close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Кремлнинг сўқир сиёсати ёхуд Калининград қамали ҳақида

Ўтган ҳафта Литва темир йўллари раҳбарияти Россия Федерацияси Калининград вилояти маъмуриятини жорий йилнинг 18 июнидан эътиборан Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар рўйхатига киритилган товарларни Калининград вилоятига ва Калининград вилоятидан ташиш амалиётига чек қўйилиши ҳақида огоҳлантирди.

Ман этилган темир йўл транзити рўйхатига бугунги кунга қадар ташилаётган юклар номенклатурасининг сал кам 50 фоизи, шу жумладан, қурилиш материаллари ва металл турлари ҳам киради.
Тирсагини тишлашга уринаётган бир қатор аламзада ўрис амалдорлари Литва томонидан кўрилган бундай чорани «Калининград минтақасининг иқтисодий жиҳатдан қамалга олиниши» сифатида баҳолашди.
Билмаганлар учун гап ўрислар юртининг қайси минтақаси ҳақида бораётгани ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топдим. Чунки мен бир замонлар ўша минтақада ўқиганман – Калининград олий ҳарбий-денгиз билим юртини тамомлаганман.
Марказий Европа ҳудудида жойлашган, умумий майдони 15,125 минг квадрат километр келадиган Калининград вилояти – Россия Федерациясисининг субъекти, энг ғарбий минтақаси саналади. Унинг жануб томони Польша билан чегарадош бўлса, шимол ва шарқ томонларини Литва қамраб олган. Ғарбий соҳилини Болтиқ денгизи ва ушбу денгизнинг Курш ва Вислин (Калининград) кўрфазлари ювиб ўтади. Россиянинг яримэксклави бўлмиш Калининград вилояти қуруқликда ўрислар юртининг асосий ҳудуди билан боғланмаган. Ўрислар ушбу вилоятга фақат Литва орқали ўтган темир йўл транспорти, шунингдек, ҳаво ёки денгиз транспорти воситасида кириб-чиқиб юришади.
V асрдан буён ушбу минтақада бугунги литвалик ва латишларга қардош халқ саналган прусс қабилалари яшаган, шунинг учун бу ерлар Шарқий Пруссия деб аталган.
Иккинчи жаҳон уруши охирида, хусусан, 1945 йилда имзоланган Потсдам битимига мувофиқ Шарқий Пруссиянинг шимолий қисми, хусусан, Кёнисберг деб аталган вилояти собиқ ССРИ тасарруфига ўтказилиб, Россия протекторати сифатида расмийлаштирилган. Маҳаллий аҳоли, яъни олмон ва летувинин халқлари эса Кремлнинг азалий анъаналарига амал қилинганча, 1947 йили Германияга депортация қилиб юборилган.
Ўша даврдан буён Кремль Калининград вилоятини СССРнинг ўта милитаризацияланган ҳудуди сифатида ривожлантириб келган. Калининград шаҳрида Балтика флотининг штаби, Қуруқликдаги қўшинларнинг йирик қўшилма ва бирлашмалари, Балтийск (собиқ Пиллау) шаҳрида эса йирик ҳарбий-денгиз базаси жойлашган.
Калининград вилояти Россиянинг асосий қисми билан Литва ҳудудидан ўтган темир йўл орқали боғланади. Тажовузкор Кремль томонидан олиб борилаётган калтабин сиёсат Европа Иттифоқини Россияга нисбатан бир қатор молиявий-иқтисодий санкциялар жорий этишга, шу жумладан, кўплаб юк турларининг мавжуд темир йўл орқали ташилишини ман этишга мажбур қилди. Литва темир йўллари раҳбарияти ўтган ҳафта Россия Федерацияси Калининград вилояти маъмуриятини бу ҳақда огоҳлантириб ўтди.
Оёғи куйган товуқдай югуриб қолган Кремль раҳнамолари ўтган сешанба куни ўз Ташқи ишлар вазирлиги орқали Европа Иттифоқи элчиси Маркус Эдерердан Калининград транзитини зудлик билан тиклашни талаб қилишди, акс ҳолда расмий Москва қатъий чоралар кўриши ҳақида огоҳлантириб ўтишди.
Ҳисоб-китобларга қараганда ўрисларнинг ушбу анклавига ташиладиган юк миқдори тўрт чандон, товарлар рўйхати эса тенг ярмига қисқарар экан. Жорий йилнинг 10 августидан эса минтақага нефть маҳсулотларининг транзити ҳам тўхтатилиши мумкин.
Ўриснинг жавобан кўрган чораси ҳозирча Ленинград вилоятининг Усть-Луга порти билан Калининград вилоятининг Балтийск порти ўртасида қатнайдиган юк ташиш паромларининг сонини оширишга доир тузилган режаси бўлди, холос. Бугунги кунда иккала порт ўртасида атиги тўртта паром қатнайди. Агар Калининград вилояти тўла қамал қилинадиган бўлса, бундай паромлардан кам деганда 20 та керак бўлади. Тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун эса ўн миллиард рублдан зиёд маблағ керак бўлар экан. Бу ишларни тинчлик даврида уддалай олмаган Россия уруш давридаги йўқчилик шароитида бажара олармиди?!
Боз устига, инфратузилма қуриш ишларининг суръати молиялаштириш манбалари-ю, ажратиладиган маблағ миқдоригагина боғлиқ эмас. Гап шундаки, порт қуриш учун зарур бўладиган қурилиш материаллари ҳам санкция рўйхатига киритилган.
Узоқ йиллар давомида алмашмай президентлик қилиб келган, ўтган ушбу президентлик даврлари эса айрим лаганбардорлар томонидан ноллаштирилган Путин даврида эса Россия саноати қурилиш материаллари нари турсин, ҳатто оддий мих ҳам ишлаб чиқаришга қодир бўлмай қолган.
Аҳволинг шу экан, каттачилик қилишга бало борми, ўрис?!
Федерация Кенгаши аъзолари бўлмиш Климов билан Клишас деганлари Литва томонидан кўрилган санкцион тадбирларни «Россия суверенитетига қарши тажовуз» сифатида баҳолаб, «Украинага нисбатан кўрилган чорани Литвага қарши ҳам қўллаш» таклифи билан чиқишибди.
Афтидан, шарафсиз армиясининг кучи фақат гўдаклар, аёллар ва қарияларга етишидан бехабар иккала алкаш ва уларнинг ҳамфикрлари Литва нафақат Европа Иттифоқига, балки НАТО блокига ҳам аъзо эканлигини кайф устида унутиб қўйишган кўринади. Агар Кремль Литва томон қилт этадиган бўлса, жанговар шайликнинг тегишли даражасига келтирилган НАТО блоки кучлари, хусусан, бомбардимон авиациясининг ўзи Украинада қирилиб ётган террор армиясининг ҳозирча омон қолган қисмини-ю, Калининград ҳудудида жон сақлаётган ҳарбий-денгиз базасини узоғи билан бир неча соат ичида йўқ қилиб юборади.

Шокир Долимов
истеъфодаги подполковник

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Шокир Долимов

истеъфодаги подполковник

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase