Хитой иқтисодиётининг ҳолати экспертлар ва инвесторларда тобора кўпроқ ташвиш уйғотмоқда. Яқинда эълон қилинган иқтисодий кўрсаткичлар бу хавотирларни кучайтирди.Август ойида Хитойда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлади, умумий инфляция эса 0,3% ни ташкил қилди — бу сўнгги уч йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Reuters таъкидлашича, уй-жой бозоридаги узоқ муддатли пасайиш, ишсизликнинг юқори даражаси ва қарздорлик муаммолари ортидаги беқарорлик иккинчи йирик иқтисодиётга босимни кучайтирмоқда. Хитойдаги иқтисодий муаммолар нимадан иборат ва улар дунё учун қандай хавф туғдириши мумкин?
Хитойнинг Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, август ойида истеъмол нархлари индекси йиллик кўрсаткичда 0,6% га ошган, июлда эса бу ўсиш 0,5% ни ташкил қилган эди. Бу кўрсаткич иқтисодчилар кутган 0,7% дан паст бўлди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи йиллик кўрсаткичда 2,8% га ошган, нотаъминот маҳсулотлари инфляцияси эса 0,2% ни ташкил қилди.
Bloomberg фикрига кўра, Хитойда дефляциянинг янги, хавфли босқичи бошланмоқда. Дефляция узоқ муддатли хавф бўлиб, иқтисодиётга жиддий зарба бериши мумкин. Бу ҳолат иқтисодиётга ёмон таъсир қилиб, уй хўжаликларини харажатларни камайтириш ёки кечиктиришга мажбурлаши мумкин. Бу эса иш ҳақларини қисқартириш ва ишсизликка олиб келиши мумкин.
Муаммолар сабаблари
The New York Times ёзишича, Хитой иқтисодиёти тарихдаги беназир инқирозга дуч келмоқда. Пандемиядан кейинги тикланиш иқтисодиётни тўлиқ жонлантира олмади. Уй-жой бозоридаги узоқ йиллар давом этган иқтисодий ўсиш ҳозирда инқирозга учраган, бунинг натижасида қурилиш соҳасида қарздорлик, нотўлиқ лойиҳалар ва ишсизлик вужудга келган.
Хитой истеъмолчилари иқтисодий тежамкорликка янада мойил бўлди, компаниялар эса иш ҳақларини камайтирди ва янги иш ўринлари яратишни қисқартирди. Миллионлаб ёшлар иш бозорида қийинчиликларга дуч келмоқда, мамлакат аҳолиси эса икки йилдан бери камаймоқда.
Бу шароитда Хитой ҳукумати бозор ва иқтисодий маълумотларга киришни чеклади ва ёшлар ишсизлиги бўйича маълумотларни қайта кўриб чиқди.
Хитой иқтисодиёти прогноз қилинаётган 5% га нисбатан камроқ ўсиши мумкин. Бу ўсиш ҳали ҳам кўпгина мамлакатлардан юқори бўлса-да, мутахассислар иқтисодий фаолиятнинг пасайишини ва дефляциянинг кучайишини кутишмоқда, бу эса дунё иқтисодиёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Ишончсизлик инқирози
Standard Chartered бош ижрочи директори Билл Уинтерснинг фикрича, Хитойнинг кўчмас мулк бозори ҳали энг паст нуқтага етмаган. У бу вазиятни «қийин» деб баҳолаган ва истеъмолчилар ҳамда халқаро инвесторларнинг ишончи паст даражада эканлигини айтган. Унга кўра, кўчмас мулкдаги пуфакча молиявий инқирозни башорат қилиши мумкин ва бу ЯИМнинг сезиларли пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Bloomberg ёзишича, хитойлик акциялардан воз кечиш ҳам ишонч инқирозини кучайтириб, сиёсатчиларни иқтисодиётдаги салбий спирални тўхтатиш учун босимга дучор қилмоқда. Хитойнинг CSI 300 индекси 2019 йил бошидаги даражага яқинлашмоқда, бу вақт ичида АҚШ, Япония ва Ҳиндистондаги кўрсаткичлар икки баравар ошган. Си Цзиньпин ҳукумати учун хавф шундаки, бозорнинг тушиши истеъмолчилар ва бизнеснинг ишончини янада заифлаштириб, дефляцион орқа боғлиқликни келтириб чиқаради. Инвесторлар кучли иқтисодий рағбатни талаб қилмоқда, аммо Пекин ҳозирча бундай чораларни кўришни истамаяпти.
Lazard Asset Management бош бозор стратеги Рон Темпл буни «кўплаб бозорлар учун мураккаб давр» деб баҳолаган ва ҳукумат талабни рағбатлантиришни кечиктирган сари истеъмолчилар ишончи заифлашаётганини таъкидлаган. Умумий ҳолда, хитой ва хонгконглик акцияларнинг бозор қиймати 2021 йилдаги энг юқори нуқтадан бери 6,5 триллион долларга камайди, бу эса деярли Япония фонд бозори миқдорига тенг.
Дунё учун оқибатлари
Barron's ёзишича, Хитойнинг иқтисодий хатолари бутун дунёга улкан таъсир ўтказиши мумкин. Мисол учун, нефть ва мис нархларининг тушиши, ортиқча ишлаб чиқариш қувватлари ва АҚШ, Япония ва Европага таъсир қилувчи муаммолар дунё иқтисодиётига босим ўтказмоқда. Хитойнинг иқтисодий ўсиши сустлашаётгани АҚШ учун янги муаммоларни келтириб чиқариши, Европа иқтисодиётига босимни кучайтириши ва Япониянинг асосий савдо ҳамкори бўлган Хитой рағбат чораларини кечиктираётгани туфайли унинг иқтисодий ишончини заифлаштириши мумкин.
Ҳозирги кунда "жаҳон иқтисодиётидаги хитойча бўшлиқ" ибораси тобора кўпроқ қўлланилмоқда. Хитойнинг иқтисодий сустлиги халқаро савдо ҳажмига, хомашё нархларига ва инвестиция оқимларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хитойнинг "жаҳон фабрикаси" сифатидаги роли ишлаб чиқариш секторининг сусайиши билан глобал таъминот занжирларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса электроника ва автомобиллар компонентлари каби соҳаларга таъсир кўрсатмоқда.
Хитой хомашё — нефть, металл ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари —нинг катта истеъмолчиси ҳисобланади, шунинг учун унинг бу маҳсулотларга бўлган талаби халқаро нархлар ва савдога жиддий таъсир кўрсатади. Хитойнинг иқтисодий сиёсат ва молиявий барқарорлиги борасидаги ноаниқлик жаҳон бозоридаги ишончга таъсир қилиб, молиявий бозорларда беқарорлик ва инвестиция стратегияларида ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Хитойдаги ҳар қандай молиявий беқарорлик — банк секторидаги муаммолар ёки валютадаги ўзгаришлар — жаҳон молиявий бозорлари ва халқаро банкларга таъсир кўрсатиши мумкин.
Абу Муслим тайёрлади