Халифа Маъмуннинг вақтига келиб, мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат сиёсатига айланди.
Арабчага таржима қилинган мазкур китоблар катта қизиқиш билан ўрганилди, шарҳ қилинди. Аввалбошда мантиқ, тиб, фалакиёт каби илмларга оид китобларни ўрганиб, уларда дину диёнатга зарар йўқлиги, аксинча, фойдаси борлиги мулоҳаза қилинган.
Бора-бора мазкур китобларга мафтун бўлиш ортиб борди. Кейин эса худди ўша мафтунлик ила фалсафа ҳамда метафизикага оид китобларга ўтилди ва юнон фалсафасига тақлид қилувчилар кўпая борди.
Юнон фалсафасининг бахтига мусулмонлар ичидан Киндий, Форобий, Ибн Сино ва Беруний каби дахолар унга қизиқиб колишди. Уларнинг ўзлари ва шериклари мазкур фалсафани ҳақиқат сифатида қабул қилиб, унга ихлос билан хизмат қилишди.
Шу билан бирга, ўша пайтда юнон лоҳут фалсафаси ва мантиқ илмидан таъсирланган ва улар асосида мусулмонлар ақийдасига оид ўз фалсафасини тарқатганлар саҳнага чиқдилар. Уларнинг ичида ботинийлар ҳам бўлган. Ботинийлар ўз ақийдалари, фикрлари ва таълимотларини тарқатишда юнон фалсафасидан кенг фойдаланишган.
Ботинийлар мусулмонлар оммаси ичида «нубувват», «рисолат», «фаришта», «охират», «жаннат», «дўзах», «шариат», «фарз», «вожиб», «ҳалол», «ҳаром», «намоз», «закот», «рўза», «ҳаж» каби истилоҳлар катта обрўга эга экани ва бу истилоҳлар уларни дину диёнат билан маҳкам боғлаб туришини яхши тушуниб етган эдилар. Улар худди шу кучли ва муқаддас робитага зарба беришни қасд қилдилар.
Ҳижрий тўртинчи асрда Ироқда массонийликка ўхшаш махфий жамоа юзага келди. Бу жамоа юнон фалсафаси ва ботиний ақийдасини жамлаб, қоришма фалсафага асос солган эди. Улар ўзларини «Ихвонус-сафо» - «мусаффолик биродарлари» деб номладилар.
«Ихвонус-сафо» жамоаси аъзолари Афлотун, Пифагор, Арасту ва бошқа юнон файласуфларининг фикрлари билан Ислом ибодатлари, исмоилийлар мазҳаби ақийдаси ҳамда барча динларда мавжуд бўлган поклик, мурувват, ахлоқ қадриятларини жамлаб, ўзига хос аралаш тузум тузмоқчи бўлдилар.
«Ихвонус-сафо» жамоаси ўз фикрларини тарқатиш ниятида эллик битта рисола ёздилар. Бу рисолалар фалсафа ва фикр тарихини ўрганувчи мутахассислар томонидан «Их-вонус-сафо рисолалари» деб аталади. Мазкур рисолаларда табиат, математика, илоҳиёт, ақлиётга оид масалалар ҳақида сўз юритилган.
«Ихвонус-сафо» жамоаси ўзларининг ҳақиқий исмларини яшириб, китобларини одамларга, китобфурушларга бепул тарқатишган. «Ал-Имтоъ вал муонаса» китобининг соҳиби Абу Ҳайён Тавҳидийнинг ёзишича, «Бу китоблар турли фанлардаги тарқоқ, саёз ва қониқарсиз фикрлардан иборат бўлиб, уларда жасаднинг қайта тирилиши инкор этилган, охират, жаннат ва дўзах мусулмонлар ичида машҳур бўлган эътиқодга хилоф равишда тафсир қилинган.
Хулоса тариқасида айтиладиган бўлса, «Ихвонус-сафо рисолалари»да янгича ахлоқий, илоҳий ва илмий низом тузишга ҳаракат қилинган. Бу билан Ислом шариатини тарқатиб юборишни қасд қилишган. «Ихвонус-сафо» жамоасининг фикрича, ўша пайтда шариат эскириб қолган эди.
Мазкур юнон фалсафаси ва мантиқ илми сабабидан адашганларнинг ичида кофир ва зиндиқ бўлганлари ҳам бор эди. Уша таржималардан кейин фикри бузилганларнинг энг кўзга кўринганларидан бири мўътазилалар бўлган. Улар юнон фалсафаси ва мантиқ илми таъсири остида «Динни фаҳмлашда асосий манба - ақл» деган фикрни маҳкам ушлаб олишган. Шу сабабли ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштиришган. Ақлни ўз ўрнида ишлатиш яхши иш. Аммо бу борада чегарадан чиқмаслик керак.
Мўътазилийлар эса чегарадан чиқиб, ҳаддан ошдилар ва бир қанча шаръий матн ва қоидаларни бузиб, ақл ва фалсафани улардан устун қўйдилар. Оқибатда мусулмон уммати уларни рад этди.
Ушандай нозик ва хатарли бир пайтда ақийда бобида мусулмон умматида содир бўлган ихтилоф, тафриқа, уруш-жанжал, адашув, залолат ва бебошвоқликнинг барча кўринишларини Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг икки йўналиши бўлмиш Мотуридий ва Ашъарий мазҳаблари бартараф қилди ва умматни бу борада бирлаштирди.
Кейинроқ Аҳли сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг бошқа уламолари, имом Мотуридий ва Ашъарийларнинг издошлари бу ишни давом эттирдилар. Кучли ҳужжат ва далиллар билан турли адашган фирқаларнинг, жумладан, мўътазилийларнинг хатарли йўлларини тўсдилар ва ҳаракатларини тўхтатдилар.
Бу борада айниқса ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг хизматлари алоҳида мақтовга сазовор бўлди. У киши фалсафа ва мантиқ илмларини чуқур ўрганиб, таҳлил қилдилар ва сарасини сарага, пучагини пучакка ажратдилар. У кишининг «Мақосидул фалосифа» - «Файласуфларнинг мақсадлари» ва «Таҳофутул фалосифа» - «Файласуфларнинг қулаши» номли асарлари катта хизмат қилди. Ифодали қилиб айтадиган бўлсак, Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи юнон фалсафасининг куфр оловини Ислом фалсафасининг иймон суви билан, юнон мантиқининг куфр оловини Ислом мантиқининг суви билан ўчирдилар.
Имом Ғаззолий ҳақиқат қидириб, фалсафани пухта ўрганганлар. Файласуфлар «Фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқийн ва саодатга эришиш мумкин», дейишар эди. Имом Ғаззолий эса айнан ўша нарсаларни қидираётган эдилар. У киши фалсафани ихлос ила чуқур ўрганиб, ўша даврнинг энг кучли файласуфларидан бирига айландилар. Лекин Имом Ғаззолий фалсафада ҳам ўзлари излаётган ҳақиқат мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилдилар. Аммо бу нарса улуғ олимга фалсафа ва файласуфлар ҳақида адолат ила ҳукм чиқаришга қхалақит бермади. У киши бу борадаги илмий изланишлари натижаларини фалсафа ва мантикқа оид бир қанча китобларида ёзиб қолдирдилар. Улар қуйидагилардир:
1. «Мақосидул фалосифа».
2. «Таҳофутул фалосифа».
3. «Маҳкун-назар фил мантиқ».
4. «Меъёрул илм фил мантиқ».
5. «Ал-Мунқиз миназ-золал».
Имом Ғаззолий ўз асарларида фалсафа ва файласуфларга холисона баҳо беришга ҳаракат қилдилар. У киши фалсафага оид илмларни олтига бўладилар ва уларнинг ҳар бирига ўзига яраша баҳо берадилар:
1. Аниқ фанлар.
Ҳисоб, ҳандаса, жуғрофия каби илмлар. Бу нарсаларда динга аралашилмайди. Улар аниқ ҳужжатларга асосланган илмлар. Шу боис уларни инкор қилиб бўлмайди. Аммо мусулмонлар бу нарсаларни кўриб, фалсафага оид ҳамма нарса шу каби бўлади, деб алданиб қолмасликлари керак.
2. Мантиқ.
Бунда ҳам динга тегишли нарса йўқ. Мантиқ илми ақлий ўлчовларга назар солиш, бурҳон муқаддималари шартларини ўрганиш, уларнинг таркибидан хабардор бўлиш каби нарсалардир.
3. Табиий илмлар.
Бу илмларда ҳам динга боғлиқ нарсалар йўқ. Уларнинг ҳаммаси тажрибага суянадиган нарсалар. Шунинг учун буларни ҳам инкор қилиб бўлмайди.
4. Сиёсий илмлар.
Файласуфларнинг бу соҳадаги барча гаплари дунёвий ишларга боғлиқ нарсалардан иборат бўлиб, уларнинг кўпчилигини Аллоҳ таоло набийларга нозил қилган китоблардан ва набийлардан қолган гаплардан олганлар. Шунинг учун буларнинг ҳам диний эътиқодга, хусусан, ақоидга тегишли жойи йўқ.
5. Ахлоқий илмлар.
Файласуфларнинг бу борадаги кўп гаплари сўфийларнинг гапларига тўғри келади. Улардан Ислом таълимотларига тўғри келадиганини олиб, бошқаларини тарк қилиш лозим.
6. Илоҳиётга оид илмлар.
Бу борада файласуфлар ўзлари мантикда қўйган шартларга вафо қилмадилар, улардан ташқарига чиқдилар ва катта хатоларга йўл қўйдилар.
Имом Ғаззолийгача фалсафа Исломга қарши ҳужум қилар ва мусулмон уламолар ҳимояланиш билан кифояла-нар эдилар. Худди Ислом айбдор-у, илми калом уламолари унинг номидан фалсафага узр айтаётганга ўхшар эди.
Имом Ғаззолий эса ўзлари фалсафани яхши билганла-ри, унинг камчилик ва айбларини англаб етганлари учун, бевосита унга шиддатли ва аёвсиз ҳужум қилишни йўлга қўйдилар. Бунинг учун аввал фалсафани кўпчиликка улар тушунадиган услуб ва тилда англатиш лозим эди. Чунки ўша давргача фалсафа китоблари кўпчилик тушунмайдиган услуб ва тилда ёзилар эди. Уни фақат файласуфларгина англаб етар, бу эса ўзига хос тўсиқ яратган ва файласуфлардан бошқаларга фалсафа ҳақида сўз юритиш имконини йўққа чиқарган эди.
Имом Ғаззолий «Мақосидул фалосифа» номи билан осон тил ва услуб ила китоб ёзиб, кўпчиликка фалсафа нималигини ва файласуфлар нимани мақсад қилиб олганликларини тушунтириб бердилар. Бу китобда имом Ғаззолий фалсафий истилоҳларни ва файласуфлар юритадиган баҳсларни ҳеч қандай шарҳ ёки танқид қилмай, уларнинг айнан ўзини келтирдилар.
Имом Ғаззолий кўпчиликка фалсафа нима, файласуфлар ким ҳамда мақсадлари қандайлигини англатиб олганларидан кейин фалсафани танқид қилишга ўтдилар.
Бу ишни имом Ғаззолий асосан «Таҳофутул фалосифа» номли китобларида амалга оширдилар. Ушбу китобнинг муқаддимасида имом Ғаззолий ўша пайтларда ўзларини бошқалардан юқори тутадиган тоифалар чиққанини, улар исломий ибодатлардан бош тортаётганларини, динга шиор бўлган намозга ўхшаш нарсаларга паст назар билан қараётганларини, ҳаром қилинган нарсалардан сақланмаётганларини, баъзилари эса бутунлай диндан чиқиб кетганларини ва бошқа афсусланарли ҳолатлар бўлаётганини айтадилар. Сўнгра мазкур шахсларнинг куфрга кетишлари сабаби ҳақида қуйидагиларни ёзадилар:
«Аммо уларнинг куфрларининг сабаби Суқрот, Буқрот, Афлотун, Арасту каби улуғ исмларни, уларнинг издошларидан ақллари ўткирлиги, усулларининг гўзаллиги, ҳандаса, мантиқ, табиат ва илоҳиётга оид илмларни нозик жойларигача билишлари ҳақидаги мақтовларни, буюк ақлли бўлганлари учунгина ана шу ишларни қила олишлари ҳақидаги муболағали гапларни эшитганларидир.
Шунингдек, ана ўшалар ақллари ўткир бўлиши ва фазллари кўп бўлишига қарамай, шариатлар ва динларни инкор қилишлари, динлар тўқиб чиқарилган ҳийла-найрангдан иборатлигига эътиқод қилишлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаганларидир».
Имом Ғаззолий ўзларининг бу китобларига тўртта муқаддима қилганлар. Биринчисида ўз услубларини, иккинчисида файласуфларнинг ҳолини, учинчиси ва тўртинчисида уларнинг шариат билан тўқнашадиган ва тўқнашмайдиган илмларини баён қилганлар.
Кейин эса файласуфларни танқид қилишга ўтганлар. Бу танқидлар илоҳиётга ва метафизикага оид ўн олтита ҳамда табиат илмларига тегишли тўртта масалани ўз ичига олган.
«Таҳофутул фалосифа» китобининг аҳамияти катта бўлган. Унинг аҳамияти баъзи файласуфларнинг куфрга кетганини баён қилишида эмас, балки фалсафанинг диний эътиқод бобида ҳеч нарсага арзимас нарса эканини баён қилиб берганидадир. Бу борада фалсафа турли фикр, хаёл, қиёс ва тахминларнинг йиғиндиси, холос.
Фалсафа илоҳий таълимотлар ўрнида ёки уларга тенг кўрилиб турган бир пайтда унинг ҳақида илмий асосларга мувофиқ тарзда бу каби кучли зарба берилиши тарихий воқеа эди.
Имом Ғаззолий шу тариқа фалсафанинг обрўсини чил-парчин қилдилар. Файласуфлар у кишининг кучли ақли ва далиллари олдида довдираб қолишди ва эътиборга олса бўладиган бирорта раддия ҳам қила олишмади.
Имом Ғаззолий фалсафанинг энг катта хатоларидан бири ғайб олами - метафизика ҳақидаги тортишувлар эканини очиқ-ойдин айтдилар. Бу фикрнинг тўғрилигини исботлаш учун файласуфларнинг метафизикага оид тортишувларидан бир нечасини олдилар.
Мисол учун, оламнинг азалийлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги масала. Унинг хатосини имом Ғаззолий «Такофуъул адиллати ъалаа қидамил олами ва ҳудусиҳи» - «Оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлгани ҳақидаги далилларнинг тенглиги» номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжатлар ила исботлаб бердилар.
Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб олиб, тортишиб келганлар. Баъзилари «Олам азалий - қадимий» деса, бошқалари «Олам ҳодис - кейин пайдо бўлган», дейишган.
Икки тараф ҳам ўзининг гапи тўғрилигига аклий далил келтиради. Иккисининг далили ҳам ўзига тўғри кўринади. Иккиси ҳам қарши тарафга бир хил муваффақият билан раддия қилади. Қадимдан шундай бўлиб келмоқда эди. Бунга имом Ғаззолий юнон файласуфларидан олдингиларнинг, юнонларнинг ва улардан кейин келган файласуфларнинг далилларини бирма-бир келтириб, баён қиладилар.
«Бу тортишув бундан кейин қиёматгача ҳам давом этаверади, - дейдилар имом Ғаззолий. - Аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди».
Имом Ғаззолийнинг фикрларича, файласуфларнинг мазкур тортишувлари охирига етиши мумкин ҳам эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарса ҳақида тортишмоқдалар. Узлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди?! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичидатурган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қаердан билсин?!
«Унинг ўрнига инсон қўл остида турган нарсаларни ўрганишга ҳаракат қилиши керак, - дейдилар имом Ғаззолий. - Мисол учун, нима учун темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Мана шу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзида куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги куйдириш қобилияти билан куймоқдами?»
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фикрлари мусулмонларда тажрибий илмларнинг келиб чиқишига ва ривожланишига сабаб бўлди. Имом Ғаззолий тажрибий илмларнинг келиб чиқишига туртки бўлган фикр соҳиби сифатида дунё илмий тарихида муносиб жой олган улкан ақл соҳиби бўлмиш мусулмон шахс сифатида машҳур бўлдилар. Ўрта асрларда мазкур назарияга амал қилароқ Ислом оламида табиий илмлар кенг ривож топти. Улардан аста-секин европаликларга ўтди ва улар бу илмларни яна ҳам ривожлантириб, катта муваффақиятларга эришдилар.
Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл-заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.
Инсоннинг ақл доирасидан ташқаридаги, минг тортишса ҳам фойда бермайдиган ғайбий олам - метафизикага оид маълумотларни эса тайёр ишончли манбадан, яъни Аллоҳ таолонинг Ўзи динлар орқали берган хабарлардан олишни таклиф қиладилар. Диний ақийдаларга оид маълумотлар айнан ғайбиёт олами - метафизикага оиддир.
Шундай қилиб, Ислом оламида юнон фалсафаси кутқусидан эсонлик билан чиқиб олинди. Ишлар яхши йўлга қўйилиб, ҳамма тараф хурсанд бўлди. Бу натижага эришишда Аллоҳ таолонинг ҳақ дини - Ислом асосий суянч бўлди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан