Глобаллашувнинг кўплаб кўрсаткичлари, шу жумладан молиявий, ахборот ва меҳнат оқимлари орасида халқаро товар ва хизматлар алмашинуви иқтисодиётнинг ўсиш суръати билан кўпроқ боғлиқ. Айнан шу сабабли, 2008-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироздан кейин бошланган ва Covid-19 даврида кучайган глобал савдо ўсишининг пасайиши глобаллашув жараёнидаги чуқур ўзгаришларни кўрсатади.
Жаҳон экспортининг жаҳон ЯИМдаги улуши 1990 йилдаги 19% дан 2008 йилдаги 31% гача кўтарилди. Кейинги ўн уч йил ичида (2009-2021) жаҳон экспортининг жаҳон ЯИМдаги ўртача улуши атиги 28,7% ни ташкил этди. Глобал экспортнинг ўсиш суръати йилига 6,4% траеткориясида бўлди (бу давр 1990-2008 йилларда 9,4% шиддатли курс ва 2008 йилдан кейинги даврда 3,3% даражаси ўртасидаги ўртача қийматдир), жаҳон ялпи ички маҳсулотга нисбатан экспорт улуши 2021 йилга келиб 46% гача ортиши, жорий 29% кўрсаткичдан сезиларли даражада ортиши керак бўлади.
Савдонинг глобаллашувидан Хитой олган фойда ақл бовар қилмайди. 2001 йилда Хитой Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлишидан олдинги ўн йил ичида Хитой экспортининг умумий жаҳон экспортидаги улуши ўртача атиги 2% ни ташкил этган. 2008 йилга келиб, бу кўрсаткич қарийб тўрт баравар, яъни 7,5%гача ўсди. Хитой ЖСТга аъзо бўлиш учун ариза беришга мукаммал вақтни танлади: бу жаҳон савдоси кучли циклик кўтарилишда бўлган пайтда содир бўлди. Молиявий инқироз Хитой экспортига вақтинча зарар етказган бўлса-да, танаффус қисқа муддатли эди. 2021 йилга келиб Хитой экспортининг жаҳон экспортидаги улуши 12,7 фоизгача ошди, бу 2008 йилгача бўлган даврдаги энг юқори кўрсаткичлардан анча юқори.
Хитой бундай кўрсаткичларни сақлаб қолишда давом этиши эҳтимолдан йироқ. Жаҳон савдосининг умумий ўсиш суръати секинлашмоқда ва Хитойнинг глобал савдодаги улуши тобора ортиб бораётган босим остида.
Қўшма Штатлар билан давом этаётган савдо уруши айниқса муаммоли бўлиб қолди. Хитой иқтисодиётининг экспорт бобида жадал ўсишининг биринчи босқичида (мамлакат ЖСТ га аъзо бўгандан кейин), Америка доимо унга ташқи талабнинг асосий манбаи бўлди. Аммо ҳозир энди бундай эмас, бу асосан АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Tramp томонидан қўйилган божлар билан изоҳланади. 2020 йилга келиб, Хитой товарлари ва хизматларининг АҚШ импорти 2018 йилдаги энг юқори қийматларига нисбатан 19 фоизга камайди. 2021 йилда АҚШ иқтисодиётининг пандемиядан кейинги тез ўсиши ортидан кескин кўтарилганига қарамай, Хитойдан Америка импорти 2018 йилдаги энг юқори қийматларига нисбатан 5% паст бўлиб қолаверди. Бир қатор истеъмол товарлари бўйича божларнинг қисман бекор қилиниши (Президент Джо Байден маъмурияти бу қадамни инфляцияга қарши гамбит деб ҳисоблайди) икки томонлама савдога янги старт бериши эҳтимолдан йироқ.
Шу билан бирга, пандемия туфайли ишлаб чиқариш занжирларида давом этаётган узилишлар Хитойга ва бутун дунёга жиддий зарар етказиши мумкин. 2022 йил апрель ойида якунланган ярим йил давомида Нью-Йорк Федерал захира банки таҳлилчилари томонидан тузилган "ишлаб чиқариш занжирларидаги қийинчиликларнинг глобал индекси" ўртача 3,6 ни ташкил етди. Бу 2020 йил февралидан бошлаб, пандемия туфайли биринчи умумий карантинлар жорий қилинган 21 ой давомида қайд этилган ўртача 2,3 қийматдан анча юқори, ва бу ишлаб чиқариш занжирларида носозликлар йўқлигини англатадиган "нол" қийматдан анча юқори.
Буларнинг барчаси ишлаб чиқариш занжирлари билан боғланган дунё учун ниҳоятда муҳим. Глобал ишлаб чиқариш занжирлари 1993-2013 йилларда жами жаҳон савдосининг умумий ўсишининг 70% дан ортиғини ташкил этди, Хитой эса глобал занжирлар ҳисобига ушбу ўсишнинг катта қисмини қўлга киритди. Ишлаб чиқариш занжирларида узилишлар давом этар экан (ва ҳатто Хитойнинг ноль- Covid сиёсати билан кучайган), Хитой ва глобал иқтисодий фаолиятга босим жуда кучлм бўлиб қолиши мумкин.
Ўсиб бораётган геостратегик қарама-қаршиликлар деглобализациянинг «джокери»га айланди ва бу, айниқса, Хитой учун оқибатларга тўғри келади. "Френд-шоринг" сиёсати моҳиятан халқаро савдонинг самарадорлигини (Рикардо таърифида) ҳисоблашни ҳамфикр давлатлар билан стратегик иттифоқларнинг хавфсизлик манфаатларини баҳолашга айлантиради. Ва бу ерда Хитой ва Россия ўртасидаги янги чексиз ҳамкорлик айниқса ёрқин кўринади. Хитой Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига ёрдам беришда қизил чизиқни кесиб ўтмоқчи экан, яқинда АҚШ яна бешта хитойлик компанияни ўзининг "Структуралар рўйхати"га киритиб, санкция жорий этишга қарор қилди.
Бундан ташқари, Хитойнинг Россия энергия ресурсларини сотиб олиши Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, Ғарбнинг мисли кўрилмаган санкциялари самарадорлигини юмшатишнинг муҳим омилига айланди. Бу Хитойни айбдор шерик сифатида кўриш хавфини оширади. Шу билан бирга, молиявий деглобализация белгилари тобора аниқ бўлиб бормоқда: Хитой 2010 йилдан бери кузатилмаган даражада АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишни аста-секин камайтирди. Жамғармалар етишмаётган ва тақчилликни бошидан кечираётган АҚШ иқтисодиёти учун буни ёқимли ривожланиш деб аташ қийин.
Ушбу геостратегик тарангликнинг авж олишида Америка бегуноҳ кузатувчи ролида қатнашаётгани йўқ. Вақти-вақти билан Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг Тайванга бўлажак ташрифи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлайди, бу эса ўзининг асосий манфаатлари рўйхатига эга бўлган Хитойга аниқ зарар етказиши мумкин. АҚШ Конгрессида аста-секин олға силжиб бораётган Хитойга қарши қонунчиликни иккала партия томонидан қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши сурбет тажовузни НАТОнинг кенгайишидан ҳимоя қилиш орқали оқламоқчи бўлганидек, мамлакат АҚШнинг тийиб туриш сиёсати бўйича узоқ вақтдан бери давом этаётган хавотирлари Хитой ҳукмрон доираларида худди шундай роль ўйнайди.
Замонавий АҚШ-Хитой сиёсатининг меъмори Генри Киссинджер яқинда Американинг Хитой билан "чексиз қарама-қаршилик"га мойиллигидан огоҳлантирди ва бу тобора хавфли бўлган можарони ҳал қилиш учун "Никсон мослашувчанлиги" га чақирди. Бироқ, мен тайёрланаётган "Тасодифий можаро" китобимда ёзганимдек, Хитой-АҚШ можаросининг кучайишига барҳам бериш учун кўпроқ вақт керак бўлади.
Глобаллашув ҳар доим назарияни талаб қиладиган машҳур атама бўлиб келган. Ҳа, савдо жаҳон иқтисодиётининг интеграциялашувига ёрдам берган елим ролини ўйнади. Аммо глобаллашувни барча қайиқларни кўтарган тўлқин деб аташ қийин. Бугунги кунда дунё иқлим ўзгаришидан, пандемиядан ва Европадаги даҳшатли янги урушдан азият чекаётган бир пайтда (тенгсизликнинг кучайиши ва бунинг натижасида юзага келган ижтимоий-сиёсий кескинликларни ҳисобга олмаганда) глобаллашув ҳимояси парча-парча бўлиб кетди. Хитой асосий мағлуб бўлиб чиқиши аниқ бўлиши мумкин.
Стивен Роуч, Project Syndicate
Абу Муслим таржимаси