Бир йил олдин шу пайтда АҚШ ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши аниқ, урушга тайёрланиш керак, дея бонг ураётган эди. 2022-йилнинг 24-февралида Россия Украинани ҳаводан ва ердан нишонга ола бошлади.
Киев ўқлар остида экан, Вашингтон Украина раҳбари Володимир Зеленскийга жонини сақлаш учун ёрдам таклиф қилди. Зеленский она юртини асло тарк этмаслигини айтиб, Америкадан сиёсий ва ҳарбий ёрдам сўради.
"Дунё, хусусан Ғарб бизни қувватлаши керак ва бунга сиздан етакчилик қилишни илтимос қиламан", - деган Украина президенти АҚШ раҳбарига ўшанда.
Орадан бир йил ўтиб, Киевга сафар қилган Байден буни оммага ҳикоя қилар экан, Зеленскийни "асл қаҳрамон" дея таърифлади.
Бироқ уруш ҳали давом этмоқда. АҚШ шакллантирган халқаро коалитсия Украина билан ёнма-ён туради, дейди НАТО аъзолари, қанча зарур бўлса, шунча.
Президентлигини бошлар экан, Байден ташқи сиёсатида Украина бу қадар юқори ўринда бўлишини тасаввур қилмаган.
Аммо, дея билдиради унинг маъмурияти, Байден либерализм ва демократик дунёни ҳимоя қилишни ваъда қилган. Украина қувватлови ортидаги асосий омил шу, дейди расмийлар.
“Президент Байденнинг вазифаси эркин дунёга нега Украинага мадад кўрсатиш кераклигини асослаб бериш", - дейди Даниел Фрид, АҚШнинг Полшадаги собиқ элчиси.
"Украинани золим Россия изнига ташлаб қўя олмаймиз. Урушда Украина ютиши эркинлик устун келиши демакдир", - дейди Фрид.
Байденнинг Полшада 21-феврал кунги нутқидан ҳам муддао шу, дея кузатади кекса дипломат. Унинг таъбирича, халқаро коалитсия кенгайиб, янаям жипслашади.
Америка раҳбари Полшадан олдин Украинага бориб, реал вазият билан танишди.
"Ғарб қувватлови мустаҳкам ва давомий эканига шубҳа бўлмасин", - дея таъкидлади Байден.
Экспертлар таҳлилича, Украина раҳбарияти жонбозлик кўрсатмоқда, аммо коалитсияни ушлаб турган асосий омил - Америка дипломатияси. Акс ҳолда, дейди улар, кўплаб давлатлар Украинага ҳамдардлик билдириш билан чекланган бўлар эди.
Урушда ҳозиргача Россиянинг 100 мингдан ошиқ аскари ё ўлган ё жароҳатланган. Украина тарафдан ҳам ўнлаб минг киши яраланган ё ҳалок бўлган. Миллионлаб украиналиклар қочқинга айланган.
Яқингача АҚШнинг Россиядаги элчиси бўлган Жон Салливан дейдики, бу можарода Москва ғолиб чиқа олмайди, аммо эркин дунё ҳам нимага қодир эканини кўрсатиб қўйиши керак.
"Бизни ақл ўргатишда айблаб келишади. Биз амалда демократияни қандай ҳимоя қила олишимизни намоён этишимиз зарур", - дейди Салливан.
Ўтган ҳафта "Ассоcиатед Пресс" ахборот агентлиги маҳаллий тадқиқотчилар билан олиб борган оммавий сўровларда америкаликларнинг 48 фоизи Украинага ҳарбий ёрдамни олқишлаган. 29 фоизи қарши. 22 фоизи эса бу борада бетараф эканини айтган.
2022-йилнинг майида америкаликларнинг 60 фоизи Украинага ҳарбий ва бошқа турдаги ёрдамни қувватлаётган эди.
Айрим республикачилар Украинага маблағ сарфлашни тўхтатишни талаб қилмоқда. Улар назарида Байден маъмурияти Киевни қуроллантирмай, уни ва Кремлни гаплашишга кўндириши лозим.
Бироқ кўплаб республикачилар, жумладан яқинда президентлик учун пойгага кирган Никки Ҳейли фикрича, АҚШ Украинага зарур ёрдамни ўз вақтида етказиб бера олмаяпти. Ҳейли тез ва салмоқли мадад кўрсатиш тарафдори.
Сенатда республикачилар сардори Митч Макконнел Мюнхенда хавфсизлик анжуманида сўзлар экан, "Украинага ёрдамни асло тўхтатмаймиз", - деди.
Макконнелга демократ президентнинг "автократия эмас, демократия" деган тамойили маъқул.
Байден: Украинани қувватловчи халқаро коалиция кучаяверади
Бир йил олдин шу пайтда АҚШ ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши аниқ, урушга тайёрланиш керак, дея бонг ураётган эди. 2022-йилнинг 24-февралида Россия Украинани ҳаводан ва ердан нишонга ола бошлади.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|