close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сўфийликнинг ҳақиқати

  • Жума, Янв 25 2019
  • Муаллиф  ИсламОнлайн.Уз

Сўфийлик ва тасаввуфнинг ҳақиқати нима? Исломнинг унга муносабати қандай? Эшитишимизча сўфийларнинг орасидан илми ва амали билан исломга хизмат қилганлари ҳам, бидьату залолатлари билан исломни барбод қилганлари ҳам бор экан. Улар билан буларнинг фарқлари нимада?

Сўфийлик ва тасаввуфнинг ҳақиқати нима? Исломнинг унга муносабати қандай? Эшитишимизча сўфийларнинг орасидан илми ва амали билан исломга хизмат қилганлари ҳам, бидьату залолатлари билан исломни барбод қилганлари ҳам бор экан. Улар билан буларнинг фарқлари нимада?

Тасаввуф: тахминан барча динларда мавжуд бўлган бир йўналишдир. Инсоннинг руҳий томонига чуқурроқ киришга ва унга кўпроқ эҳтимом қаратишга бўлган йўналишдир. Бу нарса айрим динларда бошқа динлардагидан кўра кўпроқ учрайди.

Ҳиндистонда.. у ерда ҳинд фақирлари бор бўлиб руҳий тарафга қаттиқ эътибор берадилар. Улар ўзларича руҳни юксалтириш ва поклаш мақсадида жасадларига азоб берадилар.

Шунингдек масиҳийлар ҳам. Айниқса роҳиблик қонунида. Форсларда... Уларда монийлик мазҳаби мавжуд. Юнонларда ривоқийлар (стоицизм- материализм билан идеализм ўртасида иккиланиб турган оқим. Қар: Ан- Наъим) мазҳаби пайдо бўлган. Ва бошқа кўпгина ўлкаларда бадан ёки моддийлик ҳисобига ҳаддидан ошган руҳий оқимлар пайдо бўлди.

Ислом дини келар экан ўзи билан руҳий, жисмоний ва ақлий ҳаётнинг ўртасига тенгликни олиб келди. Демак, инсон Ислом динининг тасаввурида жисм, ақл ва руҳдан иборатдир. Мусулмон одам ана шу томонларнинг ҳар бирига ўз ҳаққини адо этиши лозимдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим саҳобаларнинг ана шу томонлардан бирортасида ғулувга кетганини кўрсалар қаттиқ қайтарар эдилар. Чунончи, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос узлуксиз рўза тутиб, ухламасдан ибодат қилиб чиққан ва аҳли оиласини, оилавий вазифаларини ташлаб қўйган эди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга : “Эй, Абдуллоҳ, албатта, кўзингнинг сенда ҳақи бордир. Ва албатта, аҳлингни сенда ҳақлари бордир. Албатта, хотинингнинг сенда ҳақи бордир. Албатта, жисмингнинг сенда ҳақи бордир. Бас, сен уларнинг ҳар бирига ўз ҳақларини ато этгин,” дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи У зотнинг ибодатлари ҳақида азвожи мутоҳҳараларидан сўрагани борганларида гўёки улар буни ўзларича кам ҳисобладилар. Шунда бир-бирларига: “Биз қаёқда-ю Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқда. Ҳолбуки, Аллоҳ У кишининг олдинги ва охирги гуноҳларини кечирган бўлса,” дедилар. Улардан бири: “Мен  доим рўза тутаман. Оғзи очиқ юрмайман,” деди.  Иккинчиси эса: “Мен кечаларни ибодат билан ўтказаман. Ухламайман,” деди. Учинчиси: “Мен аёллардан воз кечаман ва уйланмасдан ўтаман,” деди. Бас, уларнинг бу гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб етди. Шунда уларни бир жойга тўплаб уларга мавъиза қилиб дедилар: “Аммо, мен Сизлардан кўра Аллоҳни яхши билгувчироқ ва сизлардан кўра Ундан қўрққувчироғингизман. Бироқ, мен кечаси ибодат ҳам қиламан, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, оғзи очиқ ҳам юраман. Хотинларга уйланаман ҳам. Шундай экан, ким менинг суннатимдан юз ўгирса бас, у мендан эмасдир,” дедилар.

Бас, мана шу орқали ҳар бир томонга ўзининг  ҳаққини  берганича Ислом  ҳаётга мувозанатни олиб келди. Аммо, сўфийлар мусулмонларнинг орасида моддий ва ақлий томонлар устун қўйилган бир пайтда пайдо бўлдилар.

Моддий тараф мусулмонлар фатҳ қилган шаҳарлар кенгайган, молу давлат кўпайиб иқтисодий ҳаёт гуллаб яшнаганидан сўнг бу нарса моддий тарафга, ғулувга кетишга сабаб бўлгани учун баъзи табақа вакиллари ғарқ бўлган тўқчилик ва фаровонликдан келиб чиққандир. Бу нарса ақлий томонга бўлган яна бир ғулувга кетиш билан ҳамнафас бўлди. Иймон “фалсафа” ва “илми калом” ҳамда  “жадалдан” иборат бўлиб қолиб инсоннинг руҳий очлигини тўйдирмади. Ҳатто, фиқҳ диннинг ботини эмас фақатгина зоҳирига ва қалбнинг амаллари эмас, аъзолар билан бажариладиган амалларга, ибодатнинг руҳига эмас унинг моддасига  эътибор қиладиган бўлиб қолди.

Мутакаллимлар эгаллай олмаган ва фақиҳлар тўлдира олмаган ана шу бўшлиқни тўлдириш учун ана шу вақтда сўфийлар пайдо бўлдилар. Кўпгина одамлар маънан оч эдилар. Ана шу очликни зоҳирдан аввал ботинни поклашлик билан, нафс ҳасталикларини даволаш, қалб амалларига биринчи даражаликни беришлик билан фақатгина сўфийлар тўйдира олдилар ва улар ўзларини руҳий ва ахлоқий тарбия билан машғул қилиб қўйдилар. Ҳамма фикрларини, эътибор ва фаолиятларини ана шунга қаратдилар. Ҳатто айримлари “Тасаввуф - бу ахлоқдир. Бас, ким сенинг ахлоқингга қўшимча қилса демак, тасаввуфинга қўшимча қилган бўлибди,” дедилар.

Сўфийларнинг илк вакиллари Китоб ва Суннатни маҳкам тутган, шариат ҳудудида ўзларини тутган, бидъатларни тарк қилган ва фикр ҳамда сулукларда оғишмаган эдилар. Тобеълари бор бўлган сўфийларнинг қўлларида кўплаб одамлар Исломни қабул қилганлар. Уларнинг қўлларида сон-саноқсиз осийлар тавба қилишга мушарраф бўлганлар. Ва улар ўзларидан кейин маъорифни, фақат такаббур ёки уларга мутаассиб бўлган одамларгина инкор қиладиган руҳий тажрибаларни қолдириб кетдилар.

Лекин, улардан кўплари ана шу томонга ғулувга кетиб тўғри йўлдан оғишдилар. Айримларидан ҳақиқат ва шариат сингари Исломга зид бўлган мафкуралар тарқалди. Бас, халойиққа ким шариат кўзи билан қараса уларни ёмон кўради. Кимки уларга ҳақиқат кўзи билан қараса уларни маъзур тутади. Улар завқу-шавқ ва жазавалар ҳукм олинадиган манбаълардан бири дея эътиборга олинади, дердилар. Бу дегани инсон ҳукм чиқаришда ўзининг завқи,  виждони ва қалбига мурожаат қилади... . Баъзилари “Бизга фалончи ривоят қилиб деди:”, ва “Фалончи ривоят қилади,” деганлари учун ҳам муҳаддисларни айблар эдилар. Сўфий: “Қалбим Парвардигоримдан ривоят қилади...”, дейди. Ёки “Сизлар илмингизни ўлганлар орқали ўлган кишидан оласизлар. Бизлар эса илмимизни ўлимни билмайдиган Ҳаййдан оламиз....”, дейдилар. Яъни, у ўзи даъво қилаётганидек бевосита само билан боғланади.

Бас, ғулувга кетишнинг ана шу тури, шунингдек, тарбиявий жиҳатдан ғулувга кетишлик муриднинг шахсиятини пасайтиради. Масалан, улар “Ҳақийқатда, мурийд ўз шайхининг олдида ғассолнинг олдида турган маййитдек туради,” , “ўз шайхига “Нима учун?” деган киши нажот топмайди”, “шайхига эътироз билдирган киши қувғин қилинади,” деганлар.

Ана шу қарашлар мусулмон фарзандлардан кўпларининг руҳиятларини ўлдирди. Натижада, уларнинг ичига мажбурий салбий руҳият жойлашиб қолди. Масалан, улар “Бандаларни ўзи истаганича қоим қилди...”, “мулкни моликка бер, халқни холиққа қўйиб бер”, деган эътиқодга эга бўлдилар. Яъни, бу билан у тўғри йўлдан оғишиш ва фисқу фасод қаршисида, зулм ва истибдод қаршисида  пассив муносабат эгасига айланди. Бу ҳам сўфийларда вужудга келган ғулув ва адашишликдан бири эди.

Бироқ, аксар аҳли суннат ва салафлар сўфийликнинг илмларини Китоб ва Суннат асосида тўғирлаб чиқдилар. Бунга уларнинг ичидан муҳаққиқлари диққатни қаратиб кетганлар. Ибн ал-Қоййимдек бир киши қавмнинг илмини ана шу бузилмайдиган ва жабр қилмайдиган мезон- Китоб ва Суннатнинг мезони билан ўлчаганини кўрамиз. Натижада у тасаввуф ҳақида бебаҳо бир китоб ёзди. Бу “مدارج السالكين الى منازل السائرين” (Соликлар учун “Манозилус соирийн”га йўл) китобидир. Ана шу “Мадорижус соликийн” шайхул ислом Исмоил ал- Ҳаравий ал -Ҳанбалийнинг “منازل السائرين الى مقامات: إياك نعبد و إياك نستعين ” (Сулук йўлида юрганларни “Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз,” мақомига олиб борадиган манзиллар) номли тасаввуфга оид кичкина бир рисоланинг шарҳидан иборатдир. Уч  жилддан иборат  ана шу китобда Қуръон ва Суннатга мурожаат қилинади. Бизлар уни тўла ишонч ва хотиржамлик ила ўқиб истифода олишимиз мумкин. Аслида, ҳар бир инсоннинг гапи олинади ҳам, тарк қилинади ҳам. Ҳукм -бу Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатидан иборат бўлган маъсум нассдир.

Демак, бизлар сўфийларнинг Аллоҳга итоат қилиш, одамларнинг бир бирларига муҳаббатли бўлишлари, нафснинг хато ва камчиликлари-ю шайтоний хатти ҳаракатларни билиш ҳамда чорасини кўриш, дилларни юмшатадиган ва охиратни эслатадиган нарсаларга эътибор қилишлари сингари  ёрқин тарафларини  қабул қилишимиз мумкин.   

Биз булардан кўплари ҳақида баъзи сўфийлар орқали билиб олишга қодирмиз. Масалан, имом Ғаззолий уларнинг шатаҳотлари (беҳуш бўлиш онларида айтган сўзлари)дан, тойилишлари ва ғулувларидан огоҳликка чақириш билан бирга ана шуларни Китоб ва Суннат мезонида ўлчаган. Бу нарсага фақат аҳли илм ва аҳли маърифтларгина қодир бўла оладилар. Шунинг учун мен оддий мусулмонларга илму маърифат борасида барча сўзларида Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатига мурожаат этадиган салафлар йўлини тутган мўътадил уламо мусулмонларга мурожаат қилишни тавсия қиламан. Аллоҳнинг Ўзи муваффақ қилгувчидир!

Шайх Юсуф Қаразовий

Алоуддин Ҳофий таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фирқа, оқим, тариқатлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase