Сешанба куни Покистон пойтахтида армия жойлаштирилиб, намойишчиларга қарши ўқ отиш буйруғи берилди. Бу воқеалар собиқ бош вазир Имрон Хон тарафдорлари ва полиция ўртасидаги зўравон тўқнашувлар кескинлашган фонида юз бермоқда.
Покистон пойтахти бугун кўздан ёш оқизувчи газ ҳидига тўлган. Илк қон тўкилди – ҳокимият маълумотига кўра, хавфсизлик кучларининг камида олти нафар ходими ҳалок бўлган. Намойишчилар орасидаги қурбонлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Мухолифат тарафдорлари аста-секинлик билан Исломобод марказига йўналиб, шундай шиорлар билан чиқишмоқда: «Инқилоб! Инқилоб!».
Қизиғи шундаки, бундай воқеалар ривожи кутилмаган янгилик эмас. Ҳатто бир йил олдиндан айрим кузатувчилар айнан шу йўналишда ривожланиш мумкинлигини огоҳлантиришган. Покистон ҳокимияти намойишларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб берди, ўзини эса вазиятни назоратда ушлаб туришга қодир деб ҳисоблади.
Яқинда Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Накви намойишчилар билан ҳеч қандай музокаралар ўтказмасликни талаб қилди. Яъни, намойишчиларга ҳеч қандай ёрдам ёки енгиллик бермаслик, барчаси назоратда эканлигига ишонч билдириш ва ҳеч қандай ташвишга ўрин йўқлигини кўрсатиш.
Покистонда доимий иқтисодий инқироз, иқтисодиётнинг издан чиққан ҳолати, суннийлар ва шиа мазҳаблари ўртасидаги кескинлик мавжуд. Бундан ташқари, маҳаллий «Толибон» таҳдиди ҳали ҳам бор. Ундан ташқари, Шариф ва Бҳутто каби икки сиёсий оила ўз ҳокимиятидаги йиллар давомида коррупция ва очкўзлик билан халқни чарчатган.
Имрон Хон бош вазир сифатида яхши ёки ёмон бўлгани ҳақида аниқ бир фикр йўқ, чунки унга оғир иқтисодий мерос қолган. Бироқ у Покистон халқига умид, ижтимоий тараққиёт учун имконият ва мукаммалроқ келажакка ишонч беришга муваффақ бўлди. Эски элиталар эса бундан ўз мавжудлигини йўқотиш хавфини сезди.
Шунинг учун улар уни қўрқув солувчи даражада жазолашга қарор қилишди. Аммо уларнинг режаси иш бермади – Покистонда янги авлод ўсиб чиқди, улар янгича фикрламоқда, дунёга бошқача қарамоқда ва XXI асрда ривожланган давлатларда қандай ҳаёт кечаётганини билиш имкониятига эга.
Покистон ҳокимияти бу воқеликни инобатга олмади ва эски услубда бошқарувни давом эттирди. Аммо буни энди Покистон кўчалари тушунмайди. «Биз Хон учун ўлишга тайёрмиз!» – бугун кўчаларда резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газлар ичида шу шиорлар эшитилмоқда. Лекин улар Имрон Хон учун эмас, ўз келажаги учун курашмоқда. Чунки, агар Покистон шу ҳолатда қолса, уларнинг келажаги йўқ.
Мамлакатда одатий зиддият юзага келди – «қуйилар эскича яшашни истамайди, юқорилар эскича бошқара олмайди». Покистон кенг кўламли инқироз остонида, яъни доимий ва тизимли муаммоларга дуч келмоқда. Ҳатто бугунги намойишлар натижа бермаса ҳам, улар яна ва яна қайта юзага келади, фақат каттароқ миқёсда ва кўпроқ қурбонлар билан.
Покистон армияси – учинчи куч – ҳозирча вазиятга фаол аралашишдан тийилмоқда. Бу воқеалар 20-30 йил аввал содир бўлганида, армия ҳокимиятни қўлга олишдан қўрқмаган бўлар эди. Бироқ ҳозирги генераллар вазиятнинг бошқача эканини англаб турибди.
Шу билан бирга, улар ҳокимият ва халқ ўртасидаги келишмовчиликда ҳакам сифатида чиқиш имкониятига эга. Улар бу йўлни танлайдими – бу катта савол. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам Покистон энди аввалгидай бўлмайди. Бу энг муҳими, тушуниш лозим бўлган ҳақиқатдир.
Абу Муслим таржимаси