҳар ҳолда, табиатшуносликни ўрганишни янги технологиялар яратишга ундайдиган бирорта китоб ҳам, ҳатто боб ҳам йўқ. Айтилганидек, бу ўша пайтларда табиий фанлар билан техника ўртасидаги алоқанинг кўпчиликка тушунарли эмаслиги билан боғлиқ эди.
Бундан ташқари, илм-фан инқилоби бошланганидан бери мусулмон жамияти янги технологиялар ва ихтироларни жорий қилишни анча оғир ўзлаштирди. Агар қурол-яроғ борасида мусулмон жамияти янгиланишга тайёр бўлса, унда бошқа технологиялар жиҳатидан вазият жуда ёмон эди. Мисол тариқасида матбаа, механик соатлардан фойдаланиш, астрономик кузатишлар учун турли қурилмалар ва бошқалар киради. Янги технологияларни қабул қилишни истамаслик турли йўллар билан тушунтирилди. Ёки бундай ихтиролардан фойдаланиш «тақиқланган» илмларни чуқур ўрганишга олиб келиши мумкинлиги, натижада мусулмонлар ақидасига шубҳа-гумонлар пайдо бўлиши мумкинлиги илгари сурилди. Масалан, Кайрувондан моликий олим, Ибн Нажи Танухий ёзади:
«Ал-Мазурий астролябия ва астрономик ёзувлардан (жадвалларни) фойдаланишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобларди, чунки улардан фойдаланиш астрономияга чуқур киргандан кейингина мумкин».
Ёки янги технологиялардан фойдаланишни тақиқлаш ғайридинларга ўхшаш бўлишнинг тақиқланиши билан изоҳланарди.
Ёки баъзан бундай тақиқ бундай ихтиролар жодугарликдан бошқа нарса эмаслиги билан изоҳланарди. Турли йилларда ислом жамиятида механик соатларнинг сеҳр-жоду маҳсули ҳақида баҳс-мунозаралар давом этган.  20-асрда ҳам - ҳеч кимда бундай шубҳа бўлмаслиги керак бўлган асрда - бу савол муҳокама мавзуси бўлган .
Аниқ вақт, жадвал, тақвим, ўлчов бирликларининг ягона ва тушунарли тизими – буларнинг барчаси замонавий фан, илмий тадқиқот ва амалий фаолият учун шарт-шароитлардир. Буларсиз нафақат илм-фан тараққиёти, балки иқтисодиёт, жамият ва давлатнинг нормал фаолият кўрсатиши Янги ва Энг янги даврда ўринга эга бўлиши мумкин эмас. Саноат инқилоби бунинг учун барча шароитлар мавжуд бўлган жойдагина бўлиши мумкин, бу шартлар орасида вақтни аниқ ўлчаш ва ўлчов бирликларининг тушунарли тизими охирги ўринда эмас.
Европада механик соат ихтиро қилингандан кейин вақт ўтиши билан Шарққа ҳам экспорт қилина бошлади. Бироқ, Европадан фарқли равишда, мусулмон минтақаларда соатлар тарқалиши жуда секин бўлган, чунки одамлар вақтни азонга қараб белгилашга ўрганиб қолганд эди, шунингдек, мусулмонлар ғайридинларнинг ихтироларига ишонмаслиги ҳам аҳамиятга эга эди. Агар Европада шаҳар марказларида шаҳар соатлари ўрнатиш амалиёти кенг тарқалган бўлса, мусулмонлар Шарқида бундай ҳолат камдан-кам учраган. Шаҳар соатлари вазифасини масжид минораларидан янграйдиган азон бажарарди. Маълумки, азон вақти, Қуёш ҳаракати бўйича белгиланиб, шартли ва тахмини ҳисобланади. Турли аҳоли пунктларида ва минтақаларда азон вақти турли бўлиши мумкин эди. Агар умумий ва аниқ вақт бўлмаса, демак, аниқ жадвал тузиб ҳам бўлмайди. Аниқ жадвал ва тақвимсиз самарали ишлаб чиқариш, логистика, илмий тажрибалар ва ҳ.к. амалга ошириб бўлмайди. Буларнинг барчаси мусулмон ҳудудларининг ривожланиш суръатларига катта таъсир кўрсатди.
Вазият турли ўлчов бирликларининг мавжудлиги билан қийинлашарди. Деярли ҳар бир йирик шаҳарнинг ўз бирликлари бор эди. Фиқҳ бўйича китобларда «ратл ироқий», «ратл шомий», «ратл мисрий», ва ҳоказо тушунчаларни учратиш мумкин. Ҳатто бу ратлларнинг ҳар бири тўрт мазҳабда турли маъноларга эга эди. Масалан, ҳанафийлар учун Ироқ ратли 0.38959356 литр, моликийлар учун 0.58155078 литр, шофеъийлар ва ҳанбалийлар учун эса 0.923508 литрни ташкил этади. Ягона ўлчов бирликлари тизимининг йўқлиги ҳам ислом давлатлари тараққиётига тўсиқ бўлди.
Мусулмонларнинг илмий билимлардан фойдаланишда ортда қолишига яққол мисол қилиб, имом Шамил Жамолуддиннинг тўнғич ўғли билан содир бўлган воқеани келтириш мумкин. Болалигида у рус подшосига гаровга сифатида берилган. Россияда яхши таълим олди, бир неча хорижий тилларни ўрганди. 1855 йилда у Доғистонга қайтарилди. Машҳур шайх Жамолиддин Казикумухскийнинг ўғли Абдураҳмон Казикумухский Жамолиддин ва тоғликлар билан содир бўлган қуйидаги воқеани тасвирлайди: «Бир куни Жамолиддин Дарго аҳлига ой тутилиши бўлишини айтди. У, шунингдек, бу содир бўладиган кун, соат, ва дақиқани ҳам айтди. Бироқ Дарго аҳли унинг устидан кулиб: "Жамолиддин нотўғри гапиряпти. Қандай қилиб у нигоҳлардан яширинган, махфий нарсани айниқса, аниқ соат ва дақиқаси билан билиши мумкин?!» Лекин шу билан бирга уларга айтган соатини кутдилар ва Жамолиддин кўрсатган вақтда ой тутилиши содир бўлганига ишонч ҳосил қилдилар. Ҳатто Шамилнинг ўзи ҳам бундан ҳайрон эди. Улар Жамолиддин бу ҳақида тақвимдан хабар топганини билмасдилар».
19-асрнинг ўрталарида астрономия анча ривожланган эди. Мисол учун, мусулмон бўлмаганлар ёруғлик тезлигини лаборатория ўлчарди, Қуёшдаги доғлар сони ўзгариши билан геомагнит бўронлари ўртасидаги боғлиқликни кашф қилган эди, лекин кўплаб мусулмонлар минтақаларида эса ҳатто тақвим каби оддий ихтиродан бехабар эдилар.
Ислом минтақаларида илм-фаннинг ривожланиш суръатларига таъсир кўрсатган яна бир муҳим ва аҳамиятли омил мусулмон тилларида (араб, турк ва форс) китоб босиш ишининг кечикиб жорий этилиши бўлди.
Ҳарф териш асосида китоб босиш илк бора Германияда 15-асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. 15-асрнинг икинчи ярмида у Европа мамлакатларининг аксариятида жорий қилинганди. 15-аср охири ва 16-аср бошларида дастлабки босмахоналар Усмонийлар империяида ҳам пайдо бўлди, бироқ улар миллий ва диний озчиликларга – арманлар, яҳудийлар ва грекларга тегишли эди.
1494 йил султо Боязид II нинг Усмонийлар империяси ҳудудида яҳудийларга босмахона очишга рухсат этиш ҳақида фармон чиқарди, фақат турк ва араб тилларида китоблар босиб чиқармаслик шарти билан. Тахминан шу пайтда турк ва араб тилларида китоб босиб чиқаришнинг тақиқланиши ҳақида фармон ҳам қабул қилинди. 1610 йил насроний арабларга араб тилида китоб босишга рухсат этилди. Мусулмонларнинг ўз тилларида китоб чоп этишларини тақиқлаш 1727-йилгача давом этди. Босмахоналарнинг тақиқланишига араб тилида босишни ислом тақиқлаган деб ҳисоблаган баъзи мусулмон олимларининг фатволари ҳам, босмачилик жорий қилинса ишсиз қолиши мумкин бўлган хаттотлар гильдияси босими ҳам сабаб бўлган.
1727 йилда динни янги қабул қилган венгриялик Иброҳим Мутеферрика Усмонийлар халифасига қисқа «Рисола ат-тибаа» хабари ёзиб, унда халифаликда босмахона очиш лозимлигини асослаб берди. Уни Усмонийлар империяси Ғарбдан анча орқада қола бошлаганини англаган вазир Иброҳим Пошо қўллаб-қувватлади. Баъзи мусулмон уламолари бу хабарни маъқулаб шарҳлар ёзганлар. Уларнинг босими остида ўша даврда Усмонийлар халифалигининг шайхулисломи Абдуллоҳ Афанди китоб босишга рухсат бериш ҳақида фатво берган, аммо мусулмон илмларига оид китобларни нашр қилмаслик шарти билан.
1727 йил Истанбулда турк тилидаги биринчи босмахонага асос солинди ва орадан икки йил ўтиб биринчи китоб: ҳар бир зиёли туркнинг столида бўлган арабча-туркча "Камус ал-жавҳари" луғати нашр этилди. 1730 йилда босмахона Патрон Халил қўзғолони пайтида вайрон қилинди. Қўзғолончилар орасида олти юзнафар ҳаттотлар бор эди. Орадан икки йил ўтгач, босмахона тикланди ва 1783 йилгача, баъзан фаолиятини тўхтатган ҳолда ишлади. 1729 йилдан 1828 йилгача Усмонийлар империясида фақат 98 китоблари нашр этилган, уларнинг аксарияти араб тилида эмасди.
19-аср бошларида мусулмон олимларининг матбаачилик ҳақидаги қарашларида эволюция юз берди: улар Қуръонни истисно қилганда, исломий китоблар нашр этилишига рухсат бердилар. 19-аср бу борада маълум бир тараққиёт билан тавсифланади, лекин жуда кеч бўлганди. Ахир, мусулмон минтақалар итоб босиш ишида Ғарб мамлакатларидан аллақачон деярли 300-400 йил ортда қолиб кетганди. Матбаа (китоб босиш) инсониятнинг энг муҳим ихтироларидан бири бўлиб, у аҳолининг деярли барча қатламлари учун фанларга кириш имконини берди, чунки у китобларни нашр этиш харажатларини сезиларли даражада соддалаштирди ва камайтирди. Бироқ бу ихтиронинг аҳамиятини кўпчилик мусулмонлар тушунмаслиги ислом минтақаларида илм-фаннинг кечикишига катта таъсир кўрсатди.
Мусулмонларнинг илм-фан борасида қолоқлигига таъсир кўрсатган яна бир муҳим омил таржима фаолиятининг деярли бутунлай тўхтатилиши бўлди. Исломнинг Олтин даври бу даврда юнон ва, камдан-кам ҳолларда, форс тилидаги китобларни араб тилига таржима қилишда сермаҳсул фаолият олиб борганлиги билан ажралиб туради. Мусулмонларнинг қадим замонлардаги бой билимлар билан танишиши ўша даврда турли илмларни ривожлантиришга имкон берган эди.
Бироқ, кейин таржима фаолияти деярли тўхтади. География, тарих ва ҳарбий ишларга оид оз сонли китоблар ҳамда захмга оид бир рисола таржима қилинди. Фақат 19-асрда таржима фаолияти янада жадал суръатлар билан қайта тикланди. Бироқ бу сафар фалсафа ва адабиётга оид китоблар ҳам таржима қилиниб, бу мусулмонларнинг диний ақидаларига зид ғоялар билан танишишларига сабаб бўлди.
Уйғониш ва маърифатпарварлик даврида таржима фаолиятининг пасайиши мусулмонларнинг фан ва технологияларда Ғарбнинг ривожи билан етарлича танишишига тўсқинлик қилди.
Табиий фанларнинг афзалликларини аниқ тушунмаслик мусулмонлар орасида яна бир нотўғри тушунчани, аниқроғи: табиий илмларни идрок этишни мустаҳкамлади. Маълумки, мусулмонларнинг барча ёшдаги диний илмларга нисбатан асосий мақсади бу илмларни ўзгаришсиз сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга ўтишдан иборат эди. Динга ҳар қандай янгилик киритиш Ислом томонидан қатъиян ман этилади. Бироқ, кўпчилик мусулмонлар табиий илмларни худди шундай қабул қилдилар. Диний илмларда бўлгани каби, аввалги олимларнинг асарлари ҳам ҳозирги даврлардагига қараганда анча юқори бўлиб, уларнинг асарлари замонавий асарларга қараганда анча тўғри ва аниқ баҳоланарди. Шундай қилиб, мусулмонлар табиий илмларни ривожлантириш ва ўзгартиришдан кўра кўпроқ сақлаб қолдилар. Бу муносабат тиббиётда айниқса яққол кўзга ташланади: мусулмонлар ҳали замонавий мутахассислардан кўра ўтмиш Ислом олимлари ёзган тиббий китобларга кўра даволанишни афзал кўрадилар.

Хулоса

Бу асосий тўрт сабаб, менинг фикримча, турли даража Ислом жамиятда илм-фан ривожланишга тўсқинлик қилишга таъсир кўрсатган. Бу рўйхатга турли тадқиқотчилар фаннинг инқирози сабаблари деб ҳам атайдиган бошқа омиллар киритилмаган. Масалан, турли мусулмон минтақаларидаги аёлларга ёзув ва таълим ўргатишни тақиқлаш, илм-фанни молиялаштирмаслик, Ислом жамиятида дунёвий илмларни ўрганишга туртки бўлмаслиги, ҳаракатлардаги сабабий-оқибат алоқаларини ашъарий ақидасида тушуниш ва бошқалар.
Биринчи омил шу сабабдан рад қилиндики, Европада ҳам аёллар учун таълим узоқ вақт ёпиқ бўлган. Гарчи илм-фан инқилобидан кейин Европада аёлларнинг таълим соҳасидаги мавқеи ислом минтақаларига қараганда анча яхши бўлса-да, бироқ уларнинг илмий фаолиятдаги улуши эркакларникидан анча кам эди ва бу Европада илм-фан тараққиётига тўсқинлик қилмади. Бугунги кунда ҳам хотин-қизларнинг илмий тадқиқотлар соҳасидаги улуши 30 % дан ошмайди, аммо хотин-қизлар иштирокининг паст фоизига қарамай, илм-фан ҳамон тезлик ва илдам қадамлар билан ҳаракатланмоқда.
Иккинчи ва учинчи омиллар табиий фанларни ўрганиш учун маблағ ва мотивациянинг йўқлиги, бу сабабларнинг оқибати эмас, балки асл сабабларнинг ўзи эканлиги туфайли илм-фаннинг ортда қолиши сабаблари орасида мен томонимдан қайд этилмаган.
Тўртинчи омил асоссиз бўлгани учун рад этилди. Ҳа, ашъарийлар тушунчасига кўра, сабаб ва оқибат ўртасидаги алоқа мантиқан зарур эмас, балки шунчаки табиатда кузатилади, лекин барибир алоқанинг мавжудлиги тасдиқланади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар томонидан сабаб-оқибат муносабатларини бундай тушуниш табиий фанларнинг жамиятда тарқалишига сезиларли тўсиқ бўла олмади.
Бугун дунё биз ўйлагандан кўра тезроқ ўзгармоқда. У ривожланмоқда ва унинг асосий механизми фан-техника тараққиёти ҳисобланади. Ислом жамияти, афсуски, яратувчанлик жамиятидан жавоб кайтариш жамиятга айланди. Биз аллақачонлар янги технологияларни яратмай қўйганмиз, фақат мусулмон бўлмаганларнинг янги ихтироларига муносабатимизни билдирамиз. Бугунги кунда кўплаб олимлар фан-техника тараққиётининг аҳамиятини ҳатто англамайдилар, оддий мусулмонлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Уларнинг аксарияти ҳозирги ҳолатидан жуда хурсанд. Аммо мусулмонлар мавжуд вазиятнинг аянчли эканлигини тан олишлари, бунинг сабабларини тушунишлари ва бу вазиятни ўзгартириш учун чора кўришлари керак.
Ушбу мақола нима содир бўлганининг сабабларини тушуниш йўидаги камтарона ҳаракатдир. Эҳтимол, уларда жиддий хатоларга йўл қўйилган, эҳтимол, бирор нарса мен томонимдан бошқача тақдим этилган. Шунинг учун азиз ўқувчи уларни кўрсатиб, ислом жамиятида илм-фаннинг турғунлик сабабларини ўрганишда иштирок этади, деган умиддаман.

Дорул-Фикр сайтидан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase