Украина муваффақиятларида АҚШ узатаётган оғир қуроллар ёрдам бераётганини билдираркан Ғарбдан кўпроқ қурол сўраяпти.
Пайшанба куни Киевга ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қўшма Штатлар Украинани Россияга қарши урушда ҳимоя қилишда давом этишини айтиб, Оқ уй Конгрессдан Украина ва Европанинг яна бир неча мамлакатига ҳарбий ёрдам учун яна икки миллиард доллар сўраганини айтди.
"Ҳозир муҳим давр билан юзлашяпмиз – Россиянинг Украинага қарши босқинига олти ойдан ошди. Украина қарши ҳужумга ўтиб, мислсиз жасорати туфайли муваффақият қозонмоқда”, - деди уруш бошидан бери иккинчи бор Украинага борган Блинкен.
Бундан бир кун олдин АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага 675 миллион долларга тенг қўшимча ҳарбий ёрдам берилиши ҳақида гапирди. Янги ёрдам пакетига нималар киради?
“Қўшимча “ҲИМАРС” ракета тизими, унга ўқ-дори, 105 миллиметрли гаубитсалар, снарядлар, ҳаво мудофааси тизимларига қарши “ҲАРМ” ракеталари, зирҳли ҳарбий ва тиббий транспорт, танкка қарши тизимлар, кичик қуроллар ва ҳоказо”, - деди Остин.
Украина генералларидан бирининг айтишича, украин қўшинлари 50 километрга олға юриб, Харков ва Херсонда 700 квадрат километрдан ошиқ майдонни ишғол қилишга муваффақ бўлди.
"Бизни бу ютуқлар руҳлантиряпти”, - деди бугун Чехия пойтахти Прагага борган Остин.
Украинанинг жанг майдонидаги сўнгги ютуқлари уруш палласини унинг томонига оғдиришга олиб келадими, йўқ, ҳозирча хулоса қилишга эрта, аммо бир америкалик экспертнинг айтишича, муваффақиятлар украиналик аскарлар руҳини кўтариши аниқ.
“Бу уруш оптикасини қайта созлашга олиб келади. Бу жуда муҳим”, - дейди Американинг Католик университети профессори Майкл Киммаж.
Блинкен бугун Брюсселда НАТО раҳбари Енс Столтенберг билан учрашиб, Европа бирлигини сақлаш ва кучайтириш зарурати ҳақида гаплашди.
Қиш келишидан олдин қиъта мамлакатларида ёқилғи қимматлашар экан, электр қувватига нарх ошаётганидан норози халқ Чехия, Германия ва бошқа мамлакатларда намойиш қилиб, раҳбарларни истеъфога чақирмоқда, Россия билан келишиб, ёқилғи таъминотини йўлга қўйишни талаб қилмоқда.
АҚШнинг хавотир олишича, қиш келиши билан Европа мамлакатлари бирлиги дарз кетиши мумкин. Бироқ шу билан бирга, дейди айрим кузатувчилар, Украина қуролли кучларининг сўнгги муваффақиятлари Ғарбга умид бағишлаб, Украинага ҳарбий ёрдамни оширишга ундаши мумкин.
Украина блицкриг қилиб Россия кучларидан 20 та шаҳар ва қишлоқларини озод қилди
Украина Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, украин аскарлари мамлакат шимолида, жанубида ва шарқида рус ҳарбийларига жиддий зарба бериб, 20 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқни ўз назоратига қайтаришга муваффақ бўлди. Россия вазиятни ўнглаш учун захира кучларини сафарбар этди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Янгиликлар
|