«Боко ҳаром» аъзолари тарафидан уюштирилаётган қотилликлар ва одам ўғирлашлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом таълимотларига зид. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишга ҳеч қачон чақирмаганлар. Жорий ҳафтада Саудия Арабистонининг олий муфтийси шайх АбдулАзиз аш-Шайх: бу гуруҳ “Исломни бадном қилаётганини” айтиб ўтдилар.
Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Бош котиби «Ассошиэйтед пресс»нинг айтишича, буларга ўхшаган экстремистлар “нафақат Исломдан чиқади, балки инсонийликдан ҳам юз ўгирмоқда”.
1,6 миллиарддан ортиқ одам эътиқод қилиб келаётган дин номидан умумий хулоса қилиш қийин бўлса ҳам, «Боко харам» тарафидан содир этилаётган ваҳшиликлар Ислом таълимотига зид экани очиқ-ойдиндир. Уларнинг ҳаракатлари Исломга зид эканига қуйида бешта сабабни келтириб ўтамиз:
1. Улар илм масканларига ҳужум уюштиришади.
Хаус тилининг маҳалий лаҳжаларида «Боко ҳаром» “ғарб таълимоти ҳаром” деган маънони англатади. 2012 йилдан бошлаб, гуруҳ аъзолари давлат мактабларига ўт қўйишни бошлаган. Amnesty International хабар беришича, сўнгги икки йил ичида Нигерия шимолида гуруҳ жанггариларининг ҳужумлари оқибатида олтмишта мактаб ёпилган. Бу ҳужумларнинг баъзиларини «Боко ҳаром» ўз бўйинига олган.
Уларнинг таълимга бу қадар душманчилиги мамлакатнинг дунёвий таълим тизимга шубҳа билан қарашига асосланади. Бироқ, бу Ислом таълимотига мутлақо зиддир: Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаломга биринич нозил бўлган ваҳий “Ўқи” деган калима эди; Қуръони каримнинг кўп жойларида мусулмонларни ақлларини ишлатишга тарғиб бор; Суннатда эса, жинсидан қатъий назар, барча мусулмонларга илм талаб қилиш буюрилади.
2. Улар “биз жиҳод қиляпмиз” деб айтишади.
Улар ўзларига қўйган расмий номларидан, уларнинг жиҳод қилаётгани даъвоси борлиги ҳам маълум бўлади. Ислом уламолари жиҳодга “талаб берувчи” омил сифатида турли хил фикрларни айтишган. Бироқ, шундай бўлса ҳам уларнинг кўпчилиги бундай ҳаракатга мусулмон жамоатининг ҳаққоний пешвоси бош бўлиши мумкинлигига иттифоқ қилишган. Яъни бундай ҳаракатларни Усама бин Лодин ёки “Боко ҳаром”ни 2009 йилдан бери бошқариб келаётган Абу Бакр Шекау каби қаллоблар бошқара олмайди.
Бироқ, агар сиз жиҳоднинг барча талабларига риоя қилган тақдирингизда ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом тинч аҳолига ҳужум қилишни тақиқлаган. “Боко ҳаром” эса, бу тақиқни кўп марта бузган. Феврал ойида жанггарилар Нигериянинг Шимолий-шарқида жойлашган мактаб-интернатига ҳужум уюштирди ва элликка яқин ўқувчиларни ўлдиришди. Ўткан йилнинг куз ойларида эса қишлоқ-хўжалиги коллежининг ётоқхонасида ухлаб ётган қирққа яқин талабани отиб ташлашди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалом таълимотларига кўра, аёл ва болаларни, роҳиб ва руҳонийлар ҳамда бошқа тинч аҳолини қатл қилиш мумкин эмас. Жангчилар биноларга ўт қўйиши, дарахт ва экинзорларни йўқ қилиши ҳамда бошқа ваҳшийликларни қилиши ман қилинади.
3. Улар насронийларга қарши уруш эълон қилган.
5 май куни эълон қилинган чалкаш видео тасвирда, Абу Бакр Шекау насронийларга қарши уруш эълон қилди. Булар сафида АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Франсуа Олланд, БМТ бош котиби Пан Ги Мун ва “барча кофирлар” бор. Қуръони карим бошқа якка Худога сиғинувчиларни ҳусусан, насроний ва яҳудийлар бўлмиш “аҳли китоблар” ҳуқуқига риоя қилишни талаб қилади. Қуръони каримда: “Албатта, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиъунлар ва насоролардан ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”, дея марҳамат қилинган. (Моида сураси, 69 оят)
4. Улар динга мажбурлашади.
Ўғирланган мактаб қизлари ҳақида 12 май куни тарқалган видеода насроний қизларнинг янги исломий исмларини айтилаётган видеоси кўрсатилади. Бу қизлар насронийликдан воз кечиб Исломни қабул қилишлари оқибатида “озод” бўлгани ҳақида Шекау айтиб ўтади. Бироқ, бу Исломнинг асосий таълимотига зид иш қилиш деганидир.
Қуръони каримда: “Динга мажбур қилиш йўқ”, деб марҳамат қилинган. (Бақара сураси, 256 оят) Уламоларнинг айтишига кўра, ҳеч ким Исломни қабул қилишга мажбур эта олмайди. Иймонга келиши инсон ва Худо ўртасидаги нарсадир.
5. Улар мажбурий никоҳни қўллаб-қувватлашади.
5-май эълон қилинган видеода Шекау ўғирланган қизларни эрга бериб юбориши ҳақида гапирган. Бироқ, Ислом ҳеч кимни унинг розилигисиз эрга беришга рухсат бермайди. Ҳадисларнинг бирида айтилишича, бир қиз розилигисиз никоҳга беришганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом ҳузурларига келиб, никоҳга рози бўлмаганини айтганида пайғамбаримиз ихтиёрни унга бергандилар, саллаллоҳу алайҳи вассалом.
Эҳтимол “Боко ҳаром” аъзолари ўзларини мусулмон ҳисоблашар, бироқ улар ўз амаллари билан иймонларига ҳиёнат қилишмоқда. Уларнинг хунук амаллари ва сўзлари бир неча марта уларнинг дунёдаги 1,6 миллиард мусулмонларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тасдиқлаган. Бундан ташқари, улар оғизлари билан дин учун курашяпмиз, деганлари билан динга ҳурматсизлик қилаётганлиги ҳам аён бўлмоқда.
Карла Пауэр, журналист
(Унинг мусулмон уламоси билан Қуръони каримни ўрганиш бўйича тажрибаси ҳақидаги “Агар уммон сиёҳ бўлса” деб номланган китоби нашрга тайёрланмоқда. Мақоланинг тўлиқ варианти time.com сайтида эълон қилинган)
Абу Муслим таржимаси
-----
[1] Жамоат бу тизимнинг Аллоҳга ва исломга бўлган ишончни задалагани учун бу ерда ўқиш ҳаром эканлигини тарғиб қилди. Бироз муддатдан кейин ўзлари “Боко Ҳаром” номи билан атала бошлади. Ўн минглаган ёшларни атрофида тўплаган ҳаракатнинг пешвоси Муҳаммад Юсуф университетда таҳсил олаётган минглаб ёшларнинг ўқишларини ташлашини талаб қилди. Муҳандис, доктор, ўқитувчи бўлишлари керак эди, лекин бир амр билан ўқишларини “Ҳаром!” деб ташлаб, савдогарчилик билан шуғуллана бошлашди. Ўқиш ёшига келганларнинг эса ўқишни бошлаши сира имконсиз эди.
Чунки эътиқодлари бўйича Ғарб таълим тизими ёмонликка бошларди!
Сонлари ортган жамоат аъзолари кейинчалик қуролланиб, давлат уйларини босиб ола бошлади. Воқеалар борган сари шиддатли тус олди. Лекин минглаган ёшларни таъсирлантирган лидерлари бир куни ҳибсга олинди. Барча нима бўлишини ўйлаб бошларини қотаётганда ўртага тушган христиан дўстларининг илтимоси билан бир зумда озодликка чиқарилди. Авваллари шиа оқимига мансуб бўлишига қарамай бирданига суннийга айланиб қолган жамоат лидери ёрдам христиандан келса ҳам рад этмади.
Мусулмонлар Нигерия аҳолисининг 60%ини ташкил қилишига қарамай ҳеч давлат бошқарувига кела олмасди. Боко соясида эса бесавод, бетаълим ёшлар йиғини ўртага чиқмоқда ва маргинал шиор остида тўпланишлар таъминланмоқда эди. Бу билан “Мусулмон террористдир!” ёрлиғи учун замин ҳозирланмоқда.
Фақирликдан оёққа туролмаган ўлкада нима учун Боко Ҳаром пайдо бўлди? Ўлка эмас, аҳоли фақир эди, шунинг учун..!
Нигерия нефт ва уран заҳираларига бой ўлкадир. Дунёда энг кўп нефт экспорт қиладиган 8-чи давлат. Даромадининг 90%и нефт экспортидан келади. Ҳар йили ўртача 110 миллиард долларлик экспорт амалга оширилади. Кунига 3 миллион барелга яқин нефт экспорт қилинади. Нефть мутахассислари енгил нефт деб атайдиган, олтингугурти кам ва осон қайта ишланади деган баҳона билан Нигерия нефтини биринчи синф қилиб кўрсатарди.
Сўнгги беш йилда нефт қазиб олишда ўғирланган миқдор 100 миллиард долларни ташкил қилди. Нигерия Марказий банки директори Ламидо Сануси давлат ширкати “NNPC”нинг сотган нефтдан 50 миллиард долларлик даромадни ҳукуматга тўламаганлигини бемалол айта олди. Кимга берди, деб ўйлайсиз? Кўп эмас, икки йил аввал бир депутат яширинча сўровнома юбориб “Давлатнинг пули қаерга кетяпти?” деб сўради. Нигерия давлатининг жавоби: “Нефтдан тушган даромадлар яширин ҳисоблар билан хорижий ўлкалардаги банкларда сақланмоқда” бўлди. Бироз вақт ўтиб, ҳалиги депутат сирли равишда ўлди. Энди ҳозирга келиб, дунё нима учун Нигерияни тилдан туширмаяпти? “Боко ҳаром 200 нафар қиз ўқувчини ўғирлади”. Ироқда, Сурияда, Босняда, Афғонистонда, Мисрда минлаган инсон қатл этилаётганида киприк қоқмаган Ғарб нима учун энди ҳушёр тортиб қолди?
300 ўқувчи қизни ўғирлаган “Боко ҳаром” қанақасига бир онда дунё матбуотининг биринчи саҳифаларидан ўрин олди? Обаманинг аёли нима учун ҳодисани шов-шув билан танқид қилмоқда? Ўзи Нигериялик христианлар ташкилотининг аъзосидек яшаган, МРБ(CIA) ва MI6 билан алоқаси қанча йиллар олдин исботланган бу лидернинг мақсади нима? Қаерда ва нима учун қўлланилмоқда? Исломни ким учун ёмон кўрсатмоқчи бўлди? Кимнинг фойдасига ишлади?
Аҳолининг 70 фоизи камбағаллик даражасида яшайдиган Нигерияда одам бошига миллий даромад эса, 1280 долларни ташкил қилади! Мамлакатнинг таги тўла маъдан, лекин буларни қазиб чиқарадиган ёшлар мактаб-университетлардан чиқариб олинди. Билим, техника, жиҳозлар ва машина парклари бўлмаганидан кейин на маъданни қазиб чиқара оладилар, на тупроқларига ишлов бера олардилар!
Хорижликлар келиб, муаммони ҳал қилишарди. Инглизлар бу ўлкани босиб олганида диний ва келиб чиқишига кўра аҳолини иккига бўлиб қўйган эди. Мусулмонлар шимолда, христианлар эса бойлик бўлган жанубда эди. Ватикан ҳам бекор турмай, даврага тушди. Динини ўзгартириб, христиан бўлганларга иш ва озиқ кафолатини берди.
Ўлкада беш миллионга яқин ёшлар ОИТС вируси билан хаста бўлиб юрганида бир қути дори жўнатмаганлар бугун ўғирланган қизлар учун армияларини у жойга киритмоқчи. Халқ ўз ташвиши билан юрганида гигант ширкатлар ўлкага кириб бўлганди.
Кейинги вақтларда Хитой ҳам ўлкага кириб келди. Бу сафар америкаликларнинг қаршисида жиддий рақиб пайдо бўлди. Бундан қутулишнинг ягона йўли ҳарбийларни олиб кириш эди. Лекин бунга бирон асосли сабаб бўлиши керакда. Мана "Боко ҳаром" жамоати нима учун ташкил қилинган! Нима учун унга дастак берилган! Жамоат бўлиб, нима иш қилди? Ислом номидан кўтарилиб, ўлканинг келажагини христианлар қўлига топширди. Энг катта ёмонлик яна энг яқиндан келмоқда эди. Ўлка иккига бўлиниб кетиш арафасига келди. Ёшларни мактабга юбортирмай, мусулмонларни бир тийин ҳам сарфлаттирмай пацифизмга олиб келган жамоатнинг лидери айни вақтда ўлканинг Судандек бўлиниб кетиши учун йўл очмоқда. Балки, буларни дин учун қилдим, деб ўйлаётгандир...
Аслида Боко жамоатининг ўзи ҳаром эди! Лекин буни тушунадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Миссионерлар бирон мусулмон ўлкасига киришни қарор қилса аввал "Ҳизбут таҳрир" каби гуруҳларни киритишарди... Мана энди шундай қўғирчоқ жамоатлар қаторига "Боко Ҳаром"ни ҳам қўшиб, от чоптиришмоқда. Катта кучлар ҳамма вақт бизга энг яқин бўлган қиёфа билан келишади. Бегона деб ўйламайдиган ҳаракат билан эшигимизни қоқишади. Агар вақтида уйғонсангиз, ўлкангизни қутқара оласиз. Йўқ, бўш келсангиз, ишингиз жуда қийин!