Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади: “Зиммаларига Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли нақадар ёмон! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас” (5-оят).
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади: “Зиммаларига Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли нақадар ёмон! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас” (5-оят). Бу ояти каримадаги «Устиларига Таврот юклатилган»лар – яҳудийлар. Аллоҳ таоло уларга Мусо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, тўғри йўлни кўрсатиш учун Тавротни нозил қилган эди. Лекин улар бу илоҳий китобга амал қилмадилар. Ундаги илоҳий кўрсатмалардан фойдаланмадилар. Бу катта бадбахтликдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни устига китоб ортилган эшакка ўхшатмоқда.
«Устиларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар».
Эшак устидаги китобни кўтариб, чарчаса чарчайди, аммо асло бу китобдаги илм ва таълимотлардан фойдаланмайди. Бу оят гарчи яҳудийлар ҳақида айтилган бўлса-да, у мусулмонларга ҳам тегишлидир. Яъни Аллоҳ таоло мусулмонларга: «Сизлар ҳам яҳудийларга ўхшаб, Аллоҳнинг Китобига амал қилмасангизлар, худди уларга ўхшаган бўласизлар», – демоқда.
Демак, Қуръонга амал қилинмаса, ундаги илоҳий таълимотлардан фойдаланилмаса, мусулмонлар ҳам устига китоб ортилган эшакка ўхшаган бўладилар.
«Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли қандай ҳам ёмон!»
Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганларни ҳар қандай ёмон нарсага ўхшатса ҳам бўлаверади.
«Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».
Албатта, Аллоҳ таоло золим қавмларни ҳидоят қилмайди. Чунки улар Аллоҳ таолонинг йўлидан юрмай, ўзларига ўзлари зулм қилдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Тафсири Ҳилол"дан