Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хон коррупция иши бўйича янги 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Покистоннинг собиқ Бош вазири, «Техрик-и-Инсаф» («Адолат учун ҳаракат») мухолифат партияси етакчиси Имрон Хон коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Сиёсатчининг рафиқаси Бушра Биби ҳам худди шундай жазога тортилди, деб хабар беради Покистоннинг Dawn.com нашри.
Собиқ Бош вазир ва унинг рафиқаси ҳокимият даврида ҳукуматнинг «Тошахона» омборидан қимматбаҳо совғаларни ноқонуний қўлга киритишда айбдор деб топилган. Хусусан, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси совға қилган заргарлик буюмларини арзонлаштирилган нархда харид қилишган.
Узоқ муддатга қамоққа ташланган жуфтликка 10 йилга бирон-бир давлат лавозимида ишлаш тақиқланади, уларнинг ҳар бири 787 миллион рупий (2,8 миллион доллардан ортиқ) миқдорида жаримага тортилган.
2023 йил августида бошқа суд Имрон Хонни 2018-2022 йиллари Бош вазирлик даврида олинган 140 миллион рупийдан ортиқ (501 минг доллардан ортиқ) совғаларни сотиб олгани учун «Тошахона» иши бўйича уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 январь куни собиқ Бош вазир давлат сирларини ошкор қилганликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Собиқ спортчи ва профессионал крикетчи Имрон Хон 1996 йили «Теҳрик-э-Инсаф» партиясига асос солгач, республикадаги энг машҳур сиёсатчилардан бирига айланган. У 2018 йил августидан 2022 йил мартигача Покистон Бош вазири лавозимида ишлаган. Ўша йил апрель ойида унга нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилинган ва у Бош вазир лавозимидан маҳрум бўлган.
Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хон ва хотини 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хон коррупция иши бўйича янги 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|