close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Исломда қуёш тутилиши

Атрофимиздаги табиатда жуда чиройли ва ажойиб ҳодисалар рўй беради. Улардан баъзилари биз учун одатий ва танишдир - масалан, ҳар куни қуёш чиқиши ва ботиши, ёзда ёмғир ва қишда қор ёғиши, баҳорда дарахтларда куртаклар чиқиши ва кузда барглар тўкилиши. Аммо баъзи табиий ҳодисалар камдан-кам ҳолларда содир бўлади, шунинг учун қадим замонлардан бери одамлар учун сирли ва ҳайратланарли, ҳатто қўрқинчли кўринарди. Бундай ноёб ва қизиқарли табиий ҳодисалардан бири қуёш тутилиши ҳисобланади.

Астрономия фани нуқтаи назаридан, қуёш тутилиши – бу Ой диски ердан туриб кузатувчидан Қуёшни бутунлай ёки қисман ёпиб қўядиган табиий ҳодисадир. Қуёш Ойдан тахминан 400 баравар катта, лекин у Ердан Ойдан кўра 400 баравар узоқликда жойлашган, шу сабабли иккала самовий жисмларнинг дисклари биз учун бир хил кўринади, натижада Қуёш дискининг ой билан ёпилиши (тутилиши) мумкин. Қуёш тутилиши фақат янги ой чиққанида, Ой Ернинг атрофида айланиб, Ер ва Қуёш ўртасида турадиган, уни тўлиқ ёки қисман ёпадиган пайтда рўй беради.
Илмий маълумотларга кўра, ҳар йили Ерда 2 тадан 5 тагача қуёш тутилиши рўй беради – уларнинг айримлари қисман (Ой диски Қуёшнинг қайсидир қисмини ёпади), айримлари тўлиқ тутилиш бўлади, бироқ, улар ҳар сафар ер шарининг турли қисмларида рўй беради ва шу сабабли бу табиат ҳодисасини ўз кўзи билан кўриш имкони ҳар биримизда жуда камдир.
Бир неча кун аввал янгиликларда шу йилнинг 2 июлида навбатдаги қуёш тутилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинди, лекин уни фақат Чили ва Аргентина каби Латин Америкаси мамлакатларида, шунингдек, Тинч океанининг жанубий-шарқий қисмида кузатиш мумкин бўлди. Россиянинг марказий қисмида, астрономик ҳисоб-китобларга кўра, Қуёшнинг навбатдаги қисман тутилиши фақат 2075 йил, тўлиқ тутилиши эса – 2126 йил рўй беради, яъни бу воқеани кўриш биронтамизга насиб қилмаса керак.

Инсоният тарихида қуёш тутилашлари

Унинг ноёблиги, шунингдек, сирли бўлгани сабабли, қуёш тутилиши қадимги одамларда хурофий қўрқувни келтириб чиқарарди. Тасаввур қилинг, тўсатдан куннинг қоқ ўртасида Қуёшни аста-секин қора кўланка ёпиб қўйиб, бирдан қоронғи тушган, осмонда юлдузлар пайдо бўлган ва уй ҳайвонлари даҳшатдан қичқириб, ўзини у ёқдан бу ёққа ташлаган дунёнинг қандай тузилгани ҳақида яхши таниш бўлмаган ибтидоий одам нимани ҳис қилиши керак эди.
Қадимги хитойликлар, хусусан, қуёш тутилиши улкан аждарнинг Қуёшни ютиб юборишга уриниши туфайли рўй беради деб ишонишган ва уни ҳайдаб юбориш учун барабанлар ва доира чалган, осмонга тош ва ўқ-ёй отганлар. Бир мунча вақт ўтгач, қора кўланка орқага қайтган ва яна осмонда қуёш порлаган, кўнгли хотиржам бўлган одамлар ўзларини қуёш нурини унга таҳдид қилган хавфдан қутқарган деб ҳисоблаганлар.
Замонлар ўтиши билан, бир вақтнинг ўзида астроном ҳам бўлган қадимги коҳинлар ойнинг фазаларини ва осмон бўйлаб ҳаракатини кузатиб, қуёш тутилишининг табиатини аниқлашни ўргандилар. Бундан ташқари, улар тутилиш санасини тўғри тахмин қила олишди ва шунинг учун қуёшни осмондан олиб ташлаш ёки уни осмонга қайтариш кучига эга эканликларини даъво қилиб, оломон ёки ҳукуматни манипуляция қиларди.
Қадимги тарихчиларнинг қайсидир жанг ёки бошқа муҳим воқеа рўй берган кун қуёш тутилиши содир бўлган экани ҳақидаги хабарлари туфайли замонавий олимлар бу ҳодисанинг тарихини жуда аниқ белгилашлари мумкин.
Мисол учун, Юнон тарихчиси Геродот, юнонлар форслар устидан катта ғалаба қозонган, Юнонистоннинг Жанубий қирғоқларида Саламин оролининг яқинидаги юнон ва форс флоти ўртасида содир бўлган денгиз урушини тасвирлашда бу қуёш тўлиқ тутилиши кунида содир бўлганлигини хабар қилади. Ушбу хабарга асосланиб, жанг санаси – эрамиздан аввалги 480 йилнинг 2 октябри аниқланди.
Қуёш тутилиши қадимги Юнонистоннинг тарихида – Афина ва Спарта давлат-шаҳарлари ўртасидаги Пелопонес урушининг бошида ҳарбий-денгиз экспедициясида яна бир жангининг натижасига тўсқинлик қилишига сал қолди. Афина флоти кампанияни бошлаганида, қуёш тутилиши бошланди, бу аскарлар ва денгизчиларни даҳшатга олиб келди, улар буни ёмон белги деб билишди ва юришни бошида барбод қилишларига оз қолди.
Бироқ, экспедицияга нафақат буюк қўмондон ва давлат арбоби саналган, балки қадимги Юнон файласуфи Анаксагорнинг шогирди, ўқимишли киши ҳам бўлган Перикл бошқарган, у қуёш тутилишининг табиатини яхши биларди. Перикл қўрқиб кетган денгизчилар кемани бошқаролмай қолганини кўргач, улардан бирининг кўзларини ёмғирпўши билан ёпиб қўйди ва бу ёмғирпўшда даҳшатли нарса кўриндими, деб сўради. Йўқ деган жавоб олгач, у денгизчига қуёш тутилишнинг худди шундай тартибда содир бўлишини тушунтирди – бир самовий жисм бошқасини ёпади, гап фақат ўлчовдадир.
Периклнинг бу иши аскарлар ва денгизчиларни ишонтирди, шундан кейин флот йўлга чиқди. Замонавий олимлар бу жанг эрамиздан аввалги 431 йилда содир бўлган деб ҳисоблашади – тўлиқ эмас, балки қисман бўлса-да, навбатдаги қуёш тутилиши айнан шу пайт ўринга эга бўлган.
Қадимги рус тарихининг солномага оид ва бадиий ёдгорликлари ҳам қуёш тутилишини тасвирлайди, улардан бири, хусусан, 1185 йил 1 майда бўлган. У ҳақида "Слово о полку Игореве" қадимий достони ҳикоя қилади. Княз Игорнинг қўшини сафарга чиқишидан олдин қуёш тутилиши содир бўлди - княз уни ёмон белги деб ҳисоблади ва афсуски, ҳақ бўлиб чиқди, юриш рус қўшинларининг мағлубияти билан тугади, унинг ўзи эса қипчоқларга асир тушди.

Исломда қуёш тутилиши

Қадимга араблар ҳам куёш тутилишида алоҳида белгилар кўрган – хусусан, улар қуёш тутилиши қайсидир машҳур кишининг ўлими муносабати билан рўй беради деб ҳисоблаган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг  кичкина ўғли Иброҳим вафот этганда қуёш тутилиши рўй бергач, саҳобалар бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўғли вафоти муносабати билан махсус уюштирилган деб ҳисобладилар.
Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамларга тушунтирдиларки, бирон кишининг туғилиши ёки ўлими муносабати билан қуёш тутилиши рўй бермайди – лекин, улар Аллоҳдан бундай ҳодисалар гувоҳи бўлганларида Унинг олдида тавба қилишлари ва Қуёш тутилиши муносабати билан махсус намоз ўқишлари лозим.
Қуръонда айтилишича, Қиёмат куни мисли кўрилмаган табиат ҳодисалари рўй беради, хусусан, Қуёш ва Ой ўчади ва ўз нурини йўқотади:
«Вақтики, қуёшни буклаб, ўралса. Ва, вақтики, юлдузлар сочилиб кетса. Ва, вақтики, тоғлар сайр қилдирилса» (Таквир сураси,1-3).
«У: «Қиёмат куни қачон?» деб сўрайдир. Қачонки кўз даҳшатда лол қолса. Ва ой тутилса. Ва қуёш билан ой жамланса.» (Қиёмат сураси, 6-9).
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим ўлган кун қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қачонки уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар». (Бухорий ва Муслим)
Шундай экан, қуёш тутилиши – бир томондан, ноёб ва қизиқарли табиат ҳодисаси, бошқа томондан эса, одамларга Аллоҳнинг қудрати ҳақида огоҳлантиришдир. Агар имонли одамлардан бири бу ҳодисага гувоҳ бўлса, улар махсус ибодат қилишлари ва Яратувчидан тавба сўрашлари керак.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase