close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Байден Полшадан туриб, Путинни Украинадаги урушни бас қилишга чақирди

  • Чоршанба, Фев 22 2023
  • Муаллиф 

Россия Украинага бостириб кирганига бир йил тўлар экан, Америка раҳбари Жо Байден Киевга бориб, Вашингтон бу давлатни қувватлашда давом этишини билдирди.

Россия Украинага бостириб кирганига бир йил тўлар экан, Америка раҳбари Жо Байден Киевга бориб, Вашингтон бу давлатни қувватлашда давом этишини билдирди.
Эртасига эса, Байден қўшни Полша пойтахти Варшавадан туриб, Россия раҳбари Владимир Путинни агрессияни тўхтатишга ва урушни дарҳол бас қилишга чақирди.
"Киев мустаҳкам. Киев мағрур, ўзига ишончи юксак. Киев озодлигини бой бермаган", - деди Байден.
НАТО Украинага мададкор ва шундай бўлиб қолади, дея таъкидлади Америка президенти.
Путин Украинани қисқа пайтда ўзига бўйсундираман, деб ўйлаган эди, бу мақсадга эриша олмади ва асло эришмайди, деди Байден.
Бугун Қримнинг Севастопол шаҳридан туриб, Россия парламентига мурожаат қилган Путинга кўра, Америка унга қарши прокси уруш олиб бормоқда, НАТО унинг давлати тинчлигига рахна солмоқда.
Путин атом арсеналини назорати бўйича шартномани бекор қилганини айтди.
Кремл Оқ уйни орадаги ишончни емириб, Россияни ҳурматсизлаётганликда айблайди.
Байден дейдики, Украина ҳудудий яхлитлигини бузган ва халқаро қонунларга қарши қадам ташлаган Россия орқага қайтиши ва қўшни давлатни тинч қўйиши шарт.
Вашингтон етакчилигидаги халқаро коалиция Украинани қуроллантираверади ва агрессорга қарши санксияларни кучайтираверади, дейди Америка раҳбари.
"Путин биз Украинани ёлғиз ташлаб қўямиз, деб ўйлаган. Асло ташлаб қўймаймиз".
Полша Украина билан энг узоқ чегарага эга ва қўшни давлатга четдан қурол-аслаҳа асосан унинг ҳудуди орқали кирмоқда. АҚШ Президент Андрей Дудадан ҳамкорлик учун миннатдор.
Варшавада Байден билан учрашар экан, Дуда НАТО аъзоларини Украинага ёрдамни оширишга ундади.
"Украина бусиз олдинга ҳаракат қила олмайди. Қўрқмасдан мадад бераверинг", - дейди Полша раҳбари Европа ҳукуматларига қарата.
Байден Варшавада НАТОнинг шарқий қаноти - тўққиз давлатнинг раҳбари билан вазиятни муҳокама қилиб, АҚШ Украинага кеча эълон қилган 450 миллион долларлик ёрдам пакетини тушунтирган. Бу кўмак ўз вақтида етиб бориши учун Америка бу мамлакатларга таянишини билдирган.
Америка шу кунгача Украина хавфсизлиги учун 24 миллиард доллардан ошиқ миқдорда ёрдам берган.
Байден дейдики, Украина ва Россия орасида қачон тинчлик музокаралари бошланиши Путинга боғлиқ. Асосий шарт - унинг қўшинлари қўшни давлат ҳудудини тарк этиши керак.
Украина Ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба дейдики, унинг давлати учун урушнинг тугаши икки қисмдан иборат бўлади. Биринчидан, Украинанинг ҳудудий яхлитлари мутлақ тикланади, яъни 2014-йилда босиб олинган Қрим ҳам унга қайтарилиши шарт. Иккинчидан, Россия Украинага келтирган барча зарарни тўлаши шарт.
Путин эса бугунги маърузасида уруш давом этишини қайд этиб, стратегик қуроллар ҳам ишга солиниши ҳақида огоҳлантирган.
Байден Россия Украинани ҳеч қачон яксон қила олмайди, юта олмайди, дея ишонч билдирмоқда.
"Биз Россияни мисли кўрилмаган миқёсдаги санксиялар билан жазолаяпмиз. Бирор давлат бунчалик кўп чеклов билан юзлашмаган. Янги санксиялар ҳам жорий этилмоқда", - дейди Америка президенти.
Байденга кўра, Путиннинг аҳволи барча диктаторлар ва яккаҳокимлар учун сабоқ бўлиши керак. Либерализмга асосланган халқаро тартибни бузишга уриниш, давлатларнинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига ҳужум қилишга дунё ҳар доим кескин жавоб беради, дейди Америка президенти.
Америка назарида бугунги Россия ҳарбий жиҳатдан бағоят заифлашган, иқтисоди ўта тушкун аҳволда, халқаро майдонда яккаланган.
"Россия аҳли бундай тузумда яшашни истамайди, буни биламиз. Миллионлаб россияликлар эркин нафас олишни, фаровон кун кечиришни хоҳлайди", - деди Байден Варшавадаги нутқида.
Россия давлат матбуоти АҚШ раҳбарининг бу мурожаатини таҳдид сифатида ёритган. Москвада сиёсатчилар Вашингтонни гегемонияда ва Россия қудратини синдириб, уни ўзига бўйсундиришга уринаётганликда танқид қилиб келади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase