close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мухолифатчилик ҳаққи

Қайси бир халқда, қайси бир юртда эркинлик, ҳурфикрлик ҳукм сурса, ўша ерда, албатта, турлича фикрлаш ҳам бўлади. Сиёсат майдонидаги турли фикрлаш эса ўз навбатида ҳокимиятга мухолафат пайдо бўлишидир. Чунки, бир масалада ҳокимият бир хил фикр юритса, худди ўша масалада ҳокимиятда бўлмаган доиралар бошқача фикр юритишлари мумкин.

Шунга биноан ҳуррият дини бўлмиш Ислом динида ҳам мухолафатга кенг йўл очилган. Чунки, ҳамма одамлар бир хил бўлиши, бир хил ўйлаши, бир хил хоҳиши умуман мумкин эмаслигини Қуръони карим қайта-қайта таъкидлаган.
Жумладан «Моида» сурасида:  «Сизларнинг ҳар бирингизга шарият ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа сизларни бир уммат қилган бўлур эди. Лекин сизларни сизга Ўзи берган нарсада синаши учун. Бас, яхшиликларда мусобақа қилинг»-деган.
Дунёнинг катта миқёсида одамлар бир хил бўлишини Аллоҳ хоҳламаган экан. Кишиларни турли шариат, турли йўлда бўлиши, уларни қайсиниси яхши эканини синаш учун экан. Шунинг учун кишилар турли йўлларни ишга солиб яхшиликлар учун мусобақа қилишлари лозим экан.
Бу ижобий-фаол мухолафат деганидир. Мақсад эл-юртга, ватанга, халққа ҳар ким ўз йўли, ўз услуби билан яхшироқ хизмат қилиш.
Мусулмон киши учун одамлар нима бўлса биз ҳам шуда, деб, лоқайд бўлиши ярамайди. Пайғамбар алайҳиссалом:
 «Сизлар арзимаган шахс бўлманглар. Одамлар яхшилик қилса яхшилик қиламиз, ёмонлик қилса ёмонлик қиламиз, деманглар. Ўзингизни одамлар яхшилик қилса яхшилик қилишга, улар ёмонлик қилсалар, зулм қилмасликка одатлантирингларлар»-деганлар.
Демак, мухолафат яхшиликни қўллаб қувватлаб, ёмонликни тузутишга ўтадиган бўлиши керак. Исломий мухолафат ҳақни Аллоҳ учун очиқ-ойдин айтиш бу ишда маломатчининг маломатидан қўрқмаслик билан бўлади.
Исломда мухолафатчиларга ҳаттоки улар очиқ-ойдин нотўғри йўлда бўлсалар ҳам сабр ва чидам билан муомала қилинди.
Бу ҳақда энг машҳур мусулмон қонуншуносларидан Имом Мовардий қуйидагича ёзади:
«Қачон мусулмонлардан бир тоифаси боғий бўлсалар (давлатга қарши чиқсалар). Жамоатнинг  фикрига мухолиф бўлиб янги бидъат мазҳаб тузсалару, имомнинг итоатига очиқчасига қарши чиқмасалар, бир диёрда айрича тўпланмай, қудрат ва қўл узатса етадиган ҳолда бўлсалар, урушсиз тарк қилинурлар. Уларга адолат ила ҳуқуқлари берилур ва масъулиятлари талаб қилинур»-деган.
Бу маънога ҳозирда, мавжуд тузумни куч ишлатиш йўли билан ўзгартишга уринмаса, уларга куч ишлатиш йўли ила қарши чора кўрилмайди, деган истилоҳ ишлатилади.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзларига қарши чиққан Хавориж тоифасини тек қўйганлар ва уларга:
«Сизга нисбатан бизнинг зиммамизда уч нарса бор: «Аллоҳнинг масжидларида Аллоҳни зикр  қилишингиздан ман қилмаслик, сизга қарши уруш бошламаслик ва модомики қўлингиз биз билан экан, ўлжадаги улушингизни ман қилмаслик», деганлар.
Исломнинг бошқа барча таълимотлари каби мухолафат ҳақидаги таъмимотлари ҳам қуруқ гап бўлиб қолмай, ҳаётга кенг татбиқ қилингандир.
Мусулмонлар ўзларининг ушбу сиёсий ҳақларидан фойдаланишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи сиёсий қарорларига мухолафат қилиш билан бошлаган.
Табиийки, шу ўринда Аллоҳнинг пайғамбарига, Қуръон нозил бўлиб турган зотга, ўз ҳавои нафслари ила бирор сўз айтмайдиган, улуғ ва муборак зотга, қиёмат куни шафоатчи бўладиган зотга ҳам мухолафат бўлиши мумкинми? деган савол пайдо бўлади. Уламоларимиз бу саволга ҳа, Расулуллоҳ салллоллоҳу алайҳи васалламга ҳам мухолафат қилиш мумкин, бўлган деб жавоб берадилар ва кўплаб жонли мисолларни келтирадилар:
Ҳудайбия сулҳи бандлари оғзаки равишда келишиб бўлингандан сўнг, ундаги шартлардан норози бўлган Умар розияллоҳу анҳу сакраб туриб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига борди ва ўз норозилигини айтиб тортишди. Тортишув охирида Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишларига мухолиф бўлмасликни насиҳат қилди. Бундан қаноатланмаган Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:
-Эй Аллоҳнинг Расули, сиз Аллоҳнинг Расули эмасмисиз?-деди.
-Оре, шундоқ-дедилар У зот.
-Биз мусулмонлар эмасмизми?
-Оре.
-Унда нима учун динимизда пастликка рози бўламиз?
-Мен Аллоҳнинг бандаси ва расулиман, унинг амрига хилоф қилмайман. У мени зоеъ қилмайди-дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Кейин эса нафақат Умар розияллоҳу анҳу, балки бошқа саҳобалар ҳам Ҳудайбия сулҳидан рози эмасликлари аён бўлди. Сулҳ тузилиб бўлгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ернинг ўзида қурбонликларни сўйиб, сочларни олдириб орқага қайтишни қайта-қайта амр қилсалар ҳам бирор киши ўрнидан қимирлаб қўймади.
Фақатгина Умму Салама онамизнинг машваратлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қурбонлик сўйиб, сочларини олдирганларидан кейин саҳобалар у кишига эргашдилар. Кейин Аллоҳ «Фатҳ» сурасини нозил қилиши билангина саҳобаларнинг кўнгиллари ёришди.
Хандақ урушида мусулмонлар қамалда, қийин аҳволда қолганларидан кейин, душман сафини заифлаштириш учун, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Уяйна ибн Ҳисн ва ал-Ҳорис ибн Авфни олдириб келиб, агар одамларингизни олиб бизнинг душманларимиз сафидан чиқсангиз, сизларга Мадина хурмосини учдан бирини бераман, деганлар. Улар ярмини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учдан бирдан зиёда қилмасликларини айтдилар. Улар рози бўлиб гувоҳликка ўз қавмларидан ўн кишини олиб келдилар. Қоғоз қалам, котиб ҳам ҳозир қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан баъзиларини чақирдилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар Аллоҳнинг амри бўлса қилаверинг, аммо бошқача бўлса, уларга қиличдан бошқа берадиган нарсамиз йўқ, деб туриб олди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадиналик мусулмонларнинг улуғлари Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуларни чақириб маслаҳат қилган эдилар улар ҳам Усайд розияллоҳу анҳунинг гапларини айтиб туриб олишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун бу ишни қилаётганларини тушунтирдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу қўлига аҳднома матнини олиб, биз аввал ҳам буларга бир нарса берган эмасмиз, сиз келганингиздан кейин берармидик, буларга қиличдан бошқа берадиган нарса йўқ, деб туриб олди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мактубни йирт-дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу, унга бир тупуриб йиртиб ташлади-да орамизда қилич!-деди.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мухолафатни қанчалик эҳтиром қилганларини кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бунга ўхшаш мухолафатлар кўп бўлган.
Рашид тўрт халифа даврида ҳам мухолафат бўлган. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу закотни ман қилган қабилаларга қарши уруш эълон қилганларида, ҳазрати Умар қаттиқ мухолафат қилганлар.
У киши халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар лаа илаҳа иллаллоҳу айтгунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, мендан молини ва жонини сақлайди. Магар ҳаққи бўлса», деганларку, сен қандоқ қилиб у одамлар билан уруш қиласан?!» деб айтди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу нима учунлигини ҳужжат-далиллар билан тушунтирдилар. Умар розияллоҳу анҳу бу ишда халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақ эканликларини тушуниб етганларидан кейингина у кишига қўшилдилар.
Қуръонни жамълаш масаласида эса бунинг акси бўлди. Умар розияллоҳу анҳу халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Қуръонни жамълаб қўйишга амр қилишни таклиф қилдилар. У киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандоқ қиламан, деб рози бўлмадилар. Лекин, Умар розияллоҳу анҳу тушунтириб юриб охири халифани кўндирди.
Давлат бошлиғи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб Қуръонни жамълашни топширган эдилар, у киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандоқ қилиб қиламиз, деб кўнмай туриб олди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу тушунтириб охири у кишини кўндирдилар.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзларига ҳам кўп мухолафатлар бўлган. Маҳрни чегараламоқчи бўлганларида, бир аёл оятдан далил келтириб, кўпчилик олдида Умар розияллоҳу анҳуни ўз фикридан воз кечишга мажбур қилган. Бу борадаги машҳур воқеъалардан бирида, ҳазрати Умар, ўз хутбаларидан бирида, кишиларга мурожаат қилиб, агар менда эгрилик кўрсангиз тўғрилаб қўйинглар, деганларида, бир киши қиличини чиқариб, агар сенда эгрилик кўрсак мана бу билан тўғрилаб қўямиз, деган, шунда ҳазрати Умар хурсанд бўлиб, Умарнинг қавми ичида унинг эгрисини қиличи билан тўғрилаб қўядиганларни чиқариб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, деганларини келтирилади.
Ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳуларга ҳам шу тарийқа мухолафатлар бўлганлиги маълум ва машҳур.
Мисоллар келтирадиган бўлсак гап чўзилади. Аммо, бир нарсани таъкидлаб ўтишимиз лозим. Мазкур мухолафатларнинг ҳаммаси ҳақ ишларни сиртдан тўғри тушуна олмаган ёки икки тенг ишдан бирини танлашдаги мухолафатлардир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ноҳақлик содир бўлиши умуман мумкин эмас эди. Хулафои рошидинлар ҳам ноҳақ тасарруфдан узоқ бўлганлар.
Ноҳақ тасарруфга мухолафат қилиш эса мусулмонлар учун лозим ишдир. Бунга далиллар кўпдир. Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:
«Ва сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган уммат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир», деган. (104 оят)
Бунда ҳар бир мусулмонни, жумладан, ҳукмдорларни ҳам яхшиликка чақириб ёмонликдан қайтариш кўзда тутилган. Ҳукмдорга нисбатан бундоқ муносабатда бўлиш эса айни мухолафатдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур ҳадиси шарифларида:
 «Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир», деганлар.
Демак, мункар ишни дили билан инкор қилган, унга қўшилмаган, рози бўлмаган мусулмон иймони заиф бўлади. Иймони заиф бўлмаса ёки тили билан, ёки қўли билан ёмонликни бартараф қилишга уринади. Бу эса сиёсат майдонида мухолафат деганидир.
Имом Аҳмад ва имом Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
 «Жиҳоднинг энг афзали, золим султон ҳузурида ҳақ сўзни айтишдир»-деганлар.
У зот алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисларида:
«Ҳақни айтмай сукут қилувчи соқов шайтондир»-деганлар.
Шунинг учун ҳам мусулмон давлатига хулофаи рошидинлардан кейин бошлиқ бўлиб хатога йўл қўйган шахслар жуда қаттиқ мухолафатга учраганлар.
Тарих ва адабиёт китобларимиз мазкур мухолафатлардан намуналарга тўла. Биз ўшандоқ қаттиқ мухолафатга учраган биринчи шахс, ҳазрати Алидан сўнг Ислом давлатига бошлиқ бўлган Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг тажрибаларидан иккита мисол келтириб ўтамиз.
Муовия ибн Абу Суфён ҳажга келганида унинг олдига ўзининг қаттиқ мухолафати билан машҳур аёллардан Баккора ал-Ҳилолияни олиб киришди.
Халифа Муовия ибн Абу Суфён у аёлдан:
-Нима учун Алини яхши кўриб, мени ёмон кўрдинг ва уни дўст тутиб, мени душман билдинг?-деди.
-Жавобдан мени афв қилсанг-деди аёл.
-Авф қилмайман-деди халифа.
-Ундоқ бўлса эшит. Мен Алини фуқороларга адолати учун, ҳаммага нарсани тенг тақсим қилгани учун яхши кўрдим. Сени эса ишга сендан кўра ҳақлироқ одамга қарши уруш қилганинг учун ёмон кўрдим. Сенга қонхўрлигинг учун, қозиликда зулм қилгининг учун ва ҳавои нафсингла ҳукм қилганинг учун душман бўлдим-деди.
Яна бошқа бир мисол:
Бир куни ҳалифа Муовия ибн Абу Суфён минбарда туриб хутба қилаётган эди. У ўша пайтда одамларга бериладиган моддий ёрдамни тўхтатиб қўйган эди.
Одамлар ичидан Абу Муслим исмли киши ўрнидан туриб:
«Муовия! Албатта, ўша бериладиган нарса сенинг меҳнатингдан ҳам, отангнинг меҳнатидан ҳам, онангнинг меҳнатидан ҳам эмас эди!-деди.
Муовия ғазабланди. Минбардан тушди. Одамларга, то келгунимча туриб туринглар, дедида бир муддат ғойиб бўлди. Сўнгра қайтиб чиқди. Ғусл қилиб олган эди. Кейин, Абу Муслим менга гапириб, ғазабимни чиқарди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Албатта, оловни сув билан ўчирилади. Қачон бирингиз ғазабланса ғусл қилиб олсин», деганларини эшитган эдим. Кириб ғусл қилиб чиқдим. Абу Муслим тўғри айтди. Албатта, у менинг меҳнатимдан ҳам эмас, отамнинг меҳнатидан ҳам эмас. Келинглар оладиган атоларингизни олинглар»-деди.
Муовия розияллоҳу анҳудан кейин аста-секин ҳукмдаги асосий Исломий таълимотлардан оғиш бошланди. Ундаги халқчил анъаналар  йўқотилиб, истибдод, ва бошқа ғайриИсломий услублар киритила бошлади. Жумладан, мухолафатга нисбатан чидамсизлик, муросасизлик ҳам кириб келди.
Энг катта мусийбат Ислом асосида ҳукм қилишни йиғиштириб қўйиб, Исломни ҳукмдор манфаати учун хизмат қилдириш йўлига ўтилди. Ҳукумат бору-йўқ имкониятларини ишга солиб ҳокимга итоат қилиш, уни худонинг ердаги сояси деб билиш, каби турли-туман нарсаларни фуқароларга уқтиради. Аммо фуқаронинг ҳокимдаги ҳаққи ҳақида оғиз очмайди. Агар фуқаро ўз ҳуққини талаб қилса ҳукмга кўз олайтиришда айблаб, минг балоларга гирифтор қилади.
Энг ачинарлиси, бу ғайриИсломий ишларга, Ислом тамғаси босилишидар. Аммо, Исломдан узоқ юрт ва халқлар ўз ҳаракатлари билан баъзи Исломий таълимотга ўхшаш услубларни ишга солиб улардан баҳраманд бўлиб юрибдилар. Уларнинг ичида мусулмонларга ичи ачишаётганлари ҳам йўқ эмас. Ҳеч бўлмаса янги ўсиб келаётган мусулмон авлодлар динимизни яхши ўрганиб унга амал қилишга ўтсалар, бахт-саодатга қайтилган бўларди.
Сиёсий маънодаги инсон ҳуқуқлари Ислом дини томонидан бундан ўн беш аср илгари йўлга қўйилганидан кейин энди, халқаро ҳамжамият бу ҳақда ўз фикрини қуйидагича ифода қилмоқда:
-Ҳар бир киши бевосита ёки ҳурриятла сайланган тамсилчилари воситасида ўз юртининг умумий ишларини ирода қилиш ҳақига эга.
-Ҳар бир киши бошқалар каби ўз юртидаги вазифаларни эгаллаш ҳақига эга.
-Халқ иродаси давлат ҳокимияти манбаъсидир. Халқ бу иродасини ҳамма тенг равишда яширин овоз бериш асосида ўтказган вақтли покиза сайловлар ёки шунга ўхшаш эркин овоз бериш йўли ила акс эттиради.

Шайх Муҳаммад  Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Исломда инсон ҳуқуқлари” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase