«Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, албатта улар: «Шак-шубҳасиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз»,- деган бўлур эдилар». Ҳижр сураси, 14-15. Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилувчи олим, профессор Аднан Шариф инсоният тарихидаги биринчи космонавт ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этди. Ҳижр сурасининг 14-15-оятларидан иқтибос келтирар экан, тадқиқотчи 1961 йил Юрий Гагарин илк бор коинотга чиққанида Ер сайёрасини кузата туриб, “Мен нимани кўряпман. Мен туш кўряпманми, кўзларимга ишонмайман” каби жумлаларни айтиб ўтган. Бу жумлалар парвозларни бошқариш маркази томонидан ёзиб олинган. Унинг фазода айтган сўзлари ғарб оммавий ахборот воситаларида кўп бор эътироф этилган бўлишига қарамай, шўро пайтида бунга кўп эътибор қаратилмаган.
Коинот, космонавтика ва Қуръон устида тадқиқот олиб борувчи профессор Шариф Юрий Гагариннинг парвози ва у фазодалик пайтида ирод этган сўзларига эътибор қаратган. Энди мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш, ўн тўрт аср аввал ваҳий қилинган Қуръони Каримга назар ташласак, унда само илми ҳақида бир қанча маълумотлар келганлиги гувоҳи бўламиз. Ёдда тутмоқ керакки, 1961 йили СССР коммунистик давлат эди, бу лойиҳа устида ишлаган кўплаб олимлар, космонавтлар мусулмон эмас ва айни дамда Қуръонга иймон келтирмаган халқ эдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса айнан Ҳижр сурасининг 13-14-оятида: “Улар унга (Қуръонга) иймон келтирмайдилар. Ҳолбуки, аввалгиларнинг суннатлари - ибратлари ўтгандир (яъни, аввалги кофирлик билан ўтган кимсаларнинг оқибатлари нима бўлгани маълумдир). Агар Биз уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсаг-у, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам...” деяпти. Эътибор берилса, 14-оятда келган “уларга” сўзидан, аввалги оятдаги Қуръонга иймон келтирмайдиган қавмга ишора борлиги кўринади. Профессор Аднан Шарифнинг фикрига кўра, Аллоҳ таоло айнан мана шу оят орқали Қуръонга иймон келтирмайдиган қавмга биринчи бўлиб “осмондан бир дарвоза очиб”, яъни фазога парвоз қилиш имконияти берилиши ҳақида аломат берилган.
Шунингдек, суранинг давомида, “бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган кишилардирмиз” дейилади. Бу эса Гагариннинг биринчи марта коинотга чиққанида ҳайратдан “Мен нима кўряпман. Мен туш кўряпманми,” деган сўзларига ишора эканлиги кўринади. Бундан Аллоҳ таоло бутун инсоният учун туширган Ўз Китобида ким, қачон ва қандай ҳолатда фазога парвоз қилиши ва ҳолатига қандай муносабат билдиришигача аввалдан билган ва буни Каломуллоҳда инсоният учун оят-белги сифатида билдирган. Бу эса Аллоҳнинг Китоби ва динига хужум қилувчи душманларга қарши Ислом дини ҳақ дин эканлиги, Қуръони Карим борлиқни йўқдан бор қилган Зотнинг каломи эканлигини исботловчи яна бир далилдир.
Бу оят-белгилар ҳақида СССР қаҳрамони, космонавт Павел Романович Поповичга айтилганида, у шундай деган: “Менга билдирилганлардан менга энг қизиқ нарса бу Яратганнинг - Агар уларга осмондан бир дарвоза очсагу – дейишидир, чунки олимлар коинотга чиқадиган эшик топиш учун кенг миқёсдаги ҳисоб-китоблар қилганлар.”
Жўн қарашда, осмон очиқ ва ҳудди Ернинг ҳар қандай нуқтасидан учса бўладигандек. Лекин аслида ҳамма фазовий кемалар ҳисоб-китоблар натижасида аниқланган аниқ бир йўлак орқали учиб чиқадилар ва бир йўлак орқали Ерга қайтадилар. НАСА агентлиги берган ҳисоб-китобларга кўра, агар сониясига 11 км тезликда учаётган фазовий кема етарли тезликка чиқиб атемосфера қобиғини ва ўзининг горизонтал траекториясини тарк этиб сониясига 7 км тезликда учишни талаб қиладиган Ер орбитасига тушиб олмаса, яъни кема ҳаракати маълум бир йўлакка тушириб олинмаса, Ер сайёрасининг тортишиш кучи кемани итариб юборади ва кема Ерга қулайди баъзи ҳолларда эса ёниб кетиши ҳам мумкин. Космонавтика тарихида эса айтиб ўтилган икки ҳолат ҳам кузатилган. Бундан коинотга йўл фақат оятда келган маълум бир “эшик” ёҳуд йўлак орқали эканлиги ҳамда фазовий кеманинг муваффақиятли парвози учун юзлаб ёки минглаб аниқ ҳисоб-китоблар кераклиги англашилади.
Бундай оят-белгиларни ўзида мужассам этган Қуръони Карим инсониятга тортиқ этилганига ўн тўрт аср бўлдики, Уни ўқиб, тафаккур қилган инсон учун Аллоҳ таолонинг ва унинг охирги динининг ҳақ эканлигини англаб етиши қийин иш эмас. Қайта қайта ўқилгани сари, Оламлар Роббисининг улуғ ҳикмат соҳиби экани, дунё илмларининг барчаси Унга маълум эканлиги ва инсоният ҳали бери у илмларнинг мингдан бирини ҳам тўлиқ англаб ета олмаслигини тушуниб етмоқ мумкин.
Тошкенбой таржимаси